Дунё

Суми марказидаги мактаб дарс пайтида зарбага учради

Россия қўшинлари 29-сентабр куни Украинанинг Суми шаҳридаги турар жойлар ва мактабга бошқариладиган авиабомбалар билан зарба берди. Украина расмийларига кўра, хусусий уйларга ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлган, болалар яраланган. Шаҳарнинг марказий қабристони ҳам зарбага учраган.

Суми марказидаги мактаб дарс вақтида зарбага учради

ДВ хабарига кўра, Суми вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Григоров шаҳардаги турар жойлар ва мактабга тўртта бошқариладиган авиабомба ташланганини билдирган. Хусусий уйлар жойлашган ҳудудда икки киши ҳалок бўлган.

Вилоят полицияси маълумотига кўра, хусусий турар жойлар ҳудудида 3, 6 ва 15 ёшли уч бола жароҳатланган. Камида еттита хонадон зарар кўрган.

Шаҳар марказидаги мактабга зарба дарслар пайтида берилган. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг айтишича, ҳужум вақтида ўқувчилар ва ўқитувчилар паноҳгоҳда бўлган. Жами қарийб 100 киши паноҳгоҳга эвакуация қилинган.

Мактабга ҳужумдан кейин олти киши, жумладан, уч бола тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Бундан ташқари, Россия қўшинлари Сумидаги марказий қабристонга ҳам авиабомба билан зарба берган. «Суспілне Суми» нашрининг ёзишича, ҳужум оқибатида қабрлар зарар кўрган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.