Маҳаллий

“Taftish.uz” ходимлари ва ДХХнинг собиқ ходимларига нисбатан ҳукм ўқилди

“Taftish.uz” ходимлари ва ДХХнинг собиқ ходимларига ҳукм чиқарилди

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида “Taftish.uz” таҳририяти ходимлари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати зобитларига доир суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

Ташановнинг айтишича, судланувчиларга 4,1 йилдан 10,6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланган. “Taftish.uz” таҳририяти раҳбари Ғайрат Абераев 10,6 йилга, журналист Маржона Эшқуватова эса 4,1 йилга озодликдан маҳрум этилган. Таҳририятнинг яна икки вакили ҳамда ДХХнинг собиқ ходимларига ҳам 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

Суд ёпиқ тарзда ўтказилган. Ташанов берган маълумотга кўра, судланувчилар туҳмат, ҳақорат, фирибгарлик ва товламачилик каби жиноятларда айбланган. Ҳукмга биноан, улар жазони умумий тартибдаги колонияларда ўтайди.

“Taftish.uz” ходимлари иши 2026-йил 16-январ куни бошланган. Ўша пайтда сайт раҳбари Ғайрат Абераев ҳамда таҳририят ходимлари Азизжон Йўлдошев, Сардор Ҳамидов, Маржона Эшқуватова ва Дилшод Нишонов товламачилик ва фирибгарликда гумон қилиниб процессуал тартибда қўлга олинган эди.

2026-йил 23-апрелдаги хабарда “Taftish.uz” ходимлари ишини Ҳарбий прокуратура терговчилари олиб бораётгани айтилган. Абдураҳмон Ташанов ўшанда бунга сабаб сифатида иш бўйича ДХХнинг бир неча ходими ҳам айбланувчилар қаторида бўлганини кўрсатган. Ҳуқуқ фаоли тергов давомида сайт жамоасига қарши 400 дан ортиқ фуқаронинг аризаси кўриб чиқилганини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, иш ҳужжатларининг айримлари ёпиқ экани ва тергов сирига оид маълумотлар мавжудлиги сабабли иш тафсилотлари тўлиқ ошкор этилмаган. Шу сабабли суд мажлиси ҳам ёпиқ ўтказилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.