Маҳаллий

Тадбиркорларга Мустақиллик байрами туҳфаси: туризм соҳасида бир қатор янги имтиёзлар жорий этилди

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан ВИ очиқ мулоқотида туризм соҳасидаги тадбиркорларга бир қатор имтиёзлар

Мустақиллик байрами арафасида тадбиркорларга туризм соҳасида бир қатор янги имтиёзлар тақдим этилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан ВИ очиқ мулоқотида эълон қилинган ушбу имтиёзлар 2026-йил 27-августда имзоланган ПФ-175-сонли Фармонда ўз аксини топди.

Унга кўра, тижорат банклари меҳмонхона қуриш ва реконструксия қилиш учун 10 йилгача муддатга, 2 йиллик имтиёзли давр билан, миллий валютада йиллик 16 фоизли кредитлар ажратади. Хорижий валютадаги кредитлар учун СОФР, ЭУРИБОР ёки ШИБОР ставкаларидан ошган фоиз харажатлари "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖ томонидан қопланади.

Туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида, уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналарни қуриш субсидияси 2029-йил 1-январгача узайтирилди. Шунингдек, юлдузли меҳмонхона субсидияси учун тоифани тасдиқлашда хорижий компания хулосаси талаб этилмайди. Маълумот учун, сўнгги 3 йилда 32 та юлдуз тоифасига эга меҳмонхона қурилиб, уларга давлат буджетидан 156 миллиард сўмдан ортиқ субсидия тўлаб берилган.

Меҳмонхоналарнинг мол-мулк ва ер солиғига 0,1 коеффициент қўллаш муддати 2030-йил 1-январгача узайтирилди. Меҳмонхона, шу жумладан палатка ва ўтовли лагерлари учун ер ва мол-мулк солиғининг 90 фоизга камайтирилиши 2030-йил (лагерлар учун 2037-йил) 1-январгача амал қилади.

Туризм субьектлари учун импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобусларни божхона божидан озод этиш муддати 2028-йил 1-январгача узайтирилди. Саккиздан ортиқ ўриндиқли микроавтобуслар ҳам ушбу имтиёзга киритилиб, улар утилизация йиғимидан ҳам озод этилди.

Туроператорларнинг хорижий сайёҳларга кўрсатган хизмати экспортга тенглаштирилиб, 2027-йил 1-январдан ҚҚСдан озод этилмоқда.

Меҳмонхона ва умумий овқатланиш субьектлари сув, ичимлик, пиво ва тамаки маҳсулотлари харид қилганда, уларга бириктирилган рақамли маркировка кодлари якуний истеъмолга реализация қилинган деб ҳисобланади – қайта сотиш назорати талаб этилмайди. Шунингдек, 2026–2027-йилларда босқичма-босқич 50 тадан ортиқ хонали меҳмонхоналарда нақд валюта айирбошлаш шохобчалари ва банкоматлари ташкил этилади.

Шу билан бирга, 2026-йил ноябргача туристик йиғимни жойлашиш нархига қараб қайта белгилаш, меҳмонхоналар учун автотураргоҳ ташкил этиш талаби ҳамда 10 нафардан ортиқ гуруҳ олиб келувчи туроператорлар учун маданий мерос обьектларига 30 фоизгача чегирмани назарда тутувчи Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Ушбу таклифлар ҳозирча лойиҳа босқичида бўлиб, тегишли Президент қарори расман қабул қилингач, юқоридаги имтиёзлар тадбиркорлар учун расман кучга киради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.