Маҳаллий

Техникумларда дуал таълимни йўлга қўйган ташкилотларга 5 млрд сўмгача кредит берилади

Техникумларда дуал таълимни жорий этган ва битирувчиларнинг иш билан таъминланишини кафолатлаган ташкилотларга 5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади. Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 20-августдаги қарори билан белгиланди ва ҳужжат 21-август куни эълон қилинди.

Ушбу қарорга кўра, дуал таълим дастурларини ташкил этган корхоналарга 7 йил муддатга, 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 миллиард сўмгача кредит берилади. Кредит Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз пункт юқори ставкада тақдим этилади.

Кредит олиш учун ташкилот ҳар 1 миллиард сўм кредитга камида 5 нафар ўқувчини дуал таълим дастурига жалб қилиши ва улардан камида 1 нафар битирувчини ўқишни тугатгандан сўнг бир йилдан кам бўлмаган муддатга иш билан таъминлаши шарт. Демак, 5 миллиард сўмгача кредит олиш учун камида 25 нафар ўқувчини дуал таълимга жалб қилиш ва улардан камида 5 нафарини иш билан таъминлаш талаб этилади.

Кредит маблағлари қуйидаги мақсадларга йўналтирилиши мумкин: янги бизнес ёки янги йўналишларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва кенгайтириш, корхоналарни замонавий технологиялар билан таъминлаш ва модернизация қилиш, экспортни қўллаб-қувватлаш, “яшил” иқтисодиёт учун қайта тикланувчи энергия жиҳозларини харид қилиш, шунингдек, рақамли ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш.

Бундан ташқари, 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб инвесторлар буюртмаси асосида кадрлар тайёрлаш тўлов-контракт асосида ташкил этилади. Инвесторлар буюртмаси асосида шакллантирилган алоҳида гуруҳларнинг ўқув режа ва дастурларига касб ва мутахассисликлар кесимида 30 фоизгача ўзгартириш киритишга рухсат берилади.

Қарорга мувофиқ, кредит олиш учун ташкилот дуал таълим доирасида ўқувчилар учун иш жойлари ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиши, малакали мутахассисларини “устоз” сифатида бириктириши ҳамда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчилар билан муддатли меҳнат шартномаларини тузиши мумкин.

Кредит олиш учун ташкилот техникум билан дуал таълимни йўлга қўйгандан ва белгиланган миқдордаги битирувчиларни ишга қабул қилганидан сўнг икки ҳафта ичида тижорат банкига мурожаат қилади. Банк кредит олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва талабларга мос келган тақдирда кредитни ташкилот ҳисобварағига ўтказади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 20-августдаги қарори билан касбий таълим ташкилотлари директорларини ва директор ўринбосарларини менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ҳамда уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тасдиқланганди. Ҳужжатга кўра, 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб касбий таълим ташкилотлари директорлигига номзодларни тайинлашда менежерлик сертификати мавжудлиги талаб этилади. Директорлар ва директор ўринбосарлари менежерлик ўқув курсларида ўқитилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.