Сурхондарёда тез ёрдамга ишга киритиш учун 3400 доллар пора олган механик қамалди

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида тез ёрдам стансияси механиги, фуқаролардан ишга жойлаштириш эвазига 3400 доллар пора олиб, бу пулларни шахсий эҳтиёжлари ва автомобил таъмирига сарфлагани учун 3 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Маълум бўлишича, 1970-йилда туғилган И.М. Жарқўрғон тумани тез тиббий ёрдам стансиясида механик лавозимида ишлаган. У иш излаётган фуқароларга ўзининг юқори лавозимдаги танишлари орқали ёрдам беришини ваъда қилиб, улардан пора талаб қилган.
2024-йил май ойида И.М. қишлоқдошларидан бири орқали танишган фуқарога 1000 доллар эвазига уни 4-5 ой ичида тез ёрдам стансиясига ҳайдовчиликка ишга жойлаштиришни таклиф қилган. Жабрланувчи келишилган пулни ўша куннинг ўзида берган.
Кейинчалик механик яна уч нафар фуқарога худди шундай таклиф билан чиққан. Улардан бири шу стансияда фаррош бўлиб ишлаган аёл бўлиб, у ўғлини ҳайдовчиликка ишга жойлаштириш учун И.M.ga 1000 доллар берган.
Аёлнинг суддаги кўрсатмаларига кўра, механик ундан ўғлини ишга жойлаштириш учун 1000 доллар сўраган ва бу масалани юқори лавозимдаги таниши билан ҳал қилганини айтган. У шунингдек, "Бу 1000 долларнинг бир долларини ҳам ўзим олмайман, вилоятдаги катта олади. Катта билан гаплашиб қўйганман, янги йил ўцин, январда ўғлингизни ҳайдовчиликка жойлаштириб қўяман", деган.
Аёл 1000 долларни акасидан олиб, И.M.ga топширган, шунингдек, ўғлининг ҳужжат нусхалари ва расмларини ҳам берган. Бироқ, ваъда қилинган иш амалга оширилмаган. Жабрланувчи аёл судда дастлаб "эрта-индин буйруғи чиқади", деб ваъда берганини, кейин эса "муравейимни сотаман, томорқамнинг бир қисмини сотаман, кредит оламан, олган пулимни қайтариб бераман", деб сарсон қилганини билдирган.
Яна бир фуқаро пулни ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқ чиққанидан кейин беришини айтган, аммо И.М. бунга рози бўлмаган. У аввал 1000 долларни "катта"га бериш кераклигини, буйруқ эса шундан кейин чиқишини таъкидлаган.
Шунга қарамай, ваъда қилинган муддатлар ўтганидан кейин фуқароларнинг ҳеч бири ишга олинмаган. Пулини қайтаришни сўраганларида эса И.М. масалани эрта-индин ҳал қилишини айтиб, уларни кутишга ундаган.
2026-йил январ ойида жабрланувчилардан бири маҳалла раисига мурожаат қилган. Шундан сўнг И.М. раис ҳузурига келиб, олган 1000 долларини 1-февралга қадар қайтаришга ваъда берган. Бунинг учун юк машинаси ёки томорқасининг бир қисмини сотишини айтган, аммо пулни қайтармаган.
Судда И.М. айбига иқрор бўлган. У филиал директорига ҳам, кадрлар бўлимига ҳам фуқароларни ишга жойлаштириш масаласида мурожаат қилмаганини билдирган. Олган пулларини эса ўғли ва келинининг контрактига, автомобилини таъмирлашга, қарзларини тўлашга ва шахсий эҳтиёжларига сарфлаганини айтган. Шунингдек, у фуқароларнинг биридан 400 доллар эмас, 200 доллар олганини билдирган.
Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди И.M.ni Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "б, в" бандлари (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддаси 2-қисми "а" банди (порага далолатчилик) билан айбли деб топган. Унга 3 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Аввалроқ Хоразмда ишга киритишни ваъда қилиб, 14 млн сўм олган мактаб директори 3 йилга қамалган эди. Шунингдек, Қашқадарёда тайинланганига икки ой бўлмасдан 500 доллар пора олган мактаб директорига 5 йил қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида хабар берилган.

