Таиланд пойтахтида кучли сув тошқини сабабли офат режими эълон қилинди. Видео

Таиланд пойтахтида кучли сув тошқини сабабли офат режими жорий этилди. Видео
Бангкокда давомли жала қуйиши оқибатида юзага келган кучли сув тошқини фонида офат режими эълон қилинди. Таиланд пойтахтида турар жой мавзелари ва 15 та асосий йўлни сув босди, расмийлар эса аҳолини имкон қадар уйдан чиқмасликка чақирмоқда.
Кучли ёғингарчилик 24 сентябрь куни тахминан соат 16:00 да бошланиб, 26 сентябрь эрталабгача тўхтамади. Шаҳарнинг шарқий туманларида, жумладан Минбури, Кхлонг Сам Ва ва Сапхан Сунг ҳудудларида ушбу давр мобайнида деярли 300 миллиметр ёғингарчилик кузатилди.
Бу миқдордаги сув туфайли шаҳар сув оқизиш тизими юкламани кўтара олмади. Саен Саеп, Правет, Лат Пхрао ва Прем Прачакорн каналлари сувни самарали оқизиб юбора олмаяпти. Қўшни Нонтхабури ва Патхум Тани провинцияларидан келаётган тошқин сувлари, шунингдек, паст босимли ҳудуд ҳам қўшимча қийинчиликлар туғдирмоқда.
Бангкок губернатори Чадчарт Ситтипунт энг оғир вазият пойтахт шарқида юзага келганини, у ерда канализация тизими ҳаддан ташқари юкланганини маълум қилди. Шаҳар расмийлари олдиндан қум тўлдирилган қоп солинган тўсиқларни тайёрлаб қўйган ва сув босмаган маъмурий бинолар ҳамда мактабларда вақтинчалик жойлаштириш пунктларини ташкил этган.
Эвакуация қилишда ёрдамга муҳтож одамлар учун алоҳида чора-тадбирлар кўзда тутилган. Агар улар яшайдиган ҳудудларда вазият ёмонлашса, расмийлар ётиб қолган беморларни шифохоналарга етказишга тайёр.
Сув босиши сабабли Бангкок маъмурияти аҳолига 15 та асосий кўча бўйлаб ҳаракатланишни чеклашни тавсия қилди. Улар орасида Вибхавади, Пхахон Йотин, Ратчадапхисек, Сукхумвит, Лат Пхрао, Пхетчабури ва Чаенг Ваттхана бор.
Шу билан бирга, шаҳарнинг Чао Прайя дарёси ортидаги ғарбий қисмида ҳозирча жиддий сув тошиши кузатилмади. Расмийлар ёмғир тўхтаганидан кейин тахминан олти соат ўтгач, сув сатҳи пасая бошлашини кутишмоқда.
Таиланд метеорология департаменти прогнозига кўра, Бангкок, бешта қўшни провинция ва мамлакатнинг марказий қисмида кучли ва мўътадил ёмғирлар 28 сентябргача давом этади. Мутахассислар янги сув тошқинлари ва маҳаллий кўчкилар хавфидан огоҳлантирмоқда.

