Тест: “Тоҳир ва Зуҳра”, “Насриддиннинг саргузаштлари” каби ўзбек филмларини биласизми?
“Юксалиш”, “Рамазон” ҳамда “Йигит” сингари филмларни суратга олиш билан бирга, актёр сифатида ҳам ўзбек киносида ўчмас из қолдирган Наби Ғаниев таваллудига 2026-йилнинг сентабрида 122 йил тўлди. Газета Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбобининг филмографияси асосида тест тайёрлади.

Тест: “Тоҳир ва Зуҳра”, “Насриддиннинг саргузаштлари” каби ўзбек филмларини биласизми?
Наби Ғаниев 1904-йил 15-сентабрда Тошкент шаҳрида дунёга келган. У аввал эски усулдаги ўқув даргоҳида, кейин эса “Намуна” мактабида таҳсил олган. 1924-йилда Москвадаги Олий бадиий-техника устахоналарида ўқишни бошлашидан олдин театр томошалари учун бадиий ҳаваскорлик тўгарагига раҳбарлик қилган ва спектакллар саҳналаштирган.
1925-йилда Тошкентга қайтиб, “Шарқ юлдузи” киностудиясига ишга кирган. Кейинчалик “Ўзбеккино”да турли лавозимларда ишлаган. 1926-йилда “Киноссенарий” ва “Киноактёр” номли ўзбек тилидаги илк қўлланмаларни ёзган.
1927−1928-йилларда “Соябонли арава”, “Мохов қиз” филмларида турли ролларни ижро этган. “Бахт қуёши”, “Сўнгги бек” каби филмларда эса режиссёр ассистенти бўлган.
Мустақил режиссёрлик фаолиятини 1928-йилдан бошлаган. 1931−1935-йилларда “Юксалиш”, “Ажойиб-ғаройиб иш”, “Ўлим қудуғи”, “Рамазон” ва “Йигит” филмларини суратга олган. 1941-йилда “Биз енгамиз”, “Довюрак дўстлар”, орадан тўрт йил ўтиб эса “Тоҳир ва Зуҳра”ни тақдим этган. “Фарғона қизи” эса 1948-йилда намойиш этилган.
Шунингдек, у “Насриддиннинг саргузаштлари”, “Насриддин Бухорода”, жумладан, “Лотинлаштириш” каби филмларга ҳам режиссёрлик қилган.
1937-йилда Наби Ғаниев аксилинқилобчиликда айбланиб 27 ойга қамалган. Бунга унинг суратга олган “Ҳокимият кимники?” номли филми мазмуни ҳам сабаб бўлган. 1939-йилда озод этилган ижодкор 1953-йил 19-октабрда вафот этган.

