Тим Кук Apple акцияларини 63,8 миллион долларга сотди

Тим Кук Apple акцияларини 63,8 миллион долларга сотди
Apple ижрочи раиси ва компаниянинг собиқ бош директори Тим Кук Apple’нинг 191,7 минг дона акциясини деярли 63,9 миллион долларга сотди. Битимлар бир дона акция учун 330,66 доллардан 334,50 долларгача бўлган нархда амалга оширилди.
Сотув Кук ўз мукофотлаш дастури доирасида 374,5 минг дона акция олганининг эртаси куни юз берди. Гап ходимлар муайян шартларни бажарганда оладиган чекланган акциялар (RSU) ҳақида бормоқда.
Кукнинг ҳолатида бундай акциялар сони Apple’нинг уч йиллик натижалари S&P 500 индексига кирувчи бошқа компаниялар билан солиштирилганда қандай бўлганига боғлиқ эди. Акциялар ҳисобланганидан кейин Apple солиқларни тўлаш учун уларнинг деярли 200 мингтасини ушлаб қолди.
Бундан ташқари, 2 октябрь куни Кук яна 26,3 минг дона акцияни бошқа шахс ёки ташкилотга ўтказиб берди. Ҳужжатларда қабул қилиб олувчи кўрсатилмаган.
Акциялар сотилиши Кук томонидан май ойида тасдиқланган махсус савдо режаси доирасида олдиндан режалаштирилган эди. Бундай режалар раҳбарларга битимлар шартларини олдиндан белгилаб қўйиш ва сотиш тўғрисидаги қарорни бевосита операция кунида қабул қилмаслик имконини беради.
Сотув, солиқлар тўланиши ва ўз трасти орқали акциялар ҳадя қилинишидан кейин ҳам Кукга ҳали ҳам Apple’нинг 3,2 миллиондан ортиқ акцияси тегишли.
Тим Кук 15 йил давомида компанияни бошқарганидан сўнг, 2026 йил 1 сентябрда Apple бош директори лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Жон Тернус эгаллади, Кук эса Apple’даги фаолиятини директорлар кенгашининг ижрочи раиси сифатида давом эттирди.

