
**СВИФТдан СИПСга**
Қирғизистон Хитойнинг молиявий хабарларни узатиш тизими — CIPS (Cross-Border Interbank Payment System) билан интеграциялашувни бошламоқда. Янги механизм ҳисоб-китобларни воситачи банкларсиз, тўғридан-тўғри юанда амалга ошириш имконини беради. Бу ҳақда республика Миллий банки маълум қилди. CIPS аллақачон 119 та давлатни бирлаштирган, SWIFTга қараганда тезроқ ишлайди, комиссия тўловлари эса 20–40 фоизга пастроқ.
Қирғизистон учун Хитой платформасига ўтиш — халқаро транзакциялар блокланиши хавфини камайтириш усулидир, айниқса республика фаол савдо қиладиган Россия ва Беларусга нисбатан санкциялар босими фонида. Бунда Хитой асосий омил бўлиб қолмоқда: мамлакат ташқи савдо айланмасининг қарийб 30 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади. Пекин билан ҳисоб-китобларнинг осонлашиши товарлар етказиб бериш ва инвестицияларни жалб қилишга туртки бериши керак.
Экспертлар тизимнинг камчиликлари ҳам борлигини кўрсатмоқда. CIPS фақат юань билан ишлайди ва ўтишдан сўнг Қирғизистон захираларининг бир қисми муқаррар равишда Хитой валютасига ўтказилади. Бу юань курсига қарамликни юзага келтиради, курс эса беқарор бўлиши мумкин. Бундан ташқари, CIPSга уланиш техник жиҳатдан мураккаб ва банкларнинг IT-инфратузилмасини янгилашни талаб қилади. Миллий банкда эса тизим аллақачон синовдан ўтказилгани ва у бизнесга харажатлар ҳамда операцияларни амалга ошириш вақтини қисқартириш имконини бериши таъкидланмоқда. Шунингдек, CIPS SWIFTни тўлиқ алмаштирмаслиги, балки Хитой ва бошқа иштирокчи давлатлардаги шериклар билан ҳисоб-китоблар учун муқобил канал сифатида хизмат қилиши қайд этилган.

