Суҳбатни матнга айлантирадиган ақлли соат тақдим этилди
Компания маълумотларига кўра, соат 17 та тилдаги сўзлашувларни реал вақтда матнга айлантира олади.

Суҳбатни матнга айлантирувчи ақлли соат намойиш этилди
Хитойнинг Мобвои компанияси суҳбатларни ёзиб олиб, уларни автоматик тарзда матнга айлантирадиган ТисНоте Ватч ақлли соатларини ишлаб чиқди. Қурилма нутқни соат экранида матн кўринишида акс эттириши, суҳбат якунлангач эса сунъий интеллект ёрдамида унинг қисқача мазмунини тайёрлаб бериши мумкин.
Овоз ёзишни бошлаш учун махсус тугмани икки сония босиб туриш етарли. Қисқа фикрларни қайд этиш учун алоҳида режим ҳам мавжуд.
Қурилма корпусига шовқинни камайтириш тизимига эга иккита микрофон ўрнатилган. Компания маълумотига кўра, улар 3–5 метр масофадан нутқни қабул қила олади.
ТисНоте Ватчънинг асосий хусусиятларидан бири — суҳбатни бевосита соат экранида матн шаклида кўрсатиши. Ишлаб чиқарувчи маълумотларига кўра, тизим 17 та тилдаги сўзлашувларни реал вақт режимида матнга айлантира олади.
Суҳбат давомида фойдаланувчи бир марта босиш орқали муҳим жумлани белгилаб қўйиши мумкин. Ёзув тугагач, тизим белгиланган жумлаларни жамлайди, сунъий интеллект эса суҳбатнинг қисқача мазмунини яратади.
Соат узлуксиз 24 соатдан ортиқ вақт давомида овоз ёзиши мумкин. Ички хотирасида эса 200 соатдан ортиқ аудиоёзув сақланади. Ёзиб олинган маълумотлар ТисНоте иловаси ва компаниянинг булутли хизмати билан синхронланади. У ерда аудиоёзувларни қидириш, тартибга солиш ва улар асосида қайдлар базасини шакллантириш мумкин.
ТисНоте Ватч шунингдек, юрак уриш тезлиги, қоннинг кислород билан тўйинганлик даражаси, стресс даражаси, уйқу ҳолати, ГПС орқали йўналишлар каби маълумотларни ҳам кўрсатади.
Соатдаги Шадов АИ 2.0 ёрдамчиси эса сақланган аудиоёзувлар бўйича маълумот олиш ва бир нечта ёзув орасидан керакли маълумотни излаш имконини беради.

