Ташиевга қўйилган ҳокимиятни куч билан эгаллаш айблови ўзгартирилди

Ташиевга қўйилган ҳокимиятни куч билан эгаллаш айблови ўзгартирилди
Бишкек шаҳар суди 10-сентябр куни “75 мактуб” иши бўйича судланувчиларга, жумладан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раиси Қамчибек Ташиевга ҳукм чиқарди.
“75 мактуб” иши бўйича барча судланувчилар 4 йилга ҳукм қилинди, бироқ суд уларга 2 йил муддатга пробация назоратини белгилади. Бишкек шаҳар суди “ҳокимиятни куч билан эгаллаш” моддасини олиб ташлаб, унинг ўрнига “сайлов ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилиш” моддасини қўллади. Шу билан бирга, янги модда бўйича мол-мулкни мусодара қилиш назарда тутилмаган.
2-июл куни Бишкекнинг Первомайский туман суди “75 мактуб” иши бўйича ҳукм чиқарган эди. Ўшанда Қамчибек Ташиев “Ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш” моддаси бўйича айбдор деб топилиб, унга 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ 3 йиллик пробация назорати ўрнатилиб, жазони ўташдан озод этилганди.
Феврал ойида 75 киши президент Садир Жапаров ва Жогорку Кенеш раисига муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказишни сўраб мурожаат юборганди. Мурожаат муаллифлари кейинчалик қўлга олиниб, айримларига нисбатан жиноий иш очилган. Мазкур мактуб ортидан Қамчибек Ташиев лавозимидан озод этилганди. Ўшанда президент Садир Жапаров дўсти Ташиевнинг “75 мактуб”га алоқадорлигини тергов ва суд аниқлашини айтганди.

