Сурхондарёда ордер сўраб келган аёлга шилқимлик қилган тиббиёт ходими 3 суткага қамалди

Сурхондарё вилоятида даволаниш учун ордер сўраб келган аёлга нисбатан шилқимлик қилган тиббиёт ходими 3 суткага қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Дарё” нашри суд ҳужжатларига таяниб хабар берди.
Воқеа 2026-йил 10-август куни Термиз тумани тиббиёт бирлашмасида содир бўлган. Маълумотларга кўра, ўша куни бирлашманинг ташкилий-методика бўлими бошлиғи, 56 ёшли Х.E.ning қабулига ногиронлиги туфайли даволаниш учун ордер сўраб Ш.А. исмли аёл келган. Суҳбат давомида Х.Э. аёлга ордер берилмаслигини, аммо у билан жинсий алоқада бўлса, масалани тезлаштирилган тартибда ҳал қилиш имконияти борлигини айтиб, шаҳвоний шилқимлик қилган.
Аёл бу ҳолат юзасидан 112 рақамига мурожаат қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан эркакка нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Судда Х.Э. ўз айбига иқрор бўлиб, ҳозирда ишдан бўшаганини, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган ва енгиллик беришни сўраган. Жабрланувчи аёл эса эркак кейинчалик ундан кечирим сўрагани сабабли унга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилган.
Жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди қарори билан Х.Э. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган шаҳвоний шилқимлик ҳуқуқбузарлигини содир этган деб топилди. Унга 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти Тошлоқ тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси шифокори ҳамкасбига шилқимлик қилгани учун 5 суткага қамалгани, шунингдек, Қашқадарё вилояти Миришкор туман тиббиёт бирлашмаси шифокори бемор аёлга шилқимлик қилгани учун 5 суткага қамалгани ҳақида хабар берилган эди.

