Таиланд Камбоджа билан тўқнашувлардан сўнг чегарада девор қуришни бошлади

Таиланд Камбоджа билан юз берган тўқнашувлардан кейин чегарада девор қуришни бошлади
Таиланд ва Камбоджа чегараси бўйлаб устига тиканли сим тортилган темир-бетон девор барпо этилди. Ҳозирча унинг узунлиги бир километрни ташкил қилади. Девор оралиғида Франсия мустамлакачилиги даврида ўрнатилган чегаралаш тошлари ҳам мавжуд.
Бу Таиланд ҳарбийлари мамлакат шарқида қураётган 8,4 километрлик деворнинг дастлабки босқичидир. Иншоот 2025-йилда қўшни давлат билан юз берган қонли тўқнашувлардан сўнг бунёд этилмоқда.
Девор Чантҳабури провинсиясидаги экин майдонлари орқали ўтади. Унинг баландлиги 3,6 метр. Иншоот темир-бетон, рухланган пўлат тўр ва тиканли сим ўрамларидан иборат.
“Биз деворни ноқонуний ҳаракатларнинг, хусусан, одамлар ва товарлар контрабандасининг олдини олиш учун қурдик”, деди Таиланд Қироллик денгиз пиёдалари тезкор гуруҳи командири капитан Прачя Ҳантием 10-сентябр куни АФП мухбирига.
Таиланд ва Камбоджа ўртасида 800 километрлик чегара чизиғи бўйича ўн йиллардан бери келишмовчилик давом этмоқда. 2025-йилнинг июл ва декабр ойларида ҳудудда қонли тўқнашувлар юз берган. Икки давлат декабр охирида оташкесим битимини имзолаган.
Шунга қарамай, ҳар икки томон ҳам бир-бирини сулҳ шартларини бузишда айблаб келмоқда. Сўнгги бор икки мамлакат ҳарбийлари 2026-йил 24-феврал куни чегарада тўқнашув бўлганини маълум қилган эди.
Девор яқинида кичик Таиланд қишлоғи жойлашган. Унда 200 нафардан камроқ аҳоли яшайди. Улар маккажўхори ва турли мевалар, жумладан дуриан ҳамда лонган етиштиради. Қишлоқ аҳолиси девор сабаб экин ерларининг бир қисми йўқолганини айтмоқда. Шунга қарамай, АФП билан суҳбатлашган ер эгалари буни ижобий баҳолади.
“Биз хавфсизликка эришиш учун бир оз ердан маҳрум бўлишга розимиз”, деди озиқ-овқат дўкони эгаси Сувин Муангмеунг.
У аслида чегара қаердан ўтганини ҳар доим ҳам билмаганини айтди.
“Экин майдонларимиз чегара бўйлаб жойлашган. Бу девор бизга хавфсизлик ҳиссини беради. Таиланд ва Камбоджа қачон ярашишини ёки қачон яхши мулоқот қила олишимизни билмаймиз. Лекин бу девор бизга ёрдам беради”, деди қишлоқ оқсоқоли Итчира Аранчаиясири.
Оқсоқолнинг айтишича, девор маълум маънода ноқулайлик ҳам туғдиради. Илгари одамлар чегарадан бемалол ўтган ва бир-бириникига осон меҳмон бўлиб борган. Аммо у: “Биз мослашишимиз керак”, деб қўшимча қилди.
Бу чегара 1863-йилдан 1950-йиллар ўрталаригача Камбоджани ўз мустамлакаси сифатида бошқарган Франсия ҳамда ўша пайтда Сиам деб аталган Таиланд ўртасидаги музокаралар чоғида белгиланган.
Янги девордаги дарвозалар ўша даврдан қолган кўп тилли тош белгиларни сақлаб қолиш учун мўлжалланган. Бу тошларда “Сиам” ва франсузча “фронтиере” (чегара) сўзлари ёзилган.
Капитан Прачя ушбу иншоот тўлиқ Таиланд суверенитети ҳудудида жойлашганини таъкидлади.
“Ҳар бир қадам қонунга мувофиқ амалга оширилмоқда ва текширилиши мумкин. Ҳатто Камбоджа кучлари ҳам ҳар бир босқичда ишларимизни назорат қилиб бормоқда”, деди у.
Уруш сабабли ярим миллион киши ўз уйини тарк этган эди. Шундан сўнг Таиланд Камбоджа билан чегараларини ёпди. Ҳозирда аксарият аҳоли ўз уйига қайтган, аммо 20 минг камбоджалик ҳануз саргардон.

