Сунъий интеллект, телефон ва «банк» ўйини: Ўқитувчи болалар қалбига қандай йўл топмоқда?
Мен ҳар бир ўқувчимга қараганимда, унинг келажагини тасаввур қилишга ҳаракат қиламан. Чунки бугун олдимда партада

Сунъий интеллект, телефон ва «банк» ўйини: ўқитувчи болалар қалбига қандай йўл топмоқда?
Оддий кунларнинг бирида навбатда туриб қолдим. Ёнимда ўтирган аёл ўқитувчи экан, биз бироз уёқ-буёқдан суҳбатлашдик. Гапимиз табиий равишда болалар тарбиясига бориб тақалди.
«Ўқувчиларимга биринчи синфданоқ бировнинг ҳақига тегмасликни қуруқ насиҳат билан эмас, ҳаётий синов орқали ўргатаман. Масалан, стол устига ҳамма кўрадиган қилиб пул қўяман. Агар болалар тегишмаса — таҳсинга сазовор, уларга миннатдорлик билдираман. Агар кимдир олиб қўйса, (ахир у қизиқувчан болада) буни ҳеч қачон овоза қилмайман, синфдошларининг олдида уялтирмайман. Боланинг ўзи билан оҳиста, ҳеч ким билмайдиган тарзда суҳбатлашаман. Ва қарабсизки, кейинги тўрт йил давомида синфда бемалол сумкамни очиқ ҳолатда қолдиравераман, ҳеч ким тегмайди...»
Ана шу оддийгина ҳангома менга ўқитувчи билан яқиндан танишиш истагини уйғотди. Баъзан шундай кутилмаган танишув инсон қалбини, ҳақиқий қаҳрамонни кашф этишга туртки бўлади. Суҳбатдошим Жумагул Ёқубова аслида Фарғона вилояти Қува туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси. Хўш, эндигина 2-синфга ўтган қирқ нафар, қолаверса яна уч нафар алоҳида эътиборга муҳтож болажонлар тарбияси билан шуғулланиш шунчаки оддий ўқитувчилик касбими ёки боланинг кейинги бутун таълими ва феъл-атворига пойдевор қўядиган катта масъулиятми? Суҳбатимиз айнан шу мавзуда кечди.
— Айтингчи, бошланғич синф ўқитувчиси бўлиш қийинми?
— Ҳар ким ҳам бошланғич синф ўқитувчиси бўла олмайди. Чунки бу касб фақат болага ҳарф танитиш, ўқиш ва ёзишни ўргатиш билангина чекланмайди. Бошланғич синф ўқитувчиси боланинг қалбига, дунёқарашига ва келажагига илк йўл кўрсатадиган йўлчи маёқ десак ҳам бўлади.
Мен ҳар бир ўқувчимга қараганимда, унинг келажагини тасаввур қилишга ҳаракат қиламан. Чунки бугун олдимда партада ўтирган кичкина бола эртага жамиятнинг турли соҳаларида ўз ўрнини топадиган инсон бўлади. Унинг илк билимлари, мактабга муносабати, ўқишга қизиқиши айнан бошланғич синфларда шаклланади.
Шунинг учун ўқитувчи зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис қилиши керак. Бошланғич синфда қўйилган пойдевор қанчалик мустаҳкам бўлса, боланинг кейинги таълим босқичлари ҳам шунчалик ишончли бўлади. Мен учун ўқувчининг дарсдаги муваффақияти билан бирга, унинг инсон сифатида шаклланиши ҳам жуда муҳим. Ҳар бир боланинг қалбида бир олам бор. Ўқитувчининг вазифаси эса ана шу оламни кўра билишдир.
— Бола мактабга илк келган куни унинг муҳитга мослашишига қандай ёрдам берасиз?
— Мен учун биринчи навбатда боланинг кўзлари муҳим. Мактабга илк қадам қўйган болаларнинг нигоҳларида турли саволларни кўрасиз. Бир боланинг кўзлари қизиқиш ва ҳаяжондан ёниб туради. Бошқасида бегона муҳитдан қўрқув ёки тортинчоқлик, яна бирида эса ўзига ишончсизлик сезилади.
Шунинг учун мен янги ўқувчиларим билан илк учрашувдаёқ уларнинг нигоҳига, ўзини тутишига ва атрофдагилар билан муносабатига эътибор бераман. Чунки ҳар бир бола қалбига бир хил калит билан йўл топиб бўлмайди. Ким биландир кўпроқ суҳбатлашиш керак, кимдир бироз вақт ўтиб ўзини эркин ҳис қилади. Баъзи болага кўпроқ рағбат, бошқасига талабчанлик керак.
Яхши ўқитувчи боланинг фақат дафтаридаги ёзувни эмас, унинг кўзидаги саволни ҳам ўқий олиши лозим. Шунда бола ўзини яқин тутади ва билим олиш жараёни ҳам табиий кечади.
— Бугунги болалар аввалги авлоддан ажралиб туради. Ўқитувчи телефон, мултфилм ва интернет билан рақобат қилишига тўғри келмоқда. Ўқувчининг диққатини қандай ушлаб турасиз?
— Бугунги болаларнинг ахборот оламига кириш имконияти жуда кенг. Улар бизнинг болалигимизга қараганда анча кўп нарсани кўришади, эшитишади ва тез ўзлаштиришади. Шу билан бирга, уларнинг диққати ҳам тез чалғийди. Узоқ вақт бир жойда ўтириб, фақат тинглаб туриш улар учун қийин.
Шунинг учун ўқитувчи ҳам замон билан бирга ўзгариши керак. Мен дарс жараёнида турли методлар, дидактик ўйинлар, жамоавий топшириқлар ва кичик беллашувлардан фойдаланаман. Баъзан боланинг эътиборини тортиш учун у яхши кўрадиган мултфилм қаҳрамонлари ёки замонавий технологияларни дарсга олиб кираман.
Телефонни фақат «душман» деб билиш эмас, ундан тўғри фойдаланишни ўргатиш керак. Бола технологияга қизиқаётган бўлса, ўқитувчи шу қизиқишни таълим томон буриб юбориши мумкин.
Албатта, фақат ўйин билан таълим бериб бўлмайди. Баъзан талабчанлик ва интизом ҳам керак. Лекин бу талабчанлик боланинг кўнглини синдириш учун эмас, уни тартибга, масъулиятга ва мақсад сари интилишга ўргатиш учун хизмат қилиши лозим.
— Баҳо болани рағбатлантирадими ёки ўз кучига бўлган ишончини сўндирадими? Сиз учун «яхши ўқувчи» ким?
— Баҳо боланинг меҳнатини кўрсатадиган восита, лекин у таълимнинг ягона мақсади эмас. Бошланғич синфда болани аввало ўқишга қизиқтириш, унда «мен ҳам уддалай оламан» деган ишончни шакллантириш жуда муҳим. Шу сабабли ўқувчиларни рағбат ва кичик совғалар орқали қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан.
Масалан, синфда ўқувчилар билан кичик «банк» тизимини ташкил қилганмиз. Бола яхши жавоб берса, шеър ёд олса ёки дарсда фаол бўлса, шартли «пул» йиғиб боради. Маълум вақт ўтгач, улар тўплаган «маблағи» эвазига совға танлашлари мумкин. Бу усул болаларда меҳнат ва натижа ўртасидаги боғлиқликни тушунишга ёрдам беради.
Лекин мен учун «яхши ўқувчи» — фақат ҳамма фандан аъло баҳо оладиган бола эмас. Савол берадиган, қизиқувчан, мустақил фикрлайдиган, хато қилишдан қўрқмайдиган ва ўз фикрини ифодалай оладиган бола ҳам яхши ўқувчидир. Вақт ўтиши билан интилиш баҳо учун эмас, билим олиш ва ўз имкониятларини намоён қилишга хизмат қилиши керак.
— Ота-оналарнинг фарзанди таълимига аралашуви қаергача ёрдам, қаердан бошлаб ўқитувчининг ишига халақит беришга айланади?
— Ота-она мактабдан бутунлай четда турмаслиги керак. Чунки боланинг кайфияти, қизиқишлари ва уйдаги муҳити ҳақида ота-онадан кўра кўпроқ маълумотга эга инсон кам. Ўқитувчи эса боланинг мактабдаги фаолияти ва тенгдошлари билан муносабатини яхши билади. Шу сабабли ота-она ва ўқитувчи ҳамкорлиги қанча мустаҳкам бўлса, боланинг ривожланиши учун шунча яхши. Лекин бу ҳамкорликнинг чегараси бўлиши керак. Ота-она вазифани боланинг ўрнига бажариб бермаслиги, ҳар бир хатосини яширишга ёки баҳосини сунъий оширишга уринмаслиги лозим. Акс ҳолда бола масъулиятни ҳис қилмай қўяди.
Ота-оналарга доимо шуни айтаман: фарзандингизнинг уй вазифасини бажариб бериш ёрдам эмас. Баъзан унга хато қилиш, ўйлаш ва ўз кучи билан натижага эришиш имконини бериш — энг катта кўмакдир.
— Болалар учун маълумот манбалари жуда кўп. Лекин ахборот кўплиги ҳали билим дегани эмас. Бошланғич синфда болага нимани кўпроқ ўргатиш керак, кўп нарсани билишними ёки тўғри фикрлашни?
— Бугунги даврда маълумот топиш муаммо эмас, интернетдан бир неча сонияда минглаб жавоб чиқади. Шу сабабли замонавий мактабнинг вазифаси фақат «кўп нарсани биладиган» болани эмас, балки топган маълумотини тушуна оладиган, таҳлил қиладиган ва ундан тўғри фойдалана оладиган шахсни тарбиялашдир.
Бошланғич синфда саводхонлик, математика, табиацҳунослик бўйича мустаҳкам пойдевор берилади. Аммо билим билан бир қаторда мустақил фикрлаш, савол бериш, жамоада ишлаш ва ўз фикрини асослаб бериш каби кўникмалар шаклланиши зарур.
Дарсларимда болаларга тайёр жавобни беришдан кўра: «Нима деб ўйлайсан?», «Нега шундай деб ҳисоблайсан?», «Бошқа қандай ечим бўлиши мумкин?» каби саволларни кўпроқ бераман. Бола ўқитувчидан олган ахборотни унутиши мумкин, лекин унда мустақил фикрлаш одати шаклланса, керакли билимни эртага ўзи излаб топа олади.
— Сунъий интеллект болалар ҳаётига ҳам кириб келди. Бундан чўчиш керакми ёки тўғри фойдаланишни ўргатиш мумкинми?
— Сунъий интеллектни таълим учун фойдали воситага айлантириш мумкин, аммо бунда энг катта масъулият ўқитувчига тушади. Болага ундан фойдаланишни тақиқлашдан кўра, тўғри ишлатишни ўргатиш муҳим.
Ўқувчиларга сунъий интеллект уларнинг «ўрнига ўйлайдиган» восита эмас, балки изланишга ёрдам берадиган ёрдамчи эканини тушунтириш керак. Масалан, ундан мавзуни соддароқ тушунтиришни сўраш, мисоллар топиш ёки ўз ишини текширтириш мумкин. Лекин тайёр жавобни кўчириб олиш мустақил фикрлашга зарар етказади. Энг муҳими, бола сунъий интеллект берган маълумотни текшириб кўришни ҳам билиши лозим.
— Синфингизда жисмоний имконияти чекланган ўқувчилар ҳам бор экан. Инклюзив таълим муҳитида болалар бир-бирини қандай қабул қилади?
— Баъзан боланинг хулқи ва тенгдошларига муносабатидан оиладаги муҳит сезилади. Лекин шошилинч хулоса чиқармаслик, аввало болани тушунишга ҳаракат қилиш керак.
Синфимдаги жисмоний имконияти чекланган ўқувчиларга келсак, мен уларни бошқалардан асло ажратмайман. Энг аввало, болага «сен бошқачасан» деган туйғу берилмаслиги керак. Улар учун зарур шароит яратамиз, топшириқларни имкониятига мослаштирамиз.
Инклюзив таълимнинг моҳияти ҳам шунда: ҳар бир бола ўзини шу синфнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қилиши керак. Бунинг натижасида соғлом болалар ҳам жуда катта инсонийлик сабоғини олишади: сабр, меҳр, ҳамдардлик ва бошқаларни қадрлашни ўрганишади. Меҳр ва ўзаро ёрдам мавжуд бўлган синфда бола нафақат билим олади, балки чин инсон бўлиб шаклланади...
Суҳбатдошим билан хайрлашар эканман, хаёлимдан бир фикр ўтди: баъзан биз таълимни мураккаб дастурлар, замонавий технологиялар ва баҳолар тизимидан иборат, деб ўйлаймиз. Ваҳоланки, аслида ҳаммаси жуда оддий: ҳаммаси боланинг кўзларидаги саволни ўқий оладиган, унинг хатосини айбламай, тўғри йўл кўрсата оладиган оддий муаллимнинг меҳридан бошланади.

