Техасдаги қамоқхоналарга кондиционерлар ўрнатилади

**Техас қамоқхоналарига кондиционерлар ўрнатилади**
АҚШнинг Техас штатидаги қамоқхоналарда қарийб 90 минг маҳбус бу ёзни кондиционерсиз ўтказишга мажбур бўлди. Ташқарида ҳарорат 50 даражагача кўтарилиб, ичкарида эса чидаб бўлмас иссиқ ҳукм сурди. Натижада маҳбуслар панжара ортида вафот этишда давом этмоқда. Вазиятга адлия тизими аралашди: Остиндаги федерал судя Техас қамоқхоналарини 2029-йил охиригача тўлиқ кондиционерлар билан таъминлаш ҳақида қарор чиқарди.
**Инсонийликка зид шароитлар**
Суд мажлисида маҳбуслар оғир ҳолатларни тасвирлаб берди. Фавқулодда юқори ҳарорат сабабли ҳушдан кетиш ҳолатлари қайд этилган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, иссиқдан жон сақлаш учун ҳожатхонадаги сув билан чўмилиш “одатий ҳол”га айланган.
“Бу шароит инсонийликка тўғри келмайди”, дея вазиятга баҳо берди судя.
Даъво ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар, маҳбуслар ва уларнинг вакиллари томонидан киритилган. Судя мавжуд шароитлар АҚШ конституциясига киритилган ва “шафқациз ва ғайриоддий жазолаш”ни тақиқловчи саккизинчи тузатишни бузмоқда, деган хулосага келди.
**Миллиардлаб долларлик харажатлар**
Жазирама иссиқдан ҳимояланиш арзон эмас: Техас Трибуне нашри маълумотига кўра, қамоқхоналарни қайта жиҳозлаш 1,5 миллиард долларгача маблағ талаб қилиши мумкин. Штатда 310 дан ортиқ ҳибсхона ва қамоқхона муассасалари мавжуд.

