Суперлига ўйинида ҳужумчи «покер» қайд этди
Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатида 15-тур ўйинлари давом эттирилди. Наманганда «Навбаҳор» «Хоразм»ни, Ғузорда «Сўғдиёна» «Машъал»ни енгиб, биринчи даврани ғалаба билан якунлади.

Суперлига баҳсида ҳужумчи тўртта гол уриб, "покер" қайд этди.
Наманган клуби 273 кунлик танаффусдан сўнг яна ўз уй майдонида ўйин ўтказди. ПФЛ майдон ҳолатини мусобақа талабларига жавоб бермайди деб топгани сабабли "Навбаҳор" уй учрашувларини Тошкентда ўтказишга мажбур бўлаётган эди. "Хоразм"га қарши кечган ўйинни томоша қилиш учун Намангандаги стадионга қарийб 15 минг мухлис ташриф буюрди.
Темур Кападзе бощилигидаги жамоа учрашувда йирик 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Жароҳати туфайли мавсум бошини ўтказиб юборган ҳужумчи Ҳусайн Норчаев ўйинда тўртта гол уриб, "покер"га эришди. Русланбек Жиянов наманганликларнинг яна бир голига муаллифлик қилди. "Хоразм"нинг ягона голини Рустам Абдуҳамидов киритди.
Бу ғалабадан сўнг "Навбаҳор" биринчи даврани 25 очко билан якунлади. Кападзе жамоаси ҳозирча 5-ўринда бормоқда. Тўплар нисбати +9 бўлиб, бу борада наманганликлар фақат "Пахтакор" ва "Нефтчи"дан ортда. Сергей Токов мураббийлигидаги "Хоразм" 16 очко билан ҳозирча 12-ўринда қолди.
Ўзбекистон чемпионатларида бир ўйинда тўртта гол уриш камдан-кам учрайдиган ҳодиса ҳисобланади. Охирги марта "Пахтакор"да ўйнаётган Драган Черан 2022-йилда "Қизилқум" дарвозасига "покер" йўллаган эди. Наманган жамоаси сафида эса охирги марта украиналик ҳужумчи Руслан Качур 12 йил аввал "Бухоро" дарвозасига тўртта гол урганди.
Куннинг яна бир ўйинида Жиззахнинг "Сўғдиёна" жамоаси меҳмонда "Машъал"ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Муборакдаги стадион ҳам талабга жавоб бермаслиги сабабли "Машъал" рақибларини Ғузорда қабул қилмоқда. Жиззахликлар сафида Люпчо Жориев учта гол уриб, тўпурарлар пойгасидаги етакчиликни "Динамо" сардори Анвар Ҳожимирзаевдан қайтариб олди. Македониялик ҳужумчи ҳисобида эндиликда 11 та гол бор.
Биринчи давра ўйинлари эртага якунланади. "Қўқон-1912" ўз майдонида "Сурхон"ни, ОКМК "Насаф"ни, "Динамо" Самарқандда пешқадам "Нефтчи"ни қабул қилади.

