Спорт

“Талаб”. “Пахтакор”даги сигнал, профессионализм сари қадамлар ҳақида

**"Талаб": "Пахтакор"даги сигнал ва профессионализм сари қадамлар ҳақида**

Биз ОФК ва ПФЛ томонидан белгиланган лицензиялаш талаблари ҳақида доим эшитиб келганмиз. Бу талаблар асосан шакл ва шароитларга қаратилган бўлиб, майдон чими, ёритиш мосламалари, турли ёшдаги ва аёллар жамоаларининг мавжудлиги, клуб базасидаги шароитлар каби жиҳатларни ўз ичига олади. Гўёки, бундай талаблар футболни ривожлантириши керакдек туюлади, аммо улар асосан шароитлар ҳақида бўлиб, худди қиммат хусусий мактабнинг чиройли ошхонаси, ҳожатхонаси ёки спорт залларини намойиш этишга ўхшайди. Аслида клубнинг ҳақиқий профессионаллиги бу шароитлар билан ўлчанмайди, шароитлар фақат қанча пул сарфланаётганини кўрсатади. Клубнинг профессионаллиги бошқа жиҳатларда баҳоланиши, лицензиялаш шартлари бошқа йўналишга урғу бериши керак. Клуб мухлисларга қандай инновациялар таклиф қилади ва чипталардан қандай даромад олади? Клубнинг маркетинг тизими қай даражада, ҳомийлар билан қандай ишлайди? Клубдаги маошлар сиёсати қандай йўлга қўйилган? Клуб харажатларининг қанча қисми футбол даромадлари томонидан қопланади?

Табиийки, бундай талабларни бажариш қийинроқ, ҳокимнинг пули билан ҳал бўлиб кетмайди, улкан меҳнат талаб қилади. Қандай қилиб сўралсинки, ахир ПФЛнинг ўзи шунча йилдан бери Суперлига трансляцияси учун пул топиб, клубларга тарқатиш ўрнига, ўзи клублардан бадал олиб турса?

Хусусий клуб деб ҳисоблаб келинган "Пахтакор"дан Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг воз кечиши, яъни клубни молиялаштиришни тўхтатмоқчи эканини маълум қилиши футболимиз учун жиддий сигнал ўлароқ қабул қилиниши керак. Ўша доим такрорланиб келинаётган тезис тўғри – клубларнинг хусусийлаштирилиши максимум кейинги босқичга қўйиладиган қадам бўлиши мумкин, аммо биз интиладиган сўнгги бекат бўлмаслиги керак. Барибир асосий мақсад футбол хўжалигининг пайдо бўлиши, футбол даромадлари ва харажатлари ўртасидаги мутаносибликнинг мавжудлиги бўлиши шарт, бошқа йўл йўқ. Ортиқхўжаев ёки "Турон" билан бўлгани каби, бошқа бизнесдан келадиган даромадларни футболга йўналтириш доим вақтинча бўлади, зеро нафақат худди "Пахтакор" билан бўлганидек ўз ихтиёри билан воз кечиш, балки, ўша бошқа бизнес инқирозга учраши, фойданинг камайиб кетиши натижасида ҳам футбол молиявий оқимсиз қолиб кетади. Футбол клубининг сметаси, харажатлари айнан футболга боғлиқ даромадларга ориентация қилинмас экан, даромад ва харажат ўртасида тўғридан тўғри боғлиқлик бўлмас экан, қайтараман, футболимиз ривожланмайди.

Албатта, буларнинг ҳаммаси шунчаки, чиройли гаплар холос, ҳақиқатда футбол бутун жамиятдан айро ҳолда ривожланиши мумкин эмас, аввало, аҳолининг турмуш тарзи ўсиши, футболни сотиб оладиган, унга пул тўлайдиган қобилият пайдо бўлиши керакки, ана ўшанда футбол маҳсулот сифатида сотилсин – бу ҳам тўғри эътироз. Мен ҳам аслида шу ҳақида ёзяпман, футбол биров пул тўлайдиган маҳсулот эмас экан, ёки халқимиз футболга пул тўлайдиган даражада эмас экан, унинг харажатларини оширишдан нима наф? "Пахтакор" ироқлик ҳужумчини бир манбага кўра ойига бир миллиард, бошқа манбалар айтишича эса 300-400 миллион маош билан олиб келар экан, табиий равишда савол туғилади – бу қанчалик асосли харажат?

Бир ой олдин мана шундай фикрларга эътирозлар бўлганди, ахир "Пахтакор" хусусий клуб, давлат бюджетига тегилмаяпти, шундай экан, унинг эгаси ўз клуби учун истаганча сарфлайвермайдими? Энди клуб бой ҳомийсиз қолди, ироқлик футболчи билан шартнома шартлари энди қай йўсинда бажарилади, умуман энди молиявий қисилган клуб учун бу легионернинг шартномаси ортиқчалик қилиб қолмайдими? Ҳа, Ривалдонинг мини-версиясини эслатмаяптими бу ҳолат?

Йўқ, ҳар абзасни савол билан тугатмоқчи эмасман, албатта. Хусусий бўладими, вилоятлардаги футболга шинаванда ҳокимларми, фарқи йўқ, ваҳоланки, футболдан даромадлар кўп эмас экан, футболга қилинадиган харажатларни чегаралаш шарт. Футболга қанча пул сарфланса, шунча ривожланади, деган фикрда ҳеч қандай асос йўқ. Аксинча, бу тақлид харажатлар, футболни янада орқага тортади. Асоссиз харажатлар билвосита бошқа клубларга ҳам таъсир қилади, уларнинг хусусийлаштирилишини қимматлаштиради. Қимматлашиш натижасида футбол клубларига эгалик қилиш учун талабгорлар доираси кичрайиб кетади.

Агар бирор корхонанинг бизнеси анча даромадли бўлса, ушбу корхонани сотиб олиш қиммат бўлади. Аксинча даромад оз бўлса, зарарда бўлса, унинг нархини арзон қилиб қўйишади. Оддий қоида. Хўш, футбол клубларимизнинг турган битгани харажат экан, бу харажатларни баттар шишириб, маошларни сунъий, асосланмаган тарзда кўпайтириб, янада қиммат қилиб қўймаяпмизми?

Албатта, ушбу ислоҳотдаги баъзи баҳсли ўринлар, нотўғри тайминг (мавсум бошланиб, шартномалар тузилганидан кейин чиқмаслиги керак эди), бошқа масала, янгича муаммолар пайдо бўлаётгани ҳам бор гап. Лекин ЎФА ва ПФЛ "мана сизларга янги шартлар, мана шу бўйича яшайсизлар" деб четдан қараб тургандек бўлмаяптими? Қаердадир бир клуб инқироз ёқасида, сафарга пул топа олмаяпти, қаердадир ҳомий воз кечган, бошқаси ҳоким депутатларни йиғиб яна бюджетдан, бошқаси тадбиркорлардан олиб пул беряпти, яна бирида футболчилар ойлаб маош олмаган. Ишонаверинг, гап "Бунёдкор" ёки "Пахтакор"да эмас, ҳар бир клуб турли даражадаги муаммоларга дуч келган ва турли даражада ечим топяпти. Бу ечимлар орасида биз орзу қилган ислоҳотлар сари қадам ташлаётганини топиш қийин ҳам. Ахир мана шундай вазиятда бутун футболимиз, клублардан тортиб, функсионерларгача бир жойда тўпланиб, умумий ечимлар ва кўрсатмалар ишлаб чиқиши керак эмасми? Ҳозирча, мен кўрмаяпман.

Энг оддий қадам, Суперлига клубларига бўлган талаблардан бошланиши лозим.

1) **Стадионлар ва спорт базалари тўлиқ маҳаллий ҳокимиятлар балансига ўтказилиши керак.** Бюджетдан ҳар бир клубга тенг миқдорда пул берганимиз билан, баъзи клубларнинг ўз стадиони бор, бошқаси эса ижара асосида ўйнайди. Бизнинг шароитда ҳам клубни, ҳам стадионни сақлаб туриш катта харажатларни талаб қилади. Бу харажатлар тўлиқ ҳокимиятларга, яъни бюджет қарамоғига ўтказилиши керак. Клубни қувватлаш учун эса ҳокимият арзонлаштирилган, субсидияли ижара таклиф қилади. Жуда кўп Европа мамлакатлари, масалан, Норвегия, Белгия, Шотландия ва бошқаларда давлат клубларга худди шундай шаклда молиявий ёрдам бериб келади.

Кўпчилик спортга, жумладан футболга ҳам соғлом авлод етиштириш, ёшларни спортга жалб қилиш ҳам давлат манфаатларига киради деб ҳисоблаб, Суперлигага доим пул бериш кераклигини айтади. Ҳа, давлат спортга пул сарфлаши керак, ҳамма жойда бу бор. Аммо бу пуллар Суперлига клубларига эмас, жойлардаги спорт инфратузилмасига, академияларга, болалар футболига, жумладан, турли кўринишдаги футбол тўгаракларини рағбатлантиришга сарфлаши мақсадга мувофиқдир.

Инфратузилма деган жойига стадионлар ҳам кириб кетади. Маҳаллий ҳокимият шаҳардаги стадионни сифатли сақлаш, ушбу стадионда бўлиб ўтадиган турли мусобақалар, агар ўша шаҳарда футбол клуби бўлса, ушбу клуб ўйинлари учун ҳам тайёрлаш мажбуриятини олади. Бунга ҳам билвосита давлатнинг клубларга берадиган молиявий кўмаги сифатида қараш мумкин.

2) **Академиялар клублардан мустақил бўлиб, давлат ихтиёрига ўтиши керак.** 35 миллиард сўм масаласи кўтарилганда, энг тушунарсиз ва адолациз туюлган нуқта шу бўлганди. Айтайлик, ўз академиясига эга бўлган клублар учун 35 миллиард сўм етмайди ва молиявий муаммолар пайдо бўлади. Клуб ҳам жамоани, ҳам академияни ушлаб туриш учун нафақат ўзи пул ишлаб топиш, балки давлат берган пуллар билан ҳам етказа олмас экан, клубларнинг ўз академияси бўлиш эҳтиёжини кечиктиришимиз керак бўлади. Академиялар худди ихтисослашган мактаблар ёки университетлар сингари, қисман давлат томонидан, қисман хўжалик йўли билан молиялаштирилади. Клублар академиялар билан турли кўринишдаги шартномалар тузиши, баъзи футболчиларни ўз қарамоғига олиши, умуман ҳар хил йўналишларда ҳамкорлик қилиши мумкин. Қашқадарёдаги Академия фақат "Насаф"га, Тошкентдагиси "Пахтакор"га хизмат қилиши шарт эмас, клублар рақобат кўринишида академиялар билан муносабат қуришлари мумкин.

3) **У-19, аёллар жамоаси тузиш каби мажбуриятлар бўлмаслиги керак.** Биз клубларимизни янада "профессионалроқ" кўрсатамиз деб унинг харажатларини ошириб юборганмиз. Суперлигада қатнашувчи клубнинг асосий харажати айнан мазкур мусобақада қатнашишга йўналтирилган харажатлар (маошлар, сафарлар, озиқ-овқат) билан чегараланиши керак. Ёшлар жамоасини ташкил қилиш эса ихтиёрий, табиий равишда пайдо бўладиган эҳтиёжга айланиши лозим. Қайсидир клуб ўз ёшлар жамоасини, фарм-клубини тузиб, қуйи лигаларда иштирок этишини таъминлаб, ўша ерда ёшларга ўйин амалиёти бериб ривожланишни кўзласа, бемалол. Лекин таркибни ҳар йили кўчиб юрадиган футболчилар билан тўлдириб, "галочка" учун турли ёшдаги жамоаларни ушлаб туришидан ҳеч қандай мантиқ йўқ.

Давлат, ЎФА ёки Спорт вазирлиги ҳудудларда ишлайдиган мустақил академиялар, шунингдек, ҳар хил кичик спорт тўгараклари жамоалари ўртасида турли ёш тоифаларидаги лига ва турнирлар ташкил қилиши мумкин. Айнан мана шундай турнирларда турли ёшдаги терма жамоалар учун номзодлар пайдо бўлади, клублар ўз скаутлари орқали мана шундай турнирлардан янги футболчи излаши мумкин.

4) **Суперлига учун "Футбол" каналини боғлаб, алоҳида пул тўланадиган обуна жорий қилиш.** Суперлигамиз ўйинлари худди Сетанта ТВ сингари, турли платформаларда алоҳида обуна тўлови орқали намойиш қилиниши керак. Текин каналларда ва ёутубеъда ўйинларни тумшуғимиз олдига олиб келиш билан қизиқиш ортиб кетмайди, кичик бўлса ҳам қадамлар керак. Ҳа, баъзи марказий ўйинлар текин каналларда берилиши мумкин, ҳа бошланишига жуда арзимас сумма бўлар, аммо бир неча йилдан бери йўлга қўйилмаётган муаммо ҳал қилиш йўлига ўтиши керак – клублар тийин бўлса-да трансляциялардан даромад қилсин. Агар бир мухлис ҳеч бўлмаса ўз жамоасининг ойига икки сафар ўйинини кўриш учун 50 минг сўм обуна тўламас экан, яна ўша парадокс юзага келади, бундай маҳсулотга нега катта суммалар сарфлаяпмиз?

5) **Маошлар лимитини назорат қилиш.** Клубларда футболчиларга тўлайдиган маош адекват чегаралар асосида назорат қилиниши мақсадга мувофиқ. Бюджет пуллари билан бир-бири билан мусобақага киришадиган ҳокимлар имкон қадар футболдан узоқлаштирилиши келажакда мазкур клубларнинг инқироз ёқасига келиб қолишидан сақлайди. Албатта, бу ҳолат бир қатор сифатли легионерлар, шунингдек, яхши маҳаллий футболчиларнинг футболимиздан кетишига олиб келар ва бу ўйинлар сифатининг тушишига ҳам сабаб бўлар, балки, аммо соғлом футбол муҳити қурар эканмиз, доим айтиб келганимиздек, даромадларга боғлиқ харажатлар бўлиши шарт. Ана шундагина чинакам футбол маҳсулоти яратадиган футбол менежменти юзага келади, ишонаверинг. Кейин раҳмат дейсизлар.

Ўз вақтида "Тоттенҳем"да ҳам муваффақиятли тўп сурган футболчи инглиз клуби уни бир неча йил таклиф қилганини айтди. Аммо бошида Павлюченко Англияга боришни истамаган экан. Москвада олаётган маошим кўпроқ эди, мухлислар мени яхши кўради, голлар уриб турибман, ўзимни қийинчилик ва синовга ташлашимдан фойда борми, деб ўйлаган экан у. Аммо оқибатда "Тоттенҳем"га борди, ҳозирда бутун дунё уни айнан ушбу клубда ўйнаган даври, урган голлари билан эслайди. Футболчининг ўзи ҳам "Спартак" ё "Локомотив"даги даври эмас, айнан Англиядаги ўйинлари билан фахрланса керак. Спортчи учун барча тан олган сифат белгиси остида ўзини кўрсатиш бошқача туйғу.

Суперлигада пул камайиши гўёки, бизда янги Ҳусановлар, Шомуродовлар чиқишидан тўсади, дейишади баъзилар. Аксинча, балки, адекват маошлар ёшларимизга ўз келажагини ростан ҳам кучлироқ, синалган чемпионатларда кўриш орзусини янада қатъийлаштирар? Суперлига улар учун яхши яшаб кетиш учун мақсад эмас, ҳақиқий манзил учун бир бекатга айланар?

Биздаги асосий муаммо, табиийликдан қўрқишимиз бўлса керак. Чунки табиий жараёнлар бизни қаерга олиб бориши мумкинлигини билмаймиз ва қўрқамиз.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.