Тиббиёт ва фармацевтика фаолияти бўйича талаблар кучайтирилади
Давлат рўйхатидан ўтмаган шахснинг тегишли мутахассислик бўйича тиббий ёки фармацевтика касбий фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади

**Тиббиёт ва фармацевтика фаолиятига қўйиладиган талаблар кучайтирилади**
2030-йил 1-январдан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан фақат давлат рўйхатидан ўтган шахслар шуғулланиши мумкин бўлади.
Ҳукуматнинг 577-сонли (19.10.2026-й.) қарори билан Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, 2030-йил 1-январдан эътиборан тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи фақат муайян мутахассислик бўйича давлат рўйхатидан ўтказилган шахсларга 5 йил муддатга берилади. Давлат рўйхатидан ўтмаган шахснинг тегишли мутахассислик бўйича тиббий ёки фармацевтика касбий фаолиятини амалга ошириши тақиқланади.
Ваколатли орган — Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази.
2027-йил 1-июлдан 2030-йил 1-январгача ходимлар мутахассислиги бўйича ихтиёрий тартибда махсус имтиҳон натижаларига кўра ёки малака тоифаларини бериш жараёнида автоматик равишда давлат рўйхатидан ўтказилади.
Мутахассислиги бўйича камида 20 йил иш стажига ва илмий даражага эга ходимлар махсус имтиҳонсиз давлат рўйхатидан ўтказилади (мурожаат санасига қадар мутахассислиги бўйича 3 йил ёки ундан ортиқ вақт давомида узлуксиз касбий фаолиятни амалга оширмаган ходимлар бундан мустасно).
Мурожаат Давлат хизматлари маркази, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Тиббий малака платформаси орқали юборилади. Электрон аризалар дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида топширилиши мумкин.
Ваколатли орган сўровномани 5 иш куни ичида кўриб чиқиб, талабгорни махсус имтиҳонга қўйиш ёки қўймаслик ҳақида қарор қабул қилади.
Гувоҳнома электрон шаклда расмийлаштирилади ва Тиббиёт ва фармацевтика мутахассисларининг ягона электрон реестри орқали текширилади. Унинг қоғоз шаклидаги асл нусхаси ёки дубликати берилмайди.
Давлат рўйхатидан ўтган ходимлар касбий фаолиятни давом эттириш учун ҳар 5 йилда қайта давлат рўйхатидан ўтказилади.
Қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб 3 ой ўтгач кучга киради.

