Тимур Исмоилов Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимидан озод этилди

Тимур Исмоилов Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод этилиб, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда 21-август куни ИИВ матбуот хизмати маълум қилди.
У ушбу тайинловга қадар, яъни 2024-йил январ ойидан бошлаб Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи сифатида фаолият юритган эди. Бунгача эса Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси бошлиғи, шунингдек, ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.
Президентнинг тегишли қарори асосида амалга оширилган ушбу янги тайинлов билан Тимур Исмоиловга жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича муҳим вазифалар юклатилди.
Шунингдек, тизимни рақамлаштириш вазифаларини қатъий назорат қилиш, ички ишлар органларининг бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, жамоат тартибини сақлашнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончини оширишга қаратилган чора-тадбирларни самарали ташкил этиш талаби қўйилди.

