Тинчлик музокаралари рамзий маънога бой, бироқ Россия ва Украина ўртасидаги туб ихтилофлар сақланиб қолмоқда
АҚШ вакиллари ҳамда Путин ва Зеленский ўртасидаги музокараларга қарамай, Киевда жанглар давом этиши кутилмоқда, деб ёзади Жеймс Ландейл.

Тинчлик музокаралари рамзий маънога бой бўлди, бироқ Россия ва Украина ўртасидаги асосий келишмовчиликлар ҳамон сақланиб қолмоқда
Киевдаги муҳокамалар катта рамзий маънога эга эди. Дональд Трамп вакилларининг Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан бери илк бор Украина тупроғига қадам қўйгани тасвири бунга мисолдир.
Шунингдек, уларнинг поездда келишга мажбур бўлганликлари ҳам бор гап, чунки учиш жуда хавфли эди ва бу Россия дронларига рўбарў келишни англатарди — бу қуроллар атиги бир неча соат олдин Кремлда столи атрофида ўтирган одамнинг буйруғи билан учирилган эди.
Бундан ташқари, Украина Президенти Зеленскийнинг Стив Уиткофф ва Жаред Кушнерни Киевдаги София соборида кутиб олиши ҳам рамзий маънога эга эди. Бу собор нафақат Украинанинг қадимий тарихи рамзи, балки жума куни Россия дронлари мамлакат хавфсизлик хизмати бош қароргоҳига зарба берган жойдан атиги бир неча метр масофада жойлашган.
Зеленский йўллаётган хабарни тушуниш учун кўп нарса талаб қилинмасди.
Икки томон бир неча соат давомида суҳбатлашди, кейинроқ уларга Европанинг бир қатор миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари, жумладан, Буюк Британия миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жонатан Пауэлл қўшилди.
Шундан сўнг, барча мазмунли музокаралар ўтказилгани ҳақида ижобий фикр билдирди. Улар, шунингдек, АҚШ ва Европа иштирокидаги аввалги «уч томонлама музокаралар»ни қайта тиклашга умид билдирдилар.
Бироқ асосий келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда. АҚШ вакиллари Москвадан янгигина келишган эди, у ерда Владимир Путин уларга Россия жанг майдонида «сезиларли ютуқларга» эришаётганини айтган.
Уларнинг Украинада эшитган гаплари эса бошқача — аслида бунинг тескариси эди. Украина расмийларининг таъкидлашича, август ойида улар йўқотганидан кўра кўпроқ ҳудудга эга бўлишган, Россия эса 42 000 кишилик талофат (ҳалок бўлганлар ёки ярадорлар) кўрган.
Путин, шунингдек, АҚШ вакилларига можаронинг асл сабабларини ҳал қилиш кераклигини айтган эди, бу унинг Украина ҳудудлардан воз кечиши, НАТОга аъзо бўлиш умидларини тарк этиши ва армиясини қисқартириши ҳақидаги кўп йиллик стратегик талабларига ишорадир.
Музокаралардан сўнг Зеленский Украинага «кучли ва аниқ» хавфсизлик кафолатлари, жумладан, кучли армия кераклигини айтди. Шунингдек, у шарқий Донбасс минтақасидаги бирор бир ҳудудни топширишга тайёр эканлиги ҳақида ҳеч қандай ишора бермади ва бу масалани қуруққина қилиб «қийин» деб таърифлади.
Уиткофф тараққиётга эришилганини ва келишув учун элементлар мавжудлигини айтди.
Бироқ у ўртадаги тафовутни камайтириш учун ҳар икки томон ҳам муросага келиши кераклигини тан олди. Ҳозирги вақтда иккала томондан бирортаси буни амалга оширишини тасаввур қилиш қийин.
Шу боис, ҳозирча Киевда уруш давом этиши ва олдинда қийин қиш кутаётгани ҳақидаги тахминлар устувор бўлиб турибди.
Баъзи дипломатлар келаси баҳорда эҳтимолий келишув учун имкониятлар ойнаси очилиши ҳақида гапиришмоқда. Бошқалар эса унчалик умидвор эмас.
Зеленский АҚШ вакилларига келганлари учун миннатдорчилик билдирди, чунки икки томон келишиб олган ҳаво зарбаларидаги қисқа муддатли танаффус Киев аҳолисига қисқа муддатли ҳордиқ берди. Бунинг узоқ давом этишига ишонадиганлар кам.

