“Сувараклар” ҳукуматга қарши. Ҳиндистон “рангли инқилоб” ёқасидами?
Ҳиндистонда яна норозилик намойишлари тўлқини авж олди. Ушбу намойишларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи эса «Сувараклар халқ партияси» (СЖП) бўлиб турибди. Жорий йил ёзида таълим вазирини истеъфога чиқаришга эришган «сувараклар» энди сайлов комиссияси раҳбарининг истеъфосини талаб қилишмоқда.

“Сувараклар” ҳукуматга қарши. Ҳиндистон “рангли инқилоб” ёқасидами?
Ўтган ҳафта охиридан бери Ню-Деҳлида давом этаётган «Сувараклар халқ партияси» (СЖП) ёшлар ҳаракати намойишлари кескин босқичга чиқди. Ушбу намойишларни тўхтатиш учун Ҳиндистон пойтахтига 35 минг нафар полициячи жалб этилган.
Янги намойишлар Индиан Эхпресс газетасида сайлов комиссияси раҳбарининг икки ўринбосари сайловчилар рўйхатидаги ўзгаришлар, рўйхатдан ўтказиш тартиблари ва рақамли тизимлар борасида бир қатор хавотирлар билдиргани ҳақидаги хабар чоп этилгач бошланди.
Ўтган йилдан бери амалга оширилаётган ўзгаришлар натижасида сайловчилар рўйхатидан 130 миллиондан ортиқ исм олиб ташланган. Бу Япония аҳолиси сонидан ҳам кўп. Рўйхатдан чиқарилганлар орасида 28 миллион нафар вафот этган, 63 миллион нафар бошқа жойга кўчиб кетган ва 30 миллион нафар манзилини аниқлашнинг имкони бўлмаган шахслар бор.
Мухолифат партиялари бу ўзгаришлар мусулмонлар ва бошқа озчилик гуруҳларига номутаносиб равишда таъсир қилаётганини даъво қилмоқда. Уларнинг фикрича, бу гуруҳлар ҳинд миллатчилигини қўллаб-қувватловчи ҳукмрон партияга овоз бериш эҳтимоли камроқ.
Сайлов комиссияси ва мамлакатда ҳукмрон бўлган «Бҳаратия Жаната Парти» бу айбловларни рад этмоқда. Сайлов комиссияси ва унинг раҳбари Гянеш Кумарга қарши кутилмаганда бошланган ҳужум Нарендра Модининг 2024-йилги сайловлардаги ғалабаси қонунийлигини шубҳа остига қўйишга қаратилгани айтилмоқда. Шу фонда Ҳиндистон ҳукмрон партияси вакиллари октабр ойидаги намойишларда «хорижий из» борлиги ҳақида гапира бошлади.
Сўнгги умумхалқ сайловлари натижаларига кўра, «Бҳаратия Жаната Парти» парламентдаги кўпчилик ўрнини сақлаб қолган, 2014-йилдан буён ҳокимият тепасида бўлган бош вазир Нарендра Моди эса янги муддатга қайта сайланганди.
Сайлов комиссияси раҳбарига қарши кампанияни бир неча ой аввал таълим вазири Дҳармендра Прадҳанни истеъфога чиқаришга эришган «Сувараклар халқ партияси» ҳаракати бошлаб берди.
«Сувараклар»нинг талабини илк бор «Ҳиндистон миллий конгресси» партияси ва унинг етакчиси Раҳул Ганди бощилик қиладиган ИНДИА мухолифат алянси очиқчасига қўллаб-қувватлади.

