Технология

«Сунъий интеллект стратегик инфратузилмага айланмоқда» — ICT Week Uzbekistan экспертлари

ICT Week Uzbekistan доирасидаги Future Intelligence сессиясида миллий AI White Paper’ни ишлаб чиқиш, давлат хизматларини автоматлаштириш ва бизнесга СИ-агентларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. «Газета» регуляторлар ва IT-бозори вакиллари чиқишларининг асосий мазмунини тақдим этади.

«Сунъий интеллект стратегик инфратузилмага айланмоқда» — ICT Week Uzbekistan экспертлари

ICT Week Uzbekistan доирасидаги Future Intelligence панел сессиясида рақамлаштириш соҳасидаги давлат сиёсати, сунъий интеллектни бизнесга жорий этишнинг амалий кейслари ва технологик бозорнинг монополлашуви хавфлари муҳокама қилинди.

Мунозарада соҳавий давлат органлари, халқаро технологик компаниялар, маҳаллий стартаплар ва банк сектори вакиллари иштирок этди.

Рақамли технологиялар вазирлиги Huawei ва Global Computing Consortium билан биргаликда Uzbekistan AI White Paper («Ўзбекистоннинг сунъий интеллект бўйича Оқ китоби») ҳужжатини тайёрламоқда, деб хабар берди рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари.

Тўрт йил аввал худди шундай ҳужжат — «Электрон ҳукумат бўйича Оқ китоб» — давлат хизматларини ривожлантириш бўйича йўл харитасининг асосига айланган эди.

Янги «Оқ китоб» мамлакатда СИ ривожланишини алоҳида ташаббуслардан 2030 йилгача бўлган даврда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегиясига мувофиқ тизимли жорий этишга ўтказиши керак.

Ҳужжат миллий экотизимни холисона баҳолаш, унинг кучли томонлари ва чекловларини белгилаш, шунингдек, технологиялар энг катта амалий самара бериши мумкин бўлган йўналишларни аниқлаш имконини беради.

Бундан ташқари, AI White Paper технологик компаниялар ва хорижий инвесторлар учун имкониятлар харитасига айланиши мумкин, чунки у уларга «тушунарли манзара» тақдим этади: давлат устуворликлари, инфратузилма ҳолати, истиқболли тармоқлар, кадрлар салоҳияти ва бозорларни ривожлантиришнинг узоқ муддатли векторлари.

«Бунда биз учун умумий тавсиялар тўпламини эмас, балки давлат органларига қарорлар қабул қилишда, бизнесга — янги ривожланиш йўналишларини топишда, инвесторларга эса — аниқ имкониятларни кўришда ёрдам берадиган амалий ҳужжатни олиш муҳимдир. Айнан шунинг учун лойиҳада тармоқ кейслари, инфратузилмавий таҳлил ва натижаларни баҳолаш воситалари кўзда тутилган», — дея хулоса қилди Пекось.

Аслиддин Абдуфаттахов Ягона интерактив давлат хизматлари портали (MyGov) ривожланиши ва сунъий интеллект фуқароларнинг давлат билан ўзаро ҳамкорлигини қандай ўзгартириши ҳақида гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йил давомида платформа 66 миллиондан ортиқ мурожаатни қайта ишлаган, ундан ҳар куни 250 мингдан ортиқ киши фойдаланади. MyGov мобил иловасини 16 миллиондан ортиқ фойдаланувчи ўрнатган. Иловада 667 та хизмат мавжуд — бу электрон давлат хизматларининг қарийб 72 фоизини ташкил этади, уларни олиш учун энди идорага бориш талаб этилмайди.

Абдуфаттахов экотизим идоравий хизматларни «ягона дарча»га бирлаштириш босқичини якунлаётгани ва инсоннинг ҳаётий вазиятларини ҳисобга олувчи хизматларга ўтаётганини таъкидлади.

«Бугуннинг ўзида 200 дан ортиқ хизмат „уч қадам“ тамойили бўйича соддалаштирилди. Турли идораларнинг бир нечта тартиб-таомиллари бирлаштирилган 130 дан ортиқ композит хизматлар жорий этилди. 21 та проактив хизмат йўлга қўйилди — бунда давлат ариза кутмасдан, фуқарога хизматни ўзи таклиф қилади. Илгари қўлда йиғиш талаб этиладиган 150 дан ортиқ маълумотнома бекор қилинди. Буларнинг барчаси 160 дан ортиқ ахборот тизимлари билан интеграциялашув туфайли ишламоқда. Бу идоралараро ҳамкорликнинг технологик асосидир», — деди у.

Платформанинг яқин режаларида сунъий интеллект асосидаги учта лойиҳани ишга тушириш кўзда тутилган: MyGov AI Assistant овозли ва матнли ёрдамчиси, MyGov Speech to Text аризаларни овозли тўлдириш тизими ва Document AI ҳужжатларни таниш хизмати.

Шунингдек, яна 80 та проактив ва композит хизматларни яратиш, 80 та хизматни кўрсатиш муддатларини қисқартириш ва 25 та давлат хизмати нархини пасайтириш режалаштирилган. Бунда энг оммабоп 20 та тартиб-таомил портал орқали онлайн форматга ўтказилади — шахсан ташриф буюриш зарурати қолмайди.

Параллел равишда давлат хизматлари марказлари ҳам ўзгаради. Улар рақамли маконлар форматига ўтказилади, у ерда фуқаролар терминаллар орқали хизматларни мустақил равишда олишлари мумкин бўлади, ходимларга эса менторлик роли ажратилади.

AI Alliance директори 2025 йилда Сунъий интеллектни ривожлантириш альянсига 40 та ташкилот, жумладан, давлат идоралари, хусусий компаниялар ва университетлар қўшилганини айтди.

У ташкилотнинг вазифаси бозор иштирокчиларини ягона майдонда бирлаштириш ва уларга тажриба алмашиш имкониятини беришдан иборат эканлигини тушунтирди.

«Ҳеч бир сектор бу соҳани ёлғиз ўзи торта олмайди: давлат органлари тартибга солувчи доирани белгилайди, хусусий бизнес жорий этиш драйвери сифатида чиқади, университетлар эса соҳани кадрлар билан таъминлайди», — деди Муҳитдинов.

Унинг сўзларига кўра, ташкилот амалий ташаббусларга урғу бермоқда. «Беш миллион СИ етакчилари» дастури доирасида жорий йилда ҳудудлардан келган 1000 га яқин ёшлар ушбу соҳада ўз малакаларини оширдилар.

Яна бир муҳим лойиҳа мамлакатнинг 11 та ҳудудида бўлиб ўтган Миллий AI-хакатон бўлди. Тошкент босқичи ҳудудларнинг салоҳиятини кўрсатиш учун атайлаб финалга қолдирилди, деб таъкидлади Муҳитдинов. Танловда 3000 дан ортиқ киши иштирок этиб, 200 га яқин прототип тайёрлади, финалдан сўнг айрим жамоалар венчур фондларидан 20−30 минг доллар миқдорида инвестициялар олдилар.

Ефэй Сун суперапп тамойили бўйича қурилган Alipay экотизими бугунги кунда 4 миллион мини-дастургача ўсганини маълум қилди.

Кўп сонли хизматлар орасида ҳаракатланишни осонлаштириш учун компания фойдаланувчи тажрибасига ёндашувни ўзгартирмоқда — бозор тугмалар ва менюга эга одатий интерфейслардан СИ агентлик моделларига ўтмоқда. Бундай моделда мижозга керакли бўлимларни мустақил излаш талаб этилмайди: платформа билан ҳамкорлик рақамли ассистент билан табиий мулоқот орқали амалга оширилади, у зарур ҳаракатларни ўзи бажаради.

Анвар Нарзуллаев ишга жойлашишга тайёрлашнинг тўлиқ автоматлаштирилган тизими жорий этилгани ҳақида гапириб берди. Барча босқичлар — техник суҳбат ва кейсларни ечишдан тортиб, номзоднинг хулқ-атвори таҳлил қилинадиган видеоинтервьюгача — тил моделларидан фойдаланган ҳолда ўтади. Платформадан аллақачон 70 мингдан ортиқ битирувчи ўтди.

СИ жорий этилишидан энг сезиларли самарани компания ички жараёнларда олди. Нарзуллаевнинг сўзларига кўра, Mohirdev ишлаб чиқиш жамоаси икки кишигача қисқартирилди: техник режани тасдиқловчи тимлид ва натижани қабул қилувчи сифат бўйича муҳандис (QA). Фронтенд ва бэкенд учун барча кодларни сунъий интеллект генерация қилади.

Натижада янги функцияларни ишлаб чиқиш вақти 67 бараварга қисқарди — ўртача муддат 14 кундан 4−6 соатгача камайди. Бундан ташқари, компанияда CRM, молиявий тизимлар ва юридик ҳужжатларни бирлаштирган, MCP орқали таҳлилий сўровларни бажариш имкониятига эга ягона маълумотлар омбори яратилди.

TBC Bank Uzbekistan бошқаруви раиси Спартак Тетрашвили «сунъий интеллект» атамасидан ҳиссий кутишлар даражасини пасайтиришга чақирди.

«Сунъий интеллект, менимча, — бу маркетинг номи, чунки у [классик тушунчада] мавжуд эмас. Бугун биз шундай деб атайдиган нарса — маълумотларни жуда самарали қайта ишлашга қодир ўта кучли моделлардир», — деди у.

Тетрашвили СИ пайдо бўлишини 50 йил аввал молия сектори қўлда ҳисоблашдан автоматлаштиришга ўтган даврдаги компьютерларнинг жорий этилиши билан таққослади.

TBC Bank сунъий интеллект асосида мижозлар билан ҳамкорлик қилишнинг учта асосий сценарийсини ажратиб кўрсатади:

- иловадаги Lola овозли ассистенти фойдаланувчининг ҳаракатлари тарихи асосида банк маҳсулотларини тавсия қилади;

- бирламчи қўнғироқларнинг қарийб 30 фоизи СИ-ботлар томонидан амалга оширилиб, мутахассисга уланишдан олдин мижозларга маълумот беради;

- СИ-бот қарздорлик ҳақида эслатиш учун ойига 120 мингга яқин қўнғироқни амалга оширади.

Банкда ички жараёнларни автоматлаштириш учун алоҳида «СИ-лаштириш» департаменти ташкил этилган, кейинги фокус йўналиши эса СИ-агентлар бўлади. Сўнгги уч йил ичида банкнинг ушбу технологияларга киритган инвестициялари камида 15 миллион долларни ташкил этди, деб хабар берди Тетрашвили.

«[Бу] кичик маблағ эмас, лекин биз катта қайтимни аниқ кўряпмиз. Балки фойда рақамларида бир баробар эмасдир, лекин бу келажак. Агар бугун компьютер сотиб олмасанг, эртага ундан қандай фойдаланишни тушунмайсан. Шунинг учун биз янгиликлар ва инновациялар бор жойда бўлиш керак деб ҳисоблаймиз», — дея хулоса қилди у.

Руслан Намазов компания технологияларни жорий этишдан фақат бизнес-самарага эътибор қаратишини таъкидлади. Электрон тижорат учун энг катта қийматни қидирув ва шахсий тавсиялар алгоритмлари, шунингдек, контентни модерация қилиш учун генератив моделлар ташкил этади.

Унинг сўзларига кўра, компаниядаги барча СИ-ечимлар мажбурий маркетинг синовидан ўтади, чунки асосий хавфлар маҳсулотларни кенгайтиришда намоён бўлади.

«Ҳар қандай нарсани СИ токенлари билан тўлдириш мумкин, аммо бу самарали бўлмаса, ундан маъно бўлмайди. Иккинчи муаммо — маълумотлар хавфсизлиги. Кичик ҳажмда ишлайдиган ечимлар ва кенг кўламли оқимдаги ечимлар — бу мутлақо бошқа-бошқа нарсалар, чунки барча кутилмаган вазиятларни ҳисобга олиш керак», — деди Намазов.

Бобур Абдуллаев сунъий интеллект анъанавий таълим тамойилларини ўзгартираётганини таъкидлади. Илгари 30 кишилик бутун синф бир ўқитувчини бир хил тинглаган бўлса, СИ шахсийлаштирилган таълимни жорий этиш имконини беради.

«Сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда биз ниҳоят ҳар бир кишига шахсийлаштирилган билимларни узата оламиз. Ушбу 30 киши битта аудиторияда ўтириши мумкин, аммо маълумотни айнан уларга мос келадиган шаклда олишлари мумкин. Футболга қизиқадиган талаба худди шу физика қонунини футболдан мисоллар орқали, мусиқага қизиқадиган эса — мусиқа орқали ўрганиши мумкин», — деб ўртоқлашди у.

IT-мутахассисларини тайёрлаш ҳақида гапирганда, Абдуллаев иккита асосий жиҳатни ажратиб кўрсатди. Биринчидан, бизнес ҳар бир неча ҳафтада СИ-стекини янгилайди, шунинг учун олий ўқув юртлари дастурларни тезкорлик билан тузатиши керак. Шу мақсадда Инҳа университетида IT-компаниялар раҳбарлари ва экспертларидан иборат Саноат маслаҳат кенгаши (Industry Advisory Board) ташкил этилган.

Иккинчидан, иш берувчилар бошлағич дастурчиларни ишга олишдан тобора кўпроқ воз кечмоқдалар ва «мидл» даражасидаги мутахассисларга бўлган талабни камайтирмоқдалар, шу сабабли олий ўқув юртлари нафақат код ёза оладиган, балки СИ ёрдамида тайёр маҳсулотлар яратилишини бошқара оладиган кадрларни тайёрлаши керак.

Таълимни мослаштиришга мисол сифатида маърузачи университетдан амалий кейсни келтирди: талабаларга одатда ишлаб чиқиш учун бир ой вақт кетадиган топшириқ берилади, лекин уни икки соатлик дарс давомида бажариш сўралади. Асосий шартлар — жамоада фаол ҳамкорлик қилиш ва СИ воситаларидан мажбурий фойдаланиш.

Фаррух Қорабоев ўз чиқишини СИ даврида бозорларни тартибга солиш, технологияларнинг монополлашуви ва антимонопол сиёсатга бағишлади.

«Бугунги кунда асосий савол — сунъий интеллектни ким назорат қилиши эмас, балки қарорларни аллақачон сунъий интеллект қабул қилаётган бозорларни ким назорат қилишидир», — деди у.

Ушбу фикрни тасдиқлаш учун Қорабоев Ҳарвард университети ва Пенсильвания штати университетининг 2024 йилда чоп этилган тадқиқотига таянди. Тажрибада бир-бири билан тўғридан-тўғри алоқа каналига эга бўлмаган иккита СИ-агент фойдани максималлаштиришга интилиб, мустақил равишда нархларни белгилаган. Натижада улар ўта рақобатбардош нархларга келишган, узоқ муддатли даромадлиликка йўналтирилганда эса умумий фойда монополист даражасига яқинлашган. Бунда анъанавий антимонопол назорат механизмлари ишламайди, чунки алгоритмлар ўртасида тил бириктириш ёки ёзишмаларнинг юридик факти мавжуд бўлмаган.

Қорабоев, шунингдек, етакчи технологик гигантларда ресурсларнинг мисли кўрилмаган даражада тўпланганига эътибор қаратди. 2026 йилда Amazon, Alphabet, Microsoft ва Meta капитал харажатларга жами 725 миллиард доллар сарфлашни режалаштирмоқда, уларнинг салмоқли қисми СИ инфратузилмасини ривожлантириш билан боғлиқ. Бу бир йил аввалгига нисбатан 77 фоизга кўпдир.

Давлатнинг роли ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Қорабоев СИ тўғрисида алоҳида қонун қабул қилишга шошилмасликка чақирди. Мисол сифатида у Европа Иттифоқини келтирди, у ерда қатъий AI Act маҳаллий технологик секторни чеклаб қўйди, натижада Европа компаниялари АҚШ ва Хитой рақобатчиларидан орқада қола бошлади.

Қатъий тартибга солиш ўрнига, Рақобатни ривожлантириш қўмитаси вакили турдош қонунчиликни кучайтиришни таклиф қилди.

Антимонопол назорат қисмида Қорабоев рақобат тўғрисидаги қонунни «квази-қўшилишлар» — технологик корпорациялар стандарт келишиш тартиб-таомилларини четлаб ўтадиган «лицензия плюс жамоа» форматидаги битимлар тушунчаси билан тўлдириш тарафдори бўлди.

Нарх алгоритмлари соҳасида у компанияларга тизимларни фақат 12 ойдан катта бўлган маълумотларда ўқитиш мажбуриятини юклашни, антимонопол органга эса ёқилғи, авиачипталар ва цемент каби концентрациялашган бозорларда алгоритмлар журналларини сўраш ҳуқуқини беришни таклиф қилди.

Қорабоевнинг фикрича, моделларни ўқитиш учун давлат хизматларидан фуқароларнинг шахсий маълумотларини узатиш фақат фойдаланувчиларнинг аниқ розилиги билан амалга оширилиши керак.

Мулозим суверен СИни ривожлантиришни ҳам муҳим деб ҳисоблайди. Давлат сектори учун у йирик қимматбаҳо тизимлар ўрнига дистилляция усули билан олинган ихчам моделларга эга кичик модулли маълумотлар марказларини (дата-центрларни) яратишни таклиф қилмоқда.

Владимир Норов Шанхайда Бутунжаҳон СИ соҳасидаги ҳамкорлик ташкилоти (WAICO) ташкил этилиши контекстида технологиянинг геосиёсий ролига эътибор қаратди.

«Сунъий интеллект шунчаки технологик инновация бўлишдан тўхтади. У электр энергияси, интернет ва космик технологиялар каби стратегик инфратузилмага, шунингдек, етакчи давлатлар, биринчи навбатда АҚШ ва Хитой ўртасидаги геосиёсий рақобатнинг асосий йўналишига айланмоқда», — деди у.

Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан биргаликда WAICO асосчиси бўлган 29 та давлат қаторига кирди. Норовнинг сўзларига кўра, ҳаммуассис мақоми минтақа давлатларига ўзгаларнинг нормаларига мослашиш ўрнига, глобал қоидалар, қарорлар қабул қилиш механизмлари ва техник стандартларни ишлаб чиқишда иштирок этиш имкониятини беради.

Маърузачи янги ташкилот асосига ўзаро ишонч, суверенитетни ҳурмат қилиш ва консенсус асосида қарорлар қабул қилиш ётганини таъкидлади. Минтақавий хабга айланишга интилаётган Ўзбекистон учун WAICO аъзолиги, унинг сўзларига кўра, МҚИ (ЦОД), булутли платформаларни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва қўшма тадқиқот марказларига йўл очади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.