“Суверенитетни қандай сақлаб қолишимиз ҳақида ўйлардим”. Ўзбекистон тарихидаги биринчи элчи Юсуф Абдуллаев билан интервю
Мустақил Ўзбекистоннинг илк элчиси Юсуф Абдуллаев Газетаъга берган эксклюзив интервюсида илк элчихона қандай ташкил этилгани, 90-йиллар бошида Россияда Ўзбекистон қандай қабул қилингани ва Москвадаги путч пайтида нима учун Ўзбекистон ТИВнинг буйруғини бажаришдан бош тортгани ҳақида сўзлаб берди.

"Суверенитетни қандай сақлаб қолишимиз ҳақида ўйлардим." Ўзбекистон тарихидаги биринчи элчи Юсуф Абдуллаев билан суҳбат
Профессор Юсуф Абдуллаев, Ню Ёрк Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, Самарқанд давлат чет тиллар институтининг биринчи ректори (1994−2003) ва ҳозирда Самарқанд халқаро технология университети ректори, Газетаъга берган эксклюзив интервюсида мамлакат мустақилликнинг дастлабки йилларида ўз дипломатиясини йўлга қўйиш ва биринчи элчихонани очиш йўлидаги қийинчиликлар, брифинглар ва ОАВ билан учрашувларнинг аҳамияти ҳамда Москвадаги фавқулодда ва мухтор элчилик давридаги хотиралари билан ўртоқлашди.
— Биринчи президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов мустақилликни эълон қилганида, мен халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлар эдим. Бутун совет маконида эйфория ҳукм сурарди; ҳамма мустақиллик эълон қилаётган эди. Кўпчиликда "энди яхши яшаймиз, ўз тақдиримизни ўзимиз ҳал қиламиз" деган туйғу бор эди.
Бироқ мустақиллик фақат биринчи босқич. Мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб, фақат бир нарса ҳақида ўйлардим: бундан кейин қандай йўл тутамиз? Мустақил давлатлар жуда кўп, БМТнинг 193 аъзоси – уларнинг бари мустақил. Лекин ҳамма ҳам суверен бўла олгани йўқ. Бу эса Конституциямиздаги биринчи сўз эди. Яъни ўз ички ва ташқи сиёсатимизни ўзимиз белгилашимиз.
Ўша йилларда биринчи президентимиз айтган гаплар ёдимда қолган: "Агар мустақил бўлишни истасанг, ҳақиқатан ҳам, шундай бўл." Яъни қарорларни ўзинг қабул қил, сенга ҳеч ким буйруқ бермасин, халқингни муносиб ифода эт ва халқ ўзини жаҳон ҳамжамиятининг сунъий эмас, ҳақиқий субьекти сифатида намоён қилсин. Мен ана шу мустақиллик тушунчасини қай даражада сақлаб қола олишимиз ҳақида чуқур ўйлардим.
— 11-июн куни тахминан соат 16:00 лар эди. Менга Ислом Абдуғаниевичнинг ёрдамчиси, марҳум Георгий Крайнов қўнғироқ қилиб: "Юсуф Неъматович, сизни олтинчи қаватга чақиришяпти." У пайтларда "олтинчи қават" Оқсаройга кўчгунга қадар Шароф Рашидов, Ислом Каримов ўтирган жой бўлган – давлат раҳбари чақираётгани ҳаммага аён эди.
Олдиларига кирганимда, Ислом Абдуғаниевич: "Сизни биринчи фавқулодда ва мухтор элчи этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонга қўл қўйяпман," деди. Аввалига "Қайси давлатга экан?" деб ўйладим, чунки бунгача турли гап-сўзлар бўлганди. У киши: "Россияга," деди.
Кейинчалик, Россия президенти Борис Елсин билан учрашувларнинг бирида у шундай деганди: "Ислом Абдуғаниевичнинг илк элчини Вашингтон ёки Анқарага эмас, айнан Москвага юборганидек қатъий қадамини юксак қадрлайман."
Нега айнан Россияга? Албатта, биз ягона маконда эдик. Бу шунчаки географик тушунча эмас. Ташқи савдо айланмамизнинг 54 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келарди. Россия учун биз ўша пайтда бор-йўғи 8,4 фоиз атрофида эдик, лекин биз учун 54 фоиз – ярмидан кўп дегани эди. Пахтамизнинг 70 фоизи тўлиқ Россияга борар ва ўша ерда қайта ишланарди. Нефт, саноат ва шу каби бошқа соҳаларни айтмаса ҳам бўлади. Яъни Ислом Абдуғаниевич иқтисодчи сифатида, энг аввало, умумий иқтисодий макон доирасида максимал даражада қолишимиз зарурлигидан келиб чиққан эди. Бу энг асосий масала бўлган.
Бундан ташқари, биз ундан кейин ҳам яна икки йил рубл зонасида қолдик. Рублни Москвадан олардик. Россиянинг "Геракл" деб аталадиган атоқли молиячиси Виктор Гераенко (1992−1994 ва 1998−2002-йилларда Россия Марказий банки раҳбари) буларнинг барчасини назорат қиларди. Менинг энг муҳим вазифаларимдан бири у билан шахсий муносабат ўрнатиш эди ва бунинг уддасидан чиқдим. Ўртамизда ажойиб, ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар шаклланди, бу эса ҳар гал унга мурожаат қилганимизда рублга оид сўровларимизни ижобий ҳал қилиш имконини берарди ва у ёрдамини аямасди.
Демак, биринчи навбатда иқтисодий манфаатлар ва мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигини сақлаб қолиш турган эди. Бу эса бевосита Россия билан боғлиқ бўлган.
Ўша кунга қайтадиган бўлсак, Ислом Абдуғаниевич 40 дақиқа давомида Россия-Ўзбекистон ва, умуман, халқаро алоқалар бўйича позициямиз қандай бўлиши кераклигини тушунтирди. У шундай йўналиш берди: "Иложи борича ўз позициямизни мустаҳкам ушлашга ҳаракат қилинг. Сизга жуда қийин бўлади, чунки биз барча ташқи сиёсий йўналишларимизни эндигина шакллантиряпмиз. Ўз анъаналаримиздан келиб чиқиб, давлат манфаатларимизни максимал даражада ҳимоя қилишга интилинг."
Суҳбатдан сўнг у киши мени қабулхонагача кузатиб қўйиб: "Мен сизга 100 фоиз ишонаман," деди. Бу жуда катта ишонч эди.
Вазирликдаги хонамга қайтганимда, боксчилар тили билан айтганда, "грогги", яъни карахтлик ҳолатида эдим. Кабинетда ўтира олмаслигимни тушуниб, уйга кетдим.
Бой кутубхонамдан учта китоб олдим. Улар ХИ асрда ёзилган китоблар эди. Биринчиси – Юсуф Хос Ҳожибнинг 1069-йилда қадимги туркий тилда ёзилган "Қутадғу билиг" ("Саодатга элтувчи билим") асари.
Иккинчиси – форс тилида, тахминан 1082-йилда Хуросонда (Эронда) Кайковус томонидан ёзилган "Қобуснома". Учинчиси эса Исфаҳонда салжуқийларнинг бош вазири Низом ул-Мулк томонидан форс тилида ёзилган "Сиёсатнома" – шартли равишда сиёсацҳунослик китоби эди.
Юсуф Хос Ҳожибнинг китобида элчи қандай бўлиши кераклиги ҳақида алоҳида боб бор. Ишлаган йилларим давомида бу китоб мен учун дастуриламал бўлди. Энг аввало, элчи илмли, юксак савияли инсон бўлиши керак. У жуда ораста, хушбичим, эҳтиёткор, эътиборли бўлиши ва мулоқот қила олиши лозим.
Элчи илм-фанни, астрономияни, математикани билиши, ҳатто квадрат илдиз чиқаришни ҳам билиши шарт. Буни бундан 1000-йил муқаддам барча Марказий Осиё халқларининг буюк аждоди элчи ҳақида ёзиб қолдирганди.
У, айниқса, элчининг қорни тўқ, таъминоти етарли бўлиши кераклигига урғу берган. Яъни у моддий манфаат – ҳозир биз коррупсия деб атайдиган нарса ҳақида ўйламаслиги лозим. Ҳеч қандай фитна ва провокацияларга учрамаслиги, ҳеч қачон спиртли ичимликлар таъсирига тушмаслиги керак. Ичсанг – ақлингни йўқотасан. Ақлингни йўқоцанг – ўз ихтиёрингни қўлдан берасан. Ва ўшанда мамлакатинг обрўсизланади.
Ҳатто у элчи спорт билан, хусусан, чавгон, яъни от спорти, шахмат, камондан отиш каби ўша давр спорт турлари билан шуғулланиши кераклигини ёзган. Бизнинг давримизда элчилар орасида энг оммабоп спорт тури теннис эди.
Ана шу уч китоб мен учун халқимизнинг қарашлари, анъаналари ва руҳиятини тўлиқ ҳис қилишимга ёрдам берган асосий дастуриламал бўлди.
— Дипломатиямиз тарихидаги илк ишонч ёрлиғини айнан мен топширганман. Нима учун у ишонч ёрлиғи деб аталади? Чунки унда: "Жаноби Олийлари, муҳтарам Борис Николаевич, Абдуллаев Юсуф Неъматовични Россия Федерациясига элчи этиб юборар эканман, унинг ҳар бир сўзига ишонишингизни сўрайман. Унга ишонишингизни сўраб қоламан, чунки у мамлакат президенти ва ҳукумати номидан сўзлайди," деб ёзилган. "Ҳар бир сўзига ишонинг" – ушбу ҳужжатда қанчалик катта масъулият юкланганини тасаввур қиляпсизми?!
Кремлда Россия раҳбариятига дипломатиямиз тарихидаги илк ишонч ёрлиғини топширгач, элчихонага келиб, жамоанинг бир қисмини тўпладим.
"Дўстлар, бугун Россия раҳбариятига ишонч ёрлиғини топшириш шарафига муяссар бўлдик ва энди биз сиз билан де-юре, расман биринчи ўзбек элчихонасининг вакилларимиз. Сизлардан илтимосим шуки, давлатимизнинг обрў-эътибори ўз ваколатларингизни қандай адо этишингизга боғлиқ бўлади."
Биласизми, биринчи бўлиб кимларни чақирганман? Фаррошлар, ҳайдовчилар ва қоровулларни. Станиславскийнинг машҳур "Театр кийим илгичдан бошланади" деган гапини эслайсизми? Мен ҳам уларга шундай дедим: "Элчихонамиз сиздан бошланади." Бу биринчи қадам эди.
Бу кун яна шуниси билан ёдимда қолдики, мен элчихона бўлмасдан олдин ЎзССР Вазирлар Кенгашининг СССР Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Доимий ваколатхонасида (50 йил давомида "постпредство" деб аталган жойда) ишлаган инсонларга миннатдорлик хатлари ёздим. Уларга ташаккур билдириб: "Асосни сизлар қўйгансиз ва репутацияга салмоқли ҳисса қўшгансиз," дедим. Ўша пайтда ҳаёт бўлган бешта ўтмишдошимга шу тариқа миннатдорлик билдирдим. Менинг илк иш куним ана шундай ўтди.
— Москвага кетишдан олдин вазирлигимиз юристи Сергей Розенфелд билан бирга ўтириб, элчихона тўғрисидаги илк низомни ишлаб чиқдик. Ҳали элчихона ҳақида ҳеч қандай низом йўқ эди. Яъни Ден Сяопин Хитой ислоҳотлари ҳақида айтганидек: "Ислоҳотларимизни тошларни пайпаслаб дарёдан кечиб ўтишга қиёслаш мумкин." Биз ҳам худди шундай тошларни пайпаслаб кўрардик, элчихона ўзи нима эканини тасаввур ҳам қилмасдик.
ЖИДУ (Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети)ни битириб, кейинчалик дипломатияда ишлаганларни карера дипломатлари дейишади. Совет Иттифоқи даврида бизда МГИМО ёки ўша даврдаги ЖИДУни битирган бирорта ҳам кадр йўқ эди. Бизнинг дипломатия университетимиз 1992-йил кузида ташкил этилган.
Ходимларнинг айримлари касбий дипломат бўлмаса-да, СССР ТИВда ишлаган, бошқалари эса вазирликлар, идоралар ва бизнинг Ташқи ишлар вазирлигимиз томонидан тавсия этилган эди. Менинг номзодлик диссертациям Эрон ташқи сиёсати бўйича бўлган, ташқи сиёсатдан маърузалар ўқиганман, Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида 11 йил ишлаганман, шунинг учун шарқшунос сифатида ташқи сиёсат билан алоқам бор эди. Аммо қолган барча ходимларимиз – ўқишни эндигина тамомлаган ёшлар бўлган.
Гоголнинг "Шинел" повестидан рус мумтоз адабиёти униб чиққанидек, бу йигитлар ҳам илк элчихона "шинели"дан етишиб чиқди. Фахр билан айта оламанки, улардан етти нафари бошқа мамлакатларда, жумладан, икки нафари АҚШда фавқулодда ва мухтор элчи бўлди. Улардан бири эса – бутун Ўзбекистон фахрланса арзийди – афсонавий ўзбек дипломати, ҳатто дипломатия патриархига айланди (чунки у ҳозир ҳам ташқи сиёсатда), бу – ўз фаолиятини ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчи сифатида бошлаб, барчамизга маълум даражагача кўтарилган, энг узоқ муддат ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган Абдулазиз Ҳафизович Камиловдир.
Ўша пайтда ҳамма нарса биринчи марта бўлаётган эди: элчихонани шакллантириш ҳам. Мен ишлаган даврда уч-тўртта ташқи ишлар вазири алмашди, чунки бизда ҳали деярли тажриба йўқ эди. Бу янги давлат ва янги сиёсат қарор топаётган жуда мураккаб давр бўлган.
Аслида, бунгача бизда Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бор, ҳам йўқ эди. Совет даврида у мавжуд бўлган, лекин тўлақонли вазирлик эмасди. Масалан, Совет Иттифоқи раҳбари Леонид Илич ёки бошқа биров Ҳиндистонга учаётганда Тошкентга қўнади, дам олади, чой ичади, куч тўплайди ва Ҳиндистонга қараб йўлида давом этади.
Яъни Тошкент ташқи сиёсатда транзит базаси вазифасини бажарган. Ҳа, у ерда Осиё ва Африка мамлакатлари фестиваллари, конференсиялари ўтказиларди, аммо субьект сифатида Тошкент шунчаки транзит нуқта эди. Аслида вазирликнинг ўзи йўқ эди, бу протокол вазирлиги эди. 1991-йилдан бошлаб эса мустақиллик масъулият юклади ва бизда қудратли ташқи сиёсат идораси шаклланди.
— Бу осон бўлмаган, аммо изчил ҳаракатларимиз самара берди. Дастлабки пайтларда матбуотда, айниқса, эркин матбуот деб аталувчи нашрларда бизни тинимсиз танқид, тўғрироғи, бомбардимон қилишарди. Бу ерда фактни қайд этяпман. Чунки улар эркинлик ҳавосидан нафас олиб, Иттифоқ тарқалганидан сўнг буни бирдан чекланмаган эркинлик, ҳамма нарсага рухсат деб тушунишди. Шунга қарамай, биринчи навбатда нормалар, журналистика этикаси бор.
Масалан, "Новое время" журнали кутилмаганда Ўзбекистон ҳақида бирор мақола эълон қилиб, нохолис баҳо берса, мен бош муҳаррир Пумпянский билан учрашиб: "Мақола чиқарибсиз, бу сизнинг фикрингиз, лекин энди бизнинг фикримизни ҳам эълон қилишингизни сўрайман," дердим.
Ёки "Независимая газета" бош муҳаррири Третяковнинг олдига борардим ва яна худди шундай йўл тутардим. Дейлик, у "Ўзбекистон Афғонистон ёки бошқа қўшниларининг ички ишларига аралашмоқда" деган мазмунда мақола беради. Мен жавоб материалини тайёрлардим ва элчихонамизнинг асосли далиллари туфайли биз худди ўша "Независимая газета"да, худди ўша "Новое время"да, айнан ўша саҳифада ўз материалимизни чиқаришга эришардик.
Ёки ўша пайтда Россиянинг энг катта тиражли газетаси бўлган "Труд"ни олайлик. Бош муҳаррир Потаповнинг олдига бориб, масалани ҳал қилардим ва у шунчаки раддия эмас, бизнинг шаънимизга қилинган туҳматларни йўққа чиқарувчи мақоламизни беришга мажбур бўларди. Шунинг учун ОАВ билан жуда жиддий кураш кетган, охир-оқибат, ўзаро тушунишга эришилган.
Брифинглар ва матбуот анжуманларига келсак, Ислом Абдуғаниевич бу масалага алоҳида аҳамият қаратарди. У бизнинг эндигина қарор топиш босқичида эканимизни, Москвада эса 144 та элчихона, БМТдан тортиб барча халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари борлигини ва Москвадан Ўзбекистон элчихонаси орқали максимал даражада фойдаланиш кераклигини аниқ тушунган эди. Бизга шундай топшириқ берилганди.
Биз ҳатто "Ўзбекистон Республикаси" номли бюллетен чиқаришни йўлга қўйдик. Ва ҳар ойда барча 144 та элчихонага материалларимизни тарқатардик. Улар Ўзбекистон ҳақида эшитганми-йўқми, ҳар ҳолда, бизнинг бюллетенимиз улар учун янгилик бўларди. Биринчидан, ҳурмат, яъни "бизга бюллетен юборишибди", иккинчидан, сўнгги воқеалардан хабардор бўлишарди.
Эсимда, Олий Кенгаш раиси Йўлдошев қўнғироқ қилиб: "Юсуф Неъматович, шундай фикр бор, сиз барча сессияларга келиб турасиз," деди. Афтидан, бу Ислом Абдуғаниевич билан келишилган эди. Сессиядан бир кун олдин етиб келардим – Конституция бўладими ёки бошқа муҳим воқеа муҳокама қилинадими – бир-икки кун иштирок этиб, зудлик билан қайтиб учиб борардим ва брифинглар ўтказардим.
— Айнан охирги фикрингиз тўғри, ҳақиқатан ҳам шундай эди. Инерсия бўйича деярли бир хил нарса деб қабул қилинарди: "Биз Москвамиз, сиз ҳам ўша-ўшасиз."
1992-йилда, демократик жараёнлар доирасида айрим мухолифат ташкилотлари пайдо бўлганида, улар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласини кўтара бошлашди. Бу, айниқса, 1992-йил 30-майда – мен ҳали биринчи вазир ўринбосари бўлиб ишлаб юрган кезларим – икки президент, Каримов ва Елсин давлатлараро ҳамкорлик ва дўстлик тўғрисидаги шартномани имзолаганларидан кейин яққол намоён бўлди. Ушбу шартнома парламентимиз томонидан ёздаёқ 100 фоиз ратификация қилинди.
Мен элчи бўлиб бордим ва энди Россия парламентида ратификация қилинишини кутяпман. Россия парламентида эса ўша пайтда ғалаёнлар қайнаб-тошарди, бу кейинчалик Елсин ва Хасбулатов ўртасидаги келишмовчиликларга, ҳатто Олий Кенгаш томонидан давлат тўнтаришига уринишларга олиб келди.
Хуллас, биз ҳужжатнинг тўлақонли юридик кучга эга бўлиши учун Россия томонининг ратификациясини кутяпмиз. Кутилмаганда россиялик депутатлардан бири Пономарёв Россия газеталарининг бирида: "Йўқ, биз ратификация қилмаймиз, чунки Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари жуда жиддий бузилмоқда" деб баёнот берди. Буни ўқиб, зудлик билан чора кўриш кераклигини тушундим.
Мен Россия парламенти бўйлаб аввалдан таниган одамларим билан кетма-кет учраша бошладим. Бунгача уч йил Москвада, КПСС (Коммунистическая партия Совецкого Союза – Совет Иттифоқи Коммунистик партияси) Марказий қўмитасининг партия аппаратида ишлаган эдим. Ва танишлар орқали бу кескинликни иложи борича юмшатишга ҳаракат қилдим. Халқаро алоқалар қўмитаси махсус комиссиясигача етиб бордим, улар ва бошқа бўлинмалар билан келишувга эришдим. Ҳатто вице-спикер Филатовнинг, Олий Кенгаш раиси Хасбулатовнинг олдигача кириб бордим. У: "Биз қўллаб-қувватлаймиз. Ратификация қилиниши учун ҳамма нарсани қиламиз," деди.
Шу пайт Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия тимсолидаги катта бир тўсиққа дуч келдик. Улар: "Биз сизни ушбу масала муҳокамасига таклиф қиламиз, шундан кейингина уни парламентда кўриб чиқамиз," дейишди. Мен хонага кирганимда, гўё қафасга тушиб қолгандек ва ҳозир ҳамма ташланадигандек бир кайфият бор эди. Бир соат давомида ўртамизда жуда муносиб ва жиддий мулоқот бўлди. Ва секин-аста улар бизнинг томонимизга ўтаётганини ҳис қилдим. Улар: "Ҳақиқатан ҳам, камчиликлар бор, лекин Россиянинг ўзида ҳам аҳвол шу, ҳаммамиз ўтиш даврини бошдан кечиряпмиз," деб ўйлай бошлашди.
Вазият ҳақиқатан ҳам юмшаб, ўзаро тушуниш пайдо бўлди, провокациялар тўхтади. Шу пайт комиссия аъзоси, депутат Шустов кириб келди-да: "Ие, бошлаб юбордингизми? Мен ҳаммаси яхши кетяпти деб ўйлабман," деди. Ҳамма бир соатлик самимий суҳбатдан сўнг аллақачон биз тарафда эди. Улар унга қаради, у эса менга жуда кескин ва ўта ишонч билан қўл чўза бошлади.
Мен унга қўл узатмадим. Шунчаки ўрнимдан турдим-да: "Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдуллаев Юсуф Неъматович. Ким билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлиб турибман?" дедим. Гарчи унинг фамилияси ва позициясини яхши билсам ҳам. У эса карахт бўлиб қолди. Буни мутлақо кутмаганди. У ҳозир унга хушомадгўйлик қилишади деб ўйлаганди. Ва у жойига ўтирди. Илк кунларданоқ ана шундай тўсиқ ва машаққатларни енгиб ўтишга тўғри келган.
Россия Федерацияси Олий Кенгаши сессияси бошланишидан олдин Руслан Хасбулатов менга: "Мен ҳозир хорижга учиб кетяпман, шунинг учун буни биринчи масала қилиб қўяман, ўтказишга улгурай, мен кетганимдан кейин сессияни ўринбосарим Филатов давом эттиради," деди. У атайлаб масалани биринчи ўринга олиб чиқди ва: "Ўзбекистонда депутатлар ушбу ҳужжат учун бир овоздан овоз беришди, биз-чи?" деди. Залда ҳам, афтидан, у вазиятни олдиндан тайёрлаб қўйган эди. "Биз ҳам, биз ҳам, биз ҳам!" дейишди. Фақат бир киши бетараф қолди. Қолган барча депутатлар 100 фоиз ёқлаб овоз берди.
Илк кунларданоқ бу мамлакатда ана шундай тўсиқ ва қийинчиликлар бор эди. Улар бизни шундай қабул қилишар ва қаердадир бизни шунчаки бир қарам ҳудуд деб билиб, ўз гегемонлигини кўрсатишга уринишарди. Шунга қарамай, Россия – буюк давлат, у ерда оқил ва заковатли инсонлар етарлича топилади. Энг асосийси эса – икки президент ўртасида мукаммал ўзаро тушуниш бор эди, қолган барча масалалар эса айнан шундан келиб чиқарди.
— Биринчи навбатда: "Сизлар мухолифатни бўғяпсизлар, чиқиш қилишга имкон бермаяпсизлар, рўйхатдан ўтказмаяпсизлар," дейишди, ваҳоланки, ўша пайтдаёқ бу ташкилотлар рўйхатдан ўтган эди. Улар ана шундай элементларга ёпишишга ҳаракат қилишарди.
Аммо ҳали 1989-йилда – 23-июн куни Ислом Абдуғаниевич Марказий қўмитанинг биринчи котиби бўлган кезлардаёқ – унинг илк топшириқларидан бири: "Келинг, уларга эфир берайлик. Улар ҳам ўзимизнинг одамлар," деган кўрсатмаси бўлганди. Гап ўша пайтдаги "Бирлик", "Эрк" ва бошқа мухолиф ҳаракатлар ҳақида кетарди: "улар ҳам ўз фикрини билдирсин."
Қарасак, муаммолар бир хил: ўзбек тили муаммоси, Орол муаммоси, Россияда, Совет Иттифоқида хизмат қилаётган ҳарбийларимиз муаммоси. Шунинг учун улар инерсия бўйича у ерда ҳам худди шу масалаларни кўтаришарди.
Лекин яна бир бор айтмоқчиманки, Россия депутатларининг деярли якдил овоз бериши биз Ўзбекистонни янги – мустақил ва суверен Ўзбекистон сифатида аста-секин шакллантириб келганимизни кўрсатди.
— "Кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилади" деган машҳур ибора ҳар доим ўз кучини сақлаб қолади. Ўша пайтда бизда кадрлар тақчиллиги ниҳоятда кучли эди. Шу боис, энг аввало, жамоани шакллантириш лозим эди.
Эндиликда бошқа давлат вакили бўлишимизга қарамай, бутун дипломатик таркибимизни бепул ўқитиш бўйича Россия ТИВ Дипломатик академияси билан келишиб олдик. Кечқурун соат олтидан кейин профессорларни элчихонага олиб келардик ва бир йил давомида ташқи сиёсат ҳамда дипломатия сир-асрорларини ўргандик. Энг мураккаби ҳам айнан шу бўлган эди.
Иқтисодиётдан ташқари яна нима муҳим эди? Мен маънавий ҳаёт, маданият ва таълим соҳасидаги мавжуд ҳолатимизни имкон қадар сақлаб қолишни истардим. Мустақилликнинг биринчи йиллиги муносабати билан уюштирилган қабулга нари борса иккинчи ёки учинчи котиблар келганди. Бир йил ўтиб эса элчихонамизга АҚШ элчиси Томас Пикеринг, Буюк Британия элчиси Браян Фолл, Франсия элчиси Пер Морел каби биринчи шахслар ташриф буюрди. Бу чинакам эътироф эди. Бироқ бунинг ортида қанчалик улкан меҳнат ва саъй-ҳаракат ётарди.
Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Кунадзе ўшанда: "Ҳатто Америка элчихонасида ҳам Россиянинг бунчалик кўп ареопагини кўрмагандим," деган эди. Ўша куни фақат уч нафар биринчи раҳбар – Елсин [Россия Вазирлар кенгаши раиси], Черномирдин ва Хасбулатов бўлмаган, холос. Бироқ уларнинг ўринбосарлари ҳамда бошқа атоқли давлат арбоблари келган эди.
Мен, айниқса, давлатимиз позициясини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган маънавий муҳитни, ана шу ришталарни сақлаб қолишга алоҳида ҳаракат қилдим. Халқимизнинг уруш йилларида бошпана бериб қилган фидокорлиги шундай катта акс-садо берган эди.
Масалан, буюк опера хонандаси Ирина Архипова Тошкентга эвакуация қилингани, архитектура институтида ўқигани ҳақида сўзлаб берганда. Иосиф Кобзон эса: "Мен бола эдим, онам тўхтамай келаётган эшелонга зўрға чиқиб олган, сизларда Янгийўл деган шаҳарча бор, мен ўша ерда яшаганман ва менга бошпана беришган," дея хотирлаганди.
Бу жуда қадрли бўлиб, Россиядаги дипломатиямиз пойдеворини янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қиларди.
— Жамоамиз учун бу жуда жиддий синов бўлди. Дераза ортида танклар юрибди, отишма, Останкино қамал қилинмоқда. Мен-ку, уч йиллик Афғон урушини босиб ўтганман, иккита қайноқ нуқтада бўлганман, Қорабоғ воқеаларининг гувоҳи бўлганман, совет даврида Москвада ишлаганимда 1989-йил июндаги Фарғона фожиасига гувоҳ бўлганман. Аммо бу шундай кескинлик эдики, кўчада тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашувлар кетарди. Афғонистондан кейин ҳаётимда биринчи марта бир сутка ухламадим. Ходимларга: "Бориб дам олинглар," дердим.
Ҳар ярим соатда марказга нималар бўлаётгани ҳақида ахборот бериб турардик. Тўсатдан менга Ўзбекистон ТИВ раҳбарларидан бири қўнғироқ қилиб: "Юсуф Неъматович, раҳмат, маълумотларни оляпмиз. Энди бизга кўпроқ жонли маълумот керак, ходимларни Москва бўйлаб тарқатиб юбориш лозим, Москванинг у ёки бу қисмидаги аҳоли фикрини билиш жуда муҳим," деб қолди.
Лекин мен ҳаётимнинг барча босқичларида ҳар қандай топшириқни аввало англаб етиш ва қалбимдан ўтказиш тамойилига амал қиламан.
Ва мен унга: "Кечирасиз, лекин бу топшириқни бажара олмайман," дейишга мажбур бўлдим.
— "Нега?"
— "Дераза ортида танклар юрибди, отишма кетяпти."
— "Москвада 120 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Худо кўрсатмасин, бирорта ходимимга бирор нарса бўлса, унинг хотини ва болаларининг юзига қандай қарайман, унинг кўзига қандай қарайман? Шу маълумот ходимимнинг ҳаётига арзийдими? Шунинг учун буни қилолмайман."
— "Бу буйруқ," – дейишди телефонда.
— "Кечирасиз, лекин мен бу буйруқни бажармайман."
Мен қаҳрамон эмасман. Шунчаки ўзимни ҳалол инсон деб ҳисоблайман. Ва бу вазиятда охиригача туриб беришим керак эди. У гўшакни қўйиб қўйди.
Орадан беш дақиқача ўтиб, фақат биринчи шахслардагина бўладиган юқори частотали махсус телефон жиринглаб қолди. Гўшакдан таниш овоз эшитилди:
— "Нима гап?"
— "Чидаяпмиз."
— "Раҳмат, маълумотлар жуда қизиқ, таҳлил қиляпмиз. Уларда воқеалар ривожланяпти, қон тўкилишини асло истамасдик, буни ҳеч кутмагандик. Ҳозир сизлар учун асосий вазифа – одамларни асранг ва билингки, биз сизлар биланмиз, мамлакат сизлар билан."
— "Раҳмат, Ислом Абдуғаниевич, сиз айтган ҳамма гапни, барча топшириқларни бажарамиз," дедим ва гўшакни қўйдим.
Орадан бироз вақт ўтиб, яна ўша ҳурматли, афсуски, ҳозирда вафот этган ТИВ раҳбарларидан бири қўнғироқ қиляпти: "Юсуф Неъматович, топшириғимиз нима бўлди?" Мен унга: "Сизнинг топшириғингизни бекор қилишди," дедим. "Ким бекор қилди?" "Ислом Абдуғаниевич. Ҳеч ким кўчага чиқмасин, дедилар," деб жавоб қайтардим. "Тўғри, Юсуф Неъматович, одамларни асранг," деди-да, тезда гўшакни қўйди. Қаранг, у қанчалик тез ўзгарди.
Бу ҳаёт ҳақиқати, буни халқимиз, айниқса, ёшлар билишини истайман. Ҳаётда ҳамма нарса силлиқ кечмайди, дипломатия – шунчаки қабуллар, чақириқлар, имзолашлар ва зиёфатлар эмас. Бу мураккаб, кўпинча хавфли чегарада турадиган, сақлаб қола оласанми-йўқми, уддасидан чиқасанми-йўқми, мамлакат шаънини ҳимоя қила оласанми-йўқми деган масъулиятдир. Мана шу – дипломатия.
— Москвадаги бир неча йиллик фаолиятим давомида энг муҳим воқеа бўлган бир лавҳани эслайман. Бу – Ислом Абдуғаниевичнинг давлат ташрифини ташкил этиш эди. Мен ишлаган даврда у киши Москвага беш марта ташриф буюрди, аммо фақат тўртинчиси – 1994-йил 2−3-март кунларидагиси давлат ташрифи бўлди. Ва мен фахрланаманки, МДҲ мамлакатлари ичида илк давлат ташрифини бизнинг элчихонамиз ташкил қилди, Ислом Абдуғаниевич Москвада расмий давлат ташрифи билан қабул қилинган биринчи президент бўлди.
Ташрифдан бир ой олдин Россия ТИВ протокол хизмати раҳбари билан ўтириб, тафсилотларни муҳокама қилаётгандик. У шундай деганди: "Хўш, жаноб элчи, президент Внуковога учиб келади. Уни қишлоқ хўжалигига масъул бош вазир ўринбосари кутиб олади. Сўнгра у кишини рафиқаси билан "Президент-отел"га олиб борамиз. Кейин ҳаммаси протокол бўйича кетади."
Мен уни диққат билан тингладим ва: "Гапингиз тугадими?" дедим.
— "Ҳа."
— "Бир ой олдин сизларга ким давлат ташрифи билан келган эди?"
— "Эслолмайман."
— "Айнан давлат ташрифи билан?"
— "Бизга келадиганлар кўп-ку."
— "Клинтон. Уни қаерда кутиб олгандингиз? Внуковода эмас, Шереметевода – халқаро, расман тан олинган аеропортда. Президентимизни ҳам айнан Шереметевода кутиб олишингизни сўрайман."
Клинтонни Қуролли кучларнинг учта қўшин туридан иборат фахрий қоровул кутиб олган эди. Президентимизни ҳам худди шундай фахрий қоровул кутиб олишини истардим.
"Клинтонни рафиқаси Ҳиллари билан қаерга жойлаштирган эдингиз? Кремлга. Президентимиз ҳам Кремлга жойлаштирилишини истардим."
Якунда Ислом Абдуғаниевич ҳам, Татяна Акбаровна ҳам Кремлга жойлашди.
Шунда у: "Юсуф Неъматович, ахир бу ўзимизникилар-ку," деди. Мен: "Албатта, ўзимизникимиз. Ҳозир ҳам шундай. Лекин бу ерда барча протокол суверен давлат мақомига мос равишда бажарилишини сўрайман. Модомики сизлар Америка президентини шундай қабул қилган экансизлар, мамлакатимиз президенти ҳам худди шундай протокол билан қабул қилинишини истайман" дедим.
Худди шундай, Чубайснинг хусусийлаштириш сиёсати пайтида ҳам у бизнинг Россиядаги обьектларимиз барибир Ўзбекистоннинг мулки эканини тан олишга мажбур бўлди ва биз "уларни шунчаки тортиб олманглар," дедик. Москвадаги аспирантлар уйимиз ёки Қрим ва Кавказдаги санаторийларимиз каби мулклар бор эди. Уларнинг барчасига буни исботлашга тўғри келганда: "Ҳа, тушунарли, лекин келинглар, бу масалаларнинг барини фақат ҳуқуқий майдонда, қонун доирасида ҳал қиламиз," дердик. Ва биз буни уддалай олдик.
— Менинг асосий вазифам шунчаки ахборот тўплашга берилиб кетмаслик эди, чунки биз Россия ҳақида шундоқ ҳам яхши билардик – Совет Иттифоқи доирасида бирга яшаганмиз. Бунинг устига, Россия матбуоти мумкин бўлган ва бўлмаган барча нарсани ёзарди. Уларда шундай эркинлик бор эди ва ҳар қандай маълумотни ҳатто расмий каналлар орқали ҳам бемалол тўплаш мумкин эди.
Мен бу ҳудудни турли ришталар орқали дўстлар макони сифатида сақлаб қолишни асосий вазифа деб билдим.
Аллақачон Россия фуқаросига айланган ватандошларимиз билан алоқаларни сақлаб қолиш муҳим эди: буюк иммунолог академик Раҳим Ҳаитов, буюк эндокринолог академик Исламбеков, буюк ўзбекистонлик, фазогир Владимир Жонибеков ва бошқа кўплаб инсонлар шулар жумласидан. Биз уларнинг фарзандлари учун ўзбек тилини ўрганишлари мақсадида махсус якшанба мактабини очдик. Фестиваллар ўтказдик. Яъни Россия биринчи навбатда дўст мамлакат сифатида сақланиб қолиши учун барча имкониятларни ишга солдик. Менимча, бунга эриша олдик.
Қайтаётганимда АҚШ элчиси Томас Пикеринг менга ёзган хатида Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари Москва орқали янги босқичга кўтарилганини таъкидлаганди. Россия ТИВ эса менинг кетишим муносабати билан ташқи ишлар вазири ўринбосари даражасида махсус қабул ташкил қилганди.
Россиянинг ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Андрей Козирев бу қабулда қатнашолмаган эди, лекин мен жўнаб кетишим арафасида, айнан кетадиган куним тўсатдан қўнғироқ қилиб қолишди: "Юсуф Неъматович, ТИВга кела оласизми? Андрей Владимирович етиб келди ва сиз билан шахсан хайрлашмоқчи." Мен бордим. У Ўзбекистонга, сиёсатимизга ва ҳамкорлигимизга юксак ҳурмат билдирди, гарчи ўзи ўша куни Елсин билан бошқа давлатга учиб кетиши керак бўлса-да, номи ёзилган эсдалик совғасини топширди. Мен буни Ўзбекистонимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида нималаргадир эришганимизнинг эътирофи деб биламан.
Хато ва камчиликларга келсак, бу ҳақда ворисларимиз архивларни кўтарганларида баҳо берарлар. Бир нарсани айта оламан: бизнинг жамоа виждонан ишлади ва бор кучини берди. Ва, менимча, бизда ҳақиқатан ҳам муайян натижалар бўлди.
— Нимадир тугаса, янги нарса бошланади. Мен доим: "Бу ота-бободан қолган мерос эмас," дейман. Сени тайинлашади ва вақти келиб бошқа ишга ўтказишади.
Менга бошқа таклиф билдирилди. Ишни ишонч ёрлиғи билан бошлаган бўлсак, дипломатияда "чақириб олиш ёрлиғи" деган тушунча ҳам бор. Бу – элчи ўз ваколатини топшириб, ўрнига янги вориси келганида, у ўзининг ишонч ёрлиғини топшириши билан бирга, ТИВга аввалги элчининг чақириб олиш ёрлиғини ҳам тақдим этишидир. Менинг чақириб олиш ёрлиғимда шундай дейилган эди: "Ўзбекистон олий таълим тизимини янада мустаҳкамлаш мақсадида, Юсуф Неъматович Абдуллаевни Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимидан чақириб олиб, ушбу соҳадаги масъул лавозимга тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинди." Чақириб олиш ёрлиғини ҳам, худди ишонч ёрлиғи каби, президент имзолайди.
Шундай қилиб, Ислом Абдуғаниевичнинг оқ фотиҳаси билан олий таълим соҳасига ўтдим. Дастлаб тахминан ярим йил Вазирлар Маҳкамасида фан ва таълим бўйича бўлим мудири бўлиб ишладим. Кейин Самарқанд давлат чет тиллар институтини ташкил этиш тўғрисида президент фармони чиқди – дарвоқе, бу фармонни ўзим тайёрлагандим, лекин мени юборишади деб ўйламагандим – менга Самарқандга бориш таклиф қилинди. Ва мана, бугунги кунгача олий таълим соҳасидаман.
— Меҳнат дафтарчамга 1963-йил 1-июнда, 16 ёшимда илк ёзув тушган: катта пионервожатий. Ва мана, 64 йилдирки, ўқитувчи бўлиб ишлаб келмоқдаман. Турли лавозимларда ишладим: вазир ўринбосари ҳам, Вазирлар Маҳкамаси бўлим мудири ҳам бўлдим. Бутун умр дарс берганман: академияда, шарқшуносликда, вазирликда ишлаган давримда ҳам, малака ошириш институтида ва бошқа олийгоҳларда ҳам. Элчиликдан сўнг эса – Самарқанд чет тиллар институтини нолдан барпо этиш бўлди.
Умуман олганда, ҳамма нарсани нолдан бошлаш қисматимга ёзилганидан фахрланаман. Афғонистонда 1980−1983-йилларда нафақат ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб бутун мамлакатни кезиб чиқдим – мен афғон воқеалари фахрийсиман – балки менга Ёшлар кадрлари институтини ташкил этиш ҳам топширилган эди. Кобулда Деҳмазанг тоғи бор, у ерда Боғи Бобур ва Бобур Мирзонинг қабри жойлашган. Ёнида Кобул автомеханика техникуми бўларди. Уруш туфайли бўшаб қолганди, унинг ярмини ажратиб, менга институт ташкил этишни топширишди. Бу хизматим учун ўша пайтдаги Афғонистон президенти Бабрак Кармал "Дўстлик" орденини топшираётиб: "Ўртоқ Абдуллаев, 1-рақамли „Дўстлик“ орденини сизга топшираман" деган эди.
Топширишди – Самарқанд чет тиллар институтини очдим, қарийб тўққиз йил биринчи ректор бўлдим. Кейин узоқ вақт хорижда дарс бердим, қайтганимда эса Эриел компанияси ўзининг ўн минглаб ходимлари учун Эриел Проф Эдусатион корпоратив ўқув марказини ташкил этишни таклиф қилди. Сўнгра университет ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
2022-йил 28-январда Шавкат Миромонович 2022−2026-йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини имзолаётганда – у киши жуда аниқ инсон, унда доим икки сўз бор: топшириқ ва натижа – Самарқанд технологик университетини ташкил этиш вазифасини қўйди. Президент фармонида "хорижий мамлакатларнинг етакчи техника университетлари билан ҳамкорликда" деб кўрсатилган эди. Ва биз уни барпо этдик.
Қисқа вақт ичида катта натижаларга эришдик: биринчидан, бизда таълим Америка модели бўйича инглиз тилида олиб борилади ва олийгоҳ чинакам халқаро мақомга эга. Қисқа фурсат ичида дунёнинг 23 мамлакатидан 95 нафар хорижлик профессорни жалб қилдик. Бизда мутлақ муҳандислик йўналиши – ўн битта муҳандислик йўналиши ва бизнес мактаби фаолият юритмоқда. Барча фанларни хорижликлар ўқитади. Яъни президент таъкидлагандек, халқаро стандартларга жавоб берадиган муҳандислик олийгоҳини яратдик.
— Дипломатияда мумтоз бир ибора бор: "Ташқи сиёсат – ички сиёсатнинг давоми." Шу боис ўшанда ҳам, ҳозир ҳам асосий мақсад – янги Ўзбекистон ислоҳотларини янада илгари суришга хизмат қилишдир.
Хорижий шерикларни максимал даражада жалб этиш зарур. Агар таққослайдиган бўлсак, мақсад ва вазифалар бир хил: иқтисодий ўсиш ва фаровонлик, дўстлар сафини кенгайтириш ҳамда давлатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш.
Ўзининг 35 йиллиги арафасида Ўзбекистон тинчлик, барқарорлик ва миллатлараро тотувлик билан ажралиб туради. Бу эса энг муҳими. Мен уч йиллик Афғонистон воқеаларини, иккита қайноқ нуқтани кўрдим, ёшим ҳам яқинда 80 га етади, тажрибамдан келиб чиқиб айнан шу сўзларни айтишга ҳақлиман: бу 35 йил ичидаги энг катта ютуқ — тинчлик, барқарорлик ва миллатлараро тотувлик.
— Халқ тинчлик нима эканини билади. Халқ барқарорликнинг қадрига етади, у дунёдаги воқеаларни кузатиб бормоқда. Мен яхшиси: "Бу дунё қанчалар гўзал, бир қара" деган бўлардим.
Атрофимизда, ён қўшниларимизда нималар бўлаётганига бир назар ташлайлик. Ва бу ерда янги Ўзбекистоннинг энг катта хизмати шундаки – буни ҳеч истисносиз ҳамма тан олади – Марказий Осиё макони жипслаштирилди. Халқимиз энди Тожикистонга ва бошқа қўшни давлатларга бемалол бормоқда. Биз сўнгги 10 йил ичида шундай мустаҳкам дўстлик ришталарини боғладикки, бу жуда катта бойлик. Яқин-яқингача Тожикистондан ёки бошқа республикалардан кўчиб келганлар ҳатто узоқ вақт паспорт ололмай юрарди. Яъни муносабатлар мутлақо янги мазмун касб этди.
Энг аввало – Марказий Осиёдаги тинчлик, тотувлик ва барқарорлик. Биз Ўзбекистонда бунга эришдик ва атрофимизни дўстлар билан ўраб олдик. Ҳатто шундай мураккаб, зиддиятли ва кўплаб саволларни келтириб чиқараётган Афғонистонни олайлик – мана, сўнгги хабарларга кўра, 2,5 миллиондан ортиқ қизлар таълимни давом эттира олмаяпти. Аммо бу – уларнинг ички иши. Биз қўшнимизнинг ички ишларига аралашмаймиз. Биз унга оёққа туриб олиши, иқтисодий турғунликдан чиқиши учун имкон қадар ёрдам беришимиз мумкин.
— 2023-йил 30-апрелдаги янги таҳрирдаги Конституцияга кўра, Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат. Дастлабки иккитасига тўлиқ эришдик: суверенитетимизни бутун дунёга кўрсатдик, демократик жараёнлар ҳам етарлича фаол кетмоқда.
Бундан 2500-йил муқаддам қадимги юнон файласуфи Протагор: "Инсон барча нарсанинг ўлчовидир" деганди. Ҳамма нарса инсонга яхшими ёки ёмонми, у муносиб яшаяптими ёки йўқми деган мезон орқали баҳоланиши керак.
Эндиликда қолган тамойилларни максимал даражада рўёбга чиқариш лозим.
Ҳуқуқий: "Ҳа, мен – ҳазрати инсонман, мен ҳимоя остидаман."
Ижтимоий: "Ҳа, мен оиламни боқа оламан, муносиб яшаяпман, меҳнатимга яраша ҳақ оляпман, давлат ҳақиқатан ҳам менинг фаровонлигим йўлида ижтимоий давлатдир."
Дунёвийлик — динни айнан миллатимизни жипслаштирувчи ва маънавий тарбия воситаси бўлган маънавий омил сифатида мустаҳкам сақлаб қолиш.
Мен давлатимизнинг кейинги босқичини, ҳеч бўлмаганда, яқин 15−20 йил ичида, ана шундай кўринишда бўлишини истардим.
Давлат Умаров суҳбатлашди.

