Текширувларга мораторий, иқтисодий амнистия ва ҳақлилик презумпсияси - экспертлар бизнесга берилган енгилликлар ҳақида
Кичик бизнесни текширишга 3 йиллик мораторий эълон қилинди. Тадбиркор ўз ташаббуси билан хусусий аудит ёллаганида, солиқ органи аудитор хулосасини тан олади. Иқтисодий амнистия доирасида солиқ қарзини пенясиз ёпиш имкони берилди. Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпсияси эса давлат органлари билан муносабатларда бизнеснинг позициясини мустаҳкамлайди.

Текширувларга мораторий, иқтисодий амнистия ва ҳақлилик презумпсияси — экспертлар бизнесга берилган енгилликлар ҳақида
Солиқ маслаҳатчилари Мурод Муҳаммаджонов ва Нодирбек Хўжабеков Kun.uz билан суҳбатда давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашуви якунлари бўйича имзоланган фармондаги янгиликларга изоҳ берди.
Мурод Муҳаммаджонов:
175-сонли президент фармонининг умумий фалсафаси ҳақида гапирадиган бўлсак, кўпчилик буни навбатдаги имтиёзлар серияси сифатида қабул қиляпти. Аслида бу — имтиёзлар серияси эмас, балки давлат билан бизнес ўртасидаги муносабатга янгича қараш шакллантирилмоқда, десак бўлади.
Фармонда тадбиркор хатосини ихтиёрий равишда тузаца, уни жазоламаслик ғояси бор. Агар қарор ижроси йўлга қўйиладиган бўлса, давлат билан бизнес ўртасидаги муносабатларда кескин ўзгариш бўлади.
Мурод Муҳаммаджонов:
Бу фармондаги бандлардан бири кўпчилик учун ҳозир жуда катта янгилик бўлиб турибди. Бу — кичик бизнесни текширишга уч йиллик мораторий эълон қилиниши.
Эътибор бериш керак: мораторий ўрта ва йирик бизнесларга эмас, фақат кичик бизнесга тааллуқли. Бизда кичик бизнес деганда 10 миллиард сўмгача бўлган айланмага эга корхоналар назарда тутилади. Булар — якка тартибдаги тадбиркорлар, айланмадан олинадиган солиқда ишлайдиганлар ва умуман, қўшилган қиймат солиғига ўтган бўлса ҳам, айланмаси 10 миллиард сўмдан ошмаган тадбиркорлар.
Бу ерда “текширувлар” деганда айнан солиқ аудити назарда тутилмоқда. Камерал текширув бунга кирмайди. Камерал текширув бўлиши керак. Тадбиркорларга ҳам буни тушунтириш керак: “Бўлди, мени текширмас экан”, деб хоҳлаганча ишлаш мумкин дегани эмас. Фақат солиқ аудити ўтказилмайди, лекин камерал назорат сақланиб қолади.
Бундан ташқари, агар тадбиркор қўшилган қиймат солиғини қайтариб олмоқчи бўлса, албатта, ҚҚС доирасида текширув ўтказилади. Масалан, 10 млрд сўмлик товари бор. “Шундан 1,2 млрд сўм ҚҚСни қайтариб олмоқчиман” деса, солиқ органи тартиб бўйича бориб текшириши керак: ҳақиқатан ҳам шу 10 млрд сўмлик товар қолдиқда турибдими-йўқми? Шу 10 млрд сўмлик товар бўйича ҳисобланган ҚҚС тўғрими-йўқми — шулар текширилади. Буни назорациз қолдириб бўлмайди.

