Сунъий интеллект одамларни ишсиз қолдирадими? Хавотирлар ва имкониятлар ҳақида суҳбат
Сунъий интеллектдан фойдаланмаслик саводсизликка айланадими? Меҳнат бозоридаги рақобат СИни билиш даражасига боғланиб қоладими? СИ платформаларига шахсий маълумотларни киритиш қанчалик хавфли? У инсон назоратидан чиқиб кетиши мумкинми? Жамшид Муслимов ва Одилхон Алимхонов «Нима дард?» подкастининг навбатдаги сонида Моҳирдев таълим платформаси асосчиси Анвар Нарзуллаев билан суҳбатлашди.

Сунъий интеллект одамларни ишсиз қолдирадими? Хавотирлар ва имкониятлар ҳақида суҳбат
Сунъий интеллектдан фойдаланмаслик саводсизликка айланадими? Меҳнат бозоридаги рақобат СИни билиш даражасига боғланиб қоладими? СИ платформаларига шахсий маълумотларни киритиш қанчалик хавфли? У инсон назоратидан чиқиб кетиши мумкинми?
Суҳбат давомида СИдан фойдаланиш кўникмаси нега янги саводхонликка айланаётгани, дастурчилар ва бошқа касб эгалари иши қандай ўзгариши, бепул СИ хизматларида шахсий маълумотлар хавфи, мустақил ҳаракат қилувчи СИ агентлари, дипфейклар, тиббиётда СИдан фойдаланиш ва Ўзбекистонда бу соҳани ривожлантириш учун нималар етишмаётгани муҳокама қилинди.
Мутахассиснинг айтишича, уни бугун энг кўп ташвишга солаётган масала — одамларнинг сунъий интеллектдаги ўзгаришлардан ортда қолаётгани.
Унинг таъкидлашича, ЧатГПТ оммага тақдим этилганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ, бироқ қисқа муддат ичида СИ технологиялари интернет ва компютер каби аввалги технологик инқилобларга қараганда анча тез суръатда одамлар ҳаётига кириб келди.
Янги моделлар орасидаги вақт ҳам тобора қисқариб бормоқда. Илгари бир авлоддан иккинчисига ўтиш учун ойлар керак бўлган бўлса, ҳозир янги версиялар бир неча ҳафта ичида пайдо бўлмоқда. Шу билан бирга, улардан фойдаланиш ҳам соддалашмоқда: аввал СИга мураккаб ва батафсил промпт ёзиш талаб қилинган бўлса, янги моделлар оддий инсон тилида берилган вазифани ҳам яхшироқ тушуна бошлади.
«Менинг дардим - кўпчилик мана шу нарсани ўрганмаётгани», дейди Нарзуллаев.
Мутахассис сунъий интеллектдан фойдаланишни компютер ёки интернетдан фойдаланиш кўникмасининг кейинги босқичига қиёслади.
Бугун ишга келган одам «компютердан фойдаланишни билмайман» ёки «интернет ишлатолмайман» деса, бу унинг касбий имкониятларини жиддий чеклайди. Нарзуллаевнинг фикрича, яқин йилларда «сунъий интеллектдан фойдаланишни билмайман» деган гап ҳам худди шундай қабул қилиниши мумкин.
Бу жараён айрим соҳаларда аллақачон бошланган. Масалан, дастурлашда СИ код ёзиш, хатоларни топиш ва бир қатор техник вазифаларни бажаришни тезлаштирмоқда. Шу сабаб дастурчидан энди фақат код ёзиш эмас, маҳсулотни тушуниш, бизнес мантиқини англаш, мижоз билан ишлаш ва жараённи бошидан охиригача бошқариш талаб қилинмоқда.
«Кейинги босқичи - сунъий интеллектдан фойдаланишни билмаслик саводсизлик бўлади», дейди мутахассис.
Унинг фикрича, СИ дастурчини бутунлай йўқотиб юбормаслиги мумкин, аммо фақат код ёзиш билан чекланган мутахассисларга эҳтиёж камаяди. Дастурчи эса бир поғона юқорига кўтарилиб, маҳсулот ва бизнесни тушунадиган мутахассисга айланишига тўғри келади.
Сунъий интеллектдан ҳали умуман фойдаланмаган одам нимадан бошлаши керак?
Нарзуллаевнинг жавоби оддий: аввало уни очиб, кундалик ҳаётда ишлатиб кўриш керак.
Бунинг учун қайси платформани танлаш ҳам дастлабки босқичда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас. ЧатГПТ, Гемини, Слауде, Сопилот, Перплехитй ёки бошқа моделлардан фойдаланиб кўриш мумкин. Муҳими - СИ билан оддий мессенжерда одам билан гаплашгандек мулоқот қилишни бошлаш.
Унга кундалик саволларни бериш, бирор матнни тушунтиришни сўраш, режа туздириш ёки ишдаги оддий вазифани бажартириб кўриш орқали одам аста-секин СИ имкониятларини тушуниб боради.
Суҳбатда СИ платформаларининг бепул ва пулли версиялари ўртасидаги фарқ ҳам муҳокама қилинди.
Бепул версияларда одатда фойдаланиш лимитлари бўлади ва баъзан энг янги модел эмас, ундан олдинги версия таклиф этилади. Аммо оддий фойдаланувчи учун бу фарқ ҳар доим ҳам катта эмас.
Асосий масала - маълумотлар хавфсизлиги.
Мутахассис профессионал фаолиятда махфий маълумотлар, мижозлар базаси, беморларнинг тиббий маълумотлари ёки компаниянинг ички ҳужжатларини оммавий СИ сервисларига эҳтиёцизлик билан юкламаслик кераклигини таъкидлади.
Айниқса, бепул хизматдан фойдаланаётганда сервис маълумотларни қандай сақлаши ва улардан моделни такомиллаштириш учун фойдаланиш-фойдаланмаслигига эътибор бериш лозим.
Компаниялар учун эса алоҳида корпоратив тарифлар, локал моделлар ёки СИни ташкилотнинг ўз серверларида ишга тушириш каби ечимлар мавжуд.
Суҳбатдошлар шахсий ва давлат маълумотларининг хорижий СИ платформалари орқали қайта ишланиши масаласига ҳам тўхталди.
Нарзуллаевнинг фикрича, сунъий интеллект энди фақат технология ёки бизнес масаласи эмас. У маълумотлар хавфсизлиги ва давлат суверенитети билан ҳам боғлиқ.
Бунинг ечимларидан бири - очиқ моделларни ташкилотнинг ўз серверига ўрнатиш. Бунда маълумотлар ташқи серверларга чиқмайди ва ёпиқ тизим ичида қайта ишланади.
Айниқса, давлат идоралари, тиббиёт муассасалари, банклар ва катта ҳажмда шахсий маълумотлар билан ишлайдиган ташкилотлар учун бундай ёндашув муҳим бўлиши мумкин.
Суҳбатнинг катта қисми сўнгги пайтларда тез ривожланаётган СИ агентларига бағишланди.
Оддий чат-ботга инсон савол беради ва жавоб олади. Агент эса вазифани олгач, инсон номидан мустақил ҳаракат қилиши мумкин: интернетдан маълумот қидиради, турли сайтларга киради, маълумотларни солиштиради ва белгиланган мақсадга эришиш учун бир нечта босқични ўзи бажаради.
Айрим тизимларда битта агент вазифани майда қисмларга бўлиб, бошқа агентларни ҳам ишга тушириши мумкин.
Муаммо шундаки, инсон агентга мақсадни беради, аммо у мақсадга қандай йўл билан эришишини ҳар доим ҳам олдиндан билмайди.
Суҳбатда келтирилган мисоллардан бирида агентга спорт залига муайян вақт учун ёзилиш вазифаси берилган. Бўш жой топилмагач, агент бошқа мижознинг бронини бекор қилиб, унинг ўрнига ўз фойдаланувчисини ёзиб қўйган.
Яъни инсон «бировнинг бронини ўчир» деган топшириқ бермаган. Агент берилган мақсадга эришиш йўлини ўзи танлаган.
Шу нуқтада СИ агентлари билан боғлиқ янги савол пайдо бўлади: инсон номидан ҳаракат қилаётган тизим ноқонуний ёки зарарли иш қилса, ким жавоб беради?
СИ хавфсизлигидаги яна бир муаммо - «қора қути» тамойили.
Замонавий нейрон тармоқларда инсон тизимга маълумот киритади ва натижа олади, аммо модел айнан нима учун шу хулосага келганини ҳар доим ҳам тўлиқ кузатиш имкони йўқ.
Бу айниқса СИга мустақил ҳаракат қилиш ваколати берилганда муҳим аҳамият касб этади. Чунки тизим кутилмаган йўлни танлаши, чекловни айланиб ўтишга ҳаракат қилиши ёки инсон назарда тутмаган қарорни қабул қилиши мумкин.
Шу сабаб мутахассислар олдида фақат СИни янада кучайтириш эмас, унинг ҳаракатларини қандай назорат қилиш масаласи ҳам турибди.
Сунъий интеллект ривожланиши билан энг кўп бериладиган саволлардан бири - одамлар ишсиз қоладими?
Нарзуллаевнинг фикрича, хавф мавжуд, аммо бу жараён тарихда биринчи марта содир бўлаётгани йўқ.
Автоматик телефон стансиялари пайдо бўлгач, қўлда абонентларни улаб берувчи операторларга эҳтиёж йўқолган. Компютерлар айрим касбларни қисқартирган. Интернет эса аксинча, СММ мутахассиси, мобилограф, копирайтер ва бошқа янги касбларни пайдо қилган.
СИ ҳам баъзи вазифаларни инсондан олиб қўяди, бироқ шу билан бирга мутахассис зиммасига янги вазифалар қўшилади.
«Сунъий интеллект келди, ҳамма ишимни қилади, мен дам оламан, десангиз - унақа эмас. Сизнинг бошингизга яна ҳам кўпроқ иш тушади», дейди Нарзуллаев.
Шу маънода хавф фақат касбнинг йўқолишида эмас, касб ичидаги вазифаларнинг ўзгаришида ҳам.
Суҳбатда сунъий интеллект тиббиётда қандай амалий фойда бериши мумкинлиги ҳам муҳокама қилинди.
Масалан, шифокор бемор билан суҳбатини аудио шаклда ёзиб олиши, СИ эса уни матнга айлантириб, касаллик тарихи ёки тиббий ҳисобот шаклига келтириши мумкин. Бу шифокорнинг қоғозбозликка сарфлайдиган вақтини камайтириб, бемор билан кўпроқ мулоқот қилиш имконини беради.
Бундан ташқари, махсус тиббий моделлар таҳлиллар, рентген ёки МРТ каби маълумотларни қайта ишлашда мутахассисга ёрдамчи бўлиши мумкин.
Аммо суҳбатдошлар тиббиётда якуний назорат инсонда қолиши шартлигини алоҳида таъкидлади. Чунки бошқа соҳада 95 фоиз аниқлик яхши натижа бўлиши мумкин, тиббиётда эса қолган 5 фоиз хато инсон саломатлиги билан боғлиқ.
Ўзбекистон сунъий интеллект пойгасига қанчалик тайёр?
Нарзуллаевнинг фикрича, энг катта муаммолардан бири - малакали кадрлар етишмаслиги.
СИ ечимларини яратиш катта ҳисоблаш қуввати, серверлар, маълумотлар базаси ва молиявий ресурс талаб қилади. Аммо инфратузилманинг ўзи етарли эмас - уни ишлатадиган ва маҳаллий муаммоларга мос ечим яратадиган мутахассислар ҳам керак.
«Ўзбекистоннинг энг катта муаммоси - бугун бозорда сунъий интеллект бўйича мутахассис деярли йўқ, саноқли», дейди у.
Шунинг учун давлатнинг вазифаларидан бири мутахассис тайёрлаш, хорижда ўқитиш ёки хориждан тажрибали кадрларни жалб қилиш, шунингдек, давлат буюртмалари орқали хусусий секторнинг бу соҳага киришини рағбатлантириш бўлиши мумкин.
Сунъий интеллектнинг кўп муҳокама қилинмайдиган томони - унинг улкан моддий инфратузилмага боғлиқлиги.
Кучли моделларни ишлатиш учун дата-марказлар, юқори унумдор чиплар, катта ҳажмда электр энергияси ва серверларни совитиш учун ресурслар талаб этилади.
Нарзуллаев Ўзбекистонда ҳам бундай инфратузилма шаклланаётганини, аммо мавжуд қувватлар ҳали камлигини таъкидлади.
Дата-марказлар иқтисодий имконият яратиши билан бирга, электр ва сув истеъмоли, совитиш ҳамда экологик таъсир каби янги муаммоларни ҳам келтириб чиқаради.
Шу сабаб СИ пойгаси энди фақат алгоритм ёки дастурчилар ўртасидаги рақобат эмас. Электр энергияси, чиплар, дата-марказлар ва зарур хомашёга эга бўлиш ҳам стратегик устунликка айланмоқда.
Суҳбатда СИ ёрдамида яратилган сохта фото ва видеолар мавзуси ҳам кўтарилди.
Бугун сунъий интеллект реал инсоннинг овози, юз ифодаси ва ҳаракатларини жуда ишонарли тарзда тақлид қила олади. Натижада оддий фойдаланувчи ҳақиқий видео билан сунъий яратилган видеони фарқлашда қийналиши мумкин.
Бу эса ахборот истеъмолида янги кўникмани талаб қилади: кўрилган ҳар қандай видео ёки эшитилган овозни автоматик равишда ҳақиқат деб қабул қилмаслик.
Айниқса, шов-шувли, ҳиссиётга таъсир қилувчи ёки муҳим қарор қабул қилишга ундайдиган контентни бошқа манбалар орқали текшириш зарурати ошиб бормоқда.
Сунъий интеллект билан ишлашдаги энг муҳим қоидалардан бири - унинг жавобини мутлақ ҳақиқат сифатида қабул қилмаслик.
Нарзуллаев СИ баъзан мавжуд бўлмаган манба, мақола ёки фактни ишончли услубда тақдим этиши мумкинлигини таъкидлади.
«Сунъий интеллектнинг битта хусусияти бор - ишонч билан алдайди. Жуда чиройли натижа беради. Натижасини кўриб, “вау, зўр экан”, дейсиз. Аслида у ёлғон бўлиб чиқиши мумкин», дейди у.
Шунинг учун СИдан фойдаланиш саводхонлиги фақат унга тўғри савол беришдан иборат эмас. Қайси вазифани тўлиқ унга топшириш мумкинлиги, қаерда инсон назорати кераклиги ва қайси маълумотни, албатта, қайта текшириш зарурлигини билиш ҳам муҳим.
Айниқса, тиббиёт, ҳуқуқ, молия, илмий тадқиқот ва бошқа юқори масъулиятли соҳаларда якуний қарор инсонда қолиши лозим.
Суҳбат якунида сунъий интеллектдан фойдаланмаслик одамни унинг таъсиридан ҳимоя қилмаслиги таъкидланди.
Одам ЧатГПТ ёки бошқа СИ дастурини очмаслиги мумкин. Аммо ижтимоий тармоқларда кўраётган контентини танлаш, реклама, қидирув тизимлари, хизмат кўрсатиш, ссенарий ва матнлар тайёрлаш каби жараёнларда сунъий интеллект аллақачон унинг ҳаётига кириб бўлган.
Шунинг учун масала СИдан бутунлай қочиш ёки уни кўр-кўрона қабул қилишда эмас. Асосий вазифа - унинг имкониятларидан фойдаланиш билан бирга хавфларини тушуниш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва муҳим қарорларни инсон назоратида қолдириш.
«Бу бизга ёқадими, ёқмайдими, бу муҳитга кириб келиб бўлди. Бу жараён давом этади», дейилди суҳбатда.

