Техникумларда қайси касбларга қизиқиш юқори?
Ўзбекистон техникумларида 450 дан ортиқ касб ва мутахассислик мавжуд бўлса-да, умумий қабулнинг 49 фоизи еттита йўналишда жамланган. 2025-2026 ўқув йилида техникумларга 249 130 нафар ўқувчи қабул қилинган, бироқ мутахассисликлар, ҳудудлар ва таълим шакллари бўйича қабул кўрсаткичларида сезиларли тафовутлар сақланиб қолган.

Техникумларда қайси касбларга қизиқиш юқори?
Бу масала «Касбий таълим ташкилотлари қабул параметрлари ва уларнинг самарадорлиги» номли ахборот-таҳлилий маълумотда ёритилган. Таҳлил Касбий таълим агентлиги тақдим этган расмий маълумотлар асосида тайёрланган.
Ҳужжатга мувофиқ, 2025-2026 ўқув йили учун техникумларга 287 301 та қабул квотаси ажратилган. Амалда эса 249 130 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинган. Ҳисоботнинг таълим шакллари бўйича жадвалида умумий қабул режаси 86,7 фоизга бажарилгани қайд этилган.
Қабулнинг энг катта улуши — 20 фоизи — «Автомобилларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш» касби ҳиссасига тўғри келган. Ушбу йўналиш учун 27 660 та ўрин ажратилган бўлса, амалда 50 116 нафар ўқувчи қабул қилинган.
Шунингдек, умумий қабулда қуйидаги касб ва мутахассисликлар сезиларли улушни эгаллаган:
- тикувчи — 7 фоиз;
- ҳамширалик иши — 6,2 фоиз;
- тракторчи-машинист — 5 фоиз;
- даволаш иши — 4,1 фоиз;
- компютер графикаси ва дизайн оператори — 3,8 фоиз;
- рақамли ахборотларни қайта ишлаш устаси — 3,4 фоиз.
Таҳлилда айрим мутахассисликларда қабул белгиланган квоталардан бир неча баробар юқори бўлгани, бошқаларида эса ажратилган ўринлар тўлиқ тўлмагани айтилган.
Бироқ қабулнинг нол ёки жуда паст даражада бўлиши ҳар доим ҳам муайян касбга талаб йўқлигини англатмаслиги таъкидланган. Айрим ҳолатларда гуруҳ ташкил этиш учун етарли ўқувчи йиғилмагани сабабли улар ўз розилиги билан яқин йўналишларга ўтказилган.
Ҳисоботда Фарғона ва Самарқанд вилоятларида қабул режаси тўлиқ бажарилгани кўрсатилган. Бухоро ва Андижонда бу кўрсаткич 96 фоизни, Жиззахда 93 фоизни, Наманганда 92 фоизни ташкил этган.
Қорақалпоғистонда қабул режасининг бажарилиши 65 фоиз, Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳрида 70 фоиз, Навоий вилоятида 72 фоиз бўлган. Шу тариқа, ҳудудлар ўртасидаги тафовут 35 фоиз пунктга етган.

