Тихановская Лукашенко билан сиёсий мулоқотга қарши чиқди
Беларус демократик кучлари етакчиси Светлана Тихановская АҚШнинг Минскдан калийли ўғитлар сотиб олиш бўйича йирик битим тайёрлаётгани фонида Беларус ҳукумати билан савдо келишувлари тузмасликка чақирди. У сиёсий маҳбусларни озод қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар Александр Лукашенкога сиёсий ён беришга айланмаслиги кераклигини таъкидлади.

Тихановская Лукашенко билан сиёсий мулоқотга қарши чиқди
Тихановская 22-сентабр куни Ню-Ёркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида ДВ нашрига интервю берди.
«Менинг мурожаатим шундай: ҳозир диктаторлар билан савдо қилиш вақти эмас», - деди у.
Тихановская АҚШ президентининг махсус вакили Жон Коулга Беларус қамоқхоналаридан яна 25 нафар сиёсий маҳбусни озод қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди. Бироқ бу жараён Лукашенкони Беларус президенти сифатида тан олишга олиб келмаслиги кераклигини айтди.
«Ҳуманитар йўналиш сиёсий тус олишига, Лукашенко Беларус президенти сифатида тан олинишига йўл қўймаслик муҳим. Чунки халқ уни қўллаб-қувватламайди. Ҳозир Лукашенко билан мулоқот бошлаш вақти эмас, чунки у халқаро майдонда яккаланиб қолган. У нафақат ўз халқини бостирмоқда, балки Россияга Украинага қарши урушда ҳам ёрдам бермоқда», - деди Тихановская.
Беларус мухолифати етакчиси Доналд Трамп маъмурияти Лукашенкога «ҳаддан ташқари ён бермасдан» барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга эриша олишига умид билдирди.
Тихановская Беларусдаги вазият бутун минтақа хавфсизлиги билан боғлиқ эканини таъкидлади. У демократик давлатларни Украинага кўмак бериш билан бирга, Беларус тақдирини ҳам эътибордан четда қолдирмасликка чақирди.
«Украинага урушда ғалаба қозониши учун зарур бўлган барча нарсани бериш билан бирга, Беларусни ҳам назардан қочирмаслик керак. Украина инқирозини ҳал қилишда Беларус омилини ҳам ҳисобга олинг. Биз мамлакатимиз мустақиллигини йўқотишига йўл қўя олмаймиз. Лукашенко суверенитетимизни Россияга сотмоқда ва биз Беларусни қутқаришимиз керак», - деди у.
ДВ хабарига кўра, 21-сентабр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Беларусдан калийли ўғитлар сотиб олиш бўйича йирик битим тайёрланаётганини маълум қилган.
«Нарх ҳозир Канадага тўлаётганимиздан анча паст бўлади», - деган Трамп. У бўлажак келишувни америкалик фермерлар ва чорвадорлар учун «ажойиб янгилик» деб атаган.

