Тахаллус ортидаги ҳақиқат: Голливуд афсоналари нега ўз фамилиясини яширган?

**Тахаллус ортидаги ҳақиқат: Голливуд афсоналари нега ўз фамилиясини яширган?**
Бизга таниш бўлган кўплаб Голливуд юлдузларининг исмлари аслида тахаллусдир. Уларнинг ҳар бирининг ортида ўзига хос ҳикоя яширинган: кимдир бошқа ҳамкасблари билан адашиб кетмаслик учун, кимдир эса саҳнада ёрқинроқ кўриниш учун ўзига янги исм танлаган.
**Жулианна Мур**
Актрисанинг ҳақиқий исми — Жули Энн Смит.
“Оскар” мукофоти совриндорининг Голливуддаги илк қадамлари осон кечмаган. У Актёрлар касаба уюшмасидан рўйхатдан ўтмоқчи бўлганида, худди шу исмли актриса аллақачон борлигини билиб қолади. АҚШда Смит фамилияси жуда кенг тарқалган бўлиб, бу ёш актрисанинг танилишига халақит берарди.
Жули Энн исмини ўзгартиришни умуман хоҳламаган, бироқ келажаги учун таваккал қилишга мажбур бўлади. У ўзига фамилия сифатида отасининг фамилияси — Мурни танлайди. Ҳеч кимнинг кўнглини оғритмаслик учун эса ўзининг Жули исмига онасининг фамилиясини қўшиб юборади. Шу тариқа, “Катта Лебовски”, “Ганнибал”, “Аҳмоқона севги” каби ўнлаб филмлар юлдузи Жулианна Мур номи дунёга келади.
**Вайнона Райдер**
Актрисанинг ҳақиқий исми — Вайнона Лора Хоровиц.
Режиссёр Тим Бёртоннинг ”Битлжуис, Битлжуис” филми орқали экранларга қайтган 90-йилларнинг афсонавий актрисаси аслида Хоровицлар оиласидан. Унинг тахаллуси актрисанинг илк филми — “Лукас” учун ўтказилаётган синов жараёнида тўсатдан миясига келиб қолган. Ёш актрисадан титрларда исмини қандай ёзишни сўрашганда, у ўйланмай: “Вайнона Райдер”, деб жавоб беради. Кейинчалик актриса режиссёр билан гаплашиб турганида, хонада орқа фонда хонанда Митч Райдернинг мусиқаси янграётган бўлгани учун ҳам шу фамилияни танлаганини айтган.
Унинг исмида ҳам ўзига хос сир бор. Актрисага Вайнона исми у туғилган Миннесота штатидаги Вайнона шаҳри шарафига қўйилган. Иккинчи исми Лорани эса отасининг яқин дўсти, машҳур ёзувчи Олдос Хакслининг рафиқаси шарафига беришган.
**Жейми Фокс**
Актёрнинг ҳақиқий исми — Эрик Марлон Бишоп.
Машҳур мусиқачи Рей Чарлз ҳақидаги “Рей” филми учун “Оскар” олган бу актёр ўз фаолиятини стендап шоулардан бошлаган. Ўшанда ёш қизиқчи Бишоп бир нарсага эътибор қаратади: қизиқчи аёллар жуда кам бўлгани учун дастур ташкилотчилари уларни доим биринчи бўлиб саҳнага чиқаришарди. Шунда у айёрлик ишлатиб, ҳам эркакка, ҳам аёлга тўғри келаверадиган универсал исм — Жейми Фокс тахаллусини олади.
Янги исм Фоксга нафақат саҳнадан жой кафолатлади, балки тайёр қизиқарли саҳна кўринишини ҳам тақдим этди. Шоу бошловчиси: “Жейми Фокс, у шу ердами?” деб чақирганида, томошабинларнинг қарсаклари остида саҳнага кутилмаганда бақувват ва келишган эркак чиқиб келарди. Айтганча, Фокс фамилиясини у бошқа бир машҳур қизиқчи Ред Фокс ҳурмати учун танлаган.
**Даян Китон**
“Чўқинтирган ота” ва “Манхеттен” филмлари юлдузи Актёрлар гилдиясида аллақачон бошқа бир Даян Холл рўйхатдан ўтгани учун онасининг қизлик фамилияси — Китонни олишга мажбур бўлади.
Бироқ кинода у барибир ўзининг ҳақиқий фамилиясига қайтди. Режиссёр Вуди Аллен у учун махсус “Энни Холл” филмини ёзади ва бош қаҳрамонга актрисанинг ҳақиқий фамилияси — Холлни ҳамда унинг болаликдаги лақаби Эннини беради. Айнан шу рол Даянга 1978-йилда “Оскар” мукофотини тақдим этади.

