
**Тамға**
Ромитаннинг фасллари ҳам ўзига хос-да. Куз кирган бўлса ҳам, ариқларда сув шилдираб оқади, тутлар салобат билан туради, саҳарлари эса қуёш чиқмасидан олдин ҳовлилардан тандир тутуни кўтарилади...
Қишлоқнинг эски кўчаларида ҳаёт шошилмаётгандек туюлади. Ҳар бир эшик ортида бир умрга татигулик ҳикоя, ҳар бир қаровсиз девор бағрида бир алам, ҳар бир чолнинг кўзида эса айтилса ҳам тугамайдиган ривоят яшайди.
Болалигимиздан бери кўз олдимда: 40 йиллардан ошди-ёв... Қўшни Қумрабод қишлоғининг бир чеккасида эски бир ҳовли бор эди. Дарвозаси қийшайган, ошхона томи эскирган, ўртадаги тут дарахти эса неча йиллардан бери ҳеч ким суянмаган одамдек бир томонга эгилиб ўсганди.
Яқинда шу дарвоза олдида сочлари оқариб кетган, елкалари бироз букилган бир киши кўринди. Қўлида кичик жомадон. Чўнтагида бир даста калит. Кўнглида эса бутун бошли қабристондек сукут. Бу Раҳим ота эди. У бу ҳовлидан, адашмасам, 80-йилларда...
Уни ота-онаси, аёли, ёш болалари кузатиб қўйишган. Аммо бугун уни кутиб олишга ота-онаси йўқ... Хотини ҳам йўқ. Болалари-чи? Раҳим ота ўзини худди девордаги михга илиб қўйилган эски чопондек ҳис қилди. Ҳар ёққа аланглади. Донг қотди.
— Бобожон, келдингизми?
— Дадам суратларингизни бизга кўп кўрсатганлар. Сизни ўша суратлардан таниймиз. Сиз бизнинг бобомиз бўласиз...
Раҳим отанинг қўлидаги жомадон ерга тушиб кетаёзди. Қаршисида икки болакай турарди. Улар боболарини ҳаётида илк бор кўриб туришарди...
Раҳим ҳали йигирма бешга ҳам тўлмаган, елкаси бақувват, кўзларида ишонч, қўлларида ғайрат жўш урган йигит эди. Отаси Абдунаби амаки умр бўйи колхозда ишлаган, онаси Ойгул опанинг ҳам куни далада ўтарди. Раҳимнинг оиласи — рафиқаси Меҳринисо ва икки жажжи фарзанди бор эди. Ўғли Илҳом ҳали мактаб ёшига етмаган, қизи Зуҳра эса онасининг этагидан ажралмайдиган жажжигина қизча эди.
Бу хонадонда қиш келса, кўмир тежалиб, ҳамма бир хонага тиқилиб оларди. Ёз келса, яна ўша қишнинг ташвиши бошланарди. Раҳимнинг ота-онаси кундан-кунга қариб борар, болалари эса улғаяётганди.
Бир куни Раҳим ҳовлида ўтин тахлаётиб, отасига яқинлашди:
— Ота, Россияга кецамми деяпман. У ерда иш бор, дейишяпти. Пул топсам, уйни тикласам, болаларни ўқицам...
Абдунаби амаки узоқ сукут сақлади. У ўғлига қараб, ўз ёшлигини эслади; бир пайтлар ўзи ҳам рўзғор юкини мана шундай елкасига олганди.
— Оила, рўзғор юки қийин, болам, — деди ота ниҳоят. — У елкага эмас, кўпроқ юракка оғирлик қилади. Нимаям дердим, борсанг бор, болам. Лекин унутма, пул топаман, деб одамийлигингни йўқотиб қайтма.
Раҳим ота-онасининг дуосини олди. «Сизларни уйли-жойли қиламан, болаларимни ҳеч кимдан кам қилмайман, тез қайтаман», дея мусофирлик тўнини кийди. Афсуски, ўшанда у «тез қайтаман» деган сўзи ўз умри ўлчовида қанчалар узоқ йилларга чўзилиб кетишини хаёлига ҳам келтирмаганди.
Раҳим поездда жўнаб кетди. Дераза ортида юртининг тупроқ йўллари бирин-кетин ортда қолаверди. У рафиқасининг «Кутаман, тез қайтинг!» деган сўзларини, икки гўдагининг шўх овозини-ю, ота-онасининг дуосини қалбининг тўрига худди дурдек жойлаб кетди.
Бегона юртда кимни ҳам тўкис ва фаровон ҳаёт кутиб турибдики, Раҳимни қучоқ очиб қаршиласа? Уни намгарчилик, муздек бараклар, оғир қурилиш майдонлари, ёт тил, бегона одамлар ва меҳнат ҳақини бермай алдаб кетувчилар кутиб олди. Ватандан узоқда бўлиш баъзан инсоннинг ўзинигина эмас, исмини ҳам ўзгартириб юбораркан. Уни энди ҳеч ким «Раҳим» деб чақирмасди; у бегоналар учун шунчаки «ўзбек», «гастарбайтер» ёки «эй, сен»га айланганди. Топган-тутганини тийин-тийинигача аёлига юборар, хатларида эса: «Пул жўнатдим, болаларга кийим-кечак ол. Ота-онамга дори-дармон етказ. Мен тез орада қайтаман», деб ёзарди.
У ҳар куни ишдан ҳориб-чарчаб қайтар, ертўланинг намиққан, зах бурчагида жон сақларди. Ейдиган луқмасини шериклари билан бўлишарди. Совуқдан титраган қўллари билан чўнтагидан болаларининг авайлаб олиб юрадиган суратини чиқарар, унга тикилиб бироз исигандек бўлар ва ширин хаёллар оғушида ухлаб қоларди. Бир куни унинг бу ҳолатини кузатиб турган ҳамроҳи шундай деди:
— Эй, жўра, кўп ўкинма... Инсон Ватандан чиқиб кеца, йўли бошланади. Бироқ кўнгил барибир у ердан кетолмайди. Чидамли бўл!
Раҳим аввалига ҳамроҳининг бу сўзлари мағзини чақолмади. Кейинчалик тушуниб етди... Бироқ унда вақт ўтган, ҳаммасидан кеч бўлганди. Жуда ҳам кеч...
**Қозоғистон чегарасидаги тун**
Орадан йиллар ўтиб, Раҳим ишлаб топган пулларининг бир қисмини йиғди-да, юртига қайтишга қарор қилди. Афсуски, бу сафар у ўйлагандек осон кечмади. Қозоғистон чегараси томон йўл олган транспортларни тинимсиз алмаштириш, ҳужжат текширувлари, узоқ кутишлар, маблағнинг камлиги ва одамларнинг бепарволиги уни тобора ҳолдан тойдирди.
У бир неча кун чегаранинг изғиринли манзилларида бошпанасиз қолган бошқа йўловчилар қатори вокзалнинг совуқ бир бурчагида тунаб қолди. Ичига аёз кириб кетганидан кўз юмолмади. Чегарадан ўтишдаги сарсонлик, йўлдаги доимий хавотир, пулни тежаш илинжидаги очлик унинг кўнглига оғир тошдек чўкди.
Хуллас, минг бир азоб ва қийинчиликлар билан Ромитанга қайтиб келди. У жўнатган пуллар эвазига кекса отаси ҳовлининг у-бу ерини наридан-бери таъмирлатиб қўйганини кўриб, бироз кўнгли ёришди. Бироқ болалари анча улғайиб қолган, рафиқаси Меҳринисо эса суянчиғи йўқ дарахтдек толиққан, тўзиб кетганди.
Кўп ўтмай, у яна йўлга тараддуд кўра бошлади:
— Яна кетмасам бўлмайди, ота... — деди у бир куни тушкун овозда.
— Одамнинг ризқи ҳам, сабри ҳам ердан чиқади, дейишади, болам, — деди Абдунаби амаки оғир хўрсиниб.
— Бу уй-жойни «одам» қилгунча, менинг сабрим тугаб бица керак, ота.
— Сабрнинг тугаши эмас, болам... Унинг қайси томонга бурилиб кетиши хавфли...
Отасининг бу гаплари юрагини тирнаган бўлса-да, Раҳим ўзи учун совуқ ўлкаларга қайтишдан ўзга чора кўрмади. Оиласини тўкис қилиш илинжида, тағин «ҳайё-ҳуйт» деганча мусофирлик йўлига тушди...
**Уйдаги сукут**
Раҳим мусофирликда юрган йилларда қишлоқдаги ҳаёт ўз маромида давом этаверди. Ота-онаси янада қариди. Меҳринисо ёлғизликдан толиқди. Илҳомнинг кўйлаги кичрайди, Зуҳранинг сочлари узайди... Раҳим эса ҳануз ўша бир хил мазмундаги мактубни йўлларди: «Пул жўнатдим, болаларга кийим-кечак ол. Ота-онамга дори-дармон етказ. Мен тез орада қайтаман».
— Қачон мени ҳам ўйлайсиз, Раҳим ака? — дерди хотини почта орқали келган навбатдаги пул ўтказмаси ва қисқа хатни олганда, маъюс пичирлаб.
Аммо бу «тез орада» деган ваъда йиллар давомида тинимсиз такрорланаверди... Ва ниҳоят, аёлнинг сабри тугади. Аввалига рўзғор камчиликларига кўмаклашиб юрган, кейинчалик ҳол-аҳвол сўраб, хабар олиб турган қўшни йигит — Собирга ўзи билмаган ҳолда боғланиб қолди. Вақт ўтиши билан уларнинг муносабатлари чегарадан ўтди.
Эндигина қашшоқликдан халос бўлиб, пойдевори янгиланаётган иморатга хиёнат отлиғ бало шовқинсиз, сукут ичида кириб келди. Кекса ота-она шайтонга ҳай бериб, буни шунчаки одамларнинг гап-сўзига йўйишга уринишар, ўзларини овутиб, харобагина хоналарига кириб, ич-ичидан йиғлашарди. Меҳринисо гарчи Раҳимнинг ота-онаси ва фарзандларини кафтида асраб, хизматини қилиб юрган бўлса-да, уларнинг пинҳоний саволларига фақат бошини эгиб, жимлик билан жавоб берарди.
— Баъзан сукут ҳам уйнинг томидан сув ўтказиб юборади, болам... — деди Абдунаби амаки оғир хўрсиниб.
Раҳимдан эса ҳануз ўша бир хил хатлар келар, у мусофирчиликдаги тирикчилик, иш, ҳужжат ва пул ташвишлари гирдобида уйга қайтишни ҳар гал кейинга сураверарди.
**Кечиккан пушаймон**
Абдунаби амаки бу оғир гап-сўзларни, эл орасидаги пичир-пичирларни кўтара олмади. Бир куни бетоб бўлиб йиқилди-ю, қайтиб турмади. Ойгул момо эса шундай оғир дамда ҳам келинини аяди: ундан ҳеч қандай ёмонлик кўрмагандек бағрикенглик қилди. Келини болаларини оқ ювиб, оқ тараганини, меҳнатдан қочмаганини эътироф этди. Зеро, оила меҳрга зор бўлиб қолган оғир йилларда, улар ўз ўғлига эмас, айнан мана шу келинига суянишганди.
Юртига қайтишга тараддуд кўра бошлаган Раҳим телефон орқали онасига йўл ҳаражати, ҳужжатлар ва бошқа тўсиқлар сабаб ушланиб қолаётганини, аммо ҳар қандай вазиятда ҳам етиб келишини айтди.
— Сен келиб нима ҳам қила олардинг? Отангни қайта тирилтирармидинг?! Ўзингни қийнама, болам... Йўл узоқ, ҳаво совуқ... — деди онаизор. Аммо у ўғлига «уйимиз нотинч, оиламиз барбод бўляпти» дея олмади.
Онаси билан суҳбатдан сўнг Раҳим турган жойида тош қотиб қолди. Отасининг бир пайтлар айтган «одамийлигингни йўқотиб қайтма» деган сўзлари шу топда виждонини ағдар-тўнтар қилиб юборди. Отасининг жанозасида қатнашолмагани туфайли ўзини анчагача кечиролмай юрган Раҳимга, орадан ярим йилча ўтар-ўтмас, онасининг ҳам вафот этгани ҳақида совуқ хабар етиб келди.
— Онам мени қанчалар кутган бўлса-я... Мудом дарвозага термулиб, «болам келади» деб умид қилгандир... — Раҳимни қамраб олган изтироб ва виждон азоби уни сувдан олиб ўтга, ўтдан олиб сувга ташларди...
**Манзили йўқ дард**
2004 йил.
— Мана, қайцам бўларкан-ку... — Раҳим ҳали битмаган ҳашаматли дарвоза пойида ўтириб қолди.
У қишлоғига қайтганида баҳор эди. Аммо ичини куз емирар, юзларини эса гўё қиш изғирини тиларди. У аввал отасининг қабрига борди. Қабр тоши олдида чўккалаб, ўксиб йиғлади:
— Мен келдим, ота... Жуда кеч қолдим, ота...
Сўнг онасининг қабрига ўтди:
— Мен келдим, онажон. Манзили йўқ, вақт сиғдиролмаган бир дард бўлиб келдим, онажон...
Уй руҳига киргандек ҳовлисига қадам қўйди. Ҳовлидаги тут дарахти янада катталашган, бир пайтлар нураган ва емирилган деворлар ҳашаматли деворларга айланганди. Болалари ҳам энди бола эмас, улғайиб қолишганди. Уларнинг кўзларида отага нисбатан соғинч учқунлари йилтираб турарди-ю, бироқ бегонасираш туйғуси устунлик қиларди. Раҳим уларни бағрига босмоқчи бўлди, аммо йиллар улар орасига кўринмас, мустаҳкам бир девор қуриб улгурганди.
Меҳринисо эса ундан тамоман совиганди. Ҳатто шунчаки қўл бериб кўришишни ҳам истамаётганини сездириб қўйди. Уларнинг ўртасида бир замонлар «оила» деб аталган, бугун эса бутунлай вайрон бўлган бир умрнинг харобалари ётарди...
**Сир очилди**
Шунча йил давомида қаҳратон совуқлару изғиринли шамолларга чап бериб, оромидан кечганча ўзга юртларда меҳнат қилган Раҳим, аслида, шу вақт ичида бор-йўғи бир мартагина қишлоғига келиб-кетган эди...
Хотини билан қўшни йигит Собирнинг ўртасидаги яширин муносабатларни эшитгач, дунё кўзига тор бўлиб кетди. Вужудини ғазаб ўти куйдирди. Мусофирликда қалбида тўпланиб қолган алам ва изтироб худди тўғони ўпирилган селдек тошиб чиқди.
У Собир билан юзлашди. Бироқ у билан гап талашиб ўтирмади. Ортиқча ҳақорат, ҳеч қандай тортишув бўлмади... Раҳим қўлига тушган ошхона пичоғи билан Собирнинг дуч келган жойига кетма-кет зарба берди.
Собирнинг ота-онаси дод-фарёд қилиб етиб келишганда ҳам, у ақлдан озгандек эди... Кўзлари қонга тўлган Раҳимни ҳеч ким тўхтата олмади...
**Темир эшик ортидаги йиллар**
Қонун уни ўз домига олди. 2004 йил Раҳим учун тақвимдаги шунчаки бир сана эмас, ҳаётини чил-чил қилиб иккига бўлган совуқ чизиққа айланди. Унинг бир томонида мусофирликдаги ширин орзулар, иккинчи томонида эса қамоқхонанинг темир эшиклари, чексиз тунлар, битмас-туганмас пушаймонлик ва узоқ йиллик жазо муддати турарди.
— Ташқарида ҳаёт қайнайди... Болалар боғчага боради, кимдир ишга, кимдир ўқишга ошиқади. Дарахтлар мева беради, ҳосиллар йиғиб-териб олинади. Янги хонадонлар қурилади, кимдир тўйга, кимдир байрамга шошилади. Ичкарида-чи? Бу ерда ҳар бир кун фақат темир эшикларнинг ғичирлаб очилиб-ёпилиши билан ўлчанади. Ҳаммада бир хил кийим, бир хил соч турмаги. Фақат юракларда «Озодликка чиқа оламанми? Тирик қоламанми?» деган овозсиз ҳайқириқ яшайди... — деди Раҳим бир куни ёнидаги маҳбусга ҳазин оҳангда.
Раҳим тутқунликнинг дастлабки йилларини қаттиқ ғазаб ва нафрат ичида ўтказди. У ҳаммани айблади: тақдирни, қашшоқликни, мусофирчиликни, ёлғизликни, ҳатто ўзини олис юртларга олиб кетган ўша машъум поездни ҳам. Аммо йиллар ўтиши билан у бир ҳақиқатни англаб етди — ўзгаларнинг хатоси унинг қўли билан содир этилган мудҳиш жиноятни оқлай олмасди.
Вақт ўтиб, қамоқхонага болаларидан хатлар кела бошлади. Улар аллақачон улғайиб, ҳаётда ўз йўлларини топишган, ишли бўлишганди. Ўғли ҳатто уйланишга ҳам улгурганди. Хатларнинг бирида шундай ёзилганди: «Синглимни ўқитдим. Яқинда тўйи. Тўғри, сиз ёнимизда бўлолмайсиз, аммо дуода бўлинг, ота...». Ўғлидан келган бу сўзларни ўқиган Раҳим ўкириб йиғлаб юборди.
«Агар бир кун озодликка қайцам, болаларим олдидаги гуноҳларимни ювиш учун, фақат кечирим сўраб яшайман. Ҳеч бўлмаса, кимнингдир оғирини енгил қиламан!» — дея қарор қилди у.
Фарзанд бўлиб — ота-онасини сўнгги манзилга кузата олмади. Ота бўлиб — фарзандларининг тўйида бош-қош бўлолмади. У ўзини болалигидаги ўша олис ҳовлида ўсган, шох-шаббалари аёвсиз кесиб ташланган майиб тут дарахтига ўхшатарди...
**Қайтиш**
Йиллар ўтиб, Раҳим жазо муддатини тўлиқ ўтаб, ниҳоят озодликка чиқди. У темир панжаралар ортини тарк этаркан, кичик жомадонига бир-икки қават кийим, сарғайган эски суратлар ва узоқ йиллар давомида қалб изтироблари муҳрланган кундалик дафтарини жойлади.
Ташқаридаги ҳаво унга буткул ўзгача туюлди. У тўғри қадрдон қишлоғи сари йўл олди. Йўл-йўлакай ҳамма манзилда катта ўзгариш, янгиланишни кўрди. Кўчалар ўзгарган, йўллар кенг ва равон эди. Ҳатто уни эски ҳовлисига бошлайдиган ўша таниш қумлоқ йўлга ҳам асфалт ётқизилганди. Раҳим ота дарвозаси олдида вужуди қалтираб, таққа тўхтади. Секин ичкарига мўралади. Ҳовли ўртасидаги ўша кўҳна тут дарахти ҳалиям мағрур турарди.
Шу пайт рўпарасида икки болакай пайдо бўлди. Улар Раҳим отани суратлардан таниб, қучоқ очиб кутиб олишди:
— Бобожон, сиз келдингизми? — деди улардан бири кўзлари қувончдан порлаб.
— Мен Илҳомнинг ўғлиман!
— Қани, бобожон, жомадонингизни мен кўтараман! — дея иккинчиси қўл чўзди.
Раҳим отанинг кўзлари жиққа ёшга тўлди. Икки невараси уни қўлтиғидан олиб, ҳовлига бошлашди. Ота қадамларини зўрға босиб, ота-онаси яшаган ўша ҳув бурчакдаги хонага кирди. Хона бўм-бўш эди... Фақат девордаги эски михларда онасининг тандир тутуни иси келиб турадиган кўйлаги-ю, отасининг эски яктаги ҳануз осиғлиқ турарди. Бурчакда эски-туски бўғчалар қалашиб ётар, ўртада эса ўтмиш йиллардан қолган синиқ курси омонатгина турарди. Курси тепасидаги девордан ота-онасининг сурати унга боқиб турарди...
Хона остонасида мунғайиб, хаёлга чўмган чол эшикнинг майин ғичирлашидан сергак тортди. Ортига ўгирилди... Қаршисида унинг кўзларига боқиб, йиллар соғинчи билан ўғли Илҳом турарди...
**Энг оғир жазо: одамлар хотираси**
Раҳим отани олдинда ҳали яна катта синовлар кутиб турарди. Қишлоқ аҳолиси уни қандай қабул қилади? Эндиликда кимдир у билан очиқ чеҳра билан саломлашар, кимдир эса жирканиб юзини бурар, ўзини кўрмаганга олиб ўтиб кетарди. У қишлоққа шунчаки қайтишнинг ўзи етарли эмаслигини, қалблардаги музларни эритиш кераклигини англаб етди. Жим ўтиришдан фойда йўқлигини билиб, иш бошлашга қарор қилди — кичик бир устахона очди. Мусофирчилик оловида тоблангани, йиллар давомида мажбурликдан турли ҳунарларни ўргангани энди унга асқота бошлади. Устахонасига дастлаб уч кишини, кейинчалик беш кишини ишга олди. Аста-секин иш ҳажми кенгайиб борди.
Орадан кўп ўтмай, бу кичик маскан қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган яшнаб турган корхонага айланди. Янги-янги ищилар келди, қишлоқнинг бир нечта камбағал оиласи шу ердан муқим даромад топа бошлади.
Бир куни ёш ищилардан бири ундан сўраб қолди:
— Раҳим ота, нега сиз ҳар доим ищиларнинг ҳақини вақтида беришни ҳамма нарсадан устун қўясиз?
— Биласанми, болам... Ҳаёт менга бу дунёдаги энг оғир нарса интизор бўлиб кутиш эканини, куттиришнинг кечикиши эса энг мудҳиш адолацизлик эканини ўргатди, — деди Раҳим ота оғир хўрсиниб. — Бир пайтлар мен ҳам яқинларимнинг умидли кутишларини йилларга кечиктирганман.
У бошқа гапирмади. Кўнглидаги ўтмиш юклари ҳануз ичида тирик эди.
Раҳим ота қишлоқда жуда кўп хайрли амалларни бажарди. Маҳалла-кўйга кўмак берди, муҳтожларга мадад бўлди. Айниқса, хорижга ишлаш учун кетмоқчи бўлган қишлоқдошларига ўз ўтмиши сабоқ бўлишини истаб, эринмай ҳар бири билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашди. Уларга тўғри йўл кўрсатди, юртида қолиб ишлашлари учун иш ўринлари яратди.
Шунга қарамай, орқаваротдан айтиладиган гаплар тўхтамасди. «У пулдор бўлиб кетган, яхши ишбилармон, аммо барибир одам ўлдирган-ку, қотил, қамалиб чиққан», деган совуқ сўзлар унинг елкасига худди кўринмас чангдек ёпишиб қолганди.
— Мен бир умр уй қуришни, ҳашаматда яшашни орзу қилдим, — деди у бир куни ўғли Илҳомга ичини бўшатиб. — Аммо уйнинг тош деворини тиклаш осон экан... Унинг ичидаги бой берилган ишончни сақлаб қолиш ҳам, қайта тиклаш ҳам жуда қийин экан, болам...
Раҳим отанинг қалбида йиллар давомида битта умид ва истак яшаб келди. У буни қамоқхонанинг совуқ деворлари орасида ҳам ҳис қилганди. Нима бўлган тақдирда ҳам Собирнинг оиласидан кечирим сўрашни қаттиқ истади. Мудом ўз-ўзига савол берарди: тиз чўкиб кечирим сўрагани билан бир инсоннинг барвақт хазон бўлган умрини ортга қайтара олармиди?
У Собирнинг хонадонига борди ва уларнинг қаршисида бошини эгди:
— Ўзимни асло оқламайман... Мусофирликдаги изтиробларим ҳам, аламим ҳам, аёлимнинг хиёнати ҳам қилган мудҳиш қилмишимга баҳона бўлолмайди. Мен бир инсоннинг ҳаётига нуқта қўйдим. Бу гуноҳнинг жазосини йиллар давомида қамоқда ҳам ўтай олмадим. Бу совуқ ва оғир юкни ҳануз юрагимда кўтариб юрибман. Мени кечиринглар...
— Сиз кечирим сўраяпсиз, лекин биз унинг овозини бошқа ҳеч қачон эшитолмаймиз! — Собирнинг аёли чинқириб, ич-ичидан йиғлаб юборди. — Унинг сочларини сийпалаб, бағримизга босолмаймиз. Ҳар сафар совуқ ва шўр тупроқни қучоқлаб қайтамиз... Бунинг қанчалар даҳшатли оғриқ эканини сиз ҳис қила оласизми?!
Раҳим ота уйига қадамларини зўрға босиб, оғир хаёллар билан қайтди. Кексайган сари у қалбидаги дардларини оқ қоғозга туширишга — кундалик ёзишга одатланганди. Кундалигининг сўнгги саҳифаларидан бирида шундай аламли сўзлар муҳрланганди:
«Мен йигирма беш ёшимда пул топиш илинжида уйдан чиқиб кетдим.
Йиллар давомида бир-икки мартагина кўриниш бердим-у, тағин ортимга қайтдим. Ўттиздан ошганимда эса, ўз ҳовлимга худди бегонадек қадам қўйдим. Кўзларимни ғазаб кўр қилиб содир этган ўша хатоим мени бутун умрлик хотиржамликдан маҳрум этди. Қўлларимни қонга белладим. Навқирон ёшлигим темир панжаралар ортида кексайди. Бугун мен ўша темир панжараларнинг ичкарисида эмас, ташқарисидаман. Афсуски, қилаётган ҳеч бир хайрли ва савобли ишим ўша бевақт ўлган инсоннинг умрини қайтариб беролмаслигини яхши биламан. Кўча-кўйда мени ҳалиям
«қотил» деб бармоқ билан кўрсатишади. Болалар маъносини англамай, орқамдан
«тюремшик» деб масхаралашади... Ахир бир пайтлар мен ота-онасининг қарғишини эмас, оқ дуосини олган содиқ ўғил эдим-ку. Фарзандларини соғинган мушфиқ ота эдим-ку...»
Раҳим ота ҳовлисининг ўртасида турган ўша кўҳна тут дарахти соясига келди. Тиз чўкканча, титроқ қўлларини дуога очиб, сўнгги бор илтижо қилди:
— Эй, Парвардигорим... Менинг қилган мудҳиш хатоимдан бошқаларга сабоқ бер. Ўлган инсоннинг ҳақини, унинг яқинларининг қалбидаги алам ва изтиробларини, майли, менга унуттирма. Фақат болаларимга сабр-бардош бер... Невараларимни ғазаб ва нафрат балосидан асра...
Эртаси куни эрта тонгда қишлоқ бўйлаб совуқ бир хабар тарқалди:
«Ана у қотил бор-ку, қамалиб чиққан Раҳим ота... Пешин намозидан кейин ўшанинг жанозаси экан...»

