Маҳаллий

Тадбиркорлар учун хавфсиз муҳит талаби ва алимент бўйича янги таклиф - маҳаллий дайжест

«Бирорта ғўдайган бойвачча пайдо бўлса, кечирмайман!» – президент Тошкентда тадбиркорлар учун хавфсиз муҳит яратишни талаб қилди. Алимент миқдори боланинг ёши ва эҳтиёжига қараб белгиланиши мумкин. Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда камчиликка йўл қўйган давлат ходимлари лавозимидан олинди. Самарқанд тоғларидаги саноат портлатиши аҳоли эътирозига сабаб бўлди. Қашқадарёдаги университет биносида катта ёнғин содир бўлди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Тадбиркорлар учун хавфсиз муҳит талаби ва алимент бўйича янги таклиф - маҳаллий дайжест

«Бирорта ғўдайган бойвачча пайдо бўлса, кечирмайман!» – президент Тошкентда тадбиркорлар учун хавфсиз муҳит яратишни талаб қилди. Алимент миқдори боланинг ёши ва эҳтиёжига қараб белгиланиши мумкин. Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда камчиликка йўл қўйган давлат ходимлари лавозимидан олинди. Самарқанд тоғларидаги саноат портлатиши аҳоли эътирозига сабаб бўлди. Қашқадарёдаги университет биносида катта ёнғин содир бўлди.

«Бирорта ғўдайган бойвачча пайдо бўлса, кечирмайман!» – президент

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва бандликни ошириш, маҳаллаларда замонавий инфратузилма яратиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда тадбиркорлик учун хавфсизлик масаласи муҳим эканини таъкидлади.

Ички ишлар вазирига жиноятчиликни жиловлаш бўйича кўпроқ ишлаш вазифаси қўйилди.

«Жиноятни жиловламагунимизча, ишнинг баракаси бўлмайди, тадбиркор келмайди. Мана шуни билинглар… Ҳаммаларинг шуни билинглар. Кичкина иш қилмаяпсизлар. Ўйламанглар, вақтинча иш қиламан деб. Битта нарсани билинглар, шукроналар дейишимиз керак бу тинчликка. Лекин икки карра кўп ишлашимиз керак, халқимиз тинч яшаши учун. Тинч, бемалол уйида, эмин-эркин, қўрқмасдан, ҳеч кимдан. Бирорта ғўдайган бойвачча пайдо бўлса, бирортангни кечирмайман… Давлат бўлиши керак, шунда бизда бирдамлик бўлади, ҳамжиҳатлик бўлади, одамлар бизга ишонади», – деди президент.

Алимент миқдори боланинг ёши ва эҳтиёжига қараб белгиланиши мумкин

Алиментни ойлик даромадга қараб ҳисоблаш тартиби бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова Сенатдаги чиқишида маълум қилди.

Унга кўра, охирги пайтларда ота-оналар алимент миқдорини камайтириш мақсадида ҳақиқий даромадини яшириб, ўзини паст маош тўланадиган ишга расмийлаштириш ҳолатлари кўпайган. Шу жиҳатдан ҳар бир ёш тоифалари кесимида минимал истеъмол саватини белгилаш ҳамда алимент миқдорини ота ёки онанинг ойлигидан келиб чиқиб эмас, болага керак бўладиган истеъмол савати асосида ҳисоблаш таклиф этиляпти.

Шунингдек, алимент ундириш билан боғлиқ айрим функсиялар Мажбурий ижро бюросидан хусусий секторга ўтказилиши мумкин.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда камчиликка йўл қўйган давлат ходимлари лавозимидан олинди

2026-йилнинг январ-август ойларида Президент Халқ қабулхоналари томонидан мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйган камчиликлар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларига таъсир чоралари кўриш бўйича жами 5486 та ҳолат аниқланди.

Кўрилган чоралар натижасида 151 нафар шахс лавозимидан озод этилган. Шунингдек, 833 нафар ходимга ҳайфсан жазоси қўлланган.

Бундан ташқари, 150 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилган ва 1335 нафари расман огоҳлантирилган.

Мурожаатлардаги камчиликлардан келиб чиқиб, чора кўришдан ташқари, йўл қўйилган хато ва камчиликларни тузатиш бўйича энг кўп мурожаат тушаётган 10 га яқин ташкилотда амалий ўқув семинарлари ташкил этилган.

Самарқанд тоғларидаги саноат портлатиши аҳоли эътирозига сабаб бўлди

Самарқанд вилоятининг тоғли ҳудудида олиб борилган саноат портлатиш ишлари юзасидан ўрганиш ишлари бошланди.

Вилоят Экология бошқармасининг маълум қилишича, Нуробод туманининг аҳоли яшаш пунктларига яқин тоғли ҳудудида портлатиш ишлари олиб борилган. Бу эса маҳаллий аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлаётгани аниқланган. Портлатиш ишлари тоғ-кон саноати ва очиқ конлар ишлаш фаолияти билан шуғулланувчи маҳаллий корхона томонидан амалга оширилган.

Экобошқарма ҳозир мазкур ҳудудда тегишли назорат тадбирлари олиб борилаётганини билдириб, ҳолатга қонуний баҳо бериш мақсадида давлат инспекторлари зарур ҳужжатларни ўрганаётганини таъкидлади.

Қашқадарёдаги университет биносида катта ёнғин содир бўлди

14-сентабр куни Қарши давлат техника университети бош биносида ёнғин чиқди. Вилоят ФВБ бинонинг том қисми ёнаётгани ҳақида хабар берди. Қутқарув бўлинмалари бир соатдан ортиқ вақт ёнғин билан курашиб, уни ўчиришга муваффақ бўлган.

Ёнғин оқибатида жабрланган одамлар ҳақида маълумот келиб тушмаган. Ҳозир ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва зарар миқдори аниқланмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.