Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, филлар даволаниш учун шифобахш ўсимликлардан фойдаланади
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, африкалик филлар касал бўлиб қолганларида ўзларини ва оилаларини даволаш учун ўнлаб турли хил шифобахш ўсимликлардан фойдаланадилар.

Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, филлар даволаниш учун шифобахш ўсимликлардан фойдаланади
Маҳаллий экспертларнинг маълумотларига кўра, ёввойи филлар 35 дан ортиқ ўсимликдан фойдаланган, уларнинг аксарияти шифобахш хусусиятлари билан машҳур
Африка филлари касал бўлиб қолганларида ўзларини ва оила аъзоларини даволаш учун ўнлаб турли хил шифобахш ўсимликлардан фойдаланадилар.
Кениянинг Элгон тоғи ҳудудида филлар билан бирга яшовчи ва ишловчи одамлар ўртасида ўтказилган сўровномаларга асосланган тадқиқот шундай хулосага келди.
Бу ҳайвонлар ўзларининг ғайриоддий хулқ-атвори билан олимларни анчадан бери ҳайратда қолдириб келади. Улар «туз қазувчи филлар» сифатида танилган, чунки улар ғорларга кириб, рациони учун зарур бўлган минералларни олиш учун тишлари билан тошларни қирадилар.
Яқинда эълон қилинган тадқиқот шуни кўрсатадики, ўша филлар ўрмондаги бир нечта ўсимлик турларидан тиббий мақсадларда ҳам фойдаланадилар.
Mount Elgon Foundation томонидан ўрнатилган фотоқопқонлар филларнинг рационини тўлдириш учун ғорларда туз «қазиб олаётганини» тасвирга олди.
Етакчи тадқиқотчилардан бири, АҚШдаги Браун университети доктори Элоди Фрейманнинг айтишича, ушбу тадқиқот ўрмон яшаш жойларининг вайрон бўлиши ҳайвонларни ва инсонларни яшаб қолиш учун зарур бўлган дори-дармонлардан маҳрум қиладими, деган саволни ўртага ташлайди.
«Бу бизнинг дори-дармонларимиз инсониятдан ташқаридаги дунё билан қанчалик чамбарчас боғлиқлигини кўрсатади», деди доктор Фрейман BBC News нашрига.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ўрмонлар филлар учун «табиий дорихоналар» ҳисобланади.
Улар маҳаллий аҳоли, жумладан, ёввойи табиат назоратчилари ва жамоат оқсоқоллари билан суҳбатлашдилар.
Уларнинг ҳикояларида филлар ўзларини нохуш ҳис қилганларида маълум бир ўсимликларни танлашлари ва она филлар ўз болаларига шифобахш ўсимлик хомашёсини беришлари тасвирланган.
Бундан тадқиқотчилар филлар 35 хил ўсимлик туридан фойдаланиши ва улардан 25 таси маҳаллий аҳолига шифобахш хусусиятлари билан маълум деган хулосага келишди.
Гувоҳликлар баъзи ҳайратланарли тафсилотларни ўз ичига олган. Бир маълумотда ёввойи табиат назоратчиси филларнинг Ангурвит (Angurweet) деб номланувчи ўсимликдан «болаларига бериш учун дори сифатида» фойдаланганини кўрганини айтган.
Ангурвит ошқозон оғриғи каби касалликларни даволашда қўлланилади. Назоратчи она филлар уни оғизларида аралаштиришини — «баргларини юлиб олиб, бошқа дарахтларнинг илдизлари билан бирга юмшагунча чайнашини» тасвирлаб берган.
У шунингдек, она филлар ўсимлик хомашёсини ўз сутлари билан аралаштирганини кўрганини айтди. «Улар буни болаларига беришади, болалари эса уни чайнаб, қаттиқ қисмларини тупуриб ташлайди».
Япониядаги Нагасаки университети приматологи, профессор Майкл Хаффман бу маълумот «қизиқарли» эканини, аммо филлар ўз болаларига махсус тиббий ёрдам кўрсатаётганини исботлаш учун кўпроқ далиллар кераклигини айтди.
Олимлар маҳаллий ёввойи табиат экспертларига кузатилаётган хулқ-атворни ёзиб олиш учун камералар бериш орқали ушбу далилларни тўплашни бошлаб юборишди.
Улар шунингдек, филлар фойдаланадиган ўсимликларни таҳлил қилиб, филларнинг ўзлари кашф этган бўлиши мумкин бўлган янги дори воситаларини изламоқдалар.
Лойиҳанинг яна бир етакчи тадқиқотчиси, Гамбургдаги Бернхард Нохт номидаги Тропик тиббиёт институти ходими, доктор Фабиен Шульц BBC News нашрига шундай деди: «Маҳаллий билимлар бизга харита берди».
«Биз [энди] филларни кузатиб, улар маълум бир соғлиқ шароитида маълум бир ўсимликларни танлайдими-йўқми ва бу ўсимликлар тегишли биологик фаолликка эгами-йўқми, шуни ўрганмоқчимиз».
Тадқиқот давомида ҳайвонлар фойдаланадиган 35 хил ўсимлик тури аниқланди.
Кўпгина ҳайвонлар ўзларини ўсимликлар ва бошқа табиий воситалар билан даволайдилар.
Филларнинг «ўзини ўзи даволаши» ҳақидаги энг дастлабки илмий маълумотлар учинчи асрнинг бошларига тўғри келади.
Римлик ёзувчи Клавдий Элиан ўзининг «De Natura Animalium» («Ҳайвонлар табиати тўғрисида») асарида найза ва камон ўқларидан яраланган филнинг зайтун дарахти гуллари ва мойини еганини тасвирлаган. Фил тўлиқ соғайиб кетган.
Асрлар ўтгач, бу олимлар ёввойи табиат бизга улар ривожланган ўрмон яшаш жойларидаги ўсимликларнинг хусусиятлари ҳақида нималарни ўргатиши мумкинлигини тадқиқ қилмоқдалар.
«Бу сайёрада шундай ажойиб қобилиятга эга бўлган дори ишлаб чиқарувчи организмлар бор», деди доктор Фрейман BBC News нашрига. «Атрофимизда мавжуд бўлган дори-дармон фабрикалари».
Тадқиқотчилар филлар фойдаланадиган ўсимликларни аниқлаш учун маҳаллий экспертлар билан ҳамкорлик қилишди.
Тадқиқотда иштирок этмаган профессор Хаффман шундай қўшимча қилди: «Биз энди чивинлар ва дрозофилалар (пашшалар) ўзини ўзи даволашини, асаларилар ўзини ўзи даволашини, шунингдек, эволюция пиллапояси бўйлаб Африка ва Осиёнинг йирик маймунларигача бўлган кўплаб бошқа турлар ҳам шундай қилишини биламиз.
«Ҳар бир янги ўрганилган тур билан биз тиббий ўтмишимизни янада чуқурроқ англаб бормоқдамиз».
Доктор Фрейман учун бу кашфиётлар келажак учун ҳам сабоқ беради.
«Дорихонадан сотиб оладиган кўплаб дори-дармонларимиз дарахтлар, сувўтлар, замбуруғлар ва маржон рифларидан олинган бирикмалардан тайёрланган.
«Бу ўрмонларни ҳимоя қилиш ва ушбу табиий дорихоналарни сақлаб қолиш биз учун икки томонлама фойдалидир... токи биз келажакда бизни қутқара оладиган янги табиий маҳсулотларни кашф этгунимизча».

