“Табибга бориб вақт йўқотманг”. Кўкрак бези саратони бўйича интервю
Кўкрак бези саратони аёллар орасида кўп учрайдиган саратон тури бўлиб, Ўзбекистонда ҳам ёшариб бормоқда. Ҳатто бу касаллик эркакларда ҳам аниқланяпти. Кўкракни қачон олиб ташланади? Маммография кимларга бепул? Табибларга нега бориляпти? Газета шу каби саволларга мутахассислардан жавоблар олди.

“Табибга бориб вақт йўқотманг”. Кўкрак бези саратони бўйича интервю
Кўкрак бези саратони аёллар орасида энг кўп учрайдиган саратон турларидан бири саналади. Ўзбекистонда ҳам ушбу касаллик сабабли ўлим ҳолатлари кўп қайд этилмоқда. Саратонни ўрганиш халқаро агентлиги маълумотига кўра, 2024-йилда мамлакатда 4793 та янги касаллик ҳолати аниқланган, 2085 нафар аёл эса шу касалликдан вафот этган.
Ҳозир Ўзбекистонда кўкрак бези саратони ҳақида хабардорлик ойи ўтказилмоқда. Шу муносабат билан Газета мухбири Миролим Исажонов касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, хавф омиллари, эрта ташхислаш ва даволаш имкониятлари юзасидан экспертлар — Лола Зокирова ҳамда Дилфуза Аниёзова билан суҳбатлашди.
— Кўкрак бези аёлларда ҳам, эркакларда ҳам мавжуд. Аёлларда у сут бези деб аталади, чунки унинг асосий вазифаларидан бири болани эмизиш учун сут ишлаб чиқаришдир. Сут безлари ҳомиладорлик даврида ўзгаришларга учрайди ва туғруқдан кейин сут ишлаб чиқаришни бошлайди.
Кўкрак бези саратони нафақат аёлларда, балки эркакларда ҳам учрайди.
— Кўкрак бези саратони дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам кенг тарқалган ва хавфли касалликлардан бири ҳисобланади. Унинг асосий белгилари қуйидагилар: кўкракда тугун ёки қаттиқлашган жой пайдо бўлиши; кўкракнинг қизариши ва шишиши; кўкрак сўрғичидан турли ажралмалар, жумладан, қонли ажралма келиши; кўкрак терисида узоқ вақт битмайдиган яралар пайдо бўлиши.
Бироқ касаллик дастлабки босқичларда ҳеч қандай белги бермаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун аёл ўзини яхши ҳис қилса ёки оғриқ сезмаса ҳам, ёши ва шифокор тавсияларига кўра мунтазам текширувдан ўтиши муҳимдир.
— 15 йиллик иш тажрибам давомида турмушга чиқмаган қизларда бундай ҳолатни учратмаганман. Амалиётимдаги энг ёш беморим 25 ёшда бўлган. Кўкрак бези саратони асосан туғруқни бошдан кечирган аёлларда учрайди. Эмизиш сут безининг асосий вазифаларидан бири бўлиб, айрим ҳолларда болани эмизмаслик ҳам касаллик хавфига таъсир қилувчи омиллардан бири ҳисобланади.
Касаллик 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган аёлларда кўпроқ учрамоқда. Эркакларда ҳам кўкрак бези саратони аниқланади, аммо бундай ҳолатлар кам кузатилади. Масалан, йилига шифохонамизга келган бир-иккита эркакда қайд этилган.
— Ҳеч қайси саратон касаллиги, жумладан, кўкрак бези саратони ҳам одатда бирданига пайдо бўлмайди. Унинг ривожланишига турли омиллар таъсир қилади.
Хавф омиллари қаторига ирсий мойиллик, гормонал ўзгаришлар, семизлик, ёш ўтиши билан боғлиқ ўзгаришлар ва айрим репродуктив омиллар киради. Масалан, тери ости ёғ тўқимасида эстроген ишлаб чиқарилиши гормонлар мувозанатига таъсир қилади. Семизлик айрим ҳолларда эстроген миқдорининг ошишига олиб келиб, кўкрак бези саратони хавфини кўпайтириши мумкин.
Бундан ташқари, 30 ёшдан кейин биринчи марта туғиш, айрим гормонал препаратларни шифокор тавсиясисиз қабул қилиш ва ирсий мойиллик ҳам эътиборга олиниши керак.
Контрацептив воситаларни умуман қўлламаслик керак, деган хулоса чиқармаслик лозим. Муҳими, уларни шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда тўғри танлаш. Аёллардаги сурункали касалликлар ва гормонал бузилишлар ҳам шифокор назоратини талаб қилади. Бироқ муайян хавф омилининг мавжудлиги инсонда албатта саратон ривожланади, дегани эмас.
Соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ва тана вазнини меъёрда сақлаш умумий саломатлик учун муҳим. Қайта ишланган гўшт маҳсулотлари ва турли газакларни кўп истеъмол қилишдан сақланиш мақсадга мувофиқ. Узоқ давом этадиган стресс ҳам инсоннинг уйқуси, гормонал мувозанати ва умумий аҳволига салбий таъсир кўрсатади.
— Ирсий мойиллик кўкрак бези саратонини келтириб чиқарувчи омиллардан бири ҳисобланади. Аммо бу касаллик албатта авлоддан-авлодга ўтади, дегани эмас. Агар аёлнинг онаси, холаси ёки аммасида кўкрак бези саратони аниқланган бўлса, у ўз саломатлигига эътиборли бўлиши ва шифокор тавсиясига кўра мунтазам текширувлардан ўтиб туриши керак.
Бугунги кунда генетик текширувлар орқали ҳам касалликка ирсий мойилликни аниқлаш мумкин. Масалан, БРСА1 ва БРСА2 генларини текшириш кўкрак бези ва тухумдон саратони ривожланиш хавфини оширувчи айрим ирсий ўзгаришлар бор-йўқлигини аниқлашга ёрдам беради.
Натижалар асосида шифокор беморга мос кузатув ва профилактика чораларини тавсия қилиши мумкин. Бироқ бундай генетик ўзгаришнинг аниқланиши аёлда албатта саратон ривожланади, дегани эмас. Худди шунингдек, натижанинг манфий чиқиши ҳам касаллик хавфи бутунлай йўқлигини англатмайди.
—
2025-йилда кўкрак бези саратони билан тахминан 26 минг нафар аёл диспансер ҳисобига олинган. Бу ҳар 100 минг аёлга 12,9 нафардан тўғри келади, дегани.
Илгари беморларнинг кўпчилиги касалликнинг учинчи ва тўртинчи босқичларида мурожаат қиларди. Ҳозир эса эрта ташхислаш имкониятлари кенгаймоқда. Беморларнинг 50,8 фоизида касаллик иккинчи босқичда аниқланган.
Бу борада скрининг дастурларининг аҳамияти катта. Касалликни белгилари пайдо бўлишидан олдин аниқлаш имконияти ошгани сари даволашни эртароқ бошлаш мумкин бўлади.
— Анжелина Жолининг бувиси, онаси ва холаси саратонда вафот этган. У оилавий тарихини ҳисобга олиб, БРСА1 ва БРСА2 генларидаги ўзгаришлар бўйича текширувдан ўтган. Унда хавф билан боғлиқ генетик ўзгариш аниқлангач, саратон ривожланишининг олдини олиш мақсадида кўкрак бези тўқимасини профилактик олиб ташлаш амалиётини танлаган.
Бундай қарор жуда мураккаб. Ҳатто саратон ташхиси қўйилган аёл учун ҳам кўкракни олиб ташлаш руҳий жиҳатдан оғир кечиши мумкин. Ҳали касаллик аниқланмаган, аммо ирсий хавфи юқори бўлган аёл учун бундай қарорни қабул қилиш янада қийин. Шунинг учун профилактик жарроҳлик ҳар бир аёлга тавсия этиладиган усул эмас. Бу масала генетик текширув натижалари, индивидуал хавф ва мутахассислар маслаҳати асосида ҳал қилиниши керак.
— Илгари беморларнинг катта қисми касалликнинг учинчи ва тўртинчи босқичларида мурожаат қиларди. Бундай ҳолларда кўкракни тўлиқ олиб ташлашга тўғри келарди.
Ҳозир маммографик скрининг ривожланаётгани ва касаллик эртароқ аниқланаётгани сабабли, кўкракни сақлаб қолиш имкониятлари ҳам ошмоқда. Айрим беморларда аъзони сақловчи, зарур ҳолларда реконструктив-пластик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш мумкин.
Эрта ташхислаш даволаш усулини танлашга ҳам таъсир қилади. Касаллик босқичига қараб, баъзи беморларда операцияни кимётерапиядан олдин ўтказиш мумкин, бошқаларида эса аввал дори билан даволаш талаб этилади. Касаллик қанчалик кеч аниқланса, даволаш жараёни шунчалик мураккаблашиши мумкин. Шу сабабли маммографик скринингдан ўз вақтида ўтиш жуда муҳим.
— Сўнгги йилларда аёлларнинг ўз саломатлигига эътибори ва онкологик касалликлар ҳақидаги хабардорлиги ошмоқда. Поликлиникаларда онкологик назорат хоналари ташкил этилгани, гинекологлар ҳам кўкрак безини текшираётгани бунда муҳим ўрин тутади.
Илгари айрим аёллар кўкракдаги тугунни оддий ҳолат деб ўйлаши, сўрғичдан ажралма келиши ёки терида яра пайдо бўлишини хавфли белги сифатида қабул қилмаслиги мумкин эди. Ҳозир эса бундай ўзгаришлар аниқланганда, беморни қўшимча текширувга йўналтириш имконияти кенгайган. Ижтимоий тармоқлар ва интернетдаги маълумотлар ҳам хабардорликни оширишга ёрдам бермоқда.
Бироқ молиявий қийинчиликлар ёки оила аъзоларининг қаршилиги туфайли текширувдан ўтмайдиган аёллар ҳам учрайди. Айримлари молиявий имконияти йўқлигини, турмуш ўртоғи ёки қайнонаси рухсат бермаганини сабаб қилиб кўрсатади. Баъзилар эса тўй, уй юмушлари ёки бошқа ишлар туфайли текширувни орқага суради.
Белгиланган тартиб доирасида маммографик скрининг бепул ўтказилади. Агар текширувда шубҳали ўзгариш аниқланса, бемор қўшимча текширув учун онкология марказига йўналтирилади. Аёлларнинг саломатлиги биринчи ўринда туриши керак. Текширувни кечиктириш касалликни ўз вақтида аниқлаш имкониятини қўлдан чиқариши мумкин. Энг муҳими, шубҳали белги пайдо бўлса, ўзбошимчалик билан хулоса чиқармасдан, мутахассисга мурожаат қилишдир.
— Албатта. Оғриқ йўқлиги касаллик йўқлигини англатмайди. Маммографик скринингнинг асосий мақсади ҳам касалликни ҳали белгилари пайдо бўлмаган даврда аниқлашдир.
402-сон қарорда белгиланган дастурга кўра, 45−65 ёшдаги аёллар икки йилда бир марта маммография текширувидан ўтиши керак. 45 ёшгача бўлган аёллар марказий поликлиникаларда сут бези ултратовуш текширувидан (УТТ) ўтишлари мумкин. Бу скрининг текшируви бепул амалга оширилади.
—
Аёлларнинг ҳали ҳам табибларга мурожаат қилиши бизнинг энг оғриқли муаммоларимиздан бири.
Кўпинча беморлар дастлаб кўкрагида 1−2 сантиметрли ёки қуртдек кичик тугун сезгач, табибга бориб, унинг малҳамларини сургани, дорилари ёки гиёҳларини истеъмол қилганини айтишади. Аммо шу вақт давомида ўсма катталашиб, тери юзасига ёриб чиқади.
Табиблар эса буни касаллик келтириб чиқарган ёмон ҳужайралар ташқарига чиқаётгани, даволаш усули самара бераётгани билан изоҳлашади. Аслида, ўсманинг катталашиши, терига ёриб чиқиши ва тўқималарнинг емирилиши касаллик анча илгарилаб кетганидан дарак бериши мумкин. Бундай ҳолатда беморлар бизга жуда оғир аҳволда мурожаат қилишади. Афсуски, баъзан шунда ҳам табиблар ўз усулларининг самарасизлигини тан олишмайди.
Шунинг учун аёллардан илтимос қилардим: кўкракда тугун ёки бошқа шубҳали ўзгаришларни сезсангиз, табибларга бориб вақт йўқотманг.
Дарҳол малакали шифокорга мурожаат қилинг. Касалликни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш жуда муҳим.
— Аёлларнинг шифокорга ўз вақтида мурожаат қилмаслигига сабаб бўладиган омиллардан бири — кимётерапия ва унинг асоратларидан қўрқиш. Кўкрак бези саратонини даволашда кимётерапия қўлланиши мумкин. Унинг ножўя таъсирларидан бири соч тўкилиши ҳисобланади.
Кимётерапиядан олдин бемор билан суҳбат ўтказилиб, даволаш жараёни ва эҳтимолий асоратлар ҳақида тўлиқ маълумот берилади. Аёлларни эса кўпинча сочлари тўлиқ тўкилиб кетиши ҳақидаги хавотир қийнайди. Соч тўкилиши, одатда, вақтинчалик бўлиб, даволаш тугагач, сочлар қайта ўсади. Бироқ уларнинг аввалги қалинлигига қайтиши ҳар бир беморда турлича кечиши мумкин.
Айрим аёллар сочи тўкилиши сабабли атрофдагиларнинг муносабатидан, қайнона-қайнота ёки турмуш ўртоғи олдидаги ҳолатидан хавотирланади. “Сочим тўкилиб кеца, қўни-қўшни нима дейди? Турмуш ўртоғим мени ташлаб кеца-чи?” деган қўрқувлар уларни тиббий даволашдан қочиб, табибларга мурожаат қилишга ундайди.
Табиблар эса турли гиёҳлар ва дорилар соч тўкилишига сабаб бўлмаслигини айтиб, беморларни ишонтиришади. Натижада аёллар қимматли вақтни йўқотиб, касаллик анча илгарилаб кетганидан кейингина шифокорга мурожаат қилишади. Афсуски, шундай беморлар орамизда ҳам учраб туради.
— Бир кўкракда саратон аниқланиши касаллик иккинчи кўкракка ҳам ўтади, дегани эмас. Аммо кам ҳолларда ҳар икки кўкракда ҳам алоҳида ўсмалар пайдо бўлиши мумкин. Бу икки томонлама, яъни билатерал саратон деб аталади. Кўкрак бези саратони бошқа аъзоларга, жумладан, жигар, суяклар, ўпка ва бош мияга метастаз бериши мумкин. Бу касалликнинг тури ва босқичига боғлиқ.
Шахсий амалиётимда чап кўкракдаги ўсмалар кўпроқ учраганини кузатганман. Бироқ бу умумий қонуният ёки барча беморларга тегишли хулоса эмас.
— Президентнинг 402-сон қарори қабул қилинишидан олдин, 2025-йилда мамлакатдаги мавжуд ускуналар ва мутахассисларнинг тайёргарлик даражаси ўрганилди. Шундан кейин Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда скрининг тизимини ривожлантириш чоралари кўрилди.
Дастур бошланган пайтда республика бўйича скрининг учун 31 та маммограф мавжуд эди.
Ҳозир уларнинг сони 51 тага етган. Қарор доирасида қўшимча 14 та маммограф ўрнатилди.
Бундан ташқари, агентлигимиз Японияда ишлаб чиқарилган бешта замонавий стационар маммографни харид қилиш ва ўрнатишга кўмаклашди.
Ускуналар Қўнғирот тумани, Андижон ва Термиз шаҳарлари, Урганч шаҳри ҳамда Иштихон туманидаги кўп тармоқли поликлиникаларга жойлаштирилди.
Мақсад — текширувларни аёлларга имкон қадар яқинлаштириш. Маммографлар бирламчи тиббий ёрдам муассасаларида бўлса, чекка ҳудудларда яшайдиган аёллар текширувдан ўтиш учун узоқ масофа босиб ўтишга мажбур бўлмайди. Бу скрининг билан қамровни ошириш ва касалликни эрта аниқлашга хизмат қилади.
— Дастур бошланган вақтда республика бўйича 60 нафарга яқин маммолог бор эди. Шунинг учун мутахассислар малакасини ошириш ва халқаро тажрибани ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.
Агентлигимиз кўмагида Республика онкология ва радиология марказининг 13 нафар мутахассиси АҚШнинг Юта штатидаги Ҳанцман саратон марказига малака ошириш учун юборилди. Улар орасида Лола Зокирова ҳам бор эди. Ташрифдан мақсад фақат тажриба алмашиш эмас, балки Ўзбекистондаги барча марказларда бир хил даражада йўлга қўйилмаган айрим амалиётларни, жумладан, зарарланган лимфа тугунларини биопсия қилиш ва уларни олиб ташлаш усулларини ўрганиш эди.
Яна бир муҳим жиҳат — саратонни даволашда кўп тармоқли жамоа ёндашувини жорий этиш. Беморни даволаш режаси фақат битта шифокор томонидан эмас, балки турли мутахассислар иштирокида муҳокама қилиниши керак.
Халқаро ташрифдан кейин Республика онкология ва радиология марказида шундай жамоавий ишлаш амалиёти йўлга қўйилди. Ҳозир беморларнинг ҳолати ва даволаш режалари мутахассислар иштирокида муҳокама қилинади. Бу бемор учун энг мақбул усулни танлашга ёрдам беради.
— Йўқ, пойтахтга келиш шарт эмас. Туманлардаги кўп тармоқли поликлиникаларда онкологик назорат хоналари ташкил этилган. Уларда акушер-гинекологлар кўкрак безини пайпаслаб текширишга ўргатилган.
Бундан ташқари, скрининг регистри ташкил қилинган. Унда аёлнинг дастлабки текширувдан тортиб, зарур бўлса, онкология марказига юборилишигача бўлган жараён кузатиб борилади. Бу беморларнинг текширув ва даволаш жараёнида эътибордан четда қолиб кетмаслиги учун керак.
402-сон қарорда белгиланган тартибга мувофиқ, 45−65 ёшдаги аёллар бирламчи тиббий ёрдам муассасаларида маммография скринингидан ўтишга жалб қилинади. Агар текширув натижасида шубҳали ўзгариш аниқланмаса, қўшимча равишда онкология марказига юбориш талаб этилмайди. Шубҳали ҳолатларда эса аёл тегишли вилоят онкология марказига йўналтирилади.
Шу тариқа, чекка ҳудудлардаги аёллар ҳам ўз яшаш жойига яқин тиббий муассасада текширувдан ўтиши ва зарурат туғилганда мутахассис ёрдамини олиши мумкин.
— Агентлигимиз томонидан аҳолига онкологик касалликлар ҳақида содда ва тушунарли тилда маълумот беришга қаратилган электрон портал ишлаб чиқилди. Уни яқин икки кун ичида ишга тушириш режалаштирилган.
Порталда дастлаб аёлларда учрайдиган саратон турлари, жумладан, кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони, шунингдек, болалар саратони ҳақида ўзбек тилида маълумот берилади. 2027-йилдан бошлаб эса катталарда кўп учрайдиган бошқа саратон турлари ҳам қамраб олинади.
Портал орқали нафақат касалликлар ҳақида маълумот олиш, балки қаерга мурожаат қилиш, қайси текширувлардан бепул ўтиш мумкинлиги ва қандай ҳолатларда қайси мутахассисга учрашиш кераклигини билиш ҳам мумкин бўлади. Шунингдек, фойдаланувчилар мутахассисларга ўз саволларини йўллаш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари, жорий йилнинг август ойида агентлигимиз томонидан яна бир лойиҳа йўлга қўйилди. Унинг доирасида АҚШдан кўкрак бези саратони бўйича онкологлар ҳамда гистологик ва патоморфологик текширувлар бўйича мутахассислар жалб қилинди. Улар билан ҳамкорликда 2027-йил декабрига қадар Ўзбекистондаги онкологларнинг малакасини ошириш ишлари олиб борилади. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — тиббиёт ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш, саратонни эрта ва тўғри ташхислаш имкониятларини кенгайтириш.
— Агентлигимиз 402-сонли қарор ижросини мониторинг қилиш жараёнида ҳудудларга чиқиб, масъул муассасалар мутахассислари ва аҳоли билан суҳбатлашади. Кузатувларимиз давомида, айниқса, чекка ҳудудлардаги аёллар маммография текширувидан қўрқишини аниқладик.
Айримлари ҳатто текширув бепул бўлса ҳам, “Борсам, менда ҳам бирор касаллик аниқланади”, деб хавотирланади.
Аслида, бундан қўрқмаслик керак. Касалликни ўз вақтида аниқлаш орқали самарали даволаниш, ҳатто кўкракни сақлаб қолиш ва одатий ҳаётга қайтиш мумкин.
Иккинчи муҳим масала — пестицидлар таъсири. АҚШдаги Колумбия университети тадқиқотчилари олиб борган узоқ муддатли кузатувларда айрим пестицидлар таъсири ва кўкрак бези саратони хавфи ўртасидаги боғлиқлик ўрганилган. Ўзбекистонда ҳам пахта ва ғалла далаларида ишлайдиган аёллар бор. Шунинг учун уларга пестицидлар билан алоқани имкон қадар камайтириш, қўлқоп ва узун енгли кийим каби ҳимоя воситаларидан фойдаланишни тавсия қиламан.
Учинчидан, барча аёлларни онко-портал орқали саратон ҳақида ишончли ва далилларга асосланган маълумот олишга чақираман. Қанчалик кўп маълумотга эга бўлсак, касаллик белгиларини шунчалик эрта таниб, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш имкониятига эга бўламиз.

