Телбами ёки даҳо? Замонавий бокснинг энг ёрқин вакили Раян Гарсия ҳикояси

Телбами ёки даҳо? Замонавий бокснинг энг ёрқин вакили Раян Гарсия ҳикояси
Бугунги бокс оламининг энг шов-шувли, баҳсли ва шу билан бирга энг истеъдодли чарм қўлқоп усталаридан бири — Раян Гарсия. Ижтимоий тармоқлардаги миллионлаб кузатувчилар, рингдаги чақмоқдек тез зарбалар ва тинимсиз можаролар унинг номини боксдаги энг ёрқин брендлардан бирига айлантирди.
13-сентябр куни Лас-Вегасдаги "Т-Мобиле Арена"да Раян Гарсия навбатдаги жангини ўтказди. ВБС вазн тоифасидаги чемпионлик камарини илк бор ҳимоя қилаётган Гарсия британиялик машҳур боксчи Конор Бенн билан рингга чиқди.
Жанг атиги икки раунд давом этди. Биринчи раундда рақибини синчиклаб кузатган Раян, иккинчи раунднинг 1-дақиқасидаёқ Бенни даҳшатли нокаутга учратди ва ҳакам беллашувни тўхтатди. Шу ғалаба билан Гарсия профессионал боксдаги рекордини янгилади. Унинг ҳисобида 28 та жангнинг 25 тасидаги ғалаба бор, шулардан 21 таси нокаут билан якунланган.
Ғалабадан кейин у рингнинг ўзидаёқ навбатдаги рақибларига мурожаат қилди:
"Мен доим о'нг қо'лим кучли эканини билардим, фақат жароҳатлар халақит берарди! Теофимо Лопес, қаердасан, рингга чиқ!"
Залда ўтирган Лопес бу гаплардан сўнг рингга отланишга уринди, бироқ қўриқчилар бунга йўл қўймади.
**Фаолиятнинг бошланиши: ҳаваскорликдан профессионал боксгача**
Раян Гарсия 1998-йилда Калифорнияда туғилган. У 7 ёшида бокс мактабига қатнай бошлаган. Ҳаваскор боксда у жуда яхши натижалар кўрсатган — 200 дан ортиқ ғалаба ва 15 карра АҚШ чемпионлиги.
2016-йилда профессионал боксга ўтган Раян ўзининг тезкор ҳаракатлари ва чап хук ("лефт ҳоок") зарбаси билан бокс оламини забт эта бошлади. Унинг ҳар бир жанги томошабинларни мафтун этарди ва қисқа вақт ичида у Оскар Де Ла Хоянинг "Голден Бой Промотионс" компанияси билан шартнома имзолади.
**"Инстаграм боксчиси" ва треш-ток санъати**
Гарсия профессионал боксда нафақат зарбалари, балки ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги билан ҳам тез танилди. Миллионлаб обуначиларга эга бўлган Раян бокс ва медиани уйғунлаштиришни уддалади.
У рақибларини жангдан олдин руҳий жиҳатдан синдириш учун треш-токдан самарали фойдаланади. Унинг матбуот анжуманларидаги хатти-ҳаракатлари ва ижтимоий тармоқлардаги провокацион хабарлари жангларга қизиқишни бир неча баробарга ошириб юборади.
"Мен оддий боксчи эмасман. Мен инсонларга бокс шунчаки уришиш эмас, бу санъат ва шоу эканлигини кўрсатмоқчиман. Одамлар менинг ижтимоий тармоқлардаги машҳурлигимни кўриб, боксчи эканлигимни унутиб қўйишади. Лекин рингга чиққанимда йўллайдиган зарбаларим уларни реалликка қайтаради", дейди Гарсиянинг ўзи.
**Жанжаллар ва дисквалификация**
Раяннинг фаолияти фақат зафарлардан иборат эмас. У бир қатор шов-шувли можаролар марказида бўлган:
2021-йилда у руҳий саломатлиги ва депрессия сабабли бир қанча муҳим жангларни бекор қилди.
2023-йилда Жервонта Девисга қарши кечган учрашувда фаолиятидаги илк мағлубиятни қабул қилди.
Гарсия бой оиладаги "тарбияси оғир бола"га ўхшайди. У катта имкониятларга эга. Бироқ, буларнинг барчасидан унумли фойдалана олмайди. Баъзан у юқори даражадаги профессионал боксчи номига мос келмайдиган ишларни қилиб, можарога аралашиб қолади.
Маълум бир вақтгача буларнинг барчаси "қора пиар" сифатида ўз самарасини берди, аммо рақиблар даражаси тезда ошди ва Раян бунга дош беролмади. Жервонта Девисга қарши аламли мағлубиятга ҳам айнан шу жиҳат сабаб бўлганди. Жанг эрта тугагани, жигарга зарба қабул қилиб, нокаутга учрагани Гарсияни янада умидсизликка туширди.
2024-йил Девин Хейнига қарши кечган жангда Раян Гарсия ғалаба қозонади. Лекин жангдан сўнг унинг қонида тақиқланган модда топилди. Шундан сўнг, учрашув натижаси бекор қилинди ва Гарсия бир йилга боксдан четлатилди.
**Кучли қайтиш**
Допинг можароси Раяннинг фаолиятига яна бир зарба берди. Гарсия кейинги жангида Роландо Ромерога қарши аниқ фаворит сифатида рингга кўтарилди. Аммо охир-оқибат у анча суст жанг қилди, иккинчи раундда нокдаунга учради ва ҳақли равишда мағлуб бўлди. Ҳакамлардан бири ҳатто 118-109 ҳисобида Гарсиянинг зарарига натижа қайд этганди.
Лекин бу натижа Гарсияни синдириб қўймади. У яна кучли бўлиб қайтди. Шу йил февралда Марио Барриосга қарши рингга чиқди ва ажойиб ғалабага эришди. Бу ғалаба унга ВБС ярим ўрта вазн тоифасидаги чемпионлик унвонини олиб келди.
13-сентябр куни Бенн устидан ғалаба қозониб, чемпионлик камарини ҳимоя қилди. Бу, албатта, Раянни бокс оламининг энг юқори чўққисига қайтаради. Конор Бенн устидан қозонилган ғалабадан сўнг Гарсиянинг чақирувидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, унинг кейинги жанги Теофимо Лопесга қарши бўлади.
**Дана Уайт эътирофи**
УФС президенти Дана Уайт Гарсиянинг жангларидан ҳайратда эканини яширмайди. У доим унинг шаънига мақтовлар ёғдиради.
"Унинг даҳшатли кучи бор, у яхши йигит, тили ҳам ўткир ва ҳеч кимдан қўрқмайди. Бу йигит ҳар ким билан жанг қилишга тайёр", дейди Уайт.
Раян тез орада Зуффа Бохинг промоушенининг асосий юлдузига айланиши ҳам мумкин.
Раян ҳаётида янги саҳифа очилмоқда. Бундай пайтда тўғри қарорлар қабул қилиш жуда муҳим бўлади. Гарсия ўз истеъдодини кўпинча беҳуда ишларга сарфлаган. Энди ҳаммасини жиловлаш вақти келди. Шунда америкаликни ёрқин келажак кутмоқда. Юқорида айтилганларнинг барчасини ҳисобга олсак, боксчи атиги 28 ёшда эканига ишониш қийин.

