Технология

Сув омборларида сувда чўкиш ва хавфли ҳолатларни аниқлайдиган “ақлли” видеокузатув тизимлари ўрнатилади

Ўзбекистондаги сув омборларида сув сатҳини онлайн кузатиш ҳамда сувда чўкиш ва хавфли ҳолатларни реал вақтда аниқловчи сунъий интеллект тизимлари жорий этилади. Шунингдек, сирена ва СМС орқали тезкор огоҳлантириш механизми йўлга қўйилади.

Сув омборларида сувда чўкиш ва хавфли ҳолатларни аниқлайдиган “ақлли” видеокузатув тизимлари ўрнатилади

27-октабр куни Ўзбекистонда сув омборлари ҳамда уларга туташ ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш ва жараёнларни рақамлаштиришга қаратилган президент қарори [ПҚ-387] қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, сув омборлари атрофидаги туризм обьектларида сунъий интеллект ва видеокузатув технологиялари асосида “ақлли” тизимлар ўрнатилади. Бу тизим сувда чўкиш хавфи, тақиқланган ҳудудларга кириш ҳамда одамларнинг хавфли даражада тўпланишини реал вақт режимида аниқлаб, қутқарув хизматларига автоматик тарзда хабар юборади.

Шунингдек, туризм обьектларини қутқарув қайиқлари, кузатув миноралари, локал оқова сувларни тозалаш иншоотлари ва ҚР кодли эвакуация хариталари билан жиҳозлаш мажбурий этиб белгиланди. Аҳоли ва сайёҳларни фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш учун сиреналар, овозли мосламалар ҳамда СМС хабарнома юбориш тизими жорий этилади.

Бундан ташқари, Фарғона вилоятидаги Каркидон сув омбори ҳудудида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус қутқарув отряди фаолияти йўлга қўйилиб, 2027-йилдан унга 36 та штат бирлиги ажратилади.

2027-йил 1-июнга қадар сув омборларида сув сатҳи ва гидрологик ҳолатни онлайн кузатиш ҳамда фавқулодда вазиятларни барвақт аниқлаш бўйича ягона электрон ахборот тизими ишга туширилади.

Мазкур тизим метеостансиялар, автоматик датчиклар ҳамда геоахборот маълумотларини жамлаб, қайта ишлайди. Сув сатҳи кескин ўзгарганда ёки тўғон хавфсизлигига таҳдид юзага келганда, сунъий интеллект алгоритмлари хавфни олдиндан прогноз қилиб, тегишли хизматларни огоҳлантиради.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси эса сув омборларидаги сув сифатини доимий назорат қилиб, кўрсаткичларни автоматик ташхис-назорат тизимига киритиб боради.

Аввалроқ Ўзбекистонда сув омборлари атрофидаги бўш ерлар туризм обьектлари қуриш учун ауксионга чиқарилиши ва сув омборлари атрофида туризм ташкил этган тадбиркорларга солиқ ҳамда божхона имтиёзлари берилиши ҳақида хабар бергандик.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.