Тарифларнинг ошиши Ўзбекистон аҳолисини электр энергияси ва газни тежашга ундади — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Тарифлар оширилганидан кейин Ўзбекистон аҳолиси энергия ресурсларини тежаб сарфлай бошлади, деди иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршед Мустафаев. Унинг маълумотларига кўра, 2023−2025 йилларда бир абонентга электр энергиясининг ўртача ойлик истеъмоли 13 фоизга, газ истеъмоли эса 21 фоизга камайган.

Тарифларнинг ошиши Ўзбекистон аҳолисини электр энергияси ва газни тежашга мажбур қилди — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ўзбекистонда бир абонентга тўғри келадиган энергоресурсларнинг ўртача ойлик истеъмоли тарифлар ошганидан кейин 2023–2025 йилларда камайди. Бу ҳақда 14 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршед Мустафаев маълум қилди.
Унинг маълумотларига кўра, бир абонентнинг электр энергияси бўйича ўртача ойлик истеъмоли 2023 йилдаги 212 кВт·соатдан 2025 йилда 184 кВт·соатгача камайган. Шу тариқа, камайиш 28 кВт·соатни ёки тахминан 13% ни ташкил этди.
Худди шу даврда табиий газнинг ўртача ойлик истеъмоли бир абонентга 431 куб метрдан 342 куб метргача — 89 куб метрга ёки деярли 21% га қисқарди.
«Бу шуни англатадики, ўз вақтида ўтказилган тариф ислоҳотлари натижасида аҳоли буни аста-секин англаб етмоқда, тежамкорлик ва энергия самарадорлигига ўтмоқда. Одамларда энергоресурсларни истеъмол қилиш маданияти шаклланмоқда. Биз буни жуда ижобий тенденция деб ҳисоблаймиз», — деди Мустафаев.
Матбуот анжуманида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Жамшид Абруев ҳам аввалги тариф субсидиялаш тизимидан аҳолини манзилли қўллаб-қувватлашга ўтиш сабабларини тушунтириб берди.
Унинг сўзларига кўра, ислоҳотлар бошлангунига қадар энергоресурслар нархи ва энергетика корхоналарининг харажатлари ошиб борганига қарамай, аҳоли учун тарифлар бир неча йил давомида қайта кўриб чиқилмаган. Орадаги фарқ, аслида, давлат бюджети ва корхоналарнинг ўзи томонидан қопланган.
Абруев коронавирус пандемияси ва ундан кейинги иқтисодиётни тиклаш даврида бундай ёндашув даромад даражасидан қатъи назар, ситеъмолчиларнинг барчасини қўллаб-қувватлашга имкон берганини таъкидлади. Бироқ, кейинчалик ундан энг катта манфаатни энергоресурсларни юқори даражада истеъмол қиладиган хонадонлар олаётгани аён бўлди.
«Иқтисодиётни барқарорлаштириш даврида ушбу механизм орқали кўпроқ истеъмол қиладиган, даромади юқорироқ бўлган оилалар кўпроқ ютар эди. Кам таъминланган оилалар эса, аксинча, ундан камроқ манфаат кўрар эди», — дея тушунтирди директор ўринбосари.
Мисол тариқасида у абонентлар ўртасида электр энергияси истеъмолининг тақсимланишини келтирди.
«Электр энергиясини 200 кВт·соатдан ортиқ истеъмол қиладиган абонентлар умумий соннинг 30% ини ташкил этади. Шу билан бирга, уларнинг ҳиссасига жами истеъмол қилинадиган электр энергиясининг 71% и тўғри келади. Маълум бўлишича, илгари кўпроқ субсидиялар юқори даромадли аҳолига йўналтирилган», — деди Абруев.
Унинг сўзларига кўра, айнан шу сабабли ҳокимият органлари табақалаштирилган тарифларга ва эҳтиёжманд оилаларнинг харажатларини манзилли компенсация қилишга босқичма-босқич ўтишга қарор қилди.
Хусусан, кам таъминланган хонадонлар учун электр энергияси ва табиий газнинг қўшимча ҳажмлари учун базис ва оширилган тарифлар ўртасидаги фарқни компенсация қилиш механизми амал қилмоқда.
Директор ўринбосари маълум қилганидек, бир ярим йил ичида 470 мингга яқин оила ушбу ёрдамдан фойдаланди. Компенсацияларга 156 млрд сўм йўналтирилди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 майдан Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газни истеъмол қилишнинг базис нормалари, шунингдек, ресурслардан фойдаланиш ҳажмига боғлиқ бўлган табақалаштирилган тарифлар жорий этилди.
Электр энергияси учун базис норма ойига 200 кВт·соатни ташкил этди. Табиий газ учун — иситиш мавсумида 500 куб метр ва қолган ойларда 100 куб метр.
2026 йил 1 июндан тарифлар яна қайта кўриб чиқилди. Кўпчилик маиший истеъмолчилар учун дастлабки 200 кВт·соат доирасида электр энергияси қиймати 1 кВт·соат учун 650 сўмни ташкил этади. 201 дан 500 кВт·соатгача бўлган ҳажм учун 1 кВт·соатга 900 сўмдан тўланади.
Табиий газнинг базис норма доирасидаги қиймати бир куб метр учун 1100 сўмни ташкил этади.

