Суд Трамп маъмуриятига CNN, MS NOW ва Politico нашрларининг Оқ уйга кириш ҳуқуқини зудлик билан тиклаш мажбуриятини юклади
Суд АҚШ президенти маъмурияти зиммасига CNN, MS NOW ва Politico учун Оқ уйга рухсатномаларни зудлик билан қайта тиклаш мажбуриятини юклади. Ўтган ҳафтада Дональд Трамп уларни «сохта хабарлар» тарқатишда айблаб, бинога киришини тақиқлаб қўйган эди.

Суд Трамп маъмурияти CNN, MS NOW ва Politico нашрларининг Оқ уйга кириш ҳуқуқини зудлик билан қайтариши кераклиги ҳақида қарор чиқарди
Колумбия округи суди АҚШ президенти маъмуриятига ўтган ҳафтада Дональд Трамп бинога киришини тақиқлаган CNN ва MS NOW телеканаллари, шунингдек, Politico нашри учун Оқ уйга кириш рухсатномаларини кечиктирмасдан қайта тиклаш мажбуриятини юклади.
Федерал судья Тимоти Келли Оқ уй журналистларнинг рухсатномаларини «Конституция талаб қиладиган тегишли ҳуқуқий тартиб-қоидаларга» риоя қилмасдан бекор қилган, деган хулосага келди. CNN таъкидлашича, ушбу қарор репортёрлар Оқ уйда ишлашга қайтишлари мумкинлигини англатади.
Судья Трамп маъмурияти киришни чеклаш миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан амалга оширилгани ҳақидаги ўз даъволарини қўллаб-қувватлаш учун етарли асослар келтира олмади, деб ҳисоблади. Тақиқ жорий этилганидан кейин Трамп ва унинг юристлари CNN, MS NOW ва Politico нашрларининг кириш ҳуқуқи уларнинг репортажлари миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан хавотир уйғотгани сабабли бекор қилинганини даъво қилишган эди.
«Шубҳасиз, президент Трамп даъвогарлар учун Оқ уйга киришни „тақиқлаш“ ҳақида эълон қилганда бутунлай бошқа нарсани назарда тутган эди: у уларнинг репортажлари гўёки ишончсиз ва салбий хусусиятга эга эканлигига таянган эди... Ҳатто даъво аризаси топширилганидан кейин даъвогарларга тақдим этилган асослар ҳам рухсатномалар бекор қилинишининг ҳақиқий мақсади ҳақида аниқ тушунча бермайди», — дейилади судья қарорида.
Судья, шунингдек, Трамп маъмурияти рухсатномаларни олиб қўйишдан олдин журналистларни қарор устидан шикоят қилиш имконияти ҳақида огоҳлантирмаганини кўрсатиб ўтди.
Судьянинг қарори 14 кун давомида амал қилади. Ушбу даврда ОАВ ва Трамп маъмурияти ўз далилларини тақдим этишни давом эттиришлари мумкин бўлади.
18 сентябрь куни Дональд Трамп CNN, MS NOW ва Politico журналистларини «сохта хабарлар» тарқатишда айблаб, уларнинг Оқ уйга киришини тақиқлаган эди.
CNN, шунингдек, АҚШ президенти ҳузуридаги телевизион пулдан ҳам чиқариб юборилди. Шундан сўнг, Оқ уй пулига кирувчи барча телеканаллар Дональд Трамп иштирокидаги тадбирларни ёритишни вақтинча тўхтатишларини эълон қилишди.
21 сентябрь куни CNN, MS NOW ва Politico ўз журналистларининг Оқ уйга кириш ҳуқуқини тиклаш талаби билан судга даъво аризаси киритди. Улар ушбу тақиқ сўз ва матбуот эркинлигини кафолатловчи АҚШ Конституциясига киритилган Биринчи тузатишни бузишини маълум қилишди.
Деярли 50 та медиа ташкилот, жумладан CBS News, New York Times ва Fox News ҳам CNN, MS NOW ва Politico даъвосини қўллаб-қувватлаб судга ариза топширди.

