Маҳаллий

Термизда Дамасъда 21 нафар болани ташиган ҳайдовчига чора кўрилди

Термизда Дамасъда 21 нафар боғча боласи ташилаётгани аниқланди. Ҳолат бўйича ҳайдовчига нисбатан қонуний чора кўрилди. Муассаса мудирасига эса болаларни бундай тартибда ташишнинг хавфли оқибатлари тушунтирилди. Ҳужжатлар вилоят Мактаб ва мактабгача таълим бошқармасига юборилди.

Термизда Дамасъда 21 нафар болани ташиган ҳайдовчига нисбатан чора кўрилди

Термиз шаҳрида йўл-патрул хизмати ходимлари Дамас автомобилини тўхтатиб, унинг салонида 21 нафар бола олиб кетилаётганини аниқлади.

Ҳайдовчининг айтишича, болалар 16-сонли боғчага олиб борилаётган бўлган. У болаларни ташиш бўйича боғча билан шартнома тузилганини билдирган. ЙПХ ходимлари бир нечта йўловчи автомобилларини тўхтатиб, болаларни боғчага етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчига қонуний чора кўрилган. Муассаса мудирасига эса болаларни бу тарзда ташишнинг хавфли оқибатлари тушунтирилган.

Ҳайдовчи ота-оналар болаларни бундай тартибда ташишдан хабардор ва бунга рози бўлганини айтган. Унга йўлларда бундай қоидабузарликлар ЙТҲга олиб келиши мумкинлиги тушунтирилган. Тўпланган ҳужжатлар маълумот учун вилоят Мактаб ва мактабгача таълим бошқармасига юборилган.

Болалар боғчалари тарбияланувчиларини хавфсизлик қоидаларини бузган ҳолда 4−7 ўринли автомобилларда ташиш Ўзбекистонда анча кенг тарқалган.

Аввалроқ сентабрда Сирдарё вилояти Гулистон туманида “Дамас"да 16 нафар боғча тарбияланувчиси, августда Фарғона вилояти Тошлоқ туманида эса 28 нафар бола ташилаётгани аниқланганди.

Амалда бундай ҳолатлар бўйича ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−8-моддаси асосида баённома расмийлаштирилади. Мазкур модда транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузганлик учун 2 БҲМ миқдорида жарима белгилайди.

Болаларни ташишдаги бундай қоидабузарликлар айрим ҳолларда оғир оқибатларга олиб келган. Хусусан, май ойида Нурота туманида 14 нафар боғча боласи бўлган Матиз ҳалокатга учрагани хабар қилинганди.

Рулда ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаган оилавий боғча раҳбари бўлган. Ҳодиса оқибатида аёл вафот этган, болалар турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.

Бундан ташқари, Андижон вилояти Хўжаобод туманида 21 нафар боғча боласини Траскеръда олиб кетаётган ҳайдовчи ЙТҲ содир этганди. Оқибатда 6 ёшли қиз ҳалок бўлиб, яна 7 нафар бола жароҳат олган. Суд ҳайдовчига нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш ва 2 йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.