Тарихий нутқ. “Инсоният урушга чек қўйиши шарт — акс ҳолда уруш инсониятга чек қўяди” — Жон Кеннеди
Газета инсоният тарихида муҳим аҳамият касб этган чиқишларни ўзбек тилида бериб борувчи ъТарихий нутқъ рукнини давом эттиради. Ушбу сонда АҚШнинг собиқ президенти Жон Кеннедининг 1961-йил БМТ минбаридан ташкилотни сақлаб қолиш ва ядровий қуролсизланишга чақириқ сифатида янграган нутқини келтирамиз.

Тарихий нутқ. “Инсоният урушга чек қўйиши шарт — акс ҳолда уруш инсониятга чек қўяди” — Жон Кеннеди
АҚШнинг энг ёш сайланган президенти Жон Фицжералд Кеннеди (ЖФК) 1961-йил январидан 1963-йил ноябрида ўлдирилгунига қадар мамлакатни бошқарган.
Кариб инқирозида Совет иттифоқи билан келишувга эришилгани, ядро синовларини қисман — атмосферада, космосда ва сув остида — тақиқлаш шартномаси (Москва, 1963-йил), Ойга учиш дастури (Аполло 11) ва Тинчлик корпуси (Пеасе Сорпс) АҚШ тарихида унинг номи билан боғланади.
Кеннедининг 1961-йил 25-сентабрида БМТ Бош ассамблеясида сўзлаган нутқи уч йил амал қилган ядро синовлари мораторийси тугаган, Берлин девори кўтарилган, Конго инқирози БМТ учун жиддий синовга айланган, ташкилотнинг ўзи эса инқироз ёқасида турган оғир паллада янграган эди.
Бир йил аввал Москва ташкилотда бош котиб лавозимини уч кишидан — Ғарб (НАТО давлатлари ва уларнинг иттифоқчилари), социалистик блок (Совет иттифоқи ва Варшава шартномаси давлатлари) ва бетараф давлатлар (ҳеч қайси блокка қўшилмаган давлатлар) вакилларидан иборат кенгаш билан алмаштиришни ва уларнинг ҳар бирига вето ҳуқуқи берилишини таклиф қилган эди. Рус от-аравасига ишора қилиб, бу таклиф “тройка” номини олган.
Таклиф моҳиятан БМТ раҳбариятини ҳам Хавфсизлик Кенгаши сингари фалаж ҳолга келтирарди. Айни пайтда у бевосита бир одамга — ташкилотнинг ўша вақтдаги Бош котиби Даг Ҳаммаршёлдга қарши қаратилган бўлиб, Совет томони уни Конгодаги ҳаракатлари учун очиқ айблаб, истеъфога чақирарди.
18-сентабр куни Ҳаммаршёлд Конгода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокарага учаётиб, Шимолий Родезиядаги Ндола яқинида авиаҳалокатга учради (ҳалокат сабаби ҳануз аниқланмаган). Бош котиб ўрни айнан унинг келажаги ҳақидаги баҳс очиқ турган бир пайтда бўшаб қолди.
Фожиадан бир ҳафта ўтиб Жон Кеннеди БМТ минбарида чиқиш қилар экан, унинг олдида иккита савол турарди: ташкилот бундан кейин ким томонидан бошқарилади ва ядровий қуролланиш пойгаси қаерга олиб боради?
Кеннеди ўз нутқида бутун жаҳон ҳамжамиятига, хусусан, Совет иттифоқига мурожаат қилиб, тинчлик йўлида бирлашишга, БМТни, унинг таъсир кучи ва нуфузини сақлаб қолишга ҳамда қуролсизланиш бўйича музокараларни зудлик билан бошлашга чақирди.
АҚШ раҳбарининг ушбу йиғилишда янграган таклифлари, айрим истисноларни ҳисобга олмаганда, бесамар кетмади. “Тройка” масаласи ўша куздаёқ ёпилди, бош котиб институти эса бугунги кўринишида сақланиб қолди.
Қуролсизланиш бўйича ҳам вақт ўтиши билан сезиларли силжиш бўлди. Ўша йилнинг декабр ойида Бош ассамблея АҚШ ва СССР келишиб олган тамойилларни бир овоздан қабул қилди ҳамда ўн саккиз давлатдан иборат Қуролсизланиш қўмитасини тузди. Қўмита 1962-йил мартида Женевада ишга тушди ва орадан олти йил ўтиб, айнан шу майдонда ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома музокара қилинди.
Қайд этиш жоизки, 1962-йил апрелида АҚШ ҳам атмосферадаги синовларни қайта бошлади, октабрда эса Кариб инқирози юз берди. Инқирозни юмшатишда БМТнинг янги бош котиби У Тан воситачилик қилди. Қуролсизланиш бўйича асосий ҳужжатлар шундан кейин имзоланди.
1963-йил 5-августда Москвада ядро синовларини қисман тақиқлаш шартномаси қабул қилинди: атмосферада, космосда ва сув остида синовлар тўхтатилди. Ўша йил октабрида Бош ассамблея давлатларни Ер орбитасига ядро қуроли чиқармасликка чақирди — бу қарор 1967-йилги Космос тўғрисидаги шартноманинг асосига айланди.
Кеннедининг асосий таклифи — “умумий ва тўлиқ қуролсизланиш” эса амалга ошмади. 1961-йилда келишилган тамойиллар қоғозда қолиб кетди.
Ҳаммаршёлдга ўша йил октабрида Нобел тинчлик мукофоти берилди. Бу мукофот тарихида кам учрайдиган ҳолат бўлиб, Ҳаммаршёлд Нобел тинчлик мукофоти билан вафотидан кейин тақдирланган ягона шахс ҳисобланади.
“Сизлар билан қайғули ва масъулиятли бир паллада йиғилдик. Даг Ҳаммаршёлд ҳалок бўлди. Лекин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тирик. Унинг фожиаси қалбларимизда чуқур из қолдирди, бироқ у жон фидо қилган вазифа кун тартибимизда марказий ўринни эгаллайди. Тинчликка хизмат қилган олижаноб бир инсон бу ёруғ оламни тарк этди. Бироқ тинчлик сари интилиш йўли ҳали олдинда.”
Масала — бир инсоннинг ҳалок бўлгани эмас, масала — бу ташкилотнинг яшаб қолишидир.
У ё давримиз чақириқларига жавоб бериш учун юксалади, ёки ҳеч қандай таъсирга, кучга ва обрў-эътиборга эга бўлмагани ҳолда тарқалиб кетади.
Агар биз унинг тарқалиб кетишига йўл қўйсак, унинг қувватини заифлаштирсак, куч-қудратига путур етказсак, ўз келажагимизни ҳалокатга маҳкум этган бўламиз.
Чунки шу ташкилотнинг ривожланишигина урушга ягона ҳақиқий муқобил бўла олади — уруш эса ортиқ оқилона муқобил эмас. Шарциз уруш энди шарциз ғалабага олиб келмайди.
Уруш энди низоларни ҳал қилишга хизмат қилолмайди.
У энди фақат қудратли давлатларгагина дахлдор бўлиб қолмайди. Чунки шамол, сув ва қўрқув орқали тарқаладиган ядровий фалокат ҳаммани — каттаю кичикни, бою камбағални бирдек домига тортиши мумкин.
“Инсоният урушга чек қўйиши шарт — акс ҳолда уруш инсониятга чек қўяди.”
Шундай экан, келинг, шу ернинг ўзида аҳд қилайлик: Даг Ҳаммаршёлднинг ҳаёти ҳам, ўлими ҳам беҳуда кетмасин. Террорга қарши сулҳ эълон қилайлик. Тинчлик учун дуо қилайлик. Тинчликни сақлаш бўйича халқаро салоҳиятни барпо этар эканмиз, келинг, уруш олиб бориш бўйича миллий салоҳиятга барҳам бериш йўлида бирлашайлик.
Бу БМТ учун янги куч ва янги ролларни талаб қилади. Зеро, назорациз қуролсизланиш — соядан бошқа нарса эмас, қонунсиз жамият эса — қуруқ қобиқдир. БМТ аллақачон инсоннинг энг олийжаноб интилишларининг ҳам ўлчови, ҳам воситасига айланиб улгурган. У аллақачон — Яқин Шарқда, Осиёда, Африкада, бу йил эса Конгода — инсон зўравонлигини жиловлаш воситасини тақдим этди.
Бироқ 1945-йилда ушбу ташкилот юзлашган буюк савол ҳали ҳам олдимизда турибди: инсониятнинг тараққиёт ва тинчлик борасидаги эзгу умидлари террор ва парокандалик туфайли барбод бўладими? Ақл-идрокнинг салқин саболарига йўл очиш учун “урушнинг жирканч шамоллари”ни ўз вақтида жиловлашнинг имкони борми?
Хартиямизнинг тинчлик, тараққиёт, инсон ҳуқуқлари ҳамда халқаро ҳуқуқни таъминлаш бўйича мажбуриятлари бажариладими ёки поймол этиладими?
Бу залда учта эмас, иккита куч бор. Улардан бири Хартиянинг И ва ИИ моддаларида таърифланган дунёни қуришга интилаётганлардан иборат. Иккинчиси эса, бутунлай бошқача дунёни кўзлаб, бу йўлда ушбу ташкилотга путур етказишга уринади.
Айнан бугун Хартияга бўлган содиқлигимиз ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкам сақланиши керак. У, аввало, бош котиб масъулиятини давом эттириш учун етук халқ хизматчисини — жаҳон ҳамжамиятининг маънавий кучига мазмун бағишлаш учун ҳам донолик, ҳам қудратга эга бўлган инсонни танлаш орқали мустаҳкамланиши зарур. Марҳум бош котиб БМТнинг ҳаракат қилиш мажбуриятини юксалтирди ва кучайтирди. Лекин бу у ўйлаб топган нарса эмас. У Хартияда кўзда тутилган ва ҳали ҳам мавжуд.
Жаноб Ҳаммаршёлднинг ўрнини босиш қанчалик қийин бўлмасин, бу ўринни уч киши эмас, бир киши эгаллагани маъқулроқ. Ҳатто “тройка”даги учта отда ҳам аравани уч томонга тортадиган учта аравакаш бўлмаган. Унда фақат битта аравакаш бўлган ва БМТ раҳбариятида ҳам шундай бўлиши керак. БМТнинг маъмурий идораларида триумвират, ҳар қандай ҳайъат ёки навбат билан алмашиб турадиган ҳокимиятни ўрнатиш тартибни анархия, ҳаракатни фалажлик, ишончни эса иккиланиш билан алмаштирган бўлур эди.
Бош котиб, аслида, Бош ассамблеянинг хизматчисидир. Унинг ваколатини пасайтириш — қудратидан қатъи назар барча миллатлар тенг ва суверен бўлган ягона органнинг обрўсини тушириш демак. Барча қудратли давлатлар адолатли бўлмагунича, заифлар фақат ушбу ассамблеянинг кучи билангина хавфсизликда бўлади.
Самарали ва мустақил ижроия фаолияти мувозанатли вакиллик билан бир хил масала эмас. Ушбу орган ташкил этилганидан бери унинг аъзолари сонидаги улкан ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, Америка делегацияси БМТ органларининг таркибини зудлик билан кўриб чиқиш ва ўзгартириш бўйича ҳар қандай саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.
Бироқ бу ташкилотга учта бошқарувчи тайинлаш — ҳар бир қудратли давлатга ўз масаласини ўзи ҳал қилишга рухсат бериш — Совуқ урушнинг тинчлик қароргоҳида мустаҳкам ўрнашишига олиб келган бўларди. Қудратли давлатлардан бири сифатида мамлакатимиз учун қандай афзалликларни тақдим этмасин, биз бундай режани рад этамиз. Зеро, биз учун ўз тақдирини ўзи белгилаш асрида халқаро ҳуқуқ оммавий қирғин асридаги жаҳон урушидан етарлича афзалроқдир.
Бугун сайёрамиз аҳлининг ҳар бир вакили бу сайёра яшаш учун яроқсиз ҳолга келадиган кун келиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўриши керак. Ҳар бир эркак, аёл ва бола қилдек ингичка ипга осилган, исталган пайтда ё бир тасодиф, ё нотўғри ҳисоб-китоб ёки ё телбалик туфайли узилиб кетиши мумкин бўлган Дамоклнинг ядровий қиличи остида яшамоқда.
Уруш қуроллари улар бизни йўқ қилмасидан аввал йўқ қилиниши шарт.
Одамлар энди қуролланиш кескинликнинг аломати ёки сабаби экани борасида баҳслашмайдилар. Дунё шу пайтгача кўрган ҳар қандай қуролдан ўн миллион марта кучлироқ ва ер юзидаги ҳар қандай нишонга бир неча дақиқада етиб бора оладиган замонавий қуролларнинг мавжудлигининг ўзи — даҳшат, келишмовчилик ва ишончсизлик манбаидир.
Одамлар энди қуролсизланиш учун барча низолар ҳал қилинишини кутиши керак, деб таъкидламайдилар, чунки қуролсизланиш ҳар қандай ўзгармас ечимнинг ажралмас қисми бўлиши шарт. Шунингдек, одамлар энди қуролсизланишга интилишни заифлик белгиси деб даъво қилолмайдилар, чунки тобора кучайиб бораётган қуролланиш пойгасида давлатнинг қурол-яроғи кўпайгани сари, унинг хавфсизлиги заифлашиб бориши мумкин.
Ўн беш йилдирки, бу ташкилот қуролларни қисқартириш ва йўқ қилишга интилиб келмоқда. Энди бу мақсад шунчаки орзу эмас, балки ҳаёт-мамот масаласидир.
Қуролсизланиш билан боғлиқ хавф-хатарлар чекланмаган қуролланиш пойгасига хос хавф-хатарлар олдида ҳеч нарса эмас.
Айнан шу руҳда яқинда бўлиб ўтган Белград конференсияси бу энди фақатгина Совет ёки Американинг муаммоси эмас, балки бутун инсоният муаммоси эканини тан олиб, “умумий, тўлиқ ва қатъий халқаро назорат остидаги қуролсизланиш” дастурини маъқуллади. Айнан шу руҳда биз АҚШда бу йил янгича қатъият билан ва Конгресс томонидан тўлиқ тасдиқланган янги, эндиликда қонуний мақомга эга агентлик билан биргаликда қуролсизланиш ёндашувини топиш устида ишладик: ҳар бир халқ қабул қила оладиган даражада кенг қамровли, ҳақиқатга яқин, ўзаро мувозанатли ва фойдали бўлган ёндашувни. Ва айнан шу руҳда биз Совет Иттифоқининг розилиги билан — ҳар иккала давлат ҳам қабул қилган “умумий ва тўлиқ қуролсизланиш” шиори остида — музокаралар учун келишилган тамойилларнинг янги баёнотини тақдим этдик.
Лекин яхши биламизки, принсипиал масалаларнинг ҳаммаси ҳам ҳал қилинмаган ва фақат принсипларнинг ўзи етарли эмас. Шунинг учун биз Совет Иттифоқини қуролланиш пойгасига эмас, балки тинчлик пойгасига чорлашни, токи умумий ва тўлиқ қуролсизланишга эришилмагунча, биргаликда қадам-бақадам, босқичма-босқич олға боришни мақсад қилганмиз. Биз энди уларни принсипиал келишувлар доирасидан чиқиб, аниқ режалар бўйича келишувга эришишга чақирамиз.
Ушбу ассамблеяга тақдим этиладиган дастур — самарали халқаро назорат остида умумий ва тўлиқ қуролсизланиш бўйича — босқичма-босқич ёндашувни талаб қилувчилар билан фақат якуний ва тўлиқ натижа ҳақида гапирадиганлар ўртасидаги тафовутни бартараф этишга қаратилган.
У уруш механизмини йўқ қиларкан, тинчликни сақлаш механизмини ҳам яратади. У ҳеч бир давлатга бошқасига нисбатан ҳарбий устунлик бермасликка қаратилган мувозанатли ва хавфсиз босқичлар орқали амалга оширилади. У текширув ва назорат бўйича якуний масъулиятни фақатгина қудратли давлатлар, рақиб ёки ўз-ўзига эмас, балки муносиб жойга — БМТ доирасидаги халқаро ташкилотга юклайди. У қуролсизланишнинг зарурий шарти бўлмиш ҳақиқий текширувни таъминлайди ва уни қуролсизланиш босқичига мутаносиб равишда босқичма-босқич қўллайди. У қуроллар билан бир қаторда уларни етказиб бериш тизимларини ҳам қамраб олади. У пировардида уларнинг ишлаб чиқарилиши ва синовдан ўтказилиши, узатилиши ва уларга эгалик қилинишига чек қўяди.
У Халқаро қуролсизланиш ташкилоти кузатуви остида, ички тартибни сақлаш ва янги БМТ Тинчлик кучлари учун зарур бўлганидан ташқари барча армиялар ва қуроллар йўқ қилинмагунча, ҳам ядровий, ҳам анъанавий кучларнинг муттасил қисқаришига эришади. Ва у бу жараённи ҳозир, бугун, музокаралар бошланиши биланоқ бошлайди.
Бир сўз билан айтганда, умумий ва тўлиқ қуролсизланиш энди биринчи қадамларга қарши туриш учун ишлатиладиган шиор бўлмаслиги керак. У ортиқ эришиш, қандай илгарилаётганини текшириш ва тинчликни сақлаш воситаларига эга бўлмаган бир мақсад бўлиб қолмаслиги керак. Эндиликда бу ҳақиқатга яқин режа ва синов — буни фақат сўзда хоҳлайдиганлар учун ҳам, амалда хоҳлайдиганлар учун ҳам синовдир.
Бундай режа бизга низо ва очкўзликдан холи дунёни туҳфа қилмаслиги мумкин, бироқ оммавий қирғин даҳшатларидан холи дунёни туҳфа қилади. У супердавлатлар даврини бошлаб бермаслиги мумкин, лекин ҳеч бир давлат бошқа давлатни йўқ қила олмайдиган ёки бошқа давлат томонидан йўқ қилинмайдиган даврни бошлаб беради.
1945-йилда — бошқа давлатлар ҳатто бомбага эга бўлишидан ёки ўз қўшинларини демилитаризация қилишидан олдин — бу давлат (АҚШ назарда тутиляпти, таҳр.) атомни халқаролаштириш учун Баруҳ режасини таклиф қилди. Биз иттифоқчиларимиз билан бирга 1951-йилдаги қуролсизланиш режасини ҳали Кореяда уруш олиб бораётган вақтимизда таклиф қилдик. Бугунги таклифларимизни эса Берлин устидан мудофаамизни мустаҳкамлаётган бир пайтда илгари суряпмиз. Бу бизнинг беқарорлигимиз, беғараз эмаслигимиз ёки қўрқиб кетганимизни англатмайди, балки эркин инсонларнинг ҳуқуқлари устун келишини билганимиз учун, шунингдек, ўз иродамизга қарши қайта қуролланишга мажбур бўлсак-да, Берлиндан ташқаридаги барчамиз афзал кўрадиган қуролсиз дунёга ишонч билан қараётганимиз учундир.
Шунинг учун мен ушбу режа асосида қуролсизланиш тўғрисидаги музокараларни зудлик билан қайта бошлашни ҳамда умумий ва тўлиқ қуролсизланишнинг бутун бир дастури нафақат келишилгунга қадар, балки амалда эришилгунга қадар узлуксиз давом эттиришни таклиф қиламан.
Мантиқий бошланиш нуқтаси — бу ҳар қандай муҳитда, самарали назорат остида ҳар қандай турдаги ядровий синовларни тўхтатишни таъминлайдиган шартномадир. АҚШ ва Буюк Британия ҳам оқилона, ҳам самарали ва имзолашга тайёр бўлган шундай шартномани таклиф қилди. Биз бугун ҳам ушбу шартномани имзолашга тайёрмиз.
Шунингдек, биз инсониятни радиоактив ёғинлар заҳридан қутқариш учун атмосферада текширувларсиз ёки назорациз синовларни ўзаро тақиқлашни таклиф қилдик. Бу таклиф қабул қилинмаганидан афсусдамиз.
15 йил давомида биз атомни уруш эмас, балки тинч тараққиёт воситасига айлантиришга интилдик. Бироқ 15 йил давомида бизнинг ён беришларимизга тўсқинликлар билан, сабр-тоқатимизга эса муросасизлик билан жавоб қайтарилди.
Инсониятнинг тинчлик ҳақидаги илтижолари эса эътиборсиз қолдирилди.
Ниҳоят, бошқаларнинг портлашлари осмонни булут билан қоплаганида, мамлакатимда ўз манфаатлари ва эркин дунё хавфсизлиги йўлида ҳаракат қилишдан бошқа чора қолмади. Бошқалар ўз қурол-яроғларини такомиллаштираётган бир пайтда, синовлардан ўзимизни тийиб, ушбу хавфсизликни хавф остига қўя олмаймиз. Шунингдек, синовларни яна бир узоқ муддатли, текширувсиз тақиқлаш орқали хавфсизликни таҳдид остига қўя олмаймиз.
Уч йил давомида очиқ жамиятимизда текширувлар бўйича келишувга эришишга интилиб, ушбу хатарларни зиммамизга олдик. Бироқ бу йил, биз Женевада холис ниятда музокаралар олиб бораётганимизда, бошқалар (Совет Иттифоқи назарда тутиляпти, таҳр.) ҳуфёна вайронкор янги ядро синовларига ҳозирлик кўраётган эди.
Бизнинг синовларимиз атмосферани ифлослантирмаяпти. Бизнинг тийиб турувчи қуролларимиз тасодифий портлаш ёки фойдаланишдан ҳимояланган. Шифокорларимиз ва олимларимиз ҳар қандай давлатга атмосферадаги синовлар инсон саломатлиги учун муқаррар равишда келтириб чиқарадиган хавфларни ўлчаш ва уларга қарши туришда ёрдам беришга тайёр.
Бироқ бу даҳшатли қуролларнинг тарқалишига чек қўйиш, ҳавонинг ифлосланишини тўхтатиш, кучайиб бораётган ядровий қуролланиш пойгасига барҳам бериш учун биз келишувнинг янги йўлларини излашга тайёрлигимизча қоламиз.
Шунинг учун бизнинг янги Қуролсизланиш дастуримиз қуйидаги таклифларни ўз ичига олади:
Биринчидан, барча давлатлар томонидан синовларни тақиқлаш тўғрисидаги шартномани имзолаш. Буни ҳозирнинг ўзида қилиш мумкин. Синовларни тақиқлаш бўйича музокаралар умумий қуролсизланишни кутиши шарт эмас ва кутмаслиги керак;
Иккинчидан, қуролларда фойдаланиш учун бўлинувчи материаллар ишлаб чиқаришни тўхтатиш ва уларни ҳозирда ядро қуролига эга бўлмаган ҳар қандай давлатга берилишига йўл қўймаслик;
Учинчидан, ядро қуроли устидан назоратни унга эга бўлмаган давлатларга ўтказишни тақиқлаш;
Тўртинчидан, ядро қуролларининг очиқ коинотда янги жанг майдонларини яратишига йўл қўймаслик;
Бешинчидан, мавжуд ядро қуролларини босқичма-босқич йўқ қилиш ва уларнинг материалларини тинч мақсадларга йўналтириш;
Ниҳоят, стратегик ядро қуролини элтувчи воситаларни чексиз синовдан ўтказиш ва ишлаб чиқаришни тўхтатиш ҳамда уларни ҳам босқичма-босқич йўқ қилиш.
Бироқ, қуролларни йўқ қилишнинг ўзи етарли эмас. Биз йўқ қилиш билан бир қаторда яратишимиз ҳам керак — бутун дунёда уруш ва қуролларни қонунга зид деб эълон қилар эканмиз, умумжаҳон қонуни ва ҳуқуқ-тартиботини яратишимиз лозим.
Биз интилаётган дунёда шошилинч равишда тузилган, таъминоти ноаниқ ва етарли даражада молиялаштирилмаган БМТнинг Фавқулодда кучлари ҳеч қачон етарли бўлмайди.
Шу сабабли, АҚШ барча аъзо давлатларга ўз қуролли кучлари таркибидан БМТ чақириғига доим шай турадиган, махсус тайёргарликдан ўтган, тезда ҳаракатга кела оладиган ҳамда молиявий ва моддий-техник таъминоти олдиндан ҳал қилинган махсус тинчликпарвар бўлинмаларни ажратишни тавсия қилади.
Бундан ташқари, Америка делегацияси халқаро ҳуқуқ устуворлигини кенгайтириш мақсадида — воқеа жойининг ўзида фактларни аниқлаш, воситачилик қилиш ва суд орқали ҳал этиш каби низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича БМТ механизмини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қадамларни таклиф қилади. Чунки тинчлик фақатгина ҳарбий ёки техник муаммолардан иборат эмас — у биринчи навбатда сиёсат ва инсонлар масаласидир.
Инсоният қурол-яроғ ва технологиялар соҳасидаги қадамларини ижтимоий ва сиёсий тараққиётдаги худди шундай қадамлар билан мувофиқлаштирмас экан, бизнинг улкан кучимиз, худди динозаврларники каби, тўғри назорат қилиб бўлмайдиган ҳолатга келади — ва динозаврлар каби ер юзидан йўқ бўлиб кетади.
Биз ер юзида қонун устуворлигини қандай ўрнатаётган бўлсак, уни инсониятнинг янги ҳудуди — коинотга ҳам худди шундай татбиқ этишимиз керак.
Ҳаммамиз Совет Иттифоқининг довюрак космонавтларига ҳурмат бажо келтирамиз. Космик фазонинг янги уфқлари империализм ва суверенитет даъволарининг эскирган тушунчалари билан бошқарилмаслиги керак. Коинотнинг совуқ сарҳадлари янада совуқроқ урушнинг янги майдонига айланмаслиги лозим.
Шу мақсадда биз БМТ Хартиясини инсоннинг коинотни ўрганиш чегараларигача кенгайтириш, космик фазони фақат тинч мақсадларда фойдаланиш учун сақлаб қолиш, фазода ёки осмон жисмларида оммавий қирғин қуролларини тақиқлаш ҳамда коинотнинг сир-асрорлари ва афзалликларини ҳар бир халқ учун очиб бериш таклифларини илгари сурамиз.
Биз барча давлатлар ўртасида об-ҳавони башорат қилиш ва охир-оқибат уни назорат қилиш бўйича келгусидаги ҳамкорлик саъй-ҳаракатларини таклиф қиламиз. Ниҳоят, биз бутун дунёни телеграф, телефон, радио ва телевидение орқали боғлайдиган сунъий йўлдошларнинг глобал алоқа тизимини таклиф этамиз. Тинчлик манфаатлари йўлида бундай тизим ушбу ташкилот мажлисларини дунёнинг барча бурчакларига телевидение орқали намойиш этадиган кун ҳам узоқ бўлмаслиги керак.
Бироқ коинотнинг сир-асрорлари бизнинг нигоҳимизни ва куч-ғайратимизни биродарларимиз дуч келаётган шафқациз воқеликлардан чалғитмаслиги шарт.
Қашшоқлик, саводсизлик ва касалликларни енгиш воситаларисиз сиёсий суверенитет — масхарабозликдан бошқа нарса эмас.
Келажакка ҳеч қандай умид йўқ экан, ўз тақдирини ўзи белгилаш — қуруқ шиордан бошқа нарса эмас.
Шу нуқтаи назардан, бошқаларга ўзини ўнглаб олишида ёрдам бериш учун ўз капитали ва технологиясини беминнат баҳам кўрган мамлакатим эндиликда 1960-йилларнинг ушбу ўн йиллигини БМТнинг Тараққиёт ўн йиллиги деб расман белгилашни таклиф қилмоқда. Ушбу резолюция доирасида БМТнинг иқтисодий ўсишга кўмаклашиш борасида амалдаги саъй-ҳаракатларини кенгайтириш ва мувофиқлаштириш мумкин.
Минтақавий тадқиқотлар ва ўқув институтлари энди кўплаб истеъдодларни бирлаштира олади. Янги тадқиқотлар, техник ёрдам ва тажриба лойиҳалари кам тараққий этган ерлар ва фойдаланилмаётган сув манбаларининг бойлигини юзага чиқариши мумкин.
Тараққиёт рақобатли эмас, балки ҳамкорликка асосланган фаолиятга айланиши мумкин — бу барча миллатларга, уларнинг тизимлари ва эътиқодлари қанчалик хилма-хил бўлмасин, нафақат қонунда, балки амалда ҳам эркин ва тенг ҳуқуқли миллатларга айланиш имконини беради.
Менинг мамлакатим эркин ва тенг ҳуқуқли давлатлар дунёси тарафдори. Биз ушбу Ассамблеяда мустамлакачилик асосий масала, деган фикрга қўшиламиз. Лекин ушбу масалага оид барча далиллар тўлиқ муҳокама қилинсин.
Бир томондан, Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери бутун дунё бўйлаб мустақиллик эълон қилиниши натижасида деярли 1 миллиард киши ва 9 миллион квадрат мил (тахминан 23 миллион kv.km) ҳудуд 42 та эркин ва мустақил давлатга айлангани айни ҳақиқат. Ҳозирги кунда дунё аҳолисининг 2 фоиздан камроғи “қарам” ҳудудларда яшайди.
Мен ҳали ҳам ушбу орган олдида турган анъанавий мустамлакачиликнинг сақланиб қолаётган муаммоларини эътибордан четда қолдирмайман. Бу муаммолар сабр-тоқат, эзгу ният ва қатъият билан ҳал қилинади. Менинг мамлакатим бундай масалалардаги масъулиятимиз доирасида миллатларнинг мустамлака мақомидан тенг ҳуқуқли шерикликка томон тинч ва жадал ўтишида шунчаки кузатувчи эмас, балки иштирокчи бўлишни мақсад қилган. Ўз тақдирини ўзи белгилашнинг бу қадар кучли давом этаётган тўлқини бизнинг хайрихоҳлигимиз ва қўллаб-қувватлашимизга сазовор.
Аммо мустамлакачиликнинг энг шафқациз кўринишлари фақатгина янги миллатларнинг эскилар томонидан, қора танлиларнинг оқ танлилар томонидан эксплуатация қилиниши ёки камбағалларнинг бойларга бўйсундирилишидан иборат эмас. Менинг халқим ҳам бир вақтлар мустамлака бўлган ва биз мустамлакачилик нима эканини яхши биламиз: бу — қитъаси, синфи, тана рангидан қатъи назар, бошқарилишга розилик бермаган халқларни, кучсизларни кучлилар томонидан, кўпчиликни озчилик томонидан эксплуатация қилиш ва бўйсундиришдир.
Шунинг учун ҳам ўз тақдирини ўзи белгилаш тўлқини коммунистик империяга етиб бормаганини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. У ерда расмий равишда “қарам” деб аталадиганидан анча кўп бўлган аҳоли эркин институтлар ўрнига чет эл қўшинлари томонидан ўрнатилган ҳукуматлар таъсири остида, фақат битта партия ва битта эътиқодни тан оладиган, эркин мунозаралар, эркин сайловлар, эркин газеталар, эркин китоблар ва эркин касаба уюшмаларини бостирадиган, ҳақиқатни яқинлаштирмаслик ва ўз фуқароларини асирликда сақлаш учун девор қурадиган тизим остида яшайди.
Келинг, мустамлакачиликни тўлиқ муҳокама қилайлик ва эркин танлов тамойилини ҳамда эркин умумхалқ сайловлари амалиётини дунёнинг ҳар бир бурчагида татбиқ қилайлик.
Ниҳоят, АҚШ президенти сифатида мен ушбу Ассамблеяга тинчликка таҳдид солаётган иккита хавф ҳақида хабар беришни ўз бурчим деб биламан. Улар сизнинг тиғиз кун тартибингизга киритилмаган бўлса-да, бизни ва сизнинг кўпчилигингизни чуқур ташвишга солади.
Мен хабар бермоқчи бўлган биринчи таҳдид кўпинча нотўғри тушунилади: бу Жануби-Шарқий Осиёда тутаётган уруш чўғларидир. Жанубий Ветнам аллақачон ҳужумга учрамоқда — баъзан якка қотил, баъзан партизанлар гуруҳи, яқинда эса бутун бошли баталонлар томонидан.
Бирма, Камбоджа ва Ҳиндистоннинг тинч чегаралари бир неча бор бузилди.
Лаоснинг тинч халқи эса яқиндагина қўлга киритган мустақиллигини йўқотиш хавфи остида қолмоқда.
Буларни ҳеч ким “озодлик урушлари” деб атай олмайди. Зеро, булар ўз ҳукуматлари бошқаруви остида яшаётган эркин мамлакатлардир. Одамлар жанг майдонларида ўққа тутилмай, ўз уйларида пичоқлангани бу тажовузларнинг аҳамиятини заррача пасайтирмайди.
Жаҳон ҳамжамияти олдида жуда оддий бир савол турибди: кичик ва заиф давлатларни бундай тактикалардан ҳимоя қилиш чораларини ишлаб чиқиш мумкинми? Чунки агар улар Лаос ва Жанубий Ветнамда муваффақиятга эришса, дарвозалар ланг очилади.
АҚШ бу ҳудудда ўзи учун ҳеч қандай база, ҳудуд ёки бирон-бир алоҳида позицияни кўзламайди. Биз халқи ташқи аралашувлардан холи бўлган, ўзаро ва қўшнилари билан тинч-тотув яшайдиган, ҳудудидан бошқаларга ҳужум қилиш учун фойдаланилмаслигига ишонч ҳосил қилган ҳамда (жаноб Хрущёв билан Венада келишиб олганимиздек) Камбоджа ва Бирманикига қиёслаш мумкин бўлган ҳукумат бошқарувидаги чинакам бетараф ва мустақил Лаосни қўллаб-қувватлаймиз.
Бироқ ҳозир Лаос бўйича музокаралар ҳал қилувчи босқичга етиб келмоқда. Ўт очишни тўхтатиш борасидаги ҳолат ўта қалтис. Ёмғирлар мавсуми ўз ниҳоясига етяпти. Лаос ҳудудидан Жанубий Ветнамга суқилиб кириш учун фойдаланилмоқда.
Жаҳон ҳамжамияти — ва барча дахлдор томонлар — Лаос тинчлиги ва эркинлигига бўлган ушбу кучли таҳдид уларнинг ўзларига қаратилган бошқа барча таҳдидлар билан чамбарчас боғлиқ эканини тан олиши шарт.
Иккинчидан, мен сизга Германия ва Берлин атрофидаги инқироз тўғрисида маълум қилмоқчиман. Ҳозир кескин оҳангда гапиришнинг ўрни ва мавриди эмас, лекин жаҳон ҳамжамияти биз кўриб турган жуда оддий масалаларни билишга ҳақли. Агар инқироз мавжуд бўлса, бу мавжуд тинчлик хавф остида қолгани, эркин одамларнинг мавжуд ороли босим остида қолгани, тантанали келишувларга бепарво муносабатда бўлинаётгани учун.
Ўрнатилган халқаро ҳуқуқлар бир томонлама тортиб олиниш хавфи остида қолмоқда.
Тинч қатнов тиканли симлар ва бетон блоклар билан тўхтатиб қўйилган.
Пушкиннинг “Борис Годунов” асаридаги подшонинг буйруғи ёдга тушади: “Шу соатнинг ўзидаёқ чегараларимизни тўсиқлар билан ўраш чораларини кўринг… Чегарадан биронта ҳам жонзот ўтмасин, қуён югурмасин, қарға учмасин”.
Совет Иттифоқи ва Шарқий Германия ўртасида “тинчлик шартномаси” деб аталмиш битим имзоланишига тўсқинлик қилиш учунгина уруш билан таҳдид қилаётган эканмиз — аҳмоқона даъво. Советларнинг ўз қўшинлари томонидан босиб олинган ва ўз агентлари томонидан бошқариладиган ҳудудда ўзлари яратган режим билан қандайдир қоғоздаги келишувни тузиш истаги Ғарбий иттифоқчиларни қизиқтирмайди. Бундай ҳаракатларнинг ҳеч бири бизнинг ҳуқуқларимизга ҳам, мажбуриятларимизга ҳам таъсир қила олмайди.
Агар Берлинда хавфли инқироз мавжуд бўлса — ҳақиқатан ҳам шундай — бу Ғарб давлатларининг ҳаётий манфаатлари ва жиддий мажбуриятларига, шунингдек, Ғарбий Берлин эркинлигига қарши қилинаётган таҳдидлар туфайлидир. Биз бу манфаатлардан воз кеча олмаймиз. Биз бу мажбуриятларни бажармаслигимиз мумкин эмас. Биз ўзимиз масъул бўлган бу инсонларнинг эркинлигини қўлдан чиқара олмаймиз.
Тинчликни йўққа чиқарадиган шартларни ўз ичига олган “тинчлик шартномаси” сохталик бўларди. Ҳақиқатан ҳам эркин бўлмаган “эркин шаҳар” эркинликни бўғиш ва шармандалик бўларди. Шаҳар ёки халқ ҳақиқатан ҳам эркин бўлиши учун улар иқтисодий, сиёсий ёки полиция босимисиз ўз танловини амалга ошириш ва ўз ҳаётини ўзи кечиришдек кафолатланган ҳуқуққа эга бўлиши керак.
Ва аввал ҳам кўп марта айтганимдек, агар кимдир Ғарбий Берлин халқи бизнинг бу ерда бўлишимизни қанчалик хоҳлаётганига шубҳа қилса, биз бу масалани бутун Берлинда ва, иложи бўлса, бутун немис халқи ўртасида эркин овозга қўйишга тайёрмиз.
Бу инқирозга оид энг оддий ҳақиқат шундаки, унга ҳеч қандай зарурат йўқ. Тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий воситаларини Хартиядан топиш мумкин. Унинг қоидаларига кўра, келишувлар, агар уларни тузган барча томонлар ўзгартирмаса, бажарилиши шарт.
Белгиланган ҳуқуқларга риоя қилиниши керак. Халқларнинг сиёсий тақдири уларнинг эркин умумхалқ сайловлари ёки эркин сайловларда эркин ифода этилган ўз хоҳиш-иродасига асосланиши лозим. Агар ҳуқуқий муаммолар мавжуд бўлса, уларни қонуний йўллар билан ҳал қилиш мумкин. Агар куч ишлатиш таҳдиди бўлса, у рад этилиши шарт. Агар ўзгаришларга хоҳиш бўлса, бу музокаралар мавзусига айланиши керак, агар музокаралар олиб борилса, улар ўзаро ҳурмат ва бошқаларнинг ҳуқуқларини эътиборга олишга асосланиши шарт.
Ғарб давлатлари қандай воситалар қўллашга мажбур бўлишмасин, ўз мажбуриятларини, Ғарбий Берлиннинг эркин фуқаролари билан алоқаларини ва бу фуқароларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини вазминлик билан ҳимоя қилишга қарор қилдилар. Бу авлод аччиқ тажрибасидан шуни англаб етдики, таҳдид қилиш ҳам, таҳдидларга бўйсуниш ҳам фақат урушга олиб келиши мумкин.
Аммо қатъият ва ақл-идрок менинг мамлакатим чуқур ишонадиган тинчлик йўлидаги ечимга олиб келади.
Биз ҳеч қандай қатъий қолипга боғланиб қолмаганмиз. Биз ҳеч қандай мукаммал ечимни кўрмаяпмиз. Бу бизга қанчалик оқилона бўлмаган сиёсатдек туюлмасин, қўшинлар ва танклар халқни унинг хоҳиш-иродасига қарши бир муддат бўлинган ҳолда ушлаб туриши мумкинлигини тан оламиз.
Бироқ биз Ғарбий Берлиннинг эркинлигини ҳамда иттифоқчиларнинг у ерда бўлиши ва кириш ҳуқуқини ҳимоя қиладиган, шу билан бирга, Европа хавфсизлигини таъминлашда бошқаларнинг тарихий ва қонуний манфаатларини тан оладиган тинчлик келишувига эришиш мумкинлигига ишонамиз.
Ҳозирда музокара ўтказиш имкониятлари ўрганилмоқда; унинг истиқболлари қандай бўлиши ҳақида хабар беришга ҳали эрта. Ўз навбатида, биз вақти келганда ечим топилгани ҳақида хабар беришдан мамнун бўламиз. Зеро, Берлин масаласида тинчликка таҳдид соладиган инқирозга ҳожат йўқ — ва агар бу инқирозни келтириб чиқарганлар тинчликни истасалар, Берлинда тинчлик ва эркинлик бўлади.
Келгуси ўн ойдаги воқеалар ва қарорлар инсониятнинг кейинги ўн минг йиллик тақдирини ҳал қилиши ҳеч гап эмас. Бу воқеалардан қочиб қутулиб бўлмайди. Бу қарорлар устидан шикоят қилиб бўлмайди.
Ва бу залда ўтирган биз, ё бу сайёрани ёнаётган дафн гулханига айлантирган авлоднинг бир қисми сифатида, ёки “кейинги авлодларни уруш балосидан қутқариш” қасамёдини бажарган авлод сифатида эсга олинамиз.
Ана шу қасамёдни бажариш йўлида мен ўз мамлакатимнинг барча имкониятларини ишга солишга онт ичаман. Сизга шуни ваъда қиламанки, биз ҳеч қачон тажовуз қилмаймиз ва гижгижламаймиз, қочмаймиз ва куч ишлатиш билан таҳдид қилмаймиз, ҳеч қачон қўрқув туфайли музокарага киришмаймиз ҳамда музокара олиб боришдан ҳеч қачон қўрқмаймиз.
Террор — янги қурол эмас.
Тарих давомида ундан ишонтиришга ёки шахсий намуна билан устунликка эриша олмаганлар фойдаланиб келишган. Аммо улар муқаррар равишда мағлубиятга учрайдилар, чунки инсонлар яшашга арзийдиган ҳаёт учун ўлимдан қўрқмайдилар, ёки террорчиларнинг ўзлари ҳам эркин инсонларни таҳдидлар билан қўрқитиб бўлмаслигини ва ҳар қандай тажовуз ўзининг муносиб жавобини олишини тушуниб етадилар.
Ва айнан шу тарих нуқтаи назаридан бугунги кунда ҳар бир миллат, хоҳ у дўст, хоҳ душман бўлсин, АҚШда эркин инсонлар билан бир қаторда ўз масъулиятларини ҳимоя қилиш учун ҳам ирода, ҳам қурол-яроғ борлигини билиши керак.
Аммо мен бугун бу ерга таҳдидларга тўла бу дунё оша тинчлик дунёсига назар ташлаш учун келдим. Бу изланишларда биз ҳеч қандай якуний ғалабани кута олмаймиз, чунки ҳар доим янги муаммолар пайдо бўлади.
Биз барча миллатлар бир хил тизимларни қабул қилишини кута олмаймиз, чунки бир хиллик — тараққиётнинг душмани, у эркинликни бўғади. Шунингдек, биз ўз мақсадимизга ҳийла-найранг, фармон ёки ҳатто барчанинг хоҳиш-истаги билан ҳам эриша олмаймиз.
Шунга қарамай, баъзан ўша қоронғу ва сўнгги жарликка қанчалик яқин кўринмайлик, тинчлик ва озодлик тарафдори бўлган ҳеч бир инсон умидсизликка тушмасин. Чунки у ёлғиз эмас.
Агар барчамиз матонат кўрсата олсак, агар ҳар бир мамлакат ва ҳар бир лавозимда ўз чегараларимиз ва интилишларимиздан ташқарига қарай олсак, у ҳолда, албатта, кучлилар адолатли, заифлар хавфсиз бўладиган ва тинчлик барқарор сақланиб қоладиган давр келади.
Ушбу Ассамблеяда йиғилган хонимлар ва жаноблар, қарор қилиш бизнинг қўлимизда. Дунё халқларининг йўқотадиган ёки қўлга киритадиган нарсаси ҳеч қачон бунчалик кўп бўлмаган.
Биргаликда сайёрамизни қутқарамиз ёки унинг гулханида биргаликда ҳалок бўламиз.
Биз уни қутқара оламиз — ва қутқаришимиз шарт — шундагина биз инсониятнинг абадий миннатдорлигига ва тинчликпарварлар сифатида Худонинг абадий марҳаматига сазовор бўламиз.

