Сурхондарёда муқаддам пора олганликда айбланиб, оқланган ЙПХ ходими яна пора олиб, 5 йилга қамалди
Мунтазам ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ходим фермернинг пахта ортилган юк машиналарини раҳбарият топшириғи, дея ўтказмасдан тўхтатиб қўйган. Сўнгра ҳар бир машина учун 100 минг сўмдан пул талаб қилган. У 41 та юк машинасини ЙПХ масканидан тўсиқларсиз ўтказиб юбориш учун 4 млн сўм олган вақтида ушланган.

Сурхондарёда илгари пора олганликда айбланиб оқланган ЙПХ ходими яна пора олиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ инспектори пора олиш жиноятида айбланиб, озодликдан маҳрум этилди.
Суд ҳукмига кўра, Ф.И. ИИБ тизимида 2006-йилдан бери фаолият юритган. 2014-йил июл ойида пора олиш жиноятида айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстансиясининг 2022-йил 18-июлдаги ҳукми билан 2014-йилдаги суд ҳукми бекор қилиниб, у оқланган. Шундан сўнг у ИИБ тизимига ишга тикланган ва 2023-йил майидан Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ катта инспектори лавозимида ишлаб келган.
Ф.И. Бойсун туманидаги мунтазам ЙПХ масканида хизмат қилган. У Қумқўрғон туманидаги ишлаб чиқариш кооперативидан Қарши шаҳридаги МЧЖга пахта ортиб кетаётган юк машиналарини маскандан ўтказмасдан тўхтатиб қўйган. Фермер хўжалик раҳбарларига эса гўёки “Сурхондарё вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг пахта толаси вилоят ҳудудидан чиқиб кетмаслиги ҳақида буруғи борлигини” айтган.
Ходим ҳар бирига 100 минг сўмдан пул берилса, юк машиналарини ЙПХ масканидан тўсиқларсиз ўтказиб юборишини, акс ҳолда уларни ортга қайтаришини билдирган. У ЙПХ масканидан ўтказилган пахта ортилган юк машиналари ҳисобидан 2026-йил 20-февралда 1,4 млн сўм, 28-февралда 1,5 млн сўмни қўлга киритган. Шунингдек, 41 та машина учун 4,1 млн сўм беришни талаб қилган.
2-март куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Ф.И. талаб қилган 4,1 млн сўмдан 4 млн сўмини олган вақтида ушланган.
Ф.И. қилган ишидан пушаймонлигини, қарамоғида 5 нафар фарзанди борлигини, оиласида ёлғиз боқувчи эканини билдириб, суддан енгиллик сўраган.
ЖИБ Бойсун туман судининг ҳукми билан Ф.И. Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “в” бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 2 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Апелляция суди дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.

