Сурхондарёда уйида болаларга ноқонуний диний таълим бериб келган шахслар ушланди

Сурхондарёда болаларга ноқонуний диний таълим бераётган шахслар қўлга олинди

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор профилактик тадбирлари доирасида ноқонуний диний таълим бериш ҳолати аниқланган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Маълум қилинишича, вилоят ички ишлар органлари ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 1971 ва 1996-йилларда туғилган икки фуқаро ўз уйида беш нафар вояга етмаган болага моддий манфаат эвазига, тегишли рухсатларсиз ва амалдаги қонунчиликка зид равишда диний таълим бериб келгани аниқланган.

Тезкор тадбир давомида хонадондан 14 дона диний адабиёт процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Ушбу ҳолат бўйича гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 229²-моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, ноқонуний диний таълим олган вояга етмаганларнинг ота-оналарига нисбатан ҳам амалдаги қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўрилаётгани таъкидланди.

Аввалроқ Наманган вилоятида вояга етмаган болаларга қонунга зид равишда диний таълим бериб келган фуқаро ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.