Тарихий нутқ. “Мақсадлар қанчалик олийжаноб бўлмасин, ёвузлик унинг воситаси бўлолмайди” — Владимир Путин
Газета муҳим нутқларни ўзбек тилида бериб борувчи ъТарихий нутқъ рукнини давом эттиради. Навбатдаги сонда Россия президенти Владимир Путиннинг 2001-йилда Германия парламенти — Бундестаг қаршисида сўзлаган машҳур ъБерлин нутқиниъ ҳавола қиламиз.

Тарихий нутқ. “Мақсадлар қанчалик олийжаноб бўлмасин, ёвузлик унинг воситаси бўлолмайди” — Владимир Путин
2001-йил 25-сентабрда Россия президенти Владимир Путин Германия парламенти — Бундестагда нутқ сўзлаган эди. Бу Россия давлат раҳбарининг ушбу минбарда тарихда илк бор чиқиши бўлди. Ўша пайтда Путин президентлик лавозимини эгаллаганига атиги бир ярим йил бўлган, у Германияда давлат ташрифи билан эди.
Нутқ АҚШдаги 11-сентабр фожиасидан айнан икки ҳафта ўтиб янгради. Путин 11-сентабр куни АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Жорж Бушга биринчилардан бўлиб қўнғироқ қилган хорижий давлатлар раҳбарларидан бири эди. Шу билан бирга, Берлинга йўл олишидан бир кун олдин, 24-сентабр куни у телевидение орқали Россия терроризмга қарши курашда АҚШни қўллаб-қувватлашини билдирганди.
Москва разведка маълумотларини алмашишга ва гуманитар юк ташийдиган самолётлар учун ҳаво йўлагини очишга тайёрлигини айтган. Шунингдек, Афғонистонда “Толибон”га қарши курашаётган Шимолий алянсга ёрдам беришини маълум қилган. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари АҚШга ҳарбий база берса, Россия бунга қарши бўлмаслигини билдирган. Бир сўз билан айтганда, Кремл Вашингтон ёнида туришини очиқ намойиш қилганди.
Россиянинг ўзи ҳам бу даврда терроризм билан юзма-юз келган эди. 1999-йил августида чеченистонлик қуролли гуруҳлар қўшни Доғистон республикасига бостириб кирган, Иккинчи Чечен уруши бошланган эди. Ғарб давлатлари бу урушда инсон ҳуқуқлари бузилаётганини танқид қилиб келаётган эди. 11-сентабрдан кейин эса Москва Чеченистондаги урушни ҳам халқаро терроризмга қарши умумий курашнинг бир қисми сифатида кўрсатишга интилган.
Ўз навбатида, Россия ва Ғарб ўртасида ҳал этилмаган масалалар ҳам кўп эди. 1991-йил августидаги давлат тўнтаришига уриниш ва Совет Иттифоқининг парчаланишидан бери ўн йил ўтган, 1990-йиллардаги умидлар ўрнини аста-секин ўзаро ишончсизлик эгаллай бошлаганди. 1999-йилда Полша, Чехия ва Венгрия АҚШ бощилигидаги ҳарбий-сиёсий иттифоқ — НАТОга аъзо бўлган. Кейинги кенгайишда Болтиқбўйи давлатлари ҳам кўзда тутилаётган эди. Москва буни ўз чегараларига таҳдид деб баҳолаётганди. Худди шу йили НАТО БМТ Хавфсизлик кенгашининг рухсатисиз Югославияни бомбардимон қилди ва Россия бунга кескин норозилик билдирди.
Қуролланиш масаласида ҳам келишмовчилик бор эди. Россия стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш бўйича СНВ-2 шартномасини ва ядро синовларини тўлиқ тақиқлаш шартномасини 2000-йилда ратификация қилган эди. АҚШ Сенати эса 1999-йилда ядро синовлари ҳақидаги шартномани рад этди. Бундан ташқари, президент Буш маъмурияти ракетага қарши миллий мудофаа тизимини қурмоқчи эди. 1972-йилда АҚШ ва СССР ўртасида тузилган ракетага қарши мудофаа (ПРО) шартномаси эса бундай тизимларни чеклаб турарди. Москва бу шартномани стратегик мувозанатнинг асоси деб ҳисоблаган.
Бир сўз билан айтганда, 2001-йилги Берлин нутқи Россия билан Ғарб бир-бирига энг яқинлашган паллада янграган. Кейинги йилларда эса бу яқинлик аста-секин йўқолиб борди.
Бундестаг минбаридан сўзлаш имконияти берилгани учун самимий миннатдорлик билдираман. Россия давлати раҳбарига бундай имконият Россия-Германия муносабатлари тарихида илк бор яратилди. Бугун менга кўрсатилган бу юксак эҳтиром Россия ва Германиянинг ўзаро мулоқотдан бирдек манфаатдор эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Россия-Германия муносабатлари, мамлакатим ва бирлашган Европа ўртасидаги алоқаларнинг истиқболи ҳамда халқаро хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар ҳақида айнан шу ерда — Берлинда сўз юритиш имконига эга бўлганимдан беҳад мамнунман. Бу шаҳар мураккаб тақдирни бошдан кечириб, инсониятнинг энг янги тарихида бир неча бор деярли бутун дунё билан юзма-юз келган зиддиятлар марказига айланган; шунга қарамай, ҳатто энг машъум лаҳзаларда ҳам бу ерда Вилгелм фон Гумболдт ва Лессинг асос солган озодлик ва инсонпарварлик руҳини ҳеч ким бўға олмаган.
Гитлер зулмининг оғир йилларида ҳам бунинг уддасидан чиқа олишмади. Мамлакатимизда антифашист қаҳрамонлар хотираси ҳамиша юксак эҳтиром билан ёд этилади.
Россияда Германияга нисбатан доим ўзгача муносабат бўлган. Мамлакатингизга Европа маданиятининг энг муҳим марказларидан бири сифатида қараб келинган — бу маданиятнинг равнақи йўлида Россия ҳам кам ҳисса қўшмаган. Сарҳад билмас ушбу маданият ҳамиша умумий бойлигимиз бўлиб келган ва халқларни бир-бирига яқинлаштирган.
Шу боис бугун маърузамнинг асосий қисмини Гёте, Шиллер ва Кант тилида — немис тилида баён этишга ижозат бергайсиз.
Шундан сўнг Путин ўз нутқини немис тилида давом эттирган.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Мен ҳозиргина Европа маданиятининг муштараклиги ҳақида гапирдим. Бироқ ўз вақтида бу муштараклик қитъада иккита даҳшатли уруш — бир аср ичида иккита жаҳон уруши бошланишига тўсқинлик қила олмади. Шунингдек, Европадаги чуқур парокандаликнинг машъум рамзига айланган Берлин деворининг қад кўтаришига ҳам монелик қилмади.
Бугунги кунда Берлин девори йўқ. У ер билан яксон қилинган. Бугун бунинг қандай амалга ошганини яна бир бор эслаш айни муддао бўларди.
Ишончим комилки, асосий шарт-шароитларсиз дунёда, Европада ва собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги улкан ўзгаришлар юз бермаган бўларди. Аниқроқ айтганда, бундан 10 йил аввал Россияда юз берган воқеаларсиз булар амалга ошмасди. Мазкур воқеалар мамлакатимизда айнан нималар кечганини ва келажакда Россиядан нималар кутиш мумкинлигини англаб етишда ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Аслида жавоб оддий. Ахборот жамияти ривожланиш қонунлари таъсирида сталинча андазадаги тоталитар мафкура эндиликда эркинлик ва демократия ғояларига қарши тура олмасди.
Ушбу ғоялар руҳи Россия фуқароларининг мутлақ кўпчилиги онгини қамраб олган эди.
Айнан Россия халқининг сиёсий танлови СССРнинг ўша пайтдаги раҳбариятига пировардида Берлин деворининг қулашига олиб келган қарорларни қабул қилиш имконини берди. Айнан мана шу танлов Европа гуманизми чегараларини неча баробар кенгайтирди ва бугун ҳеч ким ҳеч қачон Россияни ўтмишга қайтара олмаслигини дадил таъкидлашимизга асос бўла олади.
Европа интеграциясига келадиган бўлсак, биз бу жараёнларни нафақат қўллаб-қувватлаймиз, балки уларга умид билан қараймиз. “Совуқ уруш” сабоқларини ҳамда босқинчилик мафкурасининг нақадар ҳалокатли эканини яхши англаб етган халқ сифатида қараймиз. Бироқ шу ўринда қўшимча қилиш жоизки, назаримда, бундай парокандаликдан Европанинг ўзи ҳам ҳеч қандай наф кўрмади.
Қатъий ишонаманки, шиддат билан ўзгариб бораётган, жиддий демографик силжишлар юз бераётган ва айрим минтақаларда иқтисодиётнинг мисли кўрилмаган даражада ўсиши кузатилаётган бугунги дунёда Европа ҳам Россия билан муносабатларни ривожлантиришдан бевосита манфаатдор.
Ҳеч ким Европанинг АҚШ билан муносабатлари юксак қийматга эга эканини шубҳа остига олмайди. Шунчаки, агар Европа ўз имкониятларини Россиянинг имкониятлари — инсон, ҳудудий ва табиий ресурслари, унинг иқтисодий, маданий ҳамда мудофаа салоҳияти билан бирлаштира олса, жаҳон сиёсатининг қудратли ва чинакам мустақил маркази сифатидаги ўз мавқейини узоқ муддатга мустаҳкамлаб олади, деган фикрдаман.
Бу борадаги дастлабки қадамларни сиз билан биргаликда ташлаб улгурдик. Энди эса ягона ва хавфсиз Европа бутун дунёда осойишталик ҳамда бирдамлик ўрнатилишининг дебочасига айланиши учун нималар қилиш зарурлиги ҳақида ўйлаб кўриш вақти келди.
Муҳтарам хонимлар ва жаноблар!
Сўнгги йилларда хавфсизлик соҳасида кўп ишларни амалга оширдик. Ўтган ўн йилликлар мобайнида биз яратган хавфсизлик тизими янада такомиллашди. Ўтган ўн йилликнинг асосий ютуқларидан бири — Марказий Европа ва Болтиқбўйи минтақасида қуролли кучлар ҳамда қурол-яроғларнинг мисли кўрилмаган даражада кам тўпланганидир.
Россия — тинчликпарвар Европа мамлакати.
Бир асрлик ҳарбий ҳалокатларни бошидан кечирган мамлакатимиз учун қитъада барқарор тинчлик ўрнатилиши бош мақсаддир.
Маълумки, биз Ядровий синовларни тамоман тақиқлаш тўғрисидаги шартнома, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома, Биологик қуролни тақиқлаш тўғрисидаги конвенсия, шунингдек, СНВ-2 шартномасини ратификация қилдик. Афсуски, НАТОга аъзо барча давлатлар ҳам биздан ўрнак олмади.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар, модомики хавфсизлик ҳақида сўз очган эканмиз, аввало ўзимизни кимдан ва қандай ҳимоя қилишимиз лозимлигини аниқ тушуниб олишимиз керак. Шу ўринда, 11-сентабр куни АҚШда юз берган фожиани эсламай ўтолмайман. Бутун дунёда одамлар ҳақли равишда: “Бу қандай содир бўлди ва бунга ким айбдор?” деган саволни бермоқда. Мен ушбу саволларга жавоб бераман.
Назаримда, юз берган фожиада барчамиз айбдормиз. Энг аввало, давлатларимизнинг оддий фуқаролари ўз хавфсизлигини ишониб топширган биз, сиёсатчилар айбдормиз. Бу ҳолат, биринчи навбатда, сўнгги 10 йил ичида дунёмизда содир бўлган ўзгаришларни ҳанузгача англаб етмаганимиз сабабли. Биз ҳали ҳам эски қадриятлар тизимида яшаяпмиз: ҳамкорлик ҳақида гапирамиз, бироқ амалда шу пайтгача бир-биримизга ишонишни ўрганмадик.
Оғиздан бол томиб сўзланган кўплаб нутқларга қарамай, биз ҳали ҳам бир-биримизга пинҳона қаршилик кўрсатиб келяпмиз. Гоҳ НАТОга содиқликни талаб қиламиз, гоҳ унинг кенгайиши қай даражада мақсадга мувофиқлиги ҳақида баҳслашамиз. Ракетага қарши мудофаа тизими масалаларида эса ҳали-ҳануз бир тўхтамга кела олмаяпмиз.
ХХ асрнинг ўнлаб йиллари давомида дунё ҳақиқатан ҳам икки тизим қарама-қаршилиги шароитида яшади — бу қарама-қаршилик инсониятни бир неча бор ҳалокат ёқасига келтириб қўйди.
Бу шунчалик даҳшатли эдики ва биз бу ҳалокатни кутиб яшашга шу қадар кўникиб қолганмизки, ҳали ҳам бугунги дунёда юз бераётган ўзгаришларни англаш ва муносиб баҳолашга қодир эмасмиз. Дунё эндиликда икки душман лагерга бўлинмаётганини сезмаётгандекмиз.
Дунё эса, муҳтарам хонимлар ва жаноблар, анча мураккаблашди.
Ўтган ўн йилликлар давомида шакллантирилган ҳамда ўша даврдаги хавф-хатарларни бартараф этишда самарали бўлган хавфсизлик тизими бугунги кунда янги таҳдидларга қарши тура олмаслигини тан олишни истамаймиз ёки буни англай олмаймиз. Кўп ҳолларда ҳали ҳам аҳамиятлидек туюлаётган масалалар устида баҳслашишда давом этяпмиз. Эҳтимол, улар ҳақиқатда муҳимдир.
Бироқ айни пайтда янги реал таҳдидларни пайқамаяпмиз ва терактларнинг олдини олишга ожизлик қиляпмиз. Боз устига, нақадар ваҳшиёна терактларнинг!
Москвада ва Россиянинг бошқа йирик шаҳарларидаги турар жой биноларида содир этилган портлашлар оқибатида юзлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Диний мутаассиблар Чеченистонда ҳокимиятни эгаллаб, оддий фуқароларни гаровга олгани ҳолда, қўшни Доғистон Республикасига сурбетларча кенг кўламли қуролли ҳужум уюштирди. Халқаро террорчилар Қора ва Каспий денгизлари оралиғидаги ҳудудда фундаменталистик давлат тузиш ниятини очиқчасига — мутлақо очиқдан-очиқ эълон қилди. Яъни, “ислом қўшма штатлари” деб номланган халифалик тузмоқчи бўлдилар.
Шуни дарҳол таъкидлашни истардимки, қандайдир “сивилизациялар тўқнашуви” ҳақида гапиришни мутлақо асоссиз деб ҳисоблайман.
Умуман мусулмонлар ва диний мутаассиблар ўртасига тенглик белгисини қўйиш хато бўлар эди. Масалан, бизда 1999-йилда тажовузкорларнинг тор-мор этилиши, Россия республикасидаги айнан аҳолисининг деярли 100 фоизини мусулмон халқлари ташкил этувчи Доғистон халқининг мардонавор ва қатъий зарбаси билан таъминланган эди.
Берлинга жўнаб кетишимдан бир муддат аввал Россия мусулмонларининг диний етакчилари билан учрашдим. Улар Москвада “Ислом терроризмга қарши” шиори остида халқаро конференсия ўтказиш ташаббусини илгари сурдилар. Ўйлайманки, биз ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашимиз лозим.
Бугун бизга аввалдан маълум бўлган халқаро муаммоларнинг кескинлашувига эмас, кўпроқ янги таҳдидларнинг пайдо бўлишига дуч келяпмиз. Россия амалда МДҲнинг айрим давлатлари билан биргаликда Афғонистондан Марказий Осиё ва Кавказ орқали Европага гиёҳванд моддалар контрабандаси, уюшган жиноятчилик ва фундаментализм йўлига ҳақиқий тўсиқ қўймоқда. Терроризм, миллий муросасизлик, сепаратизм ва диний экстремизм ҳамма жойда бир хил илдизга эга ва бир хил заҳарли меваларни беради. Шу боис бу муаммоларга қарши кураш воситалари ҳам универсал бўлиши лозим.
Бироқ аввало асосий масала бўйича келишиб олишимиз керак: биз нарсаларни ўз номи билан аташдан қўрқмаслигимиз лозим. Шунингдек, сиёсий мақсадлар қанчалик олийжаноб кўринмасин, ёвузлик уларга эришиш воситаси бўла олмаслигини англаб етиш фавқулодда муҳим аҳамиятга эга. Табиийки, ёвузлик жазоланиши шарт, мен бу фикрга қўшиламан. Бироқ ҳеч қандай жавоб зарбалари терроризмга қарши тўлақонли, қатъий мақсадга йўналтирилган ва яхши мувофиқлаштирилган курашнинг ўрнини боса олмаслигини ҳам тушунишимиз керак. Бу борада мен АҚШ президентининг фикрини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Ўйлайманки, ҳамкорларимизнинг ўйлаб топилган эмас, айнан реал таҳдидларга қарши курашиш учун кучларни бирлаштиришга тайёрлиги уларнинг қанчалик жиддий ва ишончли ҳамкор эканини кўрсатиб беради. Ушбу таҳдидлар қитъамизнинг олис сарҳадларидан то Европанинг қоқ марказигача осонгина ёпирилиб бориши мумкин. Мен бу ҳақда бир неча бор гапирганман, АҚШдаги воқеалардан кейин эса энди ҳеч нарсани исботлашга ҳожат қолмади.
Хўш, бугун самарали ҳамкорлик қилишимиз учун бизга нима етишмаяпти?
Ўтган ўн йилликлар давомида эришилган барча ижобий натижаларга қарамай, биз ҳали ҳам ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмини ишлаб чиқа олмадик.
Шу пайтгача тузилган мувофиқлаштирувчи тузилмалар Россияга қарорларни тайёрлаш ва қабул қилиш жараёнида иштирок этиш учун реал имконият бермаяпти. Бугун кўпинча қарорлар, асосан, бизнинг иштирокимизсиз қабул қилинади, кейин эса биздан бу қарорларни қўллаб-қувватлашни қатъий талаб қилишади. Шундан сўнг яна НАТОга содиқлик ҳақида гап очишади. Ҳатто Россиясиз бу қарорларни рўёбга чиқариб бўлмайди, деб ҳам қўйишади. Келинг, ўзимизга савол берайлик: бу нормал ҳолатми? Ҳақиқий ҳамкорлик шундай бўладими?
Тўғри, халқаро муносабатларда демократик тамойилларни қарор топтириш, тўғри ечим топа билиш ва муросага тайёр бўлиш осон иш эмас.
Бироқ айнан европаликлар миллий худбинликни енгиб, консенсусга асосланган ечимларни излаш нақадар муҳимлигини биринчилардан бўлиб англаб етганлар. Биз бунга тўлиқ қўшиламиз! Буларнинг бари — яхши ғоялар. Бироқ қабул қилинаётган қарорларнинг сифати, уларнинг самарадорлиги ва пировардида бутун Европа ҳамда халқаро хавфсизлик бугун ушбу очиқ-ойдин тамойилларни амалий сиёсатда қай даражада акс эттира олишимизга боғлиқ.
Яқин-яқингача қитъада тез орада европаликлар шарқий ва ғарбий, шимолий ва жанубий деб ажратилмайдиган чинакам умумий уй қад ростлайдигандек туюларди. Бироқ бу “айирувчи чизиқлар” келгусида ҳам сақланиб қоладигандек. Бунга, энг аввало, “совуқ уруш”нинг кўплаб стереотиплари ва қолипларидан ҳануз тўлиқ халос бўла олмаганимиз сабаб.
Бугун биз узил-кесил эълон қилишимиз лозим: “совуқ уруш”га чек қўйилди! Биз тараққиётнинг янги босқичидамиз. Замонавий, мустаҳкам ва барқарор хавфсизлик архитектураси бўлмаса, қитъада ҳеч қачон ишонч муҳитини қарор топтира олмаслигимизни тушуниб турибмиз.
Ишонч муҳитисиз эса ягона Катта Европа бўлиши асло мумкин эмас!
Бугун биз ўз стереотипларимиз ҳамда хомхаёлларимиздан воз кечишимизни ва бундан буён Европа ҳамда умуман бутун дунё аҳолиси хавфсизлигини биргаликда таъминлашимизни очиқ айтишимиз шарт.
Азиз дўстлар!
Бугун, шукрки, Европада Россия фақат олигархлар, коррупсия ва мафия билан боғлиқ тарзда тилга олинмаяпти. Шундай бўлса-да, ҳанузгача Россия тўғрисида холис ахборот етишмовчилиги сезиларли даражада сақланиб қолмоқда. Қатъий ишонч билан айта оламанки, Россия ички сиёсатининг бош мақсади — энг аввало, ўз халқи учун демократик ҳуқуқ ва эркинликларни, муносиб турмуш даражаси ҳамда хавфсизликни таъминлашдан иборат.
Бироқ, ҳурматли ҳамкасблар, келинг, яқин ўтмиш воқеаларига бир назар ташлайлик: Россия ислоҳотларнинг оғриқли йўлини босиб ўтди. Биз ҳал этишимизга тўғри келган вазифаларнинг кўлами нуқтаи назаридан тарихда муқобили бўлмаган. Табиийки, хатоларга ҳам йўл қўйилди. Ҳамма муаммолар ҳам ҳал этилгани йўқ, лекин бугунги кунда Россия Европа қитъасининг анча жадал ривожланаётган қисмини ташкил этади. Қолаверса, нафақат сиёсий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам жадал ривожланмоқда, шуниси айниқса қувонарли.
Россиядаги сиёсий барқарорлик бир қатор иқтисодий омиллар ва хусусан, дунёдаги энг либерал солиқ тизимларидан бири туфайли таъминланмоқда. Бизда даромад солиғи 13 фоизни, фойда солиғи эса 24 фоизни ташкил этади. Ҳақиқатда шундай. Ўтган йили иқтисодий ўсиш 8 фоизни, аниқроғи 8,3 фоизни ташкил қилди. Бу йил атиги 4 фоиз билан чекланиш мўлжалланган эди, бироқ, катта эҳтимол билан, бизда бу кўрсаткич қарийб 6 фоиз атрофида бўлади. Айтайлик, 5,5−5,7 фоиз. Омон бўлсак, кўрармиз.
Шу билан бирга, ишончим комилки: фақат кенг кўламли ва тенг ҳуқуқли умумевропа ҳамкорлигигина ишсизлик, атроф-муҳитнинг ифлосланиши каби ва бошқа кўплаб муаммоларни ҳал этишда сифат жиҳатидан янги силжишга эришиш имконини беради.
Биз яқин савдо-иқтисодий ҳамкорлик тарафдоримиз. Энг яқин фурсатларда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ниятидамиз. Халқаро ташкилотлар ва Европа ташкилотлари бу борада бизни қўллаб-қувватлайди, деб умид қиламиз.
Сиз, парламент депутатлари сифатида, шубҳасиз, яхшироқ баҳолай оладиган ва асло тарғибот деб атаб бўлмайдиган жиҳатларга эътиборингизни қаратмоқчиман. Моҳиятан олганда, давлатимизда устувор йўналишлар ва қадриятлар ўзгарди.
2002-йилги консолидациялашган буджетда ижтимоий соҳа харажатлари биринчи ўринга қўйилди. Ва шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Россия тарихида илк бор таълим харажатлари мудофаа харажатларидан ошиб кетди.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Россия-Германия муносабатлари ҳақида бир-икки оғиз сўз айтишга ижозат бергайсиз. Ушбу масалага алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Россия-Германия муносабатларининг ёши мамлакатларимизнинг ёши билан тенг. Дастлабки герман қабилалари Россия ҳудудида биринчи асрнинг охирларида пайдо бўлган. Ўн тўққизинчи аср охирида немислар Россияда сон жиҳатидан тўққизинчи ўриндаги этник гуруҳ ҳисобланган. Бироқ бу ўринда нафақат уларнинг сони, балки бу инсонларнинг мамлакат тараққиётида ҳамда Россия-Германия муносабатларида ўйнаган роли ҳам муҳим. Улар деҳқонлар, савдогарлар, зиёлилар, ҳарбийлар ва сиёсатчилар эди.
Немис тарихчиси Михаел Штюрмер: “Россия ва Американи океанлар ажратиб туради, Россия ва Германияни эса буюк тарих ажратиб туради”, — деб ёзган эди. Мен эса, тарих ҳам, худди океанлар каби, нафақат ажратади, балки бирлаштиради ҳам, деган бўлардим.
Муҳими — ушбу тарихни тўғри талқин қила билишдир.
Яхши ғарбий қўшни сифатида Германия руслар учун кўпинча Европанинг, Европа маданиятининг, техник тафаккур ва савдогарлик маҳоратининг тимсоли бўлиб келган. Россияда илгари барча европаликларни немислар деб аташгани, уларнинг Москвадаги манзилгоҳини эса Немис слободаси деб юритишгани бежиз эмас.
Табиийки, ҳар икки халқнинг маданий таъсири икки тарафлама бўлган. Немислар ва русларнинг кўплаб авлодлари Гёте, Достоевский ҳамда Лев Толстой асарларини мутолаа қилган ва бугунги кунда ҳам уларни катта қизиқиш билан ўрганмоқда. Халқларимиз бир-бирининг руҳияти ва дунёқарашини жуда яхши тушунади. Немис муаллифлари асарларининг рус тилига қилинган ажойиб таржималари бунинг яққол далилидир. Улар матнга жуда яқин тарзда маҳорат билан ўгирилган бўлиб, баён оҳанги, асл нусханинг кайфияти ва жозибасини тўла сақлаб қолган. Бунга мисол сифатида биргина Борис Пастернак томонидан “Фауст” асарининг қилинган таржимасини тилга олиш кифоя.
Хонимлар ва жаноблар!
Умумий тарихимизда турли, баъзан эса, айниқса, йигирманчи аср ҳақида сўз борганда, анча оғриқли саҳифалар ҳам бор. Ҳолбуки, илгари биз кўп ҳолларда иттифоқчи бўлганмиз.
Европанинг ушбу икки халқи ўртасидаги муносабатлар сулолалараро никоҳ ришталари орқали ҳамиша мустаҳкамланиб келган.
Умуман олганда, аёллар тарихимизда алоҳида ўрин тутган. Масалан, Россияда княгиня Елизавета номи билан танилган Гессен-Дармштадт буюк герсоги Людвиг ИВ нинг қизини эслайлик. У эри ўлдирилганидан сўнг аёллар монастирига асос солди, Биринчи жаҳон уруши йилларида эса ярадорларга — русларга ҳам, немисларга ҳам бирдек ғамхўрлик қилди. 1918-йилда у болшевиклар томонидан қатл этилган эди, лекин яқинда оқланиб, умумхалқ эъзози учун авлиёлар қаторига қўшилди. Бугун унинг ҳайкали Москва марказида қад ростлаб турибди. Малика Анхалт-Сербсцкаяни ҳам унутмайлик. Унинг исми София Фредерика Августа бўлиб, рус тарихига беқиёс ҳисса қўшган. Оддий рус халқи уни меҳр билан “онахон” деб атаган. Бироқ у тарихга Россия императори Буюк Екатерина номи билан кирди.
Бугун Германия — Россиянинг асосий иқтисодий ҳамкори, энг муҳим кредиторимиз, асосий инвесторлардан бири ҳамда ташқи сиёсат масалаларидаги асосий мулоқотчимиздир.
Бир мисол келтираман: ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми рекорд даражага — 41,5 миллиард маркага етди. Бу кўрсаткич Совет Иттифоқининг ҳар икки Германия давлати билан амалга оширган жами товар айланмасига тенг. Хўш, шу билан кифояланиб, эришилган натижада тўхтаб қолиш керакми? Ўйлайманки, йўқ. Россия-Германия ҳамкорлигининг ривожланиш салоҳияти ҳали жуда катта.
Ишончим комилки, бугун биз икки томонлама муносабатларимизда янги саҳифа очяпмиз. Ва шу тариқа умумевропа уйини барпо этишга ўзимизнинг муштарак ҳиссамизни қўшамиз.
Сўзим охирида ўз вақтида Германия ва унинг пойтахтига нисбатан айтилган ўша сўзларни тилга олмоқчиман. Мен ушбу фикрни Россияга ҳам татбиқ этиб, шуни айтмоқчиманки, биз, албатта, демократик жамият ва бозор иқтисодиётини барпо этиш йўлининг бошидамиз. Бу йўлда биз енгиб ўтишимиз зарур бўлган тўсиқ ва ғовлар бор. Бироқ обьектив муаммолар ва вақти-вақти билан кўзга ташланиб турадиган ўз тажрибасизлигимизга кўз юмиб қарайдиган бўлсак, Россиянинг қудратли, жўшқин юраги қандай ураётганини кўришимиз мумкин. Ва бу юрак чинакам ҳамкорлик ва шериклик учун ҳамиша очиқ.

