Сув хўжалиги назорати инспекторлари текширувларда боди-камерадан фойдаланади

Сув хўжалиги назорати инспекторлари текширувларда боди-камерадан фойдаланади
Янги тартибга мувофиқ, боди-камера ходим хизмат вазифаларини бажараётган пайтда амалга ошираётган ҳаракатларини аудио ва видео кўринишда қайд этади. Қурилма иш вақтининг бошланишидан якунигача ёқилган ҳолда бўлиши шарт. Ходимга боди-камерани ўчириб қўйиш, ёзувларни ўчириш ёки аудио-видео материалларни таҳрирлаш тақиқланади.
Қайд этилган материаллар suvnazorat.uz электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олинади ва сақланади. Улар олти ой давомида сақланади, муддат тугагач эса автоматик тарзда ўчирилади. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар сўровига биноан, тегишли ёзувлар Инспексия томонидан тақдим этилиши мумкин.
Қарорда, шунингдек, Инспексияга 20 дона учувчисиз учадиган аппаратни харид қилиш, олиб кириш, сақлаш ва улардан фойдаланишга рухсат берилгани қайд этилган.
2026-йил сентябрдан Транспорт назорати инспексиясининг Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудий бўлимларида фаолият юритаётган инспекторлар назорат-рейд тадбирларини боди-камералар ёрдамида ўтказа бошлаганди.
Мазкур амалиётни инспексиянинг бошқа ҳудудий бўлимларига ҳам босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилмоқда. Хусусан, 2027-йилнинг биринчи ярим йиллигида инспексия инспекторларини боди-камералар билан тўлиқ таъминлаш кўзда тутилган.

