Суперлига. “Пахтакор” сафарда, “Нефтчи” ўз майдонида ғалаба қозонди

Суперлига. “Пахтакор” сафарда, “Нефтчи” ўз майдонида ғалаба қозонди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 21-туридан жой олган икки учрашув якунига етди.
**“Нефтчи” — “Сурхон”**
Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси ўз майдонида Термизнинг “Сурхон” клубини қабул қилди. Беллашув фарғоналикларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан тугади.
Биринчи бўлимнинг 12-дақиқасида Владимир Ёвович рақиб дарвозасини ишғол қилиб, мезбонларни олдинга олиб чиқди. 31-дақиқада Стипе Перица пеналтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Иккинчи бўлим бошланиши билан, аниқроғи 47-дақиқада меҳмонлар футболчиси Камронбек Юсупов фарқни қисқартирди. Шуни ҳам қайд этиш керакки, учрашувнинг 64-дақиқасида “Нефтчи” ҳужумчиси Стипе Перица қизил карточка олиб, майдонни эрта тарк этди. Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади ва “Нефтчи” Суперлиганинг 21-турида муҳим ғалабани қўлга киритиб, 3 очкони ўз ҳисобига ёздириб қўйди.
Ўзбекистон Суперлигаси, 21-тур
“Нефтчи” — “Сурхон” 2:1
Голлар: 1:0 — Ёвович (12), 2:0 — Перица (31, пеналти), 2:1 — Юсупов (47).
Четлатиш: Перица (64, “Нефтчи”).
**“ОКМК” — “Пахтакор”**
Турнинг яна бир қизиқарли учрашуви Олмалиқда бўлиб ўтди. Унда “ОКМК” жамоаси Тошкентнинг “Пахтакор” клуби билан куч синашди. Қизиқарли ва кескин курашлар остида кечган баҳсда меҳмонлар 3:1 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.
Ўйиннинг 4-дақиқасидаёқ Айман Ҳусайн пойтахтликларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, 24-дақиқада Иброҳим Ибрагимов жамоанинг иккинчи голини урди. 65-дақиқада Достон Ҳамдамов учинчи голни киритиб, ҳисобни йириклаштирди. Учрашув охирига яқин мезбонлар вакили Гиорги Папава битта жавоб голини уришга муваффақ бўлди — 1:3.
Ўзбекистон Суперлигаси, 21-тур
“ОКМК” — “Пахтакор” 1:3
Голлар: 0:1 — Ҳусайн (4), 0:2 — Ибрагимов (24), 0:3 — Ҳамдамов (65), 1:3 — Папава (82).

