Тожикистонда туризм солиғи жорий этилади

Тожикистонда туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида янги солиқ жорий этилмоқда. Бу ҳақда “АсиаПлус” хабарига таяниб, мамлакатда Туризмни ривожлантириш фонди ташкил этилгани маълум қилинди. Фонднинг молиявий манбаларидан бири фуқаролардан ундириладиган туризм солиғи бўлади.
Фонднинг асосий вазифаси туризм соҳасида фаолият юритувчи компанияларни қўллаб-қувватлаш ва ушбу соҳани ривожлантиришдан иборат. Ҳукумат 1-июл куни фондни ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солувчи қарорни имзолаган.
Ҳужжатга кўра, фонд маблағлари учун Молия вазирлиги Марказий ғазначилик бош бошқармасида махсус ҳисоб рақами очилади. Маблағлар фонд кенгаши қарорлари асосида сарфланади.
**Маблағ маҳаллий ва хорижий сайёҳлардан йиғилади**
Фонд бир нечта манбалар ҳисобидан молиялаштирилади. Улардан бири Тожикистон фуқароларининг чет элга саёҳат қилиш учун сотиб олган туристик пакетлари қийматининг 5 фоизини ташкил этади. Яъни, тожикистонликлар харид қилган турпакетлар қийматининг 5 фоизи фондга ўтказилади.
Бундан ташқари, фондга хорижий туристларнинг мамлакатдаги ҳар бир суткалик саёҳати учун туристик пакетларидан олинадиган йиғим, туристик хизматлар кўрсатишга рухсат берувчи ҳужжат учун йиғим, ушбу йиғимларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жарималар, депозитлардан даромадлар, шунингдек, халқаро молия ташкилотларининг грантлари ва мақсадли маблағлари келиб тушади.
Фондга тушган маблағлар фақат белгиланган мақсадлар учун сарфланади. Улар туризм инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш, соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хизматлар сифатини ошириш, мамлакатнинг туризм имкониятларини тарғиб қилиш, инновацияларни жорий этиш ва тадқиқотлар ўтказишга йўналтирилади.
Йил давомида сарфланмаган маблағлар кейинги йилга ўтказилади. Шунингдек, ҳар ой фондга тушган маблағнинг 30 фоизи “Туризм хизматлари ахборот маркази” ҳисоб рақамига ўтказилади. Бу маблағ тезкор тадбирларни ўтказиш ва соҳа ходимларини рағбатлантиришга сарфланади.

