Маҳаллий

“Технопарк Артел бошқарувига берилмаган” — Давлат активларини бошқариш агентлиги директори

Технопарк МЧЖ Артел бошқарувига берилмаган, унинг 100% улуши Тошкент шаҳри ҳокимлигига тегишли, дея маълум қилди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов. Унинг сўзларига кўра, корпоратив қарорлар учун келишув ҳужжатлари шу пайтгача ҳокимлик томонидан тақдим этиб келинган.

“Технопарк Артел бошқарувига берилмаган” — Давлат активларини бошқариш агентлиги директори

Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбари Соҳибжон Муродов Тошкентдаги Технопарк МЧЖ яқинда Артел компаниялар гуруҳи бошқарувига топширилгани ҳақидаги хабарларни инкор этди. У бу фикрларни 8-октабр куни ўтказилган матбуот анжуманида билдирди, дея хабар беради Газета мухбири.

Идора раҳбарининг айтишича, корхонанинг 100 фоизлик давлат улуши тўлиқ Тошкент шаҳри ҳокимлигига тегишли бўлиб, у расман ҳеч қайси хусусий компания бошқарувига берилмаган.

“Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонунга кўра, айрим давлат активлари бўйича муассислик ва аксиядорлик ваколатлари махсус қарорлар асосида алоҳида органларга топширилади. Масалан, деҳқон бозорларидаги давлат улуши маҳаллий ҳокимликларга, йирик давлат банклари ва стратегик корхоналар Иқтисодиёт ва молия вазирлигига, ИТ соҳасидаги айрим активлар эса Рақамли технологиялар вазирлигига бириктирилган.

“Технопарк бевосита Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан ташкил этилган. Шу сабабли унинг 100 фоиз улушдори ҳокимлик ҳисобланади ва бугунги кунда у бошқарувга берилмаган. Менга тақдим этилган ҳужжатлар ва мавжуд маълумотларга кўра, бошқарувни Тошкент шаҳри ҳокимлиги амалга оширмоқда”, — деди ДАБА раҳбари.

Соҳибжон Муродовнинг қўшимча қилишича, махсус вакил сифатида ҳокимлик ёки вазирликлар корпоратив қарорлар қабул қилишдан олдин агентлик билан келишиши керак. Шу келишув амалиёти доирасида сўнгги саккиз ой давомида Технопарк МЧЖ бўйича ҳужжатлар айнан Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан тақдим этиб келинган.

“Шунақанги саволлар бўлмаслиги учун айтаман, расмий ҳужжат билан у бошқарувга берилмаган. Балким ҳамкорликда ишлаган бўлиши мумкин, мен уни билмайман”, — дея таъкидлади у.

ДАБА раҳбари, шунингдек, ҳозир Технопарк фаолиятини молиявий соғломлаштириш, янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва эскирган йўналишларни қайта кўриб чиқиш бўйича чора-тадбирлар дастури тайёрланаётганини маълум қилди. Ушбу режа бир ярим ой ичида жамоатчиликка эълон қилинади.

Бундан ташқари, Соҳибжон Муродов турли давлат идоралари ва ҳокимликлар ўртасида тарқоқ ҳолда турган давлат улушларини бир жойга жамлаш ишлари олиб борилаётганини ҳам қўшимча қилди. Мақсад келажакда мулкчилик ва бошқарув шакли бўйича тушунмовчиликлар ҳамда ортиқча саволларнинг олдини олиш, шунингдек, жамоатчиликка шаффоф маълумот тақдим этишдан иборат.

“Шунақанги саволларнинг олдини олиш ва биз жамоатчиликка тўғри жавоб беришимиз учун, маълумотлар қўлимизда бўлиши учун биз улушларни жамлаяпмиз ҳозир. Яъни, шунақанги тарқоқ бўлиб турган активлардаги давлат улушларини ДАБА муассис вазифасини бажариши нуқтаи назаридан ўтказяпмиз”, — деди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.