Сиёсат

Тарихий нутқ. “Тарих қонунлари ўткинчи ҳукмдорлар иродасидан кучлироқ” — Лев Шлосберг

Газета инсоният тарихида муҳим аҳамият касб этган чиқишларни ўзбек тилида бериб борувчи ъТарихий нутқъ рукнини давом эттиради. Навбатдаги сонда 17-август куни Россиянинг Псков шаҳар суди 11 йилга озодликдан маҳрум қилган россиялик сиёсатчи Лев Шлосбергнинг суд мажлисидаги нутқини келтириб ўтамиз.

**Тарихий нутқ: “Тарих қонунлари ўткинчи ҳукмдорлар иродасидан кучлироқ” — Лев Шлосберг**

17-август куни Псков шаҳар суди “Яблоко” партияси раиси ўринбосари Лев Шлосбергни Россия армиясини такроран “обрўсизлантириш” ва у ҳақида “фейк хабарлар” тарқатишда айблаб, 11 йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Сиёсатчи Лев Шлосберг 2023-йил июнидан бери Россияда “иноагент” (“хорижий агент”) мақомида эди. Унга нисбатан жиноий ишлар 2025-йил июн ва декабр ойларида очилган бўлиб, Шлосберг 2025-йил 5-декабридан бери қамоқда сақланаётган эди.

Лев Шлосберг ишини Псков шаҳар суди 14-август куни кўриб чиқди. Медуза хабарига кўра, суд мажлисида музокаралар сиёсатчининг ҳар учала адвокати иштирокисиз ўтди (иккитаси бошқа суд жараёнларида банд эди, бири эса шифохонада ётганди). Суд мажлисни бошқа кунга қолдирмади ва Шлосбергнинг эътирозларига қарамай, унга давлат томонидан адвокат тайинланди. Натижада сиёсатчи жараёнда иштирок этмади.

Сўнгги сўз берилганда, Лев Шлосберг суддан раҳм-шафқат сўрамади. Аксинча, у Конституцияда кафолатланган фундаментал яшаш ҳуқуқи, муносиб ҳаёт кечириш ҳуқуқидан маҳрум қилинаётган инсонлар, урушда ном-нишонсиз кетган ва кетаётган умрлар, тинчлик тарафдори бўлган одамларни таъқиб қиладиган давлат ҳақида гапирди. Судя Шлосбергнинг сўзини қайта-қайта бўлиб, ундан “ишнинг моҳияти бўйича” гапиришни талаб қилди. Бунга жавобан сиёсатчи сўнгги сўзи охиригача урушга қарши позициясида ҳамда ўт очишни тўхтатиб, сиёсий музокараларни бошлаш, инсонларнинг ўлдирилиши ва қон тўкилишига чек қўйиш талабида қатъий турди.

Газета аввалроқ Лев Шлосбергнинг 2017-йил 6-июн куни Псков вилояти депутатлар йиғилишида “ватанпарварлик дарслари” ҳақида ўқиган нутқини эътиборингизга ҳавола қилганди. “Тарихий нутқ”нинг ушбу сонида эса унинг суддаги нутқи таржимасини келтирамиз (нутқ “Новая газета” ва “Медуза” нашрлари эълон қилган материалларга асосланиб, Шлосбергнинг сўзини бўлиб турган судянинг сўзлари ва айрим қисқартиришлар билан таржима қилинди).

**Лев Шлосбергнинг суддаги сўнгги сўзи:**

Айбланувчи ўзининг айбсизлигини исботлашга мажбур эмас. Айблов ҳам, суд ҳам менинг айбсизлигимни яхши билади. Шунга қарамай, ушбу жиноят ишининг бошидан охиригача — қўзғатилган пайтидан бошлаб, дастлабки тергов ва суд тергови давомида — ҳимоячиларим билан бирга айбсизлигимни исботлаш билан банд бўлдик.

Нега айбловчи томон ноҳақ айбловда қатъий турибди, суд эса ҳимоя тарафининг деярли барча илтимосномаларини рад этиб, ишда айбсизлигимга доир янги далиллар пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун бор имкониятини ишга соляпти? Чунки бу — сиёсий жиноят иши. Сиёсий жиноят ишининг моҳияти ва вазифаси нимадан иборат?

Сиёсий жиноят ишида ҳақиқатни қарор топтириш вазифаси мавжуд эмас. Унда фақат инсонни сиёсий, ижтимоий ва фуқаролик позицияси учун жазолаш вазифаси ҳал қилинади — аксарият ҳолларда шунчаки инсоннинг фикри ҳукуматники билан бир жойдан чиқмагани учун. Сиёсий жиноят ишида ҳақиқий жиноий-ҳуқуқий мазмун бўлмайди. Фақат қасддан қилинган ноқонуний мақсадга эришиш учун тергов ва суд имитация қилинади.

Моҳиятан, барча сиёсий жиноят ишлари — ҳокимиятга эга одамларнинг ҳокимиятга эга бўлмаган ва улар билан келишмовчиликда бўлган инсонлардан ўч олишга уринишидир.

**Судя Виктория Малямова Шлосбергнинг сўзини бир неча бор бўлди.**

Ҳеч бир давлатни қайта қуриш, дунёни сиёсий қайта тузиш шунча инсоннинг ўлимига арзимайди. Улар учун ҳаммаси тугади. Уларнинг ҳеч қандай келажаги йўқ. Улар ҳалок бўлди.

Менинг позициям шундан иборатки, ҳозир бир вақтнинг ўзида иккита келишувга эришиш зарур. Биринчиси — ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув. Лекин ҳеч қандай истисноларсиз, барча йўналишларда сиёсий музокаралар бўлмас экан, инсонлар ҳаётини сақлаб қоладиган сулҳ битими амалда ишламайди. Бу чегаралар, ҳудудлар, асирлар алмашинувига тааллуқли…

**Судя:** Давом этаверинг, марҳамат, сизни ҳеч ким чекламаяпти. Фақат камера олдида чиқиш қилишнинг кераги йўқ. Сиз судга мурожаат қиляпсиз.

— Судя жаноблари, мен 2025-йил декабридан бери камерадаман, менга камера олдида чиқиш қилишнинг кераги йўқ.

**Судя:** Мен сизга қаратилган видеокамерани назарда тутяпман. 2026-йил ва тинч йўл билан ҳал қилиш ҳақидаги гапларни қўя турайлик. Бу ҳақда бошқа жойда гапириб берасиз, ҳозир бу мутлақо қизиқ эмас.

— Ижозатингиз билан давом эттираман…

Бугунги кундаги долзарб вазифа фақат битта — одамлар ўлдирилишини тўхтатиш ва сиёсий мулоқотга ўтиш. Бу сиёсий мулоқот қанча давом этиши ва нима билан якунланишини ҳозир айтолмаймиз. Бироқ бу мулоқотнинг ҳар бир куни минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолади. Сиёсатчилар шу ҳақда ўйлашлари керак. Назаримда, тарихчилар ҳам шу ҳақда ўйлашлари лозим. Чунки ўтган уруш қурбонлари энди орамизда йўқ ва уларнинг ҳеч бири қайтиб келмайди. Бугун тирик бўлган одамлар эса, агар ушбу келишув имзоланса, тирик қолишлари мумкин.

Ҳозирги биринчи қадам — ҳеч қандай дастлабки шартларсиз ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни имзолаш. Шундан сўнг кўплаб шартлар билан сиёсий музокаралар бошланади ва бу кейинги босқич бўлиб, у зудлик билан бошланиши керак. Ана шундагина бу ҳалокатли қулашни тўхтатиш имкони пайдо бўлади.

Ҳозир бошқача шахмат, маъзур тутинг, қонли шахмат ўйналяпти. Бунда аввало одамларни ўлдиришни тўхтатиш, ўзаро ҳарбий бўлмаган мулоқот учун шароит яратиш, жамиятлар учун инсоний муносабатларни тиклаш имкониятини вужудга келтириш зарур. Жамиятда инсоний муносабатлар сақланиб қолган, тинчлик шароитида эса улар ҳал қилувчи омилга айланади. Тушуняпсизми, мамлакатлар олдинга силжиши учун ҳал қилувчи омилга. Дунё барқарор туриши учун. Биз сиз билан жамиятда тинчлик кайфиятини сақлаш ҳақида қайғуришимиз керак. Ҳозир бизнинг асосий вазифамиз шу. Тинчликка эришсак — эркинликни қайтарамиз.

Ҳимоя гувоҳларининг қандай сўроқ қилингани менда катта таассурот қолдирди. Лекин улардан бирортаси ҳам эркин гапира олмади, ҳеч бири ўз фикрини тўлиқ баён эта олмади. “Сизнинг фикрингиз судни қизиқтирмайди” деган ибора нафақат Жиноят-процессуал кодексига зид, балки одамларга нисбатан ҳурмацизлик ҳам. Псков шаҳар судида одамларга нисбатан бу қадар ҳурмацизлик қаердан пайдо бўлди? Бу ҳурмацизлик Россия жамияти учун нимани англатиши керак?

Бундай ҳурмацизлик, жумладан, уруш ва унинг фожиаси бевосита жабр етказган одамларга нисбатан ҳам намоён этилганига эътибор қаратмасликнинг иложи йўқ. Ота-онаси ва синглиси Украина Қуролли кучлари томонидан босиб олинган Суджада қолиб кетган ҳамда биз биргаликда уларни қутқариш ишлари билан шуғулланган Сергей Дмитриевич Телевинов — Сергий отага нисбатан. “Коммерсант” газетасининг йиллар давомида жанговар ҳаракатлар ҳудудида бўлган, ҳамкасблари урушда ҳалок бўлган журналисти, ҳарбий мухбир Александр Евгеневич Чернихга нисбатан. Улар орасида мен тақдири ҳақида ёзган мухбир Никита СиЦаги ҳам бор. Шунингдек, бир неча флотда хизмат қилган захирадаги биринчи даражали капитан Евгений Геннадевич Василев ҳам ўз фикрини тўлиқ билдира олмади.

Ўз вақтида, ўз ўрнида жонини хатарга қўйган бу инсонларнинг барчасига суд томонидан ҳурмацизлик қилинди. Бу Россия Федерацияси Қуролли кучларини обрўсизлантириш эмасми?

Мен суд жараёни иштирокчиларига, истисносиз барчага бирдек ҳурмат кўрсатиш — тортишувга асосланган суд муҳокамасининг негизи, деб ҳисоблайман. Бундай ҳурмат бўлмас экан, ҳеч қандай тўлақонли суд жараёни бўлиши мумкин эмас. Биз сиёсий ҳокимиятга эга бўлган ҳамда менга нисбатан шахсий, сиёсий, мафкуравий ва, афсуски, эҳтимол, миллий адоват сабабли ҳаракат қилаётган шахсларнинг буюртмаси билан менга қарши очилган сиёсий жиноят иши ичидамиз. Уларнинг мақсади — Россия фуқаролари ва мамлакатимиз манфаатлари йўлидаги сиёсий фаолиятимга чек қўйиш.

Бугун бу ишни миллионлаб одам кузатяпти. Суднинг бу иш бўйича чиқарадиган ҳукмига қараб, одамлар яқин келажакда нафақат Россия суд ҳокимияти, балки бутун Россиянинг бир мамлакат сифатида қайси йўналишда ҳаракатланиши ҳақида хулоса чиқаради. Бу Псков шаҳар судининг, Псков вилоят судининг ва Псков вилоятининг бир ҳудуд сифатидаги ички иши эмас. Бу умумроссия миқёсидаги сиёсий жиноят иши. Бу жиноят ишининг оқибатлари унинг ўзи билан чекланиб қолмайди. Бу ишда, Россия жамиятининг аксарияти кўз ўнгида менинг ҳимоячиларим ва мен давлат айбловчиси устидан яққол устунлик билан ғалаба қозониб бўлдик.

Россия жамияти ўз ҳукмини аллақачон чиқарган. Мен — ноқонуний тартибда жиноий ишлар қўзғатилган, суд ҳукми чиққунга қадар қонунга хилоф тарзда озодликдан маҳрум этилган ва суд ҳукми билан ноқонуний равишда озодликдан маҳрум этилмоқчи бўлган айбсизман.

Фақат битта савол қолди. Суд ҳукми жамият ҳукмига мос келадими? Бу фақат менинг тақдирим ва оиламиз ҳаёти масаласи эмас. Бу — суд ҳокимиятининг обрў-эътибори масаласи, Россия Федерацияси Конституциясининг амал қилиши ёки бекор қилиниши масаласи, бугун Россияда инсон ҳаёти қандай қадр-қимматга эга экани масаласи.

Барча ҳамма нарсани тушуниб турибди, жумладан, давлат айблови ҳам, ишончим комилки, суд ҳам тушуниб турибди. Лекин тушунишнинг ортидан ҳаракат бўлиши керак.

Мен айбсизман, суддан оқлов ҳукмини талаб қиламан!

Муҳтарам суд, Россияда яна ғолиблар замони келди. Россия Конституциясининг биринчи моддаси биринчи қисмига мувофиқ, Россия демократик федератив ҳуқуқий давлатдир. Ҳозир бу тамойилдаги ҳар бир сўз ҳимояга муҳтож. Демократик Федератив Республикада, Конституциянинг иккинчи моддасига кўра, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланади. Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини тан олиш, уларга риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш — давлатнинг бурчидир. Ушбу қоидалар Россия конституциявий тузумининг асосини ташкил этган.

1993-йил декабрида Конституция қабул қилинганидан бери салкам 33 йил вақт ўтди. Мамлакатимиз қандай қилиб бу аҳволга тушиб қолди? Шу ўтган 33 йилнинг ҳар бирида давлат инсон ҳуқуқ ва эркинликларини бекор қиладиган ва камситадиган ҳаракатларни содир этди. Ноёб тарихий имкониятлар дарчасига эга бўла туриб, Россия давлати болшевизмнинг туғма доғларидан халос бўла олмади.

**Судя:** Судланувчи Шлосберг, энди болшевикларни эслаяпсиз!

— Болшевизм давом этяпти, судя жаноблари.

**Судя:** Йўқ, болшевиклар ҳақида [гапириш] керак эмас! Сиз баён қилаётган ҳолатларнинг кўриб чиқилаётган жиноят ишига алоқаси йўқ.

— Судя жаноблари, мен ўз ҳуқуқ ва эркинликларим ҳақида гапиряпман.

**Судя:** Ҳуқуқ ва эркинликлар ҳақида — бошқа жойда [гапирасиз]. Ҳозир, марҳамат қилиб, сўнгги сўзингизни айтинг.

— Ўттиз йил ичида Россиядаги давлат ва жамият озодликка бўлган умидлардан инсон ҳамда фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларининг деярли бутунлай йўқ қилинишигача бўлган йўлни босиб ўтди. Россия давлати яна айбловчи, фуқаро эса яна гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчига айланиб қолди.

**Судя:** Яна давом этяпсизми? Кейинги вараққа ўтиб, бошқа бирор нарса ҳақида ўқинг.

— Мамлакатимиз яна ХХ асрнинг кескин йўналишига қайтди. Бу йўлдаги фожиали юриш миллионлаб инсонларнинг азобли ўлимига, ўн миллионлаб одамларнинг тақдири издан чиқишига, саноқсиз ва битмас руҳий жароҳатларга сабаб бўлганди. ХХИ асрда мамлакатни боши ортга ўгирилган ҳолда олға етаклашга уринишяпти. Бироқ давлат қайси томонга қараб юрса, мамлакатни ҳам ўша томонга бошлайди. Келажак сари эмас, ўтмишга. Тарихда адашиб қолган бу йўловчи қанчалик узоққа боришини ҳеч ким билмайди.

2022-йил 24-февралда мамлакатимизга Иккинчи жаҳон урушидан кейин илк бор уруш даври қайтди. Бу уруш даври истисносиз барча Россия фуқароларининг ҳаётини ўзгартирди. Бу вақт мобайнида минглаб одамларнинг умрига муддатидан аввал зомин бўлинди. Эртами-кечми, ҳалок бўлганларнинг номлари билан бирга аниқ ва тўлиқ сони эълон қилинади ва бутун мамлакат бу мотамнома рўйхатидан даҳшатга тушади.

**Судя:** Судланувчи, келинг, бу ерда башоратчилик қилмайлик. Ишнинг моҳиятига ўтайлик.

Бу маълумотлар оммага ошкор этилгач, кимдир нима содир бўлганини, бу фожианинг кўлами нақадар кенглигини ва унинг абадий ўчмас инсоний изи қандай бўлишини илк бор тушуниб етади. Ҳарбий амалиёт бошланганининг тўққизинчи куни, 4-мартда, мисли кўрилмаган тезликда, биргина иш куни ичида, Россия Федерацияси Қуролли кучларидан фойдаланиш тўғрисида била туриб ёлғон маълумотларни оммавий тарқатиш ва Қуролли кучлардан фойдаланишни обрўсизлантиришга қаратилган оммавий ҳаракатлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш тўғрисидаги қонунлар қабул қилинди, эълон қилинди ва кучга кирди.

Расман бу нормалар Россия армияси ҳарбий хизматчиларини ва жанговар ҳаракатларда иштирок этаётган бошқа тузилмалар ходимларини камситувчи баҳолар ва хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиши керак эди. Аслида эса, бу янги нормалардан дарҳол ғирром сиёсий кураш олиб бориш ҳамда инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини бевосита чеклаш мақсадида фойдаланила бошланди. Бу қонунлар айнан шу мақсадда қабул қилинганига ишора қилувчи аломатлар кўп.

Мана, неча йиллардан бери — бу 2022-йил 24-февралда бошланмаган — давлат ташвиқот қуроллари гўёки ҳарбий хизматчининг асосий ҳуқуқи бу ўлим ҳуқуқи, ўлдирилиш ҳуқуқидир, деган ўта хавфли афсонани тарқатиб келмоқда, гўёки бу одамларнинг ҳеч бири яшашга ҳақли эмасдек.

Бугун мамлакатимизда ҳарбий хизматчининг яшаш ҳуқуқини ким ҳимоя қилади? Ота-онанинг ўз ўғлини тирик кўриш ҳуқуқини ким ҳимоя қилади? Аёлнинг турмуш ўртоғи билан бутун бир оила бўлиб яшаш ҳуқуқини ким ҳимоя қилади? Севикли аёлнинг суюкли ёри билан бирга бўлиш ҳуқуқини ким ҳимоя қилади? Ҳарбий хизматчининг ота бўлиш, фарзандларининг гўдаклигини ҳам, улғайганини ҳам кўриш ҳуқуқини ким ҳимоя қилади? Фарзандларнинг отаси бағрида улғайиш ҳуқуқини ким ҳимоя қилади? Ҳарбий хизматчи ва унинг оиласининг оддий инсоний бахтга эришиш ҳуқуқини ким ҳимоя қилади?

Бугун Россия Федерацияси қонунчилиги шундай қўлланмоқдаки, одамлар ҳаётини асраб қолишни, ҳамдардлик ва сиёсий масъулиятни талаб қилаётган шахс қуролли кучларни обрўсизлантиришда айбланмоқда. Қон тўкилишининг давом этишини талаб қилаётганлар эса айблов ва суд томонидан гўёки манфаатдор бўлмаган гувоҳлар сифатида фойдаланилмоқда. Ёвузлик мамлакат ҳаётидан эзгуликни ана шундай сиқиб чиқаришга уриняпти.

2022-йилнинг 4-март куни ҳарбий сензура тўғрисидаги қонун учун овоз берган Россия Давлат Думаси депутатларидан биронтаси ҳам фронтга бормади, жанговар сафлардан ўрин олмади, ўз ҳаётини хавф остига қўймади, ўз овози учун ўз амали билан жавоб бермади. Ҳаммаси қўрқоқлик қилди. Уларнинг бари Охотний Ряддан (Россия Давлат Думаси биноси шу кўчада жойлашган, таҳр.) жилмай, ўзларини давлат манфаатлари ҳимоячиси қилиб кўрсатди.

**Судя:** Судланувчи, келинг, бу ерда ҳеч кимни айбламанг.

— Лекин давлат манфаатлари билан ниқобланган қўрқоқлик пасткашликка айланади.

**Судя:** Сўнгги сўз сизга бунинг учун берилмаган.

— Мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг яшаш ҳуқуқини ким ҳимоя қилади? Бу шундай бир фундаментал ҳуқуқки, унинг кафолатисиз инсон ва фуқаронинг бошқа барча ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳам, амалга ошириш ҳам мумкин эмас. Кўп карра кўз ёшлар ва қон билан суғорилган Россия Конституцияси инсоннинг яшаш ҳуқуқи дахлсиз эканини ва унга нисбатан ҳеч қандай чекловлар қўлланилмаслигини тасдиқлайди. Конституцияга мувофиқ, бу ҳуқуқ қонунларнинг маъно-мазмунини, давлат ҳокимиятининг барча органлари фаолиятини белгилаб бериши ва одил судлов орқали таъминланиши лозим.

Конституция Россиянинг ҳар бир фуқаросига жисмоний мавжудот сифатида яшаш ҳуқуқини кафолатлаш билан чекланмайди. Россия Конституцияси инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши ва эркин камол топиши учун шароит яратишга қаратилган давлат сиёсати юритилишини кафолатлайди. Ҳар бир инсон учун.

Муносиб ҳаёт — бу ўзинг, ота-онанг, фарзандларинг ва невараларинг ҳаёти учун қўрқмасдан яшаш демакдир. Муносиб ҳаёт — бу инсоннинг ўз келажагини ҳамда ўз оиласи ва бутун жамиятнинг кейинги авлодлари тақдирини англаб етишидир. Инсон учун муносиб ҳаёт — бу урушсиз, ҳар лаҳзада кутилмаган ўлим хавфидан холи ҳаёт. Муносиб ҳаёт — бу мамлакатдаги фуқаровий мулоқот ва фуқаровий тинчликдир. Муносиб ҳаётга фақат тинчлик шароитидагина эришиш мумкин. Тинчлик ҳар бир инсон ҳаётининг шартидир. Инсоннинг эркин камол топиши…

**Судя:** Судланувчи, ишнинг моҳияти бўйича гапиринг, илтимос.

— Мен фақат иш бўйича гапиряпман. Мен ўзим ҳақимда гапиряпман, судя жаноблари. Бу ерда мени суд қилишяпти.

**Судя:** Сиз бошқалар ҳақида гапиряпсиз.

— Мен ҳамма ҳақида гапиряпман. Ўзим ҳақимда ҳам.

**Судя:** Ҳамма ҳақида гапиришнинг кераги йўқ.

— Инсоннинг эркин камол топиши — бу озодликдан маҳрум бўлишдан қўрқмай, бемалол ёзиш ва сўзлаш имкониятидир. Инсоннинг эркин камол топиши — давлатни ҳамда давлат ҳокимиятининг исталган бўғинини: қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятини эркин ва хавфсиз танқид қилиш ҳуқуқидир. Оддий амалдордан тортиб давлат раҳбаригача — ҳар қандай мансабдор шахсни.

Инсоннинг эркин камол топиши давлатдан инсонга ва ҳар бир шахснинг қадр-қимматига ҳурмат кўрсатишни талаб қилади. Агар давлат ўз сиёсатининг марказига инсонни қўймас экан, унинг эркин камол топиши имконсиз. Давлат инсонни ўз сиёсатининг олий қадрияти ва мазмунига айлантириши лозим.

Уруш даврида инсоннинг яшаш ҳуқуқини, тинч ва озод юртда муносиб ҳаёт кечириш ҳуқуқини ҳимоя қилиш барча масъулиятли сиёсатчиларнинг бурчига айланади. Барча виждонли фуқароларнинг, мамлакатимизда тинч ва эркин келажак зарурлигини англаган ҳар бир кишининг бурчига айланади.

Ҳар бир инсон келажакка ҳақли. Яшаш ҳуқуқи тикланмас экан, сиёсат ўз маъносини йўқотади.

**Судя Малямова Шлосбергдан яна “кўриб чиқилаётган масалага” қайтишни талаб қилди.**

— Мамлакатимизнинг сўнгги бир ярим асрлик тарихи — бу кетма-кет урушлар тарихидир. 1853−1856-йиллардаги Қрим уруши. 1877−1878-йиллардаги Рус-турк уруши. 1904−1905-йиллардаги Рус-япон уруши. 1914−1918-йиллардаги Биринчи жаҳон уруши. 1917−1922-йиллардаги Фуқаролар уруши. 1939−1940-йиллардаги Совет-фин уруши. 1941−1945-йиллардаги Улуғ Ватан уруши. 1979−1989-йиллардаги Афғонистондаги уруш. Биринчи (1994−1996) ва иккинчи (1999−2009) Чеченистон урушлари. 2014-йилдан бери маҳаллий, 2022-йилдан бери эса Украинада кенг кўламли ҳарбий операция. Бу ҳали подшо, совет ва Россия армияси ҳарбий хизматчилари гоҳ ошкора, гоҳ яширин тарзда иштирок этган маҳаллий ҳарбий можароларни тилга олмаганда.

Ҳозирга қадар ҳалок бўлганларнинг тўлиқ рўйхати тузилмаган ва кўплаб номларни, катта эҳтимол билан, энди тиклаб бўлмаса керак. Миллионлаб одамларнинг қаерда ҳалок бўлгани ва қаерга дафн этилгани ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Миллионлаб қабрларни энди топиб бўлмайди, ҳеч қачон топилмайди. Шу маънода, ўтмишдаги урушлар давом этмоқда, чунки унда ҳалок бўлган сўнгги аскар дафн этилмагунча уруш тугаган ҳисобланмайди. Урушда ҳалок бўлганлар…

**Судя:** Сиз баён қилган ҳолатларнинг кўриб чиқилаётган жиноят ишига алоқаси йўқ.

— Судя жаноблари, мен урушда ҳалок бўлганлар ҳақида гапиряпман.

**Судя:** Бу ҳақда гапиришингиз мумкин, лекин бу ерда, суд мажлислари залида эмас. Урушда ҳалок бўлганларнинг кўриб чиқилаётган ишга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

— Судя жаноблари, мен бу матнни бор меҳримни бериб ёздим. Ва унга, менинг наздимда, кўриб чиқилаётган жиноят иши моҳиятига мос келадиган нарсаларнигина киритдим. Сўнгги сўзимни қандай тузган бўлсам, шундай якунлашимга имкон беришингизни сўрайман. Сиз эса кейинроқ ўз қарорингизни қабул қиласиз.

Урушларда қурбон бўлганлар — бу ўз ҳаётини яшаш ва кейинги авлодларга ҳаёт бериш имкони берилмаган инсонлар билан тўла улкан бир мамлакат. Ва бошданоқ дунё юзини кўрмаган инсонлар ҳаётидир. Россиянинг инсоният тарихидаги ҳеч қандай ўлчовсиз, чуқур, ўрни тўлмас бўшлиқлардир. Бу дунёга келмаган инсонлар учун кимнинг юраги ачишади?

Авлоддан-авлодга такрорланиб келаётган тинимсиз қон тўкиш, қурбонлик қилиш анъаналарини давом эттириш кимга ва нима учун керак?

Бугунги кунда мамлакатимизда қабристонлар, жумладан, ҳарбий қабристонлар ҳам туғруқхоналар, болалар боғчалари ва мактабларга қараганда анча тез кенгаймоқда. Бугун Россия мамлакатда ҳаётни сақлаб қолиш шарти сифатида тинчликка муҳтож.

Эҳтимол, кимдир халқни умуман инсоний ва қисман ҳарбий кучнинг туганмас манбаи деб ҳисоблаётгандир. Манба, албатта, ҳаётбахш, лекин ҳар қандай манба сингари халқ ҳам ғамхўрлик ва парваришга муҳтож. Манбаларнинг кўзини беркитиб, ифлослантириб, заҳарлаб бўлмайди.

**Судя Малямова яна унинг гапини бўлди.**

Манбалардан ноўрин фойдаланиш мумкин эмас. Манбалардаги сувнинг табиий оқим йўналишини ўзбошимчалик билан ўзгартириб бўлмайди. Халқ ҳаракатининг табиий йўналиши — ҳаётдир. Табиат шундай яратилган. Худо шундай ирода қилган. Инсоннинг барча табиий инстинктлари ҳаётга қаратилган. Кенг маънода давлатдан талаб қилинадиган ягона нарса — халқнинг яшаши учун шароит яратишдир.

Табиий ҳаёт тарзида ўлим ҳам табиийлашади, зеро табиий ўлим — табиий ҳаётнинг сўнгги. Инсоннинг яшаш ҳуқуқини кафолатламайдиган ва таъминламайдиган давлат ўзининг бош мақсадини — инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини тан олиш, уларга риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш вазифасини бажармаётган бўлади. Инсоннинг яшаш ҳуқуқини кафолатламайдиган ва таъминламайдиган давлат инсонни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида инкор этади.

**Судя:** Судланувчи, ўлим жазоси ҳақида гапирмоқчимисиз?

— Бу нутқда гап ҳар доим ҳам қатл деб аталмайдиган ўлим ҳақида кетяпти.

**Судя:** Судланувчи! Сўнгги сўзингизни котиб қандай ёзишини тасаввур қиляпсизми ўзи?

— Судя жаноблари, котибга матннинг тўлиқ нусхасини тақдим этишга ваъда бераман.

**Судя:** Бу сўнгги сўз эмас, қанақадир монография-ку.

— Сўнгги сўзлар ҳар хил бўлади, судя жаноблари. Давлат…

**Судя:** Давлат ҳақида гапирманг.

— Лекин мени давлат суд қиляпти, судя жаноблари. Менга қарши жиноят ишини ҳам давлат қўзғатган. Шунинг учун ҳам мен давлат ҳақида гапиряпман, чунки у бу ишда шундай из қолдирдики, келажак авлод давлат арбоблари олдида улкан ишлар турибди.

**Судя:** Сизнинг жиноят ишингиз ҳали кўриб чиқилмади.

— Шунинг учун ҳам мен сизнинг қаршингизда сўнгги сўзим билан турибман, судя жаноблари.

**Судя:** Сиз тушунчаларнинг ўрнини бутунлай алмаштириб юборяпсиз.

— Инсоннинг яшаш ҳуқуқини кафолатламайдиган ва таъминламайдиган давлат инсонни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида инкор этади. Инсоннинг яшаш ҳуқуқини кафолатламайдиган ва таъминламайдиган давлат инсоннинг яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилаётган одамларга қарши суд жараёнларида айбловчига айланади. Аёллар уларни қандай келажак — тинчлик ёки уруш — кутаётганини тушунолмай, фарзанд кўришдан қўрқадиган мамлакатда ўлимнинг ҳимоячиси ва йўлбощисига айланади.

**Прокурор Анна Горячева норози оҳангда бош чайқаб, кўзларини юқорига қаратади.**

Мамлакатимизнинг янги ва энг янги тарихи, саноқли ўн йилликларни истисно қилганда, урушдан-урушга ўтиш тарихидир: ўтган уруш снарядларидан ҳали тозалаб улгурилмаган замин узра янги ёнғинлар ўрмалайди. Замин бир урушнинг ярасига малҳам қўйиб улгурмасидан, бошқаси бошланади.

Бир урушда ҳалок бўлганларнинг мўъжиза сабаб дунёга келган фарзандлари, набира ва эваралари кейинги урушларда қурбон бўлади. Ҳаёт айланаси узилиб, ўлим гирдобларига айланади. Ҳаёт айланаларини сақлаб қолишга уринганларга қарши эса ўлимни оқловчи баҳоналар билан “тикилган” жиноий ишлар қўзғатилади. Бу қип-қизил иплар, моҳиятан, ХХ аср жиноят ишларининг қон ва кўз ёши билан суғорилган муқоваларининг бевосита давомидир.

Йигирманчи асрда мамлакатимизда қатағонлар авж олишининг энг муҳим омилларидан бири кучишлатар тузилмаларнинг амалдаги сиёсий ҳокимият билан бирлашиб кетиши бўлди. Кучишлатар тузилмаларнинг сиёсий ҳокимият институтлари билан бирлашиши ва бевосита боғланиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларни нафақат қатағоннинг ҳаракатлантирувчи механизмига, балки сиёсий, мафкуравий, синфий, ижтимоий, диний, миллий адоват ва нафрат аломатлари бўйича бутун бир табақалар қатағонга учраган пайтда қатағон қилинувчиларнинг аниқ исмлари ва бутун бошли рўйхатларини ҳам белгилаб берадиган кучга айлантирди.

Қатағонларни ташкил этувчи ва амалга оширувчи тузилмалар жиноят ҳуқуқи нормаларини, бу нормаларнинг (одатда, ҳаддан ташқари кенг) талқинини ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўзларига мослаб шакллантирди. Бу амалиёт бутун мамлакат бўйлаб ёйилиб, муайян терговчилар, прокурорлар ва судяларнинг янги “ихтиро”лари билан бойиб борди. Сиёсий қатағон машинаси шундай тузилган эдики, ҳатто оддий бир терговчи ҳам инсон тақдири юзасидан сиёсий қарор қабул қила оларди. Қатағон вертикали унинг ҳар қандай даражасида мутлақ ўзбошимчаликка йўл қўйиш имконияти мавжудлигига асосланган эди. Суд эса айблов ҳукмларини муҳрлаб берувчи воситага айланиб қолганди.

Қатағон машинаси ҳар қандай сабаб билан, жумладан, атайин қилинган ёлғон чақув туфайли ҳам репрессия гирдобига тушиб қолган ҳар қандай одамнинг айбдорлиги презумпсиясига таянган ҳолда ишларди. “Органлар адашмайди” деган ибора айнан ўша пайтда пайдо бўлган эди. 1953-йилда Сталин вафот этгач, қатағон машинаси тўхтатилганда, СССР сиёсий раҳбариятининг илк қарори кучишлатар идораларни сиёсий ҳокимиятдан маҳрум қилиш бўлди. Бу ўзбошимчаликни бутунлай тўхтатмаган бўлса-да, уни сезиларли даражада чеклади. Айнан сиёсий қарорлар туфайли реабилитация жараёни бошланди: аввал айблов ҳукмларини, жумладан, ўлим жазосини тайинлаган ўша судлар ва судяларнинг ўзи энди жиноят таркиби йўқлиги сабабли оқлов ҳукмларини чиқара бошлади. Фақат энди одамларга ҳаётини, соғлиғини ва вақтини қайтариб бўлмасди.

2021-йилдан сўнг мамлакатимиздаги кучишлатар тузилмаларга амалда сиёсий ҳокимият ваколатлари берилди ва бу ҳуқуқсизлик, қонунсизлик ҳамда ўзбошимчаликнинг кескин кучайишига олиб келди. Кучишлатар тузилмаларга сиёсий ҳокимият, яъни сиёсий қарорлар қабул қилиш ҳуқуқининг берилиши Россия судларини мустақилликдан маҳрум қилди. Судларнинг мустақилликдан маҳрум этилиши эса суд ҳокимиятининг олий ҳокимият сифатидаги мавқеига путур етказади.

ХХИ асрда мамлакатимизда яратилган репрессив қонунчилик Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд тизими фаолиятининг моҳияти, мақсад ва вазифаларини бузиб кўрсатди. Инсон ва фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини бевосита камситадиган ва бекор қиладиган қонунлар, ўзининг асл мазмун-моҳиятига кўра, давлат томонидан фуқароларни ҳуқуқдан ташқари таъқиб қилиш қуролига айланди. Ҳуқуқ ва қонун бир-биридан бутун посцовет даврида ҳеч қачон кузатилмаган даражада узоқлашиб кетди. Ҳуқуққа зид қонун давлатни занг металлни емирганидан ҳам тезроқ емиради.

Тинчликпарвар, зўравонликка қарши ва инсонпарвар эътиқодлари учун одамларни таъқиб қилиш минглаб жиноят ишларининг предметига айланди. Ўзгача фикрлашни бостириш ва жамиятда қўрқувни қайта уйғотиш минглаб жиноят ишларининг вазифаси бўлиб қолди.

Бир кишини қамашади-ю, миллионлаб одамларнинг юрагига қўрқув ўрмалайди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳаракатларидан жамиятда қўрқувнинг ёйилиши одамларнинг ушбу тузилмаларга бўлган муносабатини ўзгартириб юборди. Одамлар куч ишлатар тузилмалар ходимларидан қўрқадиган, уларни ўз манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоячиси эмас, балки эҳтимолий хавф манбаи сифатида кўрадиган бўлишди.

Куч ишлатар тузилмаларининг виждонли ходимлари бундай ўзгаришларни қай даражада оғир қабул қилишини яхши биламан.

Мамлакатда реал ижтимоий хавфли қилмиш ҳисобланган жиноят тушунчасининг ўзиёқ бузиб кўрсатилди. Янги қонунларга кўра, ўзининг тинч эътиқодини эркин ифодалаш, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиб чиқиш, зўравонликка қарши норозилик билдириш, ёлғонга рози бўлмаслик, одамларга ҳамдардлик, ачиниш, марҳамат кўрсатиш жиноятга айланиб қолди. Эзгулик таъқиб остида, иллатлар эса рағбатлантирилиб, улуғланмоқда.

Чақимчилик ва очиқдан-очиқ ёлғон гувоҳлик бериш энг асосий далилга айланди. Минглаб жиноий ишлар эса одамларни таъқиб қилиш, уларга туҳмат қилиш, касбини тақиқлаб, ижтимоий ва сиёсий ҳаётдан сиқиб чиқариш қуролига айлантирилди. Давлатнинг ўзи ўйлаб топган “жодугарлар” ови шахсий хусуматга, яқинлари ва қариндошларига садизм даражасида азоб бериш истагига айланиб кетди. Моҳиятан, бу — инсон шахсиятини йўқ қилиш қуролидир.

Таълими ва касбий тайёргарлиги учун давлат юз миллионлаб рубл сарфлаган минглаб кучишлатар тузилмалар ходимлари иш вақтида ижтимоий тармоқларда ўтириб, фикрлар-у сўзлар, постлар, репостлар, расмлар, видеолар, лайк ва изоҳларни “овламоқда”. Муваффақиятли “ов” учун унвон, лавозим, ташаккурнома, мукофот ва мансабда кўтарилиш ваъда қилинган. Обрўга путур етиш хавфи кўпинча ҳаёт учун хавфдан ҳам даҳшатлироқ. Лекин ходимлар “одам ови” қизғин паллада бу ҳақда ўйламасликка уринишади.

Жабрланувчиси ҳам, ҳуқуқий оқибати ҳам бўлмаган бутун бир жиноятлар тўдаси пайдо бўлди. Давлат ўзини, яъни амалдаги ҳокимиятни жабрланувчи деб ҳисоблайди-ю, уялганидан бу ҳақда оғиз очмайди.

Ҳокимиятнинг нотўғри талқин қилинган обрўси ана шу янги қонунларнинг ҳимоя обьектига айланди. Ҳокимият гўё ўзини ўзи ағдараётгандек. У инсонни эмас, ўзини давлатнинг олий қадрияти деб тан олмоқда. Бу жуда шармандали ҳол. Бироқ буни фақат азоб-уқубат ва зўравонлик нима эканини биладиган инсонгина ҳис қила олади.

Янги қатағон қонунлари жанговар ҳаракатлар иштирокчиларидан қайси бирининг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берди? Кимнинг яқинларини асраб қолди? Кимга шараф ва қадр-қимматини сақлаб қолишга имкон берди? Янги қатағон қонунлари Россия суд тизимига энг вайронкор зарба берди.

Судлар бор — одил судлов йўқ. Суд ҳокимиятининг емирилиши давлатнинг ўзини йўқ қилиш билан баробардир. Одил судловнинг йўқлиги — давлатнинг инсон ва фуқаро ҳуқуқ ҳамда эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишдан воз кечганидан далолат. Мен умид қилардимки, ҳозирги айбловчиларнинг фарзандлари ақлли, ҳалол, меҳрибон, адолатли ва олижаноб бўлиб етишсин. Эртами-кечми улар ота-оналаридан ҳозирги даврда мамлакатимизда нималар ва нима сабабдан содир бўлганини, ким қаерда ким бўлиб ишлаганини, нималар қилганини, нималарга эришганини, жамият ҳаётига қандай ҳисса қўшганини сўрашади. Ҳар бир инсон учун ўз ҳаётини оқлай олиши (“оправдание”) муҳим: оқланиш “ҳақиқат” (“правда”) сўзидан олинган. Зеро, фақат ҳақиқатгина ҳаётга мазмун бағишлайди. Борди-ю, ҳаётда ҳақиқат бўлмаса, инсон олий маҳкама олдида нима дейди?

Янги қатағон қонунчилиги мамлакатимизда сиёсий, мафкуравий ва миллий адоват ҳамда нафратни кучайтириб, Россия жамиятини парчалаб, фуқаровий тинчлик куртакларини йўқ қилмоқда. Айбловчилар замони давлат ва унинг сиёсати тарафдорларини нафақат ҳамиша ҳақ қилиб, балки давлат сиёсатини, жумладан, уруш ва тинчлик масалаларида ҳам, ёқламайдиганларни куч билан бостириш ҳуқуқига эга қилиб кўрсатмоқда. Давлатга тинч йўл билан норозилик билдириш қонунчиликда ҳам, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳам жиноийлаштирилди. Фуқаровий мулоқот ва баҳс-мунозаралар ўрнини Жиноят кодекси, тергов идоралари ва судлар эгаллади. Давлат сиёсати ҳақлигининг исботи норозилигини очиқчасига билдирганлар учун озодликдан маҳрум этиш йиллари билан, норозилиги ҳақида сукут сақлаганлар учун эса бўғувчи қўрқув тўлқинлари билан ўлчанмоқда.

Янги қатағон қонунлари Россия жамиятини яна синфий жамиятга айлантириб, уни бир аср ортга қайтармоқда. Синфий жамият ҳамиша ҳукмрон синф диктатурасига, давлат ҳокимиятини якка ўзи эгаллаб олган ва бу ҳокимиятни ўз манфаатлари йўлида суистеъмол қиладиган одамлар табақасига таянади.

Буйруқ берувчи ўзидан бошқа ҳеч кимни эшитмайди. Агар бундай давлатнинг диққат марказига унинг сиёсатига қўшилмайдиган одам тушиб қолса, давлат бу одамни мулоқотдаги ҳамкор сифатида эмас, балки душман сифатида қабул қилади ва унга махсус ишлаб чиқилган қонунчилик нишони остидан қарайди.

Мамлакатдаги фуқаролик мулоқоти учун шароитларни фақатгина давлат йўқ қилиши мумкин. Фуқаролик мулоқоти — жамиятнинг табиий ҳолати. Бироқ инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилса, фуқаролик мулоқоти имконсиз бўлиб қолади. Давлат қўрқув муҳитини яратган жойда одамлар гапирмайди. Фуқаролик мулоқотисиз эса мамлакатда фуқаролик тинчлигига эришиб бўлмайди.

Давлат томонидан нафрат ва адоват кучайишига шароит яратилиши жамият учун энг хавфли жараённи — одамларнинг инсоний қиёфасини йўқотиш жараёнини бошлаб беради. Нафрат ва адоват инсонийликдан жудо қилади.

Инсоний қиёфасини йўқотиш одамларда шафқацизлик ва муросасизликни уйғотади. Ўз ҳақиқатини шунчаки куч билан эмас, балки давлатнинг репрессив механизмлари ёрдамида исботлашга тайёрлик пайдо бўлади. Гапириш ва баҳслашиш зарурати ўрнини инсонни ўз фикри ва сўзлари учун жазолаш имконияти эгаллайди.

Инсоний қиёфасини йўқотганларнинг тили нафрат тилига айланади. Бундай тил фуқаролик мулоқотини имконсиз қилади. Нафрат тили билан ҳамдардлик ва марҳаматга эришиб бўлмайди. Давлат жамиятнинг маънавий ҳолати учун тўла-тўкис жавобгардир. Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари сиқиб чиқарилган давлат сиёсати омборларида ёвузлик уруғи энг тез униб чиқади.

Синфий жамият қай аҳволга тушиб қолиши мумкинлигини мамлакатимиз ХХ асрдаги сиёсий жараёнлар ва уларга ҳамроҳ бўлган буюртма митинглар мисолида кўриб бўлган. Одамлар бошқа одамлардан очиқчасига нафратланган ва буни ўз фуқаролик бурчини бажариш деб билган. Давлат инсоннинг сиёсий ва ахлоқий тубанлашувини рағбатлантирган. У айнан ана шундай нафратдан айниган кимсаларни ўзига таянч деб билган. Айнан шундай одамларни манипуляция қилишни ва бошқаришни истаган.

Миллионлаб шахсий ва оилавий фожиалар нафрат ва адоват муҳитида содир бўлди. Миллионлаб тақдирлар бир умрга издан чиқди. Давлат ўзининг бор ресурсларини нафрат ва адоват қўрғонларини қуришга сарфлади. Лекин, охир-оқибат, бундан ҳеч нарса чиқмади. Инсоннинг табиий фитрати ёлғон ва зўравонликка асосланган давлатнинг ўзига ёт бўлган кўрсатмаларини рад этди. Одамлар психологик даражада ҳокимиятни қўллаб-қувватламай қўйдилар. Шундан сўнг мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий тузум ўзгарди.

Биз ҳозир қаердамиз? Ортга қайтиб бўлмас нуқтадан ўтиб бўлдикми? Ёки Россия жамияти ҳам инсонийликни сақлаб қолиш, ҳам ўз вазифасидан юз ўгирган давлат сиёсатига таъсир ўтказиш учун ўзида куч топа оладими?

Қатағон тарафдорлари ва ташкилотчилари репрессив сиёсат абадий — ёки, ҳарҳолда, ўзларининг умри давомида — ҳукм суради, деб ҳисоблайди. Ўз ҳаётидан кейин нима бўлиши эса, одатда, уларни ташвишга солмайди. Ҳуқуқсизлик, шафқацизлик ва нафрат уруғини сочувчи кимсалар келажак ҳақида ўйлашни ёқтирмайди, чунки инсон келажак ҳақида ўйлаганда ўзини эмас, бошқаларни ўйлайди. Шафқацизлик ва нафрат эса ҳамиша ҳозирги замонга, ўзлари чексиз ҳукмронлик қилаётгандек туюлган бугунига маҳлиё бўлади.

Айбловчилар доим тарихга нуқта қўйишни истайди. Лекин тарихнинг буюк ва ҳаётбахш кучи шундаки, у ҳеч қачон тугамайди.

Ўттиз беш йил ичида Россия руҳланишдан умидсизликка, умиддан хафсаласи пир бўлишгача бўлган йўлни босиб ўтди. Кутилмаган озодликдан ҳис этилган завқдан то озодликдан қўрқишгача. Бугунги кунимиз ана шу ноумидлик, ҳафсаласи пир бўлиш ва қўрқувдан униб чиқди: бугун инсонни олий қадрият деб билганлар озодликдан маҳрум.

Ўзиникидан бошқа ҳар қандай инсон ҳаётини бир пулга олмайдиганлар эса давлат номидан иш кўрмоқда. Буни кўриш ва англаш маънан оғир. Аммо бугун биз айни шу нуқтадамиз.

Тарихимиз шундай кечди. Бу фалокатнинг — бу ҳақиқий миллий фожианинг сабаблари ҳақида кўп гапирилди ва ҳали яна гапирилади. Мамлакат бизни бугунги кунга олиб келган йўлдаги ҳар бир қадамни қайта санаб, ўтган ўн йилликлар саҳифаларини йилма-йил варақлаши керак бўлади. Бу икки тарафини қамоқхона камералари ва қабр чуқурлари эгаллаган кескин йўналишни ниҳоят ўзгартириш учун ҳам зарур.

Россия тинчлик ва озодлик учун керагидан ортиқ тўлаб бўлди. Лекин, афтидан, ҳали яна тўлашига тўғри келади.

Олдинда бизни янги тарихий имкониятлар дарчаси кутмоқда. У қачон очилишини, нур қачон зулматни чекинтириб, тарқатиб юбориш учун етарлича кучга тўлишини билмаймиз. Бироқ бу муқаррар юз беради, чунки тарих қонунлари, худди табиат қонунлари каби, ўткинчи ҳукмдорлар иродасидан кучлироқ. Тарихда ҳали ҳеч ким вақтни алдашга муваффақ бўлган эмас.

Эзгуликдан фарқли ўлароқ, ёвузлик учун абадиятга йўл йўқ.

Биз бугунги айбловчиларимизга, юртимизга тинчлик ва озодлик замони келганида, бир нарсани ўрганишни таклиф қиламиз…

**Судя:** “Биз” деганингиз ким? Ўзингиз ҳақингизда гапиряпсизми?

— Мен ҳозирги айбловчиларимга биттагина қўшиқни — она ўз фарзандига бахтли ҳаёт ваъда қиладиган аллани ўрганишни таклиф қиламан.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.