Маҳаллий

Тадбиркорларга «Биринчи хато учун огоҳлантириш» қоидаси жорий этилади

Бунда биринчи марта солиқ қонунчилигини бузган, лекин фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи, ўзгалар мулкига зарар етказмаган тадбиркорларга жарима қўлламасдан, дастлаб камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилади.

Тадбиркорлар учун "Биринчи хато учун огоҳлантириш" тамойили жорий этилади.

27-август куни "Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ВИ очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2027-йил 1-январдан 2028-йил 31-декабргача ҳуқуқий эксперимент сифатида ўрта ва йирик тадбиркорлар томонидан солиқ ва йиғимларни тўғри ҳисоблаш ҳамда тўлаш бўйича аудиторлик ташкилотини жалб қилган ҳолда ташаббускор аудит ўтказиш ва аудиторлик хулосасини солиқ органи томонидан тан олиш механизми жорий этилади.

Бунда қуйидагилар назарда тутилган:

* Аудит ўтказилган давр учун солиқ органлари томонидан солиқ аудити амалга оширилмайди.

* Аниқланган хато ва камчиликлар 30 кун ичида бартараф этилса, тадбиркорлик субьектига нисбатан молиявий жарималар қўлланилмайди.

* Ушбу эксперимент доирасида аудит ўтказиши мумкин бўлган ташкилотлар рўйхати Солиқ қўмитаси томонидан юритилади ва унинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

* Аудиторлик хулосасини тан олиш натижасида тўланмай қолган солиқ ва йиғимлар аниқланган ҳолатларда аудиторлик ташкилоти жавобгар бўлади.

* Тадбиркорлик субьектлари фаолиятида 1 йил давомида ўтказиладиган ҳар қандай такрорий текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади, камерал солиқ текшируви бундан мустасно.

* Тадбиркорлик субьектларига молиявий жарималар қўллашда "Биринчи хато учун огоҳлантириш" қоидаси жорий этилади. Биринчи марта қоида бузган, аммо фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, ўзгалар мулкига зарар етказмаган тадбиркорларга жарима қўлламасдан, дастлаб камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.