Таълим соҳасига янги раҳбар, газсиз аҳолига чегирмали “свет” - ҳафта дайжести
Таълимда бошқарув тизими ўзгармоқда: соҳа келажаги учун тўрт асосий масъул белгиланди. Газсиз ҳудудларга электр тўловидан чегирма берилади: ҳукумат газдан электрга ўтишга тайёрланмоқда. Таиланддан кейин Шарм аш-Шайх йўналиши ҳам визали бўлди; Латвияда эса ўзбекларга виза бермаслик масаласи кўтарилди. Якунланган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид шу ва бошқа айрим янгиликлари – Kun.uz дайжестида.

Таълим тизимига янги раҳбар тайинланди, газсиз аҳолига чегирмали “свет” берилади — ҳафта дайжести
Эркинжон Турдимов — таълим ва илм-фан вазири
Стратегик жиҳатдан таълимга тенг келадиган соҳалар жуда кам. Мамлакат келажагини белгиловчи ушбу йўналиш энди барча босқичларда ягона вертикалга бирлаштирилди. Президент фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги негизида Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилди.
Расмий тушунтиришга кўра, бу қарорнинг мақсади — таълим, тарбия ва илм-фаннинг яхлит тизимини замон талаблари асосида йўлга қўйиш, таълим сифати ва инсон капиталини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқишдир. Хусусан, боғчаларда тарбиячилар малакасини ошириш, мактаб таълимида дарсликларни янгилаш, олий таълимда эса университетлар мустақиллигини кучайтириш ва хусусий сектор учун имкониятларни кенгайтириш устувор вазифалар этиб белгиланди.
Ислоҳот ижросида асосий масъуллар сифатида тўрт кишини ажратиб кўрсатиш мумкин: Саида Мирзиёева, Обид Ҳакимов, Эркинжон Турдимов ва Зафар Ҳошимов.
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамда унинг таълим ислоҳотлари бўйича янги ўринбосари Обид Ҳакимов белгиланган вазифалар бажарилишини назорат қилади.
Бунгача тўртта вилоятда ҳоким бўлиб ишлаган Эркинжон Турдимов эса бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири сифатида ҳукуматда алоҳида мавқега эга бўлади; соғлиқни сақлаш соҳаси ҳам унинг Вазирлар Маҳкамасидаги котибияти таркибида бўлади.
Эслатиб ўтамиз, бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими 2022-йил охирида тугатилган эди.
Ноёб сиёсий карьерага эга 57 ёшли Эркинжон Турдимов сўнгги пайтларда чиқишларида таълим масаласига тез-тез урғу бериши билан ҳам бошқа ҳокимлардан ажралиб турганди. Масалан, у август ойида Устозлар миллий форумидаги нутқида янгиликдан қўрқмасликка, болаларга эркинлик беришга чақирган.
“[Мактабда] компютер турарди, лекин болаларни битириб кетаётганида компютерни ёқишни ҳам билмасди. Ҳозир шу битириб кетганлар кўпи директор бўлса ҳам керак, шулар компютерни ёқишни ҳам билмайди. Қизиқмайдиган одам, янгиликдан қўрқадиган одам шунақа бўлади. Янгиликдан қўрқмайдиган одам янгилик яратади. Умуман олганда, янгилик яратишга интилган одам келажакни яратади.
[...] Болаларга эркинлик беришимиз керак. Керак бўлса, болаларнинг шўхлигидан ҳам фойдаланишимиз керак, йўналиш беришимиз керак. “Бундай юр, бундай тур, бундай қил” деб ҳаммани рамканинг ичига солиб қўйиш керак эмас. Кейин рамкадан чиқолмай қоламиз.
Эртага 10 йилдан кейин нима бўлади? 20 йилдан кейин нима бўлади? Бола-чақамиз нима қилади? 10 йилдан кейин, 15 йилдан кейин нима бўлиши — ҳаммаси сиз билан бизнинг қўлимизда, айниқса таълим фидойиларининг қўлида. Агар биз “менга тегма, мен сенга тегмайман” деб ёпишиб олсак кресломизга, у креслога қанча ёпишсангиз, шунча тез кетасиз”.
Турдимов август ойида аҳоли билан учрашувларидан бирида ҳам таълимнинг аҳамиятини таъкидлаб, ота-оналарни фарзандлари билан бирга дарс қилишга чақирган.
“Бизни фақат билим қутқаради. Мактабда яхши ўқиш, илғор технологияларни ўзлаштириш, шунинг ҳисобига болаларимиз бизни олиб чиқиб кетади. Ким болаларига инвестиция қилса, ким болаларини ўқица, ўша одам обрўли бўлади. Одамлар қўлида кўтариб юради, шунинг отаси-да деб. Агар боласига инвестиция киритмаса, униям камбағал қилиб қўйса, ташвиш олиб келади у бола.
Шунинг учун хоҳлаймизми-йўқми, фарзандларимизни ўқитишимиз керак. Бирга дарс қилишимиз керак; калламиз ишламаса ҳам, ўзимизни мажбурлашимиз керак. Олдимизда шу нарса турибди, бошқа йўлимиз йўқ”.
Юқорида тилга олинган таниқли тадбиркор, Корзинка супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов эса Президент администрацияси ҳузурида тузилаётган махсус ищи гуруҳга жамоатчилик асосида раҳбар бўлди.
Ищи гуруҳ инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегияси бўйича умуммиллий консепсияни ишлаб чиқади. Бунинг учун гуруҳга тажрибали тадбиркорлар, соҳа мутахассислари, олимлар ва халқаро экспертлар жалб этилиши режалаштирилган. Зафар Ҳошимов билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдириб, фаолияти давомида Теач Фор Узбекистан ташкилоти васийлик кенгаши аъзоси, ТЕАМ Университй асосчиларидан бири, Тошкентдаги Вестминстер халқаро университети жамоасининг фахрий аъзоси сифатида таълим соҳасидаги ташаббусларда қатнашиб келаётганини қайд этди.
Узоқ кутилган чегирма
Газсиз ҳудудларда яшовчилар учун иситиш мавсумида электр энергияси тўловидан чегирма бериладиган бўлди. Бу таклифни 6-октабр кунги йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маъқуллади.
Эндиликда иситиш мавсумида газлашмаган ва газ етиб бормаган ҳудудларда электр энергияси бўйича базавий меёр 200 кВҳ дан 350 кВҳ га оширилади.
Бу амалда нимани англатади? Базавий тариф 650 сўм, ундан кейин 500 кВҳ гача 900 сўм эканидан келиб чиқилса, газлашмаган ҳудудларда яшовчиларга берилаётган чегирманинг пулдаги қиймати ойига 37 500 сўмни ташкил этади.
Бу ўзгариш ҳали расмий ҳужжат шаклини олмаганини ҳисобга олиб, кичик бир рақамни қўшимча қилиш мумкин: агар газсиз ҳудудлар учун иситиш мавсумидаги электр токининг базавий меёри кутилганидек 350 эмас, 400 кВҳ гача оширилса, ҳозирги тарифларда чегирма қиймати айнан 50 минг сўмга тенг бўларди.
Сешанба кунги йиғилишда маълум қилинишича, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг электр энергияси ва газ бўйича базавий меёрдан ортиқ истеъмол харажатларининг бир қисмини қоплаш амалиёти 2028-йил 1-апрелгача давом эттирилиши режалаштирилган. Бу компенсация тўловларидан йилига 470 минг оила фойдаланиши ҳисоблаб чиқилган.
Газ қазиб олишдаги пасайишни бу йил ҳам тўхтатиб бўлмади
Кузнинг илк салқин кунлари қиш яқинлашаётганидан дарак бераётган паллада, машинаси метанда юрадиган ҳайдовчилар учун ёқимсиз хабар пайдо бўлди: Ўзбекистоннинг энг асосий газ қазиб олувчи компанияси бу йил ҳам ўз режасини бажара олмайди.
Маълум бўлишича, “Ўзбекнефтгаз” тизимида газ қазиб олиш йил якунига бориб салкам 10 фоизга камайиши кутилмоқда. Компания раисининг биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамроевнинг сўзларига кўра, жорий йилда 22,8 млрд куб метр газ қазиб чиқарилади. Бу 2025-йилги ҳажмдан 2,4 млрд куб метрга, яъни 9,5 фоизга кам.
6-октабр кунги йиғилишда компания раиси Абдуғани Сангинов йил бошидан бери 5 та янги газ кони очилгани, 80 та қудуқ бурғилангани ҳақида ҳисобот берди. Қайд этиш керак, Сангинов январ ойидаги тақдимотида газ саноатидаги салбий динамикани тўхтатиб, жорий йилда 25,2 млрд куб метр газ қазиб олишдек катта маррани ўз зиммасига олганди. Амалда эса октабр ойига келиб режа қайта кўриб чиқилгани ва 10 фоизга пасайтирилгани аён бўлмоқда.
Ўзбекистоннинг иккинчи энг йирик газ қазиб олувчиси — Россиянинг “Лукойл” компаниясига келсак, унинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари маълум эмас. Компания асосчиси Вагит Алекперов душанба куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб, истиқболли углеводород конларини ўзлаштириш ва АЁҚШлар тармоғини ривожлантириш режаларини муҳокама қилди. Бу учрашувнинг эътиборли жиҳати шундаки, АҚШ Молия вазирлиги “Лукойл” компаниясига Россиядан ташқаридаги активларига харидор топиш учун берган муҳлат 22-октабрда якунига етади.
Газ қазиб чиқариш охирги икки йилда 20 фоизга қисқаргани фонида ҳукумат газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларни электрга ўтказиш ниятида. Икки ҳафта аввал имзоланган президент фармонига кўра, келаси йил баҳоригача халқаро консултантлар иштирокида “Табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларни электрлаштириш консепсияси” ишлаб чиқилиши керак. Консепсия доирасида электр энергияси учун имтиёзли тарифлар билан бирга, энергия самарадор маиший техникаларни харид қилувчиларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам назарда тутилади.
Шарм аш-Шайхга виза ва Латвиядаги жиноятлар
Ўзбекистонликлар орасида энг оммабоп сайёҳлик йўналишларидан бири — Шарм аш-Шайхга бориб келиш энди аввалгидек осон бўлмайди. Гап шундаки, ҳозиргача ўзбекистонликлар Мисрнинг Қоҳира ва бошқа аксарият шаҳарларига виза билан, Синай яриморолидаги Шарм аш-Шайх курорт-шаҳрига эса визасиз бориши мумкин эди. 1-ноябрдан бошлаб эса бу қисман визасиз тартиб бекор қилинмоқда.
Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси хабарига кўра, 1-ноябрдан бошлаб ўзбекистонликлар Мисрнинг исталган нуқтасига бориш учун олдиндан виза олиши керак бўлади. Бундан ташқари, сайёҳлар мустақил равишда эмас, фақат ваколатли туроператорлар орқали Мисрга бориши мумкин бўлади.
Янги талаблар рўйхати шу билан тугамайди: 40 ёшгача бўлганлар Мисрга фақат ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари билан бориши мумкин, бунда оиланинг қўлида камида 5000 доллар нақд пул бўлиши керак. 40 ёшдан катталар ёлғиз ўзи бориши мумкин ва улар камида 3000 доллар нақд пулга эга бўлиши лозим. Мисрга киришда виза ва нақд пулдан ташқари, меҳмонхона банд қилинганини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда мобил алоқа маълумотлари ҳам тақдим этилиши керак. Бундан ташқари, Мисрда бўлиш давомида туристик визани бошқа турдаги визага алмаштириб бўлмайди.
Бундай катта тўсиқлардан кейин Шарм аш-Шайх йўналиши чиқиш туризмидаги аввалги жозибасини йўқотиши аниқ. Шунга ўхшаш ҳолат яқинда Таиланд билан ҳам юз берган эди. Таиланд ҳукумати 15-сентабрдан бошлаб кўплаб мамлакатлар, жумладан Ўзбекистон учун ҳам визасиз режимни бекор қилгач, Авиасалес маълумотига кўра, ўзбекистонликларнинг Таиландга саёҳат буюртмалари 84 фоизга камайиб кетган.
Бундан ташқари, жорий ҳафтада Таиланд визасини берувчи электрон тизимда носозликлар кузатилаётгани маълум бўлди. Ижтимоий тармоқларда виза кутилган вақтда чиқмагани, айрим саёҳатчилар виза чиқишини сўнгги соатларгача, ҳатто аеропортга бориб кутиб, уйига қайтгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консулхонаси Тҳаи Э-Виса сайтида техник носозликлар борлигини тасдиқлаб, гарчи сайтда 10 кунлик муддат кўрсатилган бўлса-да, амалда 40 долларлик тўлов қилинганидан кейин ўртача 15 кунда виза чиқаётганини маълум қилди.
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон фуқароларига виза беришни чеклаш масаласи Латвияда ҳам кўтарилгани маълум бўлди. Латвия Ички ишлар вазирлиги сайтида берилган хабарга кўра, вазир Янис Домбрава ўзбекистонликларга виза беришни вақтинча тўхтатиш таклифи билан чиққан. Бунга сабаб сифатида Ўзбекистоннинг бир неча фуқароси Латвияга келганидан кўп ўтмай жиноятларга, хусусан вояга етмаганларга қарши жиноятларга қўл ургани айтилмоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, Ригада бу таклиф кўтарилгач, ўзбек дипломатлари музокарага киришган ва якунда Латвия томони мавжуд тартибни ўзгартиришга эҳтиёж йўқлигини билдирган, яъни юзага келиши мумкин бўлган муаммонинг олди олингани айтилмоқда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ватандошларни хорижга борганда ўша мамлакат қонунчилигига риоя қилишга ва масъулиятли бўлишга чақирди.
Латвия вазирининг таклифига асос бўлган жиноятларга келсак, Kun.uz суриштирувига кўра, сентабр ойининг ўзида иккита ҳолат қайд этилган. Аввалига Елгава шаҳрида 39 ёшли ўзбекистонлик болалар майдончасида кичик ёшдаги болага нисбатан жинсий характердаги ҳаракатлар қилганликда гумонланиб ушланган ва суд қарори билан қамоққа олинган. Кўп ўтмай, пойтахт Ригадаги савдо марказларидан бирида бошқа бир Ўзбекистон фуқароси кичик ёшдаги икки қизга пул эвазига жинсий характердаги ҳаракатларни таклиф қилгани айтилмоқда. Ҳар икки иш бўйича тергов давом этмоқда.
Яна бир ҳолат 2025-йил март ойида Карникава шаҳрида юз берган. Айбловга кўра, икки ўзбекистонлик дарёда сузиб юрган оққушга овқат бериб, уни сувдан чиқариб олган. Улардан бири оққушнинг бўйнини синдириб, бошига мушт урган. Кейин қушни қора ахлат қопига солиб, машина юкхонасида олиб кетишган. Бу воқеа уч нафар вояга етмаган бола кўз ўнгида содир бўлган. Иш бўйича икки ўзбекистонлик салкам 4 йиллик пробация назоратига ҳукм қилинган; улар ҳеч қандай жарима ва қамоқсиз қутулиб кетгани латиш жамоатчилигида муҳокамаларга сабаб бўлган. Эътирозлардан кейин бу икки шахснинг Латвияда яшаш ҳуқуқи бекор қилинган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Марказий Осиё ва Озарбойжон етакчилари навбатдаги Маслаҳат учрашувига йиғилди.
Туркманистондаги “Аваза” сайёҳлик зонасида ўтган саммитда олти мамлакат президенти минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳақида фикр алмашди.
Ўзбекистон президентининг сўзларига кўра, минтақавий жараён доирасида катта ва мураккаб тузилмаларни ташкил этишга интилиш йўқ. Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, бизга мослашувчан ва тушунарли формат керак. Маслаҳат учрашувининг эртасига МДҲ саммити ҳам бўлиб ўтди ва унда 1-январдан бошлаб ташкилотга раислик Ўзбекистонга ўтиши белгиланди. Ҳамдўстликнинг 2027-йилги саммити 8-9 октабр кунлари Бухорода ўтказилади.
Шифокорларнинг фарзандлари учун контракт тўловининг бир қисмини қоплаб бериш бошланди.
Бунда давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил ишлаган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандлари учун бакалавриатдаги контракт тўловининг 30 фоизгача қисми давлат бюджетидан қоплаб берилмоқда.
Худди шундай имтиёз жорий ўқув йилидан бошлаб педагогларнинг фарзандларига нисбатан ҳам татбиқ этилиши белгиланган.
Эътиборлиси, тиббиёт ходимларидан фарқли равишда, педагоглардан муайян иш стажи талаб этилмайди; шунингдек, хусусий сектордаги педагоглар ҳам бу имтиёздан фойдаланиши мумкин.
Тошкент давлат техника университетининг юзлаб талабалари кечаси кўчага ҳайдалди.
Пойтахтдаги бир нечта олийгоҳга, асосан техника университетига вилоятдан келиб ўқиётган 300 нафар талаба ётоқхона учун пул тўлаган бўлса-да, 6-октабр оқшомида бинодан чиқариб юборилган.
Расмийларга кўра, давлат-хусусий шериклик асосида янги қурилган талабалар турар жойининг ҳали кадастр ҳужжати йўқ ва зарур рухсатлар олинмаган, талабалар эса у ерга норасмий тартибда, ўзбошимчалик билан қабул қилинган. Чиқариб юборилган талабалар ўша кеча ҳостелда ёки танишиникида тунаб қолган; кейинроқ бошқа ётоқхоналар ва ижара хонадонларга жойлашгани айтилмоқда.
Блогер Сирожиддин Одилов 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
ЁуТубе'даги “Сирожиддин Медиа” канали муаллифи Сирожиддин Одилов Мирзачўл туман суди томонидан бир эпизод бўйича товламачилик, иккита эпизод бўйича фирибгарлик жиноятларида айбли деб топилди.
Хабар қилинишича, у жабрланувчи деб топилган уч нафар шахсга етказилган 75 млн сўм зарарни тўлиқ қоплаб берган. Якунда унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиззах вилояти судлари баёнотида бу жиноят иши Одиловнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятига алоқадор эмаслиги айтилади.
Тошкент вилоятида 600 тупга яқин дарахт ноқонуний қўпориб ташланди.
Бўстонлиқ тумани Ғазалкент МФЙда рўй берган воқеада тадбиркор 2 гектар ер майдонида 586 туп дарахтни ноқонуний равишда илдизи билан қўпориб ташлаган.
Экология қўмитаси хабарига кўра, тадбиркор ваколатли органнинг қонуний талабларига бўйсунмай, қаршилик кўрсатишга уринган, охир-оқибат унинг ҳаракатларига эколополиция томонидан чек қўйилган. Қонунбузарлик натижасида табиатга етказилган зарар 1,7 млрд сўмга баҳоланди. Текширув якунида тўпланган ҳужжатлар прокуратурага юборилади.

