Телеграмдаги «закладка» тармоғи фош этилди
Тезкор тадбирлар натижасида 1 килога яқин гашиш гиёҳвандлик моддаси ҳамда гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш учун

Телеграмдаги "закладка" усули орқали гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган йирик жиноий гуруҳ Навоий вилоятида фош этилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимов "Xabar.uz"га маълум қилди.
Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармасига келиб тушган мурожаат асосида Навоий вилояти ИИБ ТҚХ ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Дастлаб, гиёҳванд моддаларни Телеграм орқали "закладка" усулида тарқатган гуруҳ етакчилари қўлга олинди. Шундан сўнг, жиноий занжирнинг бошқа иштирокчиларини аниқлаш мақсадида тезкор тадбирлар давом эттирилди.
Тадбирлар давомида гумонланувчиларнинг яшаш жойлари ва алоқа воситалари текширилди. Натижада гуруҳнинг икки нафар омборчиси, гиёҳванд моддаларни яшириб, манзил ва локация маълумотларини етказувчи икки нафар "закладчик", 8 нафар наркокурьер ҳамда уларнинг 11 нафар мижози аниқланиб, ҳибсга олинди.
Тезкор тадбирлар натижасида далилий ашё сифатида қарийб 1 килограмм гашиш гиёҳвандлик моддаси ва гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш учун тайёрланган қўлбола асбоблар расмийлаштириб олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддасига оид тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

