Маҳаллий

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизими жорий этилиши мумкин

Президентга тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш ва касбий ривожлантириш тизими такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдим этилди. Тақдимот тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини жорий этишга бағишланди.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизими жорий этилиши мумкин

Тақдимотнинг бир қисми тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини жорий этиш масаласига бағишланди.

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мутахассисларнинг билим ва амалий тайёргарлигини мустақил баҳолаш тизими йўлга қўйилади.

Барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қамраб оладиган ягона электрон реестр яратилади. У 16 та ахборот базаси билан интеграция қилиниб, мутахассиснинг таълими, малакаси ва касбий фаолиятига доир маълумотларни бир жойда жамлаш имконини беради.

Давлат рўйхатидан ўтишни 2027-йилдан ихтиёрий, 2030-йилдан эса мажбурий тартибда жорий этиш таклиф қилинмоқда. Кейинчалик давлат рўйхатидан ўтмаган мутахассис тиббий ёки фармацевтик фаолият билан шуғуллана олмайди.

Баҳолаш босқичма-босқич — аввал фундаментал ва клиник фанлар, сўнг мутахассислик бўйича амалга оширилади. Бунинг учун ягона тест ва топшириқлар банки, замонавий симуляцион базалар ташкил этилади. Имтиҳондан ўта олмаган мутахассисларга қайта топшириш имконияти берилади.

Янги тизимга ихтиёрий равишда эртароқ қўшилган ходимларни рағбатлантириш ҳам назарда тутилган. Имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, давлат рўйхатига киритилган олий маълумотли шифокор ва фармацевтика ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 бараваригача, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларига 2,5 бараваригача устама тўлаш таклиф этилди.

Давлат рўйхатидан ўтказиш ва мутахассислар малакасини баҳолаш ишларини ташкил этиш учун алоҳида марказ фаолияти йўлга қўйилади.

Тақдимотда тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг узлуксиз касбий таълим тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Замонавий тиббиётда диагностика ва даволаш усуллари, дори воситалари ҳамда технологиялар тез янгиланиб бораётгани сабабли, мутахассисларнинг билим ва амалий кўникмаларини мунтазам ошириб бориш муҳимлиги таъкидланди.

Шу мақсадда барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қамраб оладиган янги узлуксиз касбий таълим тизими жорий этилади. Таълим провайдерлари ва дастурлари аккредитациядан ўтказилиб, жараёнлар рақамлаштирилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.